Витамин В13 (орат кислотаси) – анаболик модда ҳисобланади. Нуклеин кислоталар синтезида қатнашади. Асосан жигар касалликларида, миокард дистрофиясида, тери касалликлари ва юқумли касалликларда ишлатилади.
Витамин В15 – пангамат кислотаси ва холин хлориди ҳам В гуруҳ витаминлари қаторига киради. Аммо уларни витаминсимон воситалар ёки физиологик фаол биоген бирикмалар деб қараш тўғрироқ бўлади. Ушбу моддаларнинг овқат маҳсулотларида етишмаслиги инсонларда гипо- ёки авитаминозлар келтириб чиқармайди. Уларнинг кофермент шакллари ҳам маълум эмас. Пангамат кислотаси ва холин хлориди организмдаги биокимёвий жараёнларда метил гуруҳларининг донаторлари бўлиб қатнашадилар. Уларни жигар касалликларида (гепатитлар, цирроз), атеросклерозда, алкоголизмни даволашда ишлатилади. Пангамат кислотасини булардан ташқари миокарднинг дистрофик шикастланишларида ва стенокардияда ҳам ишлатилади. Пангамат кислотаси препарат сифатида кальцийли туз (кальций пангамати) шаклида ишлаб чиқарилади ва ичишга тавсия қилинади.
Витамин С (аскорбинат кислотаси) – инсон организмида муҳим биологик аҳамиятга эга. У кўп миқдорда сабзавотларда, меваларда, шиповникда, қора қорақатнинг (черная смородина) барглари ва мевасида сақланади. Инсон организмида синтезланмайди, юқори ҳароратда, кислород, аскорбатоксидаза ва оғир металл тузлари таъсирида тезда парчаланиб кетади. Аскорбинат кислотасининг асосий самаралар унинг оксидланиш-қайтарилиш жараёнларида иштирок этиши билан боғлиқ.
Аскорбинат кислотаси бириктирувчи тўқиманинг асосий моддаси ҳо-сил бўлишида ва коллаген синтезида иштирок этади. Бундан ташқари, унинг кортикостероидлар ҳосил бўлишида, тирозин алмашинувида, фолат кислотасининг унинг фаол шакли бўлган тетрагидрофолат кислотасига айланишида, қатор ферментларнинг фаоллашувида ҳам иштирок этиши аниқланган.
Аскорбинат кислотасининг етишмаслиги гиповитаминоз, оғир ҳоллар-да эса авитаминоз (цинга ёки скорбут) келиб чиқишига олиб келади. Цингада чарчаш, терининг қуруқлашиши, терида геморрагик тошмалар, милклардан қон кетиши билан кечувчи гингивит, тишларнинг ўйнаши ва тушиши, мушакларга қон қуюлиши, қўл ва оёқларда оғриқлар пайдо бўлиши, ички аъзолар томонидан бузилишлар юзага чиқиши (геморрагик энтероколит, плеврит, гипотония, юракнинг ва жигарнинг зарарланиши ва б.) кузатилади. Иммунитетнинг зарарланиши ҳисобига инфекцияларга чидамлилик ҳам пасаяди.
Витамин С ингичка ичакда сўрилади. Қисман тўқималарда деполанади. Пешоб билан қисман ўзгармаган ҳолда ва асосан парчаланган маҳсулотлар (оксолатлар) сифатида ажралади.
Аскорбинат кислотасини унинг етишмовчилигининг олдини олиш ва даволаш учун, қон кетишларда, инфекцияларда, кимёвий моддалар билан заҳарланишларда, атеросклерозда, нур касаллигида, секин кечувчи регенератив жараёнларда, кучли зўриқишларда ичиш ва парентерал қўллаш учун ишлатилади. Терапевтик дозаларда беморлар томонидан яхши кўтарилади ва ножўя таъсирлар келтириб чиқармайди. Катта дозаларда ва узоқ муддат давомида қўлланилганда меъда ости безининг оролча аппаратини ва билвосита буйракларни (кортикостероидларнинг кўп миқдорда ҳосил бўлиши ҳисобига) шикастлаши мумкин. Булар эса артериал қон босимининг ортишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |