38-м о д д а. Фуқаролик процессуал муомала лаёқати
Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва ташкилотларга тегишлидир.
Вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Меҳнат билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлардан ва олинган иш ҳақини ёки бошқа даромадни тасарруф этиш билан боғлиқ битимлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаганлар судда ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналарини, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийларни жалб қилиш масаласини суд ҳал этади.
Ўн олти ёшга тўлган вояга етмаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муомалага тўла лаёқатли деб эълон қилинган (эмансипация) тақдирда судда ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини шахсан амалга ошириши мумкин.
Ёш болаларнинг, яъни ўн тўрт ёшга тўлмаган фуқароларнинг, шунингдек руҳий касаллик ёки ақли заифлиги туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари - ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар ҳимоя қиладилар.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари қонунга биноан процессуал ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлган шахслар (фуқаролар ва ташкилотлар) бўлиши мумкин.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати деб фуқаролик процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқатига айтилади. Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларга тегишли эканлиги шарҳланаётган моддада кўрсатилган.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига мувофиқ, ишда иштирок этувчи шахслар ФПКнинг 34-моддасида кўрсатилган ҳуқуқлардан ўзлари бевосита ёки вакиллари орқали фойдаланишлари ва зиммаларидаги мажбуриятларни бажаришларида ҳуқуқлари тенг даражада кўрилиб, уларнинг ҳеч бирига устунлик ҳуқуқи бирон-бир имтиёз берилмайди.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати ҳам фуқаролик ҳуқуқ лаёқати каби фуқаронинг туғилиши билан вужудга келиб вафот этиши ёки ўлган деб эълон қилиниши билан тугайди.
Фуқаролик ишида тарафлар ёки учинчи шахслар сифатида иштирок этувчи муассасалар, корхоналар, ташкилотлар юридик шахс бўлиб ҳисобланганларидагина фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўладилар ва бу лаёқатни ўзларининг вужудга келишлари (ташкил топишлари) пайтидан эътиборан оладилар (ФПКнинг 41, 44-моддалари).
Юқорида келтирилган қонунда маълум бўлишича, ўн тўрт ёшга тўлган шахслар ўзлари томонидан етказилган зарар учун ФКнинг 27-моддасида (унинг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари) кўрсатилганидек, ўз ҳолларича мустақил жавобгар бўладилар. Бинобарин, зарар етказиш билан боғлиқ ишлар бўйича улар судда мустақил қатнаша оладилар.
Вояга етгунга қадар қонуний асосда никоҳдан ўтган фуқаролар, чунончи, Ўзбекистон Республикасида 16 ёшдан никоҳга кирган қизлар1 никоҳга киришлари вақтидан эътиборан тўла ҳажмда муомалага лаёқатли деб ҳисобланадилар (ФКнинг 22-моддаси). Бинобарин, бундай фуқаролар фуқаролик процессуал ҳуқуққа ҳам тўла ҳажмда эга бўладилар.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати фуқароларнинг вафот этиши ёки унинг суд тартибида ўлган деб эълон қилиниши ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилиши билан бекор бўлади.
Юридик шахсларнинг процессуал муомала лаёқати ҳуқуқ лаёқати каби юридик шахснинг ташкил этилиши пайтидан эътиборан вужудга келади ва фаолияти бекор бўлиши билан тугайди.
Қонунда кўрсатилишича, судда ўз ҳуқуқини шахсан амалга ошириш ва ишни олиб боришни вакилга топшириш лаёқати (фуқаролик процессуал муомала лаёқати) вояга етган фуқароларга ва юридик шахсларга тегишлидир.
Вояга етмаган, яъни ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган ўспирин фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо суд бундай ишларда вояга етмаганларнинг, шунингдек, муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ўзларини иштирок этишга жалб қилишга мажбур.
Меҳнатга ва жамоа хўжалигига оид ҳуқуқий муносабатлардан, олинган иш ҳақини тасарруф қилиш билан боғлиқ бўлган битимлардан ва маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ўспиринлар судда ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай ишларда вояга етмаганларга ёрдам бериш учун уларнинг ота-оналари, фарзандликка олганлар ёки ҳомийларини жалб қилиш суднинг ихтиёрига боғлиқ.
Ёш болаларнинг, яъни ўн тўрт ёшга тўлмаган фуқароларнинг, шунингдек руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги натижасида муомалага қобилиятсиз деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари: ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари ҳимоя қиладилар.
1) Юқорида келтирилган қонундан маълум бўлишича, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахслар ўзлари томонидан етказилган зарар учун, ФКнинг 29-моддасида кўрсатилганидек, мустақил жавобгар бўладилар. Бинобарин, зарар етказиш билан боғлиқ ишлар бўйича улар судда мустақил қатнаша оладилар. Шунингдек, 16 ёшга тўлган шахслар, баъзи ҳолларда 15 ёшга тўлган вояга етмаган шахслар ҳам, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан ва ўз иш ҳақларини тасарруф этиш бўйича тузилган битимлардан келиб чиққан низоли ишларда судда мустақил қатнаша оладилар.
Фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқати фуқаронинг вафот этиши ёки унинг суд тартибида ўлган деб эълон қилиниши ёхуд муомалага лаёқатсиз деб топилиши билан бекор бўлади.
Юридик шахсларнинг процессуал муомала лаёқати Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 50-моддасида кўрсатилганидек, уларнинг органлари ёки вакиллари томонидан амалга оширилиши мумкин.
Юридик шахсларнинг процессуал муомала лаёқати ҳуқуқ лаёқати каби юридик шахснинг ташкил этилиши пайтидан эътиборан вужудга келади ва фаолияти бекор бўлиши билан тугайди.
Чел эл фуқароларининг, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, хорижий корхоналар ва ташкилотларнинг процессуал ҳуқуқлари тўғрисидаги масала ФПКнинг V-бўлимида келтирилган қоидалар бўйича тартибга солинади.
2) Фуқаролик процессуал муомала лаёқати моддий ҳуқуқ лаёқати билан узвий боғлиқдир, чунончи, субъектив ҳуқуққа эга бўлган шахс фуқаролик суд ишларини юритишда ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу масала бўйича суд амалиётидан мисоллар келтирамиз:
1. Л.Б. уй-жойдан кўчириш ҳақида М.Б.га нисбатан даъво билан судга мурожаат қилган.
Суд даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарган.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилоят суди раёсати қуйидаги асосларга кўра суд ажримини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 38-моддасиинг иккинчи қисми талабига мувофиқ, вояга етмаган, яъни ёши ўн тўртдан ўн саккизгача бўлган фуқароларнинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар ёки ҳомийлар томонидан ҳимоя қилинади. Аммо бу ҳол вояга етмаганларни ва муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларни бундай ишларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.
Суд 15 ёшда бўлган Л.Б.нинг вояга етмаганлигини асос қилиб аризани кўрмасдан қолдириш ҳақида қонунга зид хулосага келган.
2. Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийлари ҳамда ЖПКнинг 58-моддасига биноан, фуқаровий жавобгар тариқасида ишга жалб этилган корхона, муассаса ва ташкилотлар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, жиноий ҳаракат натижасида етказилган моддий зарар учун жавобгар бўладилар.
Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар етказилган зарар учун умумий асосларда мустақил жавобгар бўладилар. Вояга етмаганнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган ҳолларда етказилган зарар ёки унинг етишмаган қисми бу шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан тўланиши лозим.
Ота ва онанинг бола тарбиясида тенг ҳуқуқ ва мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда суд қарори асосида вояга етмаган шахс томонидан содир этилган жиноят натижасида етказилган зарарни қоплаш мажбурияти уларнинг ҳар иккаласига юклатилиши лозим1.
Do'stlaringiz bilan baham: |