37-м о д д а. Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати
Барча фуқаролар ва ташкилотларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати (ҳуқуқ лаёқати) тенглиги эътироф этилади.
Фуқаролик процессида ҳуқуқий муносабатларда қатнашувчи шахслар қонунга биноан процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлган фуқаролар ва ташкилотларгина иш юритишда иштирок эта оладилар.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиш учун процесс иштирокчилари процессуал ҳуқуқ билан бирга мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари талаб этилади.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатнинг вужудга келиши учун иккинчи асос унинг субъектлари фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига ҳам, яъни ФПКнинг 37-моддасида кўрсатилганидек, фуқаролик процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлар олиш лаёқатига ҳам эга бўлиши зарур. Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари, барча ҳолларда аниқ процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлар эгаси бўлиши туфайли муайян процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммаларига олиш лаёқатига эга бўлишлари лозим.
Ҳуқуқий муносабатнинг ҳар бир субъектига тегишли процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мазмуни, ҳажми унинг фуқаролик процессида иштирок этиш мақсадига қараб ҳар хил бўлади.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар ФПКнинг 34-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан ўзлари ва бевосита вакиллари орқали фойдаланишлари, зиммаларидаги мажбуриятларни бажаришларида ҳуқуқлари тенг даражада кўрилиб, уларнинг ҳеч қайси бирига устунлик ҳуқуқи, бирон-бир имтиёз берилмайди.
Агар фуқаролик ҳуқуқ лаёқати қонунда назарда тутилган баъзи ҳолларда суд ҳукмига биноан чекланса, масалан, Жиноят кодексининг 28-моддасига мувофиқ, фуқаро беш йилгача бўлган муддатда муайян мансабни эгаллаш ёки муайян иш билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинса,1 фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатидан маҳрум этиш қонунда назарда тутилмаган.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати ҳам фуқаролик ҳуқуқ лаёқати каби фуқаронинг туғилиши билан вужудга келиб, вафот этиши ёки ўлган деб эълон қилиниши билан тугайди, демак бунинг учун ёшнинг қанчалиги аҳамиятга эга эмас.
Фуқаролик ишида тарафлар ёки учинчи шахслар сифатида иштирок этувчи давлат ва бошқа жамоат ташкилотлари юридик шахс2 бўлиб ҳисобланганларидагина фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўладилар ва бу лаёқатни ўзларининг вужудга келишлари (ташкил топишлари) пайтидан эътиборан оладилар.
Агар қонунда ёки бошқа норматив актларда юридик шахснинг филиалига судга қатнашиш ҳуқуқи ва бошқа ваколатлар берилган бўлса, у низоли ишда тараф бўлиб қатнаша олади. Юридик шахс тугатилган тақдирда, унинг процессуал ҳуқуқ ва муомала лаёқати ҳам тугатилади, чунки бундай ҳуқуқ бир вақтнинг ўзида вужудга келганлиги асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |