Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар ўз зиммаларига юклатилган процессуал мажбуриятларни бажаришлари лозим.
Юқорида баён қилганимиздек, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар: гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар, мол-мулкни сақловчилар, ишни судда кўришда иштирок этувчи бошқа шахслардан ишда ҳамма вақт иштирок этмаслиги, ишнинг якунидан манфаатдор бўлмаслиги, ишни одилона ҳал этишда тарафлар: даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, прокурор, давлат бошқаруви идораларининг илтимослари бўйича процессга жалб этилиши мумкинлиги билан фарқланади. Жумладан:
1) гувоҳ сифатида фуқаролик иши учун аҳамиятли муайян аҳамиятга эга бўлган фактни бевосита кўрган, билган ёки бошқа шахслардан эшитган маълумотларни судда айтиш қобилиятига эга бўлган шахслар қатнашади. Уларга қўйиладиган талаблардан бири далилларни тўғри қабул қила билишдир.
Гувоҳни судга чақиришни илтимос қилган шахс унинг иш учун қанчалик дахлдорлигини асослаб бериши лозим.
Гувоҳда қандайдир камчилик нуқсонлар бўлиши гувоҳлик беришлик учун тўсқинлик қилмайди. Улар тушунтиришларини оғзаки ва ёзма тарзда беришлари мумкин. Агар иш кўраётган ҳудуддаги судда гувоҳнинг узрли сабабларга кўра қатнашишининг иложи бўлмаса, суд топшириғи асосида гувоҳнинг гувоҳлиги ўзи яшаб турган ҳудуддаги судда ёзма равишда олиши мумкин.
2) Экспертлар ҳам судга ишни ҳал этишдаги ўзининг билими, ҳунари билан тўғри ечимини топишда кўмаклашиши мумкин.
Экспертни суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки ўз ташаббуси билан тайинлаши ва ишга жалб қилиши мумкин. Экспертлар ўз хулосаларини беришда ишдаги далилларга ва бошқа ҳужжатларга асосланади. Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги суд ажримида қандай масалалар ва асослар бўйича экспертларнинг хулосаси талаб этилиши кўрсатилиши лозим. Экспертнинг хулосаси билан суд келишмаслиги мумкин. Экспертнинг хулосаси тахминий бўлмасдан ҳужжатларга асосланган бўлиши лозим.
3) Экспертнинг ваколатига тегишли айрим қоидалардан ишга жалб қилинган мутахассислар ҳам фойдаланишлари ва улар ўзларининг ҳунари, касби, истеъдоди билан одил судловни амалга оширишда кўмаклашишни назарда тутиш амалдаги ФПКда ўз ифодасини топган бўлиб, бу қоидалар фуқаролик процессуал қонунчилигига киритилган янги ҳуқуқий меъёр ҳисобланади (ФПКнинг 172, 90-91, 195-моддалари).
4) Амалдаги фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланганидек, суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган шахсларга ишга тегишли ҳужжатлар билан ўз она тилида тўлиқ танишиб чиқиши, ўз она тилида кўрсатув ва тушунтириш бериши, судда она тилида сўзлаш, арз билан мурожаат қилиш, шунингдек ФПКнинг
9-моддасида белгиланган тартибда таржимондан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланиши кўрсатиб ўтилган. Судда таржимоннинг процессуал ҳуқуқи ҳақида Конституциянинг 115-моддаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида, шунингдек ФПКнинг 168-моддасида кўрсатиб ўтилган.
Фуқаролик процессуал қонунчилигида кўрсатилганидек, процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланганлиги ишнинг нотўғри ҳал этилишига сабаб бўлган ёки сабаб бўлиши мумкин бўлган тақдирда ҳал қилув қарори, ажрим, қарорнинг бекор қилинишига асос бўладиган ҳолатларга иш кўрилаёт-ганда иш юритиладиган тилга доир қоидалар бузилиши ҳам асос бўлади (ФПКнинг 314-моддаси 3-банди).
5) Фуқаролик ишларини судда кўришда судья, манфаатдор шахслар уни тўғри ҳал қилишда айрим тўсиқларга учрашлари мумкин. Ана шу тўсиқларни бартараф этиш учун қонунда далилни ва даъвони таъминлаш институтлари назарда тутилган.
Даъвони таъминлаш учун судья қонунда кўрсатилган чораларни кўриши талаб этилади. Бу қоида ФПКнинг 249-моддасининг
1-бандида кўрсатилган бўлиб, унга кўра, жавобгарга тегишли бўлган ва унинг ўзида ёки бошқа шахсда турган мол-мулк ёхуд пул суммасини хатлаш масаласи ҳал этилиши мумкин.
Агар қонунда кўрсатилган тақиқларга риоя этилмаган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан ФПКнинг 253-моддасида белгиланган чоралар татбиқ этилиши кўрсатилган.
Қарздорнинг мол-мулкини сақлаш учун қарздорга ёки суд ижрочиси тайинланган бошқа шахсларга мол-мулкни хатлаш далолатномасига имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Агар мол-мулкни хоссаларига кўра ундан фойдаланиш, унинг йўқ бўлиб кетишига ёки қимматини пасайишига олиб келмаса, сақловчи ундан фойдаланиши мумкин.
Сақловчи, агар унинг ўзи ёки унинг оила аъзолари (қарздор юридик шахс бўлса, унинг ходими бўлмаса, сақлаганлиги учун тегишли ҳақ олади. Сақловчининг мол-мулкни сақлаш учун қилган зарур харажатлари ҳам мазкур мол-мулкдан фойдаланиш орқали амалда олган фойдаси чегириб ташланган ҳолда қопланади.
Хатланган ва олиб қўйилган мол-мулкни сақлаш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслардан ижро ишларини юритишда мол-мулкни сақловчилар ҳақидаги амалдаги қоида ФПКнинг янги жиҳатлари ҳисобланади. Бу масалага оид қоидалар Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги 2001 йил 29 августдаги Қонунининг 55-моддасида ҳам кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |