34-м о д д а. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва
мажбуриятлари
Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, нусхалар кўчириш, рад этиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашаётган шахсларга саволлар бериш, арз қилиш, илтимосномалар тақдим этиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни судда кўриш давомида туғиладиган ҳамма масалалар бўйича ўзларининг важларини баён қилиш, бошқа шахсларнинг арзлари, илтимосномалари, важларига қарши эътирозлар билдириш, суднинг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруғи устидан шикоят қилиш, суд чиқарган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва буйруқнинг мажбурий ижросини талаб қилиш, суд ижрочисининг ҳаракатлари вақтида ҳозир бўлиш ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.
Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан ҳам фойдаланадилар.
Ишда иштирок этувчи шахслар ўзларига берилган барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланишлари ва ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришлари шарт.
1. Ишда иштирок этувчи шахслар шарҳланаётган моддада кўрсатилган қатор процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари, иш кўриш жараёнида яна бошқа ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлиши мумкин. Процесс иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳолатига қараб уларнинг процессуал ҳуқуқ ва бурчлари кенгроқ ва айримлариники эса, тор доирада бўлиши мумкин. Алоҳида тартибда кўриладиган ишлар бўйича ёки тарафларнинг процесс иштирокчиларидан фарқли равишда даъвогар даъво асосини ёки талаб қиладиган нарсасини ўзгартиришга, даъводан воз кечишга, жавобгар эса даъвога иқрор бўлишга ҳақлидир ва ҳоказо. Бу тарафларнинг ҳуқуқ доирасининг кенглигидан далолат беради.
2. Ишда иштирок этувчи шахслар иш кўришни ҳар тарафлама тез ва объектив кўришга кўмаклашишлари талаб этилади. Агар ишда иштирок этаётган шахслар ўзларига тегишли ҳамма процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланмасалар ва бунинг учун тўсқинлик қилсалар, айбли шахслар тегишли жавобгарликка тортиладилар.
Суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахслар раислик қилувчининг ҳамма фармойишларига итоат этишлари зарур, агар, процессда қонунда белгиланган тартиб қоидаларга риоя қилмаган шахсларга нисбатан эса, ФПКнинг 165-166-моддасида белгиланган чоралар қўлланилади. Ишда иштирок этувчи шахсларни суд лозим топган ҳолларда процессдаги иштирокини зарур деб топиши мумкин. Агар тарафлар ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисига узрсиз сабабларга кўра келмасалар, суд ФПКнинг 174-177-моддаларида кўрсатилган чора-тадбирларни татбиқ қилиши мумкин.
Суд инсофсизлик билан процессни чўзиш ёки бузиш мақсадида ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатларнинг қилинишига қаратилган тадбирларга нисбатан ФПКнинг 115-моддасига асосланиб, амалда йўқотган вақти учун кўрган зарарини қоплаш мақсадида даъво қўзғатишга ҳақли.
Айрим туркумдаги ишлар бўйича жавобгар судга келиш бурчига риоя қилмасалар ўз кучини йўқотган ГПКнинг 180-моддаси бешинчи қисмига кўра мажбурий тартибда келтирилиши лозимлиги белгиланган эди. Амалдаги ФПКнинг 174-моддаси бешинчи қисмига кўра, суд тарафларнинг суд мажлисида иштирок этишини шарт деб топиш билан чегараланган. Демак, суд ишнинг моҳиятига қараб ишда тарафларнинг иштирок этишларини лозим деб топиш мумкин.
Юқоридаги қонунда ишда иштирок этувчи шахсларни тегишли процессуал ҳаракатларни амалга ошириши, процессни давом эттириш ҳуқуқини ва бурчини белгилайди.
3. Қонун фуқаролик процессуал ҳуқуқининг субъектларига ишда иштирок этиши мумкин бўлган шахслар сифатида Ўзбекистонда яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳам назарда тутади, чунки улар ўзларига тегишли шахсий, мулкий, оилавий ва бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга ва бошқа идораларга мурожаат этиш ҳуқуқини беради.
Ушбу шарҳланаётган ҳуқуқий меъёр процессда иштирок этувчи барча шахсларга тегишли бўлиши туфайли процессуал қонунчиликда назарда тутилган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бошқа қатор ҳуқуқий меъёрларда амалдаги процессуал Кодексда ўз ифодасини топганлиги муносабати билан бу моддадаги қоидалар батафсилроқ кейинги моддаларни шарҳлашда эътибор берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |