27-м о д д а. Ишни кўришда судьянинг такрор иштирок
этишига йўл қўйилмаслиги
Фуқаролик ишини биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан ёхуд суд назорати тартибида бекор қилинган бўлса, бу ишни такрор кўриши мумкин эмас.
Фуқаролик ишини биринчи инстанция судида кўрган судья шу ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида, ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.
Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция судида ёки кассация инстанцияси судида ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.
Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция судида ёки апелляция инстанцияси судида ёхуд суд назорати тартибида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.
Ишни суд назорати тартибида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ва кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.
Шарҳланаётган моддада назарда тутилган қоидалардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, фуқаролик ишини кўрган судья яна шу ишни такроран кўришда иштирок этмайди. Бу эса иш бўйича суд томонидан ишнинг ҳақиқий ҳолатини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳар тарафлама, тўлиқ ва холисона аниқлашга, иш бўйича қонуний, адолатли ва асосли ҳал қилув қарори чиқаришни таъминлайди. Судьянинг ишни кўришда такрор иштирок этишига йўл қўйилмаслиги, уларнинг ўз ҳаракатлари устидан назоратни амалга оширмасликларини кафолатлайди.
28-м о д д а. Рад қилиш ҳақида ариза бериш
Ушбу Кодекснинг 25, 26 ва 27-моддаларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлса, судья, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби бу ҳақда судга арз қилиши (ўз-ўзини рад қилиши) шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар ҳам юқоридаги асослар бўйича рад қилиш ҳақида арз қилишлари мумкин.
Рад қилиш ҳақидаги арз асосланган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши лозим. Рад қилиш ҳақида кечикиб арз қилишга рад қилиш учун асослар судга ёки рад қилишни сўраб арз қилган шахсга ишни кўриш бошлаб юборилганидан сўнг маълум бўлиб қолган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Рад этишга доир қонунда назарда тутилган ҳолатлар (ФПКнинг 25, 26, ва 27 моддалари) тарафларга нисбатан ишни кўриб ҳал этувчи судьяга олдинроқ маълум бўлади. Одил судловни амалга оширувчи суд, бошқа шахсларни четлатишга масъулият билан қарашлари билан бирга, юқорида кўрсатилган асосларга кўра, тарафлар томонидан судьяга нисбатан арз билдирилмасдан илгарироқ ўз-ўзини рад этиш масаласи қоидасига қанчалик амал қилаётганлигини мулоҳазадан ўтказиши лозим. Ишга бундай ёндашув судья ва агар, ишда прокурор иштирок этса, прокурорнинг ишни тўғри ҳал этиш билан боғлиқ бўлган процессуал қонунларнинг бузилишини олдини олишга хизмат қилади.
Ишни кўраётган судьяга ўзини ўзи рад этиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш асосларига, масалан, судья шу фуқаролик ишини илгари кўришда прокурор, суд мажлисининг котиби, таржимон ва ҳоказо сифатида иштирок этган ва бошқа ҳолатлар назарда тутилади.
Ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессда қатнашиш учун уларнинг холислигига шубҳа туғдирадиган асослар маълум бўлган тақдирда, шубҳага оид материалларни судья атрофлича текшириши лозим.
Қонунда ҳар бир ишда иштирок этувчи шахсларнинг рад этиш ҳуқуқи ҳақида алоҳида кўрсатилмаган бўлсада, ФПКнинг 34-моддасига асосан улар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш ва бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.
Рад этиш ҳуқуқидан бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ишда иштирок этувчи давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ҳам ариза бериш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.
Агар судья, прокурор, эксперт ва бошқа ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан рад қилиш аризаси асослантирилмаган ва тегишли далиллар билан исботлантирилмаган бўлса, бундай аризалар қаноатлантирилмаслиги керак.
Четлатиш (рад этиш) ҳақидаги ариза ишни мазмунан кўришнинг тайёрлов қисмида берилиши лозим. Агар четлатиш ишни мазмунан кўриш жараёнида эмас, балки бошқа ҳолларда маълум бўлиб қолинса, юқоридаги қоидадан мустасно тариқасида, суд иш кўришни давом эттириш масаласини ҳал этади. Бундай аризаларни кўришда суд манфаатдор шахслар томонидан ишни сунъий чўзиш мумкинлиги масаласига ҳам эътибор беришлари лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |