22-м о д д а. Баённома тузиш
Баённома котиб томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганида мажлисдан ташқарида тузилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар ўзлари иш учун аҳамиятли деб ҳисоблаган ҳолатларни баённомага киритиш тўғрисида илтимосномалар тақдим этишга ҳақлидирлар.
Тарафларнинг, учинчи шахсларнинг ўзлари қўйган талаблардан бутунлай ёки қисман воз кечганлиги, қўйилган талабларга иқрорлиги, ишни келишув битими билан тамомлаш тўғрисидаги аризалари баённомага киритилиб, тегишли бўлишига қараб, тарафларнинг бири ёки иккаласи томонидан имзоланади. Баённома суд мажлиси тамом бўлганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганидан кейин кечи билан уч кунда раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланиши керак. Киритилган барча ўзгаришлар, тузатишлар, қўшимчалар ҳақида баённомада изоҳ берилиши лозим.
Юқорида қайд қилганимиздек, суд мажлисининг баённомасида иш юритиш жараёнида низоли ва низосиз ишларни кўришда ҳар бир амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар акс эттирилади. Юқори судлар томонидан ишлар апелляция, кассация, назорат тартибида кўрилганда баённомага асосланиб чиқарилган қарорлар қанчалик қонуний, асосли ва адолатли эканлигини баҳолайдилар. Ишда суд мажлисининг баённомаси мавжуд бўлмаса ёки у имзоланмаган бўлса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор бекор қилиниши лозим эканлиги ФПКнинг 314-моддасида кўрсатилган.
Суд мажлисининг баённомаси суд мажлисининг котиби томонидан ёзилади ва у қайси тилда олиб борилса, шу тилда ёзилиши керак. Баённома асосан қўлёзма бўлади. Ҳозирги техника тараққиёти даврида овоз ёзиш, видео ёзувлар, компьютерлардан ҳам фойдаланиш масаласини раислик этувчи қонун асосида ҳал этиш масаласини кўриши мумкин. Баённомада мантиқан тўғри бажарилган процессуал ҳаракатлар, айтилган сўзлар аниқ ва тушунарли кўрсатилган бўлиши лозим.
Суд котиби раислик қилувчи судьянинг қўйган саволларини ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг берган жавобларини ва улар ким эканлиги аниқ ва тушунарли қилиб ёзилиши лозим.
Суд мажлисида раислик қилувчининг фармойишлари суднинг номидан чиқарилади ва баённомага киритилади, алоҳида хона (маслаҳатхона)га кирмасдан суд процесси давомида қабул қилинадиган ажримлар баённомага суд номидан раислик қилувчининг жойида ўтириб қабул қилинган оғзаки ажримининг мазмунини раислик қилувчининг айтиб туриши асосида баённомага киритилади.
Суд мажлисининг баённомаси муҳим процессуал ҳужжат бўлиши сабабли ундаги ёзувларни ўчириш, қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш мумкин эмас. Борди-ю, шундай ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш лозим бўлса, бу ҳақда «ўзгартириш киритилди» ёки «қўшимча киритилди» деб изоҳ берилиши лозим ва бу изоҳ раислик қилувчи ва суд мажлисининг котиби томонидан имзоланиши лозим.1
Суд мажлисида раислик қилувчи суд котибининг баённома тузиш жараёнининг кузатиб бориши, айрим муҳим жиҳатларни қайтариш бўлсада, баённомага киритилган-киритилмаганлигини текшириб қўйиши лозим. Суд мажлисининг котибидан эса, баённомани муҳим ҳужжат эканлигига, апелляция, кассация ва назорат судларида шу асосида тегишли қарорга келишига ва унга жиддий эътибор бериши лозимлигига аҳамият беришини талаб этиши лозим.
Фуқаролик ишларини суд мажлисида кўриш жараёнида ишда иштирок этувчи шахслар ишни тўғри ҳал этиш учун тегишли далолатномаларни тақдим қилишлари мумкин. Буларни суд мажлисининг баённомасига киритишни илтимос қилган ҳолларда бу далолатномаларни нима сабабларга кўра тақдим этилаётган ва унинг асосларини суд мажлисининг котиби баённомасида батафсил ёритилган бўлиши лозим.
Суд мажлисининг баённомаси ишни кўрган куннинг эртасига тайёр бўлиши лозим. Айрим ҳолларда тузиб тайёр ҳолга келтирилган баённома юқорида кўрсатилганидек қонунга кўра баённома тайёрланиб раислик қилувчи ва котиб томонидан кечи билан уч кун ичида имзоланиши лозим. Бу муддат алоҳида процессуал ҳаракатларни бажаришга ҳам татбиқ этилади.
Булардан ташқари, агар суд ФПКнинг 203-моддасида кўрсатилган ҳолларда асослантирилган ҳал қилув қарорини тайёрлашни қонунда кўрсатилган муддатга кечиктирган ҳолларда ҳам белгиланган муддатда баённома имзоланиши лозим.
Суд мажлисининг баённомасига раислик қилувчи имзо чекишидан аввал уни атрофлича текшириши, камчилик ва нуқсонларни бартараф қилишга қаратилган ҳаракатларни амалга ошириши зарур.
Суд мажлисининг баённомасини имзоламаслик унинг ҳеч қандай процессуал ҳужжат эмаслигидан далолат беради.
Баённомани кечи билан уч кун ичида имзолаш тўғрисидаги қоидани мураккаб бўлган фуқаролик ишларига нисбатан татбиқ этилишини англамоқ лозим. Умуман олганда суд мажлисининг баённомаси ва алоҳида бажариладиган процессуал ҳаракатлар шу куннинг эртасигаёқ расмийлаштирилган ва имзоланган бўлишининг мақсадга мувофиқлиги вақт ўтиши билан баённомадаги айрим ҳолатлар хаёлдан кўтарилиши мумкинлиги билан изоҳланади.
2) ФПКнинг 22-моддасига биноан баённома раислик этувчи ва суд мажлиси котиби томонидан суд мажлиси тугагач, уч кундан кечиктирилмай имзоланиши лозим. Суд мажлиси баённомасини тузиш ва имзолашга муддат белгиланиши суд процесси иштирокчилари ўз вақтида баённома юзасидан эътироз келтиришлари ҳамда суд қарори устидан шикоят қилишларида муҳим аҳамиятга эгадир1.
3) Ишда суд мажлиси баённомаси мавжуд бўлмаган тақдирда суд қарорларини бекор қилиш ҳақида мисол келтирамиз:
А.У. умумий мол-мулкни бўлиш ҳақида Қ.У.га нисбатан судга даъво билан мурожаат қилган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди Раёсати қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 314-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди талабига мувофиқ, ишда суд мажлиси баённомаси мавжуд бўлмаса ёки у имзоланмаган бўлса, ҳал қилув қарори, ажрим, қарор мажбурий тартибда бекор қилиниши шарт.
4) Суд томонидан ҳал қилув қарори чиқарилган бўлсада, фуқаролик ишида суд мажлиси баённомаси мавжуд эмас.
Бундай ҳолда, суднинг чиқарган ҳал қилув қарорини қонуний ва асосли деб бўлмайди2.
5) Кўпчилик ишлар бўйича суд мажлиси баённомасини тузиш ва у билан тарафларни таништириш чўзилмоқда, бу эса келиб тушган шикоят ва протестлар билан ишларни кассация инстанциясига юбориш муддатларини бузиш ҳолларини келтириб чиқармоқда3.
Фуқаролик ишлари ўрганилганда суд мажлиси баённомалари қисқа ва тушунарсиз ёзилган ҳоллари ҳам учрайди, уч кун ичида имзоланиши лозим бўлсада, кўрилган фуқаролик ишлари бўйича баённомалар қонунда белгиланган муддат ўтгандан кейин ҳам имзоланмаслик ҳолатлари учраб туради”.
Do'stlaringiz bilan baham: |