45-м о д д а. Мустақил талаблар билан арз қилмайдиган
учинчи шахслар
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар, агар иш бўйича чиқариладиган ҳал қилув қарори уларнинг тарафлардан бирига нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса, суд ҳал қилув қарори чиқаргунига қадар даъвогар ёки жавобгар томонида ишга киришишлари мумкин. Шунингдек улар тарафларнинг, прокурорнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин.
Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафларнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар, арз қилинган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, улардан воз кечиш бундан мустасно.
Агар мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида даъвогарнинг ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисида арз қилинган талабларни тан олса, суд мажбуриятни бажаришни учинчи шахс зиммасига юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Айнан шундай ҳолларда, даъвогар ва мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилади.
1. Мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахсларни процессда иштирок этишдан асос шу судда кўрилаётган ишдан юридик томонидан манфаатдор бўлишлигидир. Уларнинг манфаатдорлиги турлича бўлади. Иш юзасидан қайтарма даъво қўзғатиши эҳтимолида бўладиган ишларнинг кўпчилиги бўйича улар ишга жалб қилинадилар.
Мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар суд амалиётида уй-жой низоли ишларини ҳал этишда, мерос мулкини қабул қилиш ишларида, никоҳ, оила, алимент ундириш, келтирилган зарарни ундириш билан боғлиқ бўлган низоли ишларда учраб туради. Бундай талаблар иш бўйича тарафлар томонидан иш қўзғатилгандан кейин берилади ва ишга киришилади.
Учинчи шахслар тарафларнинг, прокурорнинг илтимоси бўйича ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилинишлари мумкин. Қонуннинг бу қоидасини мисол билан тушунтирайлик. Бир ташкилотнинг ходими фуқаро А. айби билан фуқаро Б.га зарар етказилади. Қонун (Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 480-моддаси) бўйича фуқаро Б. ташкилотга нисбатан даъво қўзғатади. Фуқаро А. етказган зарар ҳақини ташкилотдан ундириш тўғрисида суд қарори чиқарилгани ҳолда, бу жавобгар ташкилот кейинчалик унга (фуқаро А.га) нисбатан регресс (қайтарма) даъво қилиши мумкинлигини билиб, зарар етказилишида ўз айбининг йўқлигини исботлаш мақсадида ишда жавобгар томонида туриб қатнашиши мумкин.
Демак, низонинг предметига нисбатан мустақил даъвоси бўлмаган учинчи шахс деб, муайян иш юзасидан чиқарилган суд қарори, тарафлардан бирига нисбатан бўлган унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этиши мумкинлиги туфайли бошқа бировларнинг ишида иштирок этувчи шахсга айтилади.
2. Мустақил талаблари бўлмаган учинчи шахс, одатда даъвогар ёки жавобгар томонидан бўлади ва тарафлардан бирининг ёрдамчиси сифатида ишда иштирок этиб, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида унга ёрдам беради. Учинчи шахс билан процессдаги тарафлардан бирининг манфаатларини фақат иш юзасидан қарор чиқарилгунча бир-бирига тўғри келиб, кейинчалик буларнинг манфаатлари бир-бирига зид келади.
Процессда мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахсларнинг манфаатдорлиги шундан иборатки, у, кейинчалик даъво қўзғатишдан хавотирланган бўлади.
Мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахслар даъвонинг асосини ва предметини ўзгартириш ва бошқа талабларнинг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш, шунингдек, даъводан воз кечиш, даъвога иқрор бўлиш ёки келишув битими тузишдан ташқари, тарафларга оид ҳамма процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва уларнинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммаларига оладилар. ФПКнинг 40-моддасида кўрсатилган талабларни бажара олмайдилар.
Учинчи шахс ҳам тарафларга (яъни даъвогар ва жавобгарга) гувоҳлар ва экспертларга саволлар бериб, зарур ҳужжатларни судга топшириб, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлашда процессда фаол қатнашади.
3. Фуқаролик ишларини судда кўришда даъвогар, жавобгарлардан ташқари учинчи шахсларни жалб этиш лозим бўлса, суд бу ишни қонуний асослантирилган ҳолда ҳал қилиш учун ҳар томонлама кўмаклашадиган бўлса, уларнинг қатнашиши тўғрисидаги масалани ҳал этиши лозим. Масалан, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимларни ёки ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимларни аввалги ишига тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга ёки бошқа ишга ўтказишга фармойиш берган мансабдор шахсни учинчи шахс сифатида ишда иштирок этиш учун жавобгар томонига жалб қилиши шарт.
Суд меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ёки бошқа ишга ўтказиш очиқдан-очиқ қонунга хилоф бўлганлигини аниқласа, шу процесснинг ўзидаёқ айбдор мансабдор шахс зиммасига мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш натижасида ташкилотга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбуриятини юклайди. Бундай ҳолларда мансабдор шахсдан ундириладиган сумманинг миқдори меҳнат ҳақидаги қонун ҳужжатларига биноан белгиланади. Акс ҳолда учинчи шахсни жалб қилишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда ФПКнинг 260-моддасидаги қоидага эътибор бериш лозим.
Эр-хотиннинг мулкни бўлиш ҳақидаги талаби, агар бу низони тўғри ҳал қилиш учун ишга учинчи шахсни жалб қилиш зарур бўлса, никоҳни бекор қилиш ҳақидаги иш билан бирга кўрилиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |