ЁҒДА ЭРУВЧИ ВИТАМИНЛАРНИНГ ПРЕПАРАТЛАРИ
А витамини кимёвий тузилиши жиҳатидан бир-бирларига яқин бўлган қатор бирикмаларни бирлаштиради: ретинол (витамин А-спирт, витамин А1, аксерофтол), каротин), дегидроретинол (витамин А2), ретиналь (ретинен, витамин А-альдегид), ретиноат кислотаси (витамин А-кислота) ва эфирлар ҳамда фазовий изомерлар. А витамини (пальмитат-эфири шаклида) қатор ҳайвон маҳсулотлари таркибида: балиқ ёғи (треска, пастус, денгиз окуни), сигирнинг сариқ ёғида, тухум сариғида, қорамол жигари ва буйрагида, балиқ увилдириғида, сут ва сут маҳсулотларида, шунингдек, ўсимлик маҳсулотлари таркибида: сабзи, карам, ўрик, помидор, булгар қалампири, кўк пиёз, қовун, тарвуз, қовоқ, бодринг, олма, нок, олча, узум, шафтоли, анжир, апельсин, лимон, мандарин, ёнғоқда одам организмида А витаминига айланадиган провитаминлари шаклида сақланади.
А витаминининг провитаминлари – каротинлар ( α-, β- ва γ-изомер-лари) кўпчилик ўсимлик ва баъзи ҳайвонлар маҳсулотлари таркибида сақланади. Организмда улардан каротиназа ферменти таъсирида А витамини (битта β-каротин молекуласидан 2 молекула витамин А) ҳосил бўлади.
А витамини кўзда кўрув пигментлари (родопсин ва йодопсин) ҳосил бўлишида иштирок этади, шунингдек эпителий тўқимасининг нормал функционал ҳолатини таъминлайди. Агар овқат таркибида витамин А етишмаса кўзда колбача ва таёқчаларда пигментлар ҳосил бўлиши бузилади. Натижада гемералопия (шапкўрлик), ксерофтальмия (кўз шох пардасининг хира тортиши, яъни кўз шиллиқ ва шоҳ пардаси қуриб, ўзгариши), кератомаляция (кўз шох пардасининг юмшаши ва кўчиб кетиши) келиб чиқади. Бундан ташқари, витамин А етишмаслигида терининг оқариши ва қуруқлашиши, ҳуснбузарлар чиқиши ҳам кузатилади.
Ишлатилиши: А витамини етишмовчилигида ўринбосувчи терапия мақсадида, тери касалликларида (тери мугузланишининг бузилишларида), кўз шох пардаси ва тўр пардаси касалликларида, юқумли касалликларда, куйганда ва совуқ урганда, МИЙнинг айрим патологик ҳолатларида, яраларни даволашда, шунингдек болаларда рахит касаллигида, тиш чиқиши ва скелет ривожланиши кечикканда. Ичилади, м/о киритилади ва маҳаллий қўлланилади. Миллиграммларда ва халқаро бирликларда (ХБ) дозаланади. 1 мг витамин А 3300 ХБ (1 ХБ = 0,3 мкг) га тенг. Амалий тиббиётда ретинол ацетати, ретинол пальмитати, витамин А нинг концентрати, балиқ ёғи препаратлари ва чакандо мойи ишлатилади.
А витаминини катта дозаларда ва давомли қўлланилганда ўткир ҳамда сурункали гипервитаминоз кузатилади. Ўткир ҳолатларда бош оғриши, уйқучанлик, кўнгил айниши, қусиш, ёруғликдан қўрқиш, мушаклар тортишиши пайдо бўлади. Сурункали гипервитаминозда тери шикастланишлари (терининг қуриқлашиши, пигментацияси), соқ тўкилиши, тирноқларнинг мўртлашиши, суяклар ва бўғимларда оғриқ, гиперостоз ҳолатлари (асосан болаларда), жигар ва талоқнинг катталашиши, диспептик ҳолатлар, бош оғ-риши келиб чиқади. Гипервитаминозларни даволашда витамин А ни бериш тўхтатилади.
Кейинги йилларда ретиноидлар деб аталувчи ренитолнинг метаболитлари ва унинг синтетик аналоглари кенг ишлатилмоқда. Улар қатор тери касалликларида – акнеда (ҳуснбузарларда), псориазда, ихтиозда ва б. ишлатилади. Айримлари суртма, крем, гел, эритма, ласьонлар шаклида маҳаллий ишлатилади. Уларга тритиноин (ретиноат кислотаси) ҳисобланади. Унинг даволовчи самараси тери ёғ безлари секрециясини пасайтириши, кератинланишни меъёрлаштириши, яллиғланишни камайтириши билан боғлиқ. Эпидермис орқфали препаратнинг 10%и ўтганлиги сабабли резорбтив (заҳарли) самараси кузатилмайди. Асосан ҳуснбузарларда қўлланилади. Уни кўпинча антибиотиклар (тетрациклин, эритромицин) билан бирга қўллаш лозим. Ножўя таъсирлари: терининг қизариши (таъсирланиши), қуруқлашиши ва шилиниши.
Тизимли таъсир кўрсатиш учун третиноиннинг весаноид номли препарати қўлланилади.
Оғир кечувчи ҳуснбузарларда тизимли таъсир кўрсатувчи ретиноидлардан изотретиноин (роаккутан) ишлатилади. У ёғ безларининг фаолиятини пасайтиради ва ўлчамини кичиклаштиради. МИЙдан яхши сўрилади. Биоэришувчанлиги ~ 20%. Катта миқдорда қон зардобидаги оқсиллар билан бирикади, t1/2 = 10-20 соат. Жигарда метаболитлар ва коньюгатлар ҳосил қилади. Жигар ва буйраклар орқали ажратилади. Ичишга тавсия этилади, маҳаллий қўлланилганда самараси юзага чиқмайди. Ножўя таъсирлари: шиллиқ қаватларнинг (кўзнинг ҳам) ва терининг қуруқлашиши, қичишиш, алопеция, миалгия, артралгия ва б.
Ретинолнинг ароматик синтетик унумларига этретинат (тигазон) препарати мансуб бўлиб, у МИЙдан яхши сўрилади. Биоэришувчанлиги ~ 50%. Асосий хоссалари жиҳатидан изотретиноинга ўхшаш. Юқори липофилликка эга. Организмда узоқ сақланиб қолади (2-3 йил), t1/2 ~ 100 кун. Организмда ундан ацитретин (t1/2 ~ 2 кун) номли фаол метаболити ажралиб чиқади. Ножўя таъсирлари изотретиноинга нисбатан кучли. Энг хавфлиси – тератоген таъсиридир.
Do'stlaringiz bilan baham: |