16-қисм.
-Синглим сиз кириб газ дафтарчаси бўлса, ўшани олиб чиқинг, бира тўла тўлов қилиб қўяйлик. Кейин кесган жойидан улаб кетишади-дедилар юзимга қарамай, Ибратхон ака сочиқни беҳи шоҳига иларкан.
Бувимнинг эски рўмолига тугилган хужжатлар ичидан-газ дафтарчасини олиб чиқиб қўлларига бердим, чиққунимча улар ҳовлини юриб, кўздан кечираётган эканлар. Дафтарчани қўлларига олдилару, тез юриб уйимиздан чиқиб кетдилар. Яна ортиларидан дуо қилганча қолдим. Бир тарафи- бор оғирлигимни бу одамга юклаганимдан ҳижолат тортаётгандим. Сандалга чўғ қилиб, ўтинни тўртта-тўртталаб омборга таший бошладим, назаримда бугун осмон тунд, худди ёғингарчилик бўладигандек эди. Анча ўтин олиб келган эканлар, бир ўзим ташишимга анча вақтим кетди. Ташиб бўлиб, ойимнинг ёнларига кирдим, энди уй ичи ёришгач, ранглари жуда сарғайиб кетгандек кўзимга кўрина бошлади. Қўлларини кафтим орасига олдим. Салгина илиқлик бор! Бугун уйимизга ўтин келиб, ўзимни жуда ҳотиржам сезаётгандим: "қандай яхши бўлди, энди ойим совқотиб қолмайди!"
Ярим соатлардан кейин Ибратхон ака қайтиб келдилар, кўча тарафда газчиларнинг овози эшитила бошлади. Узган жойларидан яна қайтариб сварка қилишди шекилли. Сўнг Ибратхон ака ичкарига бош суққан пайти деразадан кўриб, ёнларига чиқдим. Қўлларидаги дафтарчанинг ортига ёзилган кўк ёзувдаги телефон рақамларини бармоқлари билан кўрсатдилар:
-Бирон нарса керак бўлса, шу рақамга телефон қилинг, ҳўпми?!
Овозим ичимга тушиб кетгандек эди, бош силкиб- дафтарни улар қўйган жойдан олдим. Бидонларни яна қайтадан машинага юклашди, бири чайқалганда сездим-ки, уларда сут бор экан. Ибратхон ака шериги билан жўнаб кетдилар, қўлимдаги дафтарчадан ҳам улар ишлатадиган мушкнинг ҳиди сал анқиётгандек эди. Дафтарчани варақладим, охирги тўловни "Юсуфхонов И" қилибди. Бу Ибратхон аканинг исми шарифи эди, ўзимни жуда енгил, ичимга қандайдир нур сирғалиб, оқиб кираётгандек ҳис қилдим.
Кейинги икки кун машаққатимиз анча енгиллади, ойимга маҳалла бошидаги дўкондан музлатилган товуқ оёғи олиб келиб, шўрва қилиб, сувини ичира бошладим. Фақат... Ойим кечки пайт яна сал қон аралаш қайт қилиб юборгани ичимга ғашлик солди.
Эрталабдан мотороллерлар овози тинмайдиган, унда-мунда пақиллоқлар отиладиган, ёш-яланг кўчада гурас-гурас ўтадиган ва шомдан кейин одамлар дастурхон ёзиб, телевизор кўришни бошлайдиган кун -янги йил кирадиган ўттиз биринчи декабрь ҳам кириб келди. Ибратхон ака-уларни безовта қилиб, рақам термаганимга ҳотиржам бўлдилар шекилли, кейинги икки кун бизникига келмадилар. Негадир ҳовлига тез-тез чиқиб, эшик томонга қараб қолаётганимни ўзим сезмаётгандим. Янги йилга бирон тайёргарчилик кўрмадим, чунки пулни тежаб ишлатишим керак эди. Дўкондан шу куни олма тугагани сабаб, жудаям митти, пўстида ичига ўтмаган дўли бор семерянкаларни сотиб олдим. Пешин вақтидаёқ кўчадан қий-чув қилиб, ёш-яланглар ўтишни бошлади. Ҳамма шод ҳуррам. Биз эса томошага пули етмай қолган сағирлар каби онам ва мен бир кулбаи вайронада ўтирибмиз. Шом пайти гупиллаб қор ёғишни бошлади. Шунақаям шитоб ёғяптики, эски йилнинг қор плани тўлмай қолгандек. Бу пайтда уйга-сандал учун куракда чўғ олиб кираётгандим. Онам ўша-ўша ўзгаришсиз ётибдилар, ранглари сап-сариқ! Сандалга чўғ ташлаш баробарида, онамга ҳам шўрва солиб қўйгандим, уларга сувини берсам, ўзимга унинг сабзи ва картошкаси тегади...
Овқатдан сўнг, негадир бувимнинг тортмасидан эски суратларни томоша қилиш учун олиб чиқдим. Бувимнинг нурли сиймосини, мен кўрмаган бобомнинг қиёфаларини кўриб, ичим чарағон ёришиб кетди. Ойимнинг ёшлигини томоша қиларканман, тез-тез уларга қараб қўярдим. Кўзлари юмуқ!
Ташқарида эса қор-ҳали ҳам тинмай ёғаётганди. Ойимнинг устиларини қайтадан ўраб қўйдим. Чироғимиз бир икки липпиллагандек бўлди: "илоҳим газ келганда, энди чироқ кетиб қолмасин!" деб ўтирибман. Дадамнинг сурати, одат бўлиб қолган экан-яна уларнинг ортидаги қора кўланкага термулдим. Кўланка шунчалик нотабиий эдики, хатто уларнинг ортидаги чеҳраларга ҳам ғалати қоралик соя солиб тургандек. Тикилиб қолдим. Назаримда ҳамма сирлар дадам билан боғлиқдек эди!
"Нега улар катта ўйинлар олдидан ўзларининг бир жойларини кесиб, қон чиқарганлар, нега ўша пакки пичоқни онам анҳорга отиб юбордилар, ундан кейин бир ҳафта ўрниларидан турмай ётганларининг-бунга қандайдир алоқаси борми?! Нега ҳар сафар тушимда онамни занжирбанд ҳолда кўрадиган бўлдим???"
Охирги саволдан сўнг, ичимда бир ғашлик уйғонди: икки сафардан бери тушимда-кафанланган ўликларни кўраётганим эсимга тушиб қолди.
Кўчада қорда намиққан пақиллоқлар аввал шириллаб, кейин гумбурлаб отилишни бошлади, ёш-ялангнинг ҳаммаси айни дамда кўчада эди. Паққиллоқларнинг бири бизнинг ҳовлимиз ичида ҳам паққиллади. Ойимга чўчиб қарадим, таъсирсиз, жим ётибдилар. Кўчадаги "қий чув" бошқа ёққа қараб кетгандек бўлди. Ҳавотир билан равонга чиқиб келдим- "Одамлар ғалати! Янги йил куни чилдирма чалишга нима бор экан?!"
Қулоғимга элас-элас узоқлардан чилдирмами, ноғорами, ҳуллас қандайдир ғалати" дўп-дўп", "така-тум-так" эшитилаётгандек эди. Пешонамнинг қаншар қисми оғирлаша бошлади, негадир менинг худди биров гипноз қилаётгандек уйқум кела бошлади. Суратларни бир четга суриб, сандал кўрпага ярмимни ўрадим. Қовоқларим ўзимга бўйсунмай оғирлашаётганини сезиб турсам-да, иложини қилолмадим. Ухлаб қолибман.
Энди тушимда чилдирма овози яқиндан эшитилаётганди, равонда эмишман, худди сал аввал уйғоқлигимдагидек ҳолат! Қизиғи, дарвозамиз очилиб, ундан малика кириб кела бошлабди, ҳар босган қадамига бир шам ёнгандек-атроф ёришиб бормоқда эмиш...
Мен эса бу шамлар осмондан ёғаётган қорлар сабабли ўчмаётганидан ҳайратда, кўкка қараганча ҳайрон турармишман. Йўқ, тушимда қор ёғмаётган экан! Малика нақ равон эшигигача юриб келибди. У менга ғолибона илжайганча:
-Раҳмат келишимга атаб, ўз қонинг билан қирқ битта чироқ ёқибсан, мана мен ваниҳоят ёнингга келдим! Биз энди ҳеч қачон ажралмаймиз! -дебди.
Ихраган товушдан уйғониб кетдим. Даставвал кўзимни очарканман, атрофимдаги зулматни кўриб-ҳайрон бўлдим...
Кейин негадир ўша пайт кўрган тушим хаёлимдан енгил бир шабода тегиб ўчиб кетгандек бўлди. Ихраш яна эшитилгач, шошиб ўрнимдан турдим. Овоз онам ётган тарафдан келарди. Пайпасланиб- равонга чиқдим. Оппоқ қорнинг ва қорли осмоннинг нури сабаб- равон сал кўр ойдин эди. Шам қидирдим. Аксига олиб тугаган экан, яна пайпасланиб ҳовлига, омбор томонга ўтдим. Омбор эшиги ёпилиб қолмаслиги учун қўлимга илинган нарсани эшикка тирадим. Йўқ у ерда ҳам шам йўқ.
Туника қопқоқларга шам қотирадиган одатимиз бор эди, омбор токчаларини қўлим билан сидириб кўрдим: нимадир қўлимга кириб, қонатди. Шиша бор экан шекилли...
Номсиз бармоғим қонай бошлади, қўлимга нам тегди. Пайпасланиб юриб, бурчакдаги катта чойшабга ўралган мос пахтадан бир катта бўлагини юлиб олдим. Яна равонга қайтиб, у ердан эски пиёла топиб, унга ёғ қуйдим. Бармоғим ҳалиям қонар, мен эса ҳовлига чиқиб, муздек қорни ғижимлаб, қўлимни қондан тозаламоқчи бўлаётгандим.
Кейин ўтириб, шам тополмаганим учун пахтадан пилик ясаб, ёғга ботирдим. Уйга пиёла кўтариб кирарканман, ошхонадан гугуртни олиб, шиқирлатиб кўрдим. Пиёладаги пиликни ёқиб, онамнинг юзига яқинлаштирдим-у қўрқиб кетдим: уларнинг бурнидан ва оғзидан ҳам қора қон оқаётганди. Яна остонадан мункиб, йиқилгудек бўлиб, ташқарига чиқдим. Қўлимга илинган сочиқни бир четини сувда ҳўллаб, онамнинг ёнига қайтиб кирдим. Яна бармоғим қонай бошлади. Аммо ҳозир хаёлим онамда. Оғзилари ҳиёл очиқ, бир иҳрашлари билан ундан кўпик аралаш қора қон тошиб чиқаётган, бир қисми бурун олдидан сизиб оқаётганди. Қон қотиб қолса, нафас ололмайдиларми деб ўйлай бошладим.
Уларнинг бир сидра бурун ва оғиз атрофларини артиб олишим билан пилик ёниб тугади. Қоронғуда пайпасланиб, иккинчисини ясадим: яна онамнинг оғзини, бурнини нам сочиқда артишга тушдим. Битта сочиқ шилта бўлиб кетди, иккинчисини ишлатдим, пилик тугамасдан-кейингисини ясаб, ёғга ботириб тайёрлаб қўйишни бошладим. Анча пайт йиғлаганча-шу иш билан андармон ўтирибман. Бирдан кўзим билагимга тушди: билак узугим қўлимда йўқ эди!
Шошиб қолганимданми, миям қаттиқ қисиб қолди: мен уни қаерда ечганимни негадир мутлақо эслолмаётгандим...”
-Зарифа опа, мусиқа қўйиб, озгина мияга дам берсак нима дейсиз, сизга ҳалақит қилмайманми?
Зарифа чўчиб бош кўтарди, ўзига кулиб қараб турган Шоира унинг кўзларига худди ойдан оёғи билан тушган одамдек кўриниб кетди:
-Шоира энг ҳаяжонли жойини топиб гапирдинг-да ўзиям, илтимос мусиқа қўймай тур, шу жойини ўқиб олай...
Шоира қизиқиб, ўрнидан туриб Зарифанинг ёнига келди:
-Бугун кўп ёзибди-а, ўх-хў! Майли безовта қилмайман, бўшасангиз- еттинчи қисмни муҳокама қилиб олардик...
Зарифа "ҳа шундай қиламиз!" дегандек, ўрнига қайтиб бориб ўтирган Шоирага ишора қилди. У эса яна ўрнидан туриб, чигил ёзгани ташқарига чиқиб кетди.
"Ҳўш қаерига етгандим... Ҳа, мана... " эслолмаётгандим" сўзи!
"Отилиб ташқарига чиқиб атрофга алангладим. Ичимда тинмай, уни қачон, қаерга ечганимни эслашга ҳаракат қилардим. Орқа томонга ўтмоқчи бўлиб, бир қадам қўйгандим ҳамки, юзимга гўё ўргимчак тўрининг ипи урилгандек бўлди. Анқайиб қолдим: қишда, ҳовлида ўргимчак тўри нима қилади? Чайқалганча ўша томонга юрдим. Ҳожатхонадан тўрт қадам берида бир темир курсимиз бўларди. Устига тўрт бармоқ қор энлаб қолибди. Бориб, шуни қўлим билан сидирдим, "жинг" этиб, бир нарса ерга, қор остига тушиб кетди.
Ҳурсанд бўлдим, пайпаслаб юриб, билакузугимни топиб, қўлимга тақдим. Боя онамнинг тувагини ювишдан олдин ҳожатхонага кирар маҳалим уни ечиб қўйган эканман, кейин чалғиб кетибман. Одат бўлиб қолганлиги туфайли дарвоза томонга қарадиму, шу жойда лоп этиб-ҳамма кўрган тушим ёдимга тушди.
Маликанинг кириб келиши, гаплари, "келишимга қонингдан қирқта чироқ ёқиб кутиб олибсан!" деганларини эсладим. Уй ичига шошганча қайтиб кириб, пилик ёққан пиёламни кўтариб яна ёруққа- ташқарига чиқдим. Қоп-қорайиб учигача куйган пиликларни диққат билан санай бошладим: ўттиз тўққизта чиқди!
Мен бу воқеага ачинишни ҳам, ҳурсанд бўлишни ҳам билмасдим. Беихтиёр қорга тиз чўкдим, қараган тарафим қибла эдими ёки йўқ- буни ҳам билмасдим: ўкириб йиғлаганча-қор устига сажда қилдим:
-Худойим, мен жудаям кучсизман, менга ёрдам бер, мени ўзинг асра! Мен уларнинг ёнимга келишларидан, менга зарар етказишларидан қўрқаман. Бир куни ойимдек телбага айланиб қолишдан, улар мени ҳам бошқаришларидан қўрқаман! Ўзинг менга ёрдам бермасанг, бўлмайди...
Ичимга муздек қор кириб, қақшаб оғриётган пешонамга ҳам муздек қор найзачалар санчишни бошлади. Шу ётганча қанча ётдим, буни билмайман. Эсимга онам тушиб, ичкарига отилиб кирганимда- онамни энди ҳирқироқ тута бошлаган, вақтида артмаган қонларим лаби атрофида қорайиб қотиб қолганди.
Уларнинг бомдод намози вақти кирган пайтда жағлари тушиб, қилт этмайдиган бўлиб қотиб қолдилар...
Онам шундай вафот этди!
Зарифа юраги увишиб ўрнидан турганида-хонада бир ўзи қолганди. Кўз ойнагини ечиб, ўзи у ёқдан бу ёққа сабабсиз бориб-кела бошлади. Бир муддат Маҳбубанинг ўрнига ўзини қўйиб кўрди: ҳали йигирмага ҳам кирмаган қиз, унинг ўзи айтганидек: бу ёшда-бошқа қизлар гўёки осмону фалакда учиб юргандек бўлади. Пардози, кийим кечаги ва йигитлардан бошқа дарди-дунёси бўлмайди уларнинг...
"Эссиз, қизгина!"
Зарифа тинимсиз Маҳбубанинг бундан кейинги ҳаёти нима бўлгани ҳақида ўйларди: яхшики, қалбида биттагина таскин бор!
Айни чоғда қиз соғ-саломат ва интернет орқали Зарифага ўз ҳаётини баён этиб беряпти. Изига қайтиб жойига ўтирди, боя шошилинчда ўқиган сатрларини бошқатдан кўз ташлаганича иккинчи марта ўқиб чиқди. Бу орада хонага кайфияти нимадандир бузилган Шоира кириб келди:
-Зарифа опа, ҳозир телефонингиз жирингламадими? Кўтариб оввора бўлманг, илтимос!
Зарифа бир қўлидаги телефонига, бир Шоирага ажабланганча қаради.
-Бугун сценарийни ички эшитувга беришимиз керак экан! Менга Бахтиёр ака телефон қилиб роса жаврадилар. Сизни "мазалари йўқ, ҳозиргина уйга кетди" деб айтдим. Зарифа ёрдамчисининг бу гапларини эшитиб, аввалига ҳеч нарсани тушунмагандек турди, кейин эса сал безовта қиёфага кирди:
-Ҳўп деявермадингми? Ана олти қисм тайёр-ку?
Шоира ҳалиям ўз ишидан кўнгли тўлмаётгандек ижирғаниб турарди.
-Менга телефон қилсин, майли бугун деса бугун, эртага деса- эртага сценарийни эшитувга берамиз...
Зарифанинг гапи чала қолди, қўлидаги телефон жирингларкан, рақам кимданлигини билиб, дадилгина гўшакка қулоқ тутди:
-Ассалому алайкум Бахтиёр Нарзуллаевич! Ҳа, ҳа... Сценарий тайёр! Ишчи номи "Мактуб" ҳозирча... Ҳўп... Ҳўп, жарангдорроқ бошқача ном ҳам ўйлаб кўрамиз. Эртага? Ҳўп, албатта, тайёргарлик кўришни бошладик унда, саломат бўлинг...
Шоира деворга қапишгудек бўлиб, нафаси чиқмасдан турарди:
-Зарифа опа, қандай қилиб, ҳали чала сценарийни уларга эшиттирувга берамиз, менинг ҳозирдан мазам ёмон бўлишни бошлади...
Зарифа ёрдамчисига "қўрқма!" дегандек қўл кўтариб ишора берди:
"Бўладиган ишни бўлгани яхши!"
Шу куни Зарифа уйига алламаҳалда қайтди, чунки эртага у учун кичик бўлса-да, жуда муҳим воқеаларга сабаб бўладиган учрашувга ҳамма тайёргарчиликни кўриб қайтганди. Эшиттирувга етти қисмни тақдим этишди. Зарифа ҳамма қисмлар ўқиб бўлингач, Бахтиёр Нарзуллаевичга ўгирилиб қаради, Шоира эса ҳалиям ҳис-ҳаяжони ғолиб келиб, орқа томонда ўтирарди.
-Нимаям дердим.... Фақат давомига қизиқяпман, демакки, яхши!
У ўрнидан қолган гапларни чайналиброқ гапириб, туриб кетди. Эшик олдига борганда, нимадир эсига тушиб ўгирилди:
-Ҳамраева, битта маслаҳат!
Зарифа унинг ёнига етиб борди.
Бахтиёр Нарзуллаевич ўйчан эшик қиррасига қараб турганча, иягини қашлади:
-Иложи бўлса, бош ролга-яъни анави қизнинг ролига эски актрисаларни мутлақо чақирманг! Негалигини билмайману, мен бу образни биронта таниш чеҳрага мос деб ўйламайман! Бирон янгилик қилолсангиз, ҳурсанд бўлардим...
Зарифа каловланиб қолди: тўғриси ўзи ҳам кеча туни билан шуни ўйлаб чиққанди:
-Лекин бу анча вақт оладими деб ўйлайман...
Бахтиёр Нарзуллаевич чиқиб кетиш олдидан қатъият билан Зарифага тикилди:
-Биз сизга ўша вақтни берамиз, ҳаммаси пишшиқ ва пухта бўлсин!
Зарифа ваниҳоят енгил нафас олди. Айниқса унга қўшимча вақт берилгани-айни муддао бўлди-да! Шундай қилиб, бошки роллар учун кастинг эълон қилинди. Ажаб, Дилрабонинг насибаси қўшилганда-бу кастингда унга Маҳбубанинг онаси ролини топширишган бўларди!
Ёзувчи аёл ролига, Рисолат буви, Маҳбубанинг онаси ва бувиси роллари-биринчи кундан ўз эгасини топди. Зарифанинг қўлида Маҳбубанинг сурати, у Шоира билан санъат олийгоҳига бориб, бир четдан қизларни кўздан кечирди. Негадир уларда Маҳбубага ҳос нимадир етишмаётгандек туюлаверди. Ҳафсаласиз олийгоҳ биносидан чиқаркан, ўзи томонга зинадан кўтарилиб чиқиб келаётган бир қиз эътиборини тортди.
-Ҳой қиз, мумкинми бир дақиқага?
Қиз ердан бошини кўтариб, Зарифага ажабланганча салом берди. Унинг кўзлари-йирик, қошлари терилмаган, сочлари қалин, қўл оёғи ва қадди-қомати жуда келишимли экани-Шоиранинг эътиборини тортди-ю, кўпроқ кўзларига тикилиб қолди. Унинг кўзлари катталарникидек ўйчан ва негадир ёш боланикидек ҳайратга тўла эди.
-Шу ерда ўқийсанми?
Қиз "йўқ" дегандек бош чайқади. Дадаси шу ерда Театршунослик кафедрасида ишларкан. Зарифа уни четга тортаркан, қиздаги бегонасирашни кўриб ўзи ҳижолат бўлди:
-Сериалда роль ўйнашни хоҳлайсанми? Бош роль!
Қиз аввалига ажабланиб, сўнг кескин рад этди:
-Йўқ, уйимдагилар руҳсат беришмайди...
-Шунчаки проба топшириб кўрсангчи? Агар омадинг келса, ота-онанг билан ҳам гаплашамиз.
Қиз бош чайқаганча ўрнидан туриб кетди. Зарифанинг шу тарзда-биринчи уриниши омадсиз тугади.
-Оббо бу ҳам бир- ўғилга келин топишдек нарса!
Албатта қийин бўлади-да, қайси қиз- Маҳбуба кўрган қийинчиликни ёлғондан бўлса-да, ўз бошидан ўтказгиси келади?
Бугун ҳам телефони жим-жит. Шоира билан ҳозиргина саккизинчи қисмни ёзиб тугатишди. Ҳусусий студиядан Инобат опа деган аёлни кастингга қаралашиш учун таклиф қилишди. Қизиғи у ҳам сценарийни ўқиди-ю, ичига ўт тушгандек қизиқиб қолди:
-Бўлди, Маҳбубани ўзим топаман, бундан ҳавотир олманглар...
Кейинги икки кун ҳам Зарифа учун жуда тиғиз бир ҳолатда ўтди. Ҳалиям Маҳбуба ролига кастинг давом этар, бора-бора "унга ўхшаган қизни тополмасам керак" деган фикр- устун келаётгандек эди. Шу куни пешиндан кейин Инобат опа шошганча кириб келди:
-Зарифа, мана бу қизни бир кўрасизми?
Хонага унинг чорлови билан кирган қизни кўрди-ю, Зарифанинг бирдан ақли шошиб қолди. Сочларининг сал сариқлигини айтмаса бу қиз- ҳудди Маҳбубанинг ўзгинаси эди!
- Шуҳрат аканинг гуммахонасида, кассанинг олдида кўриб қолдим. Негадир ичим уни кўришим билан "шиғ" этиб кетди!
Ҳа, дарҳақиқат Зарифада ҳам ҳозиргина худди шундай бўлди! Тикилиб қарамасанг ҳам, қизнинг нимасидир одамда- илиқ тасаввур уйғотарди. Зарифа у билан озроқ гаплашди: Сурхондарёдан келиб, ҳарбийга турмушга чиққан опасиникида-яъни шу ерда яшаркан. Ўзи- мана шу опасини "она йўллик" опам деб айтди, демакки, "онаси вафот этган!" Гуммахонага эса вақтинчалик иш қидириб, рўпара келиб қолибди.
-Салгина тожик аралашган жойинг бор шекилли-а?! Сурхондарёликларни биламан, у ерда- "сайроби", " панжоби", "дарбанди" деб аталадиган тожикча гапирадиган аҳоли билан жуда кўп гаплашганман. Тўғриси сени ҳам сал шунга яқинроқсан деб ўйладим...
Қиз сал тортинчоққа ўхшади-ю, юрти ҳақида гапирилгач жилмайиб, Зарифага бироз эликиб олди:
-Онамнинг оналари- душанбелик бўлган эканлар...
Зарифа қиз билан гаплашиб кўргач, ортиқча инжиқлик қилиб ўтирмади: "Йўлга солсанг-йўриғингга юряпти, у ёғи пишириб бериш- Мукаррама опанинг маҳоратларига боғлиқ!"
Шоира сценарийдан бир нусҳа чиқардию, қиз билан бирга театрга қараб кетди.
"Ҳар тугул иш юришиб қолди, Аллоҳга шукр!"
Зарифа бугунги кундан кўнгли тўлгандек ўрнидан турган пайтида- унинг телефонига янги ҳабар келди.
"Ундан!"- Зарифа ташқарига чиқиш ниятини ортга суриб, телефонини қўлига олди. "Қизиқ... Олтинчи мактубида Маҳбуба нималарни ёзган экан? "
"Олтинчи мактуб!"
Зарифа опа, олдинги хатимнинг тўсатдан узилиб қолишини тўғри тушунгансиз деб ўйлайман. Хотиралар-ҳар эсланганида одамни маҳзунлаштиравераркан...
Онамни эсламаган куним йўқ. "Бир инсон умри шу таҳлит зулмат ичида кечиши мумкинми?"- деб, шу саволга анча пайт жавоб излаб, тополмадим. Лекин Аллоҳ таолонинг қадари шундай бўлса-бандаси нима исён ҳам қила оларди? Онамнинг жони узилганини билганимдан сўнг-биринчи бўлиб уларнинг жағини ўз рўмолларида танғиб қўйдим. Кейин нима қилдим, айтайми?
Мен шу куни умримда биринчи марта намоз ўқидим! Онамнинг ва ўзимнинг гуноҳларимни кечишини сўраб...
Намоз одамни қанчалик оғир ғам остида турганида ҳам сокинлаштиришини биринчи марта шу куни ҳис қилдим. Қўлларим қалтирар, уларни худди бувимникидай кўксим устида чалмаштириб, ўша ёшлигимда улардан ўрганган сураларимни чалкашмасдан ўқишга ҳаракат қилардим. Саждаларда узоқ йиғладим. Худди бувимдек икки ёнимга қайриларканман, ҳамма ёқ сукутга чўмгандек, ҳамма нарса-энди соқов бўлиб қолгандек туюлди. Кейин ўша узундан узоқ дуойимни қилдим. Ўзим ҳақимда, дадам ҳақида, бувим ва мана жони чиқиб, танаси аста секинлик билан совуб бораётган онам ҳақида бир нималарни гапирдим.
Бу жойнамоз бувимдан бери ерга солинмагану, қозиқдан ҳам олинмаганди...
Ўрнимдан туриб, уни яна қозиққа илгим келмади- онамнинг устиларига ёпиб қўйдим! Чунки улар ҳам бу дунёни икки ракаат намоз ўқимасдан тарк этгандилар, чеккан дардлари-гуноҳларига каффорот бўлишини чин дилдан дуо қилиб, худодан сўрадим. Бир оздан сўнг хушим ўзимга келди: қўлимда газ дафтарчаси билан қорни ғарч-ғурч босиб қаёққадир кетиб борардим...
Билмайман...
Билганим шуки, мен ўз дардимни бўлишгани на Рисолат бувини, на ўтин қизғонган бошқа қўшниларни безовта қилишни истамадим. Ўша ўзим тиланчилик қилган масжидгача совуқдан эмас, кўнглим музлаганидан қалтираб-қалтираб кетиб борардим. Масжиднинг остонаси-қорлардан тозаланибди, келадиганлар келиб, намозини ўқиб кетган бўлса-да, кимнингдир келишидан умидвор эдим...
Ичкаридан қаршимга-ким чиқди, эслолмайман.Қўлимдаги дафтарни қалтираб туриб, ўша одамга тутқаздим. У ҳеч нарсани тушунмагани сабаб-дафтарга ажабланиб қаради. Оғзим бир тарафга қийшайиб, йиғламсираб гапира бошладим:
-Ҳозиргина онам ўлди, мен шу рақамга телефон қилишим керак.
Шу билан оёғим остидаги қорга йиқилдим. Йўқ, ҳушимдан кетмагандим, фақат ортиқ оёқда туришга ҳолим қолмагани сабабли-чўкка тушиб қолгандим. Ўша одам мени “ҳай-ҳай”лаб ичкарига олиб кирди. Қўлларимни иссиқ чойнакка иситиш учун тутганликларини сездим. У тутқазган иссиқ чойдан эса мажбурлашларига қарамай ичолмадим. Томоғимдан ўтмади. Кейин ҳаммаси тезлашиб кетди. Ибратхон ака қанчадан кейин келди, буни эслолмайман. Бош кўтарганимда-мен ҳовлимизда эдим. Фақат сўппайиб ўтиришни билдим, ҳамма нарсани бошқалар ҳал қилди. Қордан тозаланган ҳовлимизга-тумонат одам йиғилди, ғассол аёл келди, янги тахтадан ясалган тобут... Кафанлик...
Ёнимга келиб- кетаётган одамларга эътибор бермай, мен ажабланганча ўтирардим:
Ўлиб бўлган онамга- ҳамма нарсанинг янгиси насиб қилаётганди...
Пешин пайтида онамнинг жанозаси ўқилди...
Қоронғу уй бурчагида-кўз ёшга чўккудек бўлиб, бир ўзим ўтирибман, кимдир кириб чироқни ёқди: менинг эса бунга-қачонлардир онамнинг ғаши келганидек, ғашим келди...
-Илтимос, чироқни ўчиринглар...
Ёнимга яқинлашган одамдан келаётган таниш исга ажабланиб қарадим. Пошшо опа эканлар. Нима дейишимни билмай қолдим. Ойимнинг маъракасигача Пошшо опа ҳар куни бир соатга келиб-кетиб турдилар: бегона бўлсам ҳам ёлғиз қолдиришмади!
Ибратхон акани кўча дарвоза олдида тоғамнинг ўғиллари билан бирга кўп марта кўрдим. Ҳамдам ака, Рисолат бувининг ўғли Сафарбой ака ҳам "кунда-шунда" бўлишди.
Ойша холамнинг эса-"анча мазалари йўқ" деб айтишди, эссиз! Маъракадан сўнг-уйимиз ҳувиллади. Эрталаб Ибратхон ака бирровга кириб ўтгандилар. Улар кетганидан сўнг яна ичкарига кириб ўтирдим. Менга охирги пайт қоронғуликда ўтириш-қандайдир таскин бераётгандек эди. Равон эшигимизга ҳасса урилгандек бўлиб, қулоғимга кирди. Энди ҳеч нарсадан қўрқмаётгандим!
Кейин кимдир бурчакдан менга тикилаётгандек туюлди: яна қарамадим!
Пилдираб у бурчакдан-бу бурчакка нимадир думалади. Салдан кейин эса юзимга иссиқ ҳаво урилди. Ортиқ тоқат қилолмадим:
-Мендан нимани истайсан? Нима керак сенга? Нега мени тинч қўймайсан?- дуч келган томонга қараб худди жиннига ўхшаб қичқирдим. Атрофимга яна ғалати сукунат чўкди, фақатгина ўз нафасим ўзимга эшитилиб турарди. Яна йиғлай бошладим. Энди ўзимнинг овозим ҳам ўзимга бегонаникидай эшитилаётган, у қанақадир ғалати товушга ҳам ўхшаб чиқаётганди...
-Маҳбуба!
Бу овоздан бир сапчиб тушдим. Ким ўзи бу?
Билардимки, бу овоз биринчи марта менинг исмимни айтиб чақираётганди. Шошиб, ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Равон эшигини очганча турган Ибратхон ака мени кўриб, кўзлари катта-катта бўлиб кетди:
-Нима бўлди, сизга?
Мен останадаёқ мункиб олдинга йиқилдим, гўёки кимдир-оёғимдан чалиб юборгандек туюлди! Ур-сурда қолгандек қийналдим, қаёққадир чайқалиб кетяпман, билагимдан боғлаб мени қаергадир олиб кетишяпти, оёғим остида тарашадек қотган қор ғирсиллаганча нола қиляпти, худди одамдек!
Кўзимни очганимда, юзимга сочларим ёпишиб кетган, мен- Ибратхон аканинг машинасида қаёққадир кетаётгандим. Иккинчи қаватдаги уйгача улар мени суяб олиб чиқдилар, буни улардан келаётган мушк исидан сезиб турардим. Бу ис бир мендан узоқлашади, бир яқинлашади. Пичирлаган пайтлари уларнинг калима қайтараётганларини сезяпман. Аммо нима учундир бу одамга ялингим кела бошлади. Пичирладим: мени қутқаринг!
Калит солиб, уй эшигини очаётганларида эса-пешонамга муздек нарса текканини сездим. Деворга суяб қўйибдилар. Кейин яна ичкарига кирдик. Қарашга ҳолим бўлмади: сезардимки бу тамомила бошқа бир уй! Ибратхон ака ортига қайтиб- чиқиб кетдилар. Карахт ҳолда диванга ёнбошладим. Қулоғим-чинғиллаб, кўз олдим-бир икки қоронғулашди-ю уйқум кела бошлади.
Эшик очилганда, жуда қаттиқ чўчиб кетдим. Юрагим ёрилгудек бўлиб гурсиллаб уришга тушди. Олдимга кириб, Ибратхон ака менга катта рўмол бердилар. Сочимни аранг ичкарига киргазиб ўрадим. Кейин хона эшигини очиб кимгадир "кираверсинлар, қори ака" дедилар.
Уйга кирган салобатли одамни кўриб, билагимдаги тукларим тикка-тикка бўлиб, ғалати жунжукиб кетдим.
-Рўмоллари билан юзларини тўссинлар!- деди ўша одам четга қараб туриб.
Айтганидек рўмол билан юзимни тўсдим.Ўша одам Ибратхон ака олиб берган Қуръонни очиб, ўқий бошлади. Мени эса даҳшатли қалтироқ тутди. Қайсидир оятларни улар тинимсиз қайтарардилар, мен эса букчайиб, ичимда турган оғриқдан инграй бошладим.Қорининг овози жуда доғули эди, ҳар бир оҳанг-қулоғим ичига ўрнашиб қолар, хаёлимда ҳозир ҳушимдан кетадигандек эдим. Бироз сукунат чўкди.
-Синглимизни кўчага чиқармасинлар, эртага яна келиб ўқийман. Етти кун-ўқиладилар. Сиз ўзингизга ҳам бир маҳал Бақарани ўқиб олинг, Ибратхон!
Ибратхон ака қори акани кузатиш учун чиқиб кетдилар. Эшик бошқа очилмади. Уй жуда сукунатга чўмганди. Ўрнимдан туришга ҳолим йўқ, лекин жудаям сув ичгим келарди. Қарасам стол устида косада сув турган экан, шуни олиб ичдим. Ибратхон ака қайтиб эшик очганларида яна аввалгидек чўчиб кетдим. Уйга кирмай остонадан иккинчи марта "Маҳбуба!" деб чақирдилар. Чайқалиб туриб бордим.
-Мана бу калит ҳовлиникимиди? Олиб қўйинг, уйларингизни шунда қулфладим!- дедилар. Қизил боғичли калитимизни улар қўйган камод устидан олдим.
- Мана бу эса шу уйнинг калити! Ҳаражат қилиб ҳалироқ ташлаб кетаман, сиз кўчага умуман чиқмай ўтирасиз, ҳўпми?
Ибратхон ака шундан сўнг кетдилар. Мени бу уйда ўша қори етти кун келиб ўқиди. Учинчи кеча-жуда қаттиқ мазам қочди. Ўлсам керак деб ўйладим. Бешинчи куни эса негадир шу уйдан қочиб чиқиб кетгим келди. Охирги куни эса маликани тушимда яна кўрдим: у жудаям йиртиқ ва ямоқ кийимларда, ҳамма жойи яра-чақаларга тўлиб кетган ёмон аҳволда эди.
Яна ялинди: "Мени ҳайдама, сенга жуда кўп фойдам тегади!"- деб авраб ишонтирмоқчи бўлди. Еттинчи кундан аҳволим яхшилангач, бу ердаги камод ичидан чиққан газета журналларни ўқиб, базўр кун ўтқаза бошладим. Кетиш ҳақида ҳали гап-сўз йўқ эди. Бу уйга келганимга бир ҳафтадан ўтиб, ўн кунча бўлганида эшик очилиб, Ибрат ака сал ҳижолатли кўринишда кириб келдилар:
-Маҳбуба, сизни ўз синглимдек кўраман. Энди бошингизда ота ҳам, она ҳам қолмади. Келажагингиз тўғрисида бир гап айтсам нима дейсиз? – дедилар.
Шу пайтгача улар билан сираям ҳоли қолмаганимгами ёки келажагимга даҳлдор қандайдир гап айтмоқчи бўлаётганларигами-юрагим қинидан чиққудек бўлиб ура бошлади:
-Сиз менга шунча яхшилик қилдингиз, ёмон гап гапирмайсиз - дедим зўрға.
Ибратхон ака бироз гапирмай, тараддудланиб туриб қолдилар. Кейин сал юзларига қизиллик югурди:
-Қўлимда яхши, илмли йигитлар ишлашади. Улардан бирининг онаси ўтган йили қазо қилди, уйланиши энди амма-холаларига боғлиқ бўлиб турибди. "Яхши бир қиз бор, шунга уйланасизми?" деб олдидан ўтдим, туришидан розига ўхшади. Сиз шу йигит билан никоҳ қилсангиз, иншааллоҳ ҳамма кўргуликларингиз орқада қолиб, фарзандли бўлиб...
Шу жойга келганда-уларнинг томоғларига бир нима тиқилгандек жим бўлиб қолдилар, мен ҳам жуда ғалати ҳолатда эдим.
-Ҳуллас, мени тушундингиз-а?
Ортиқ мени ҳижолат торттирмаслик учун ўрниларидан туриб, остонага бордилар. Оёқларини кияётиб:
- Уйингизга эртага олиб бориб қўяман, жавобингизни Офтоб борсалар- уларга айтарсиз!-дедилару чиқиб кетдилар.
Турган еримда қотганча қолдим. Ичимда ҳамма нарса гўёки остин-устун бўлиб кетгандек эди. Шу кеча бу уйда қимирламай вақт ўтказибман. Юрагим санчиб оғриди. Тонг отгунча кўзимга уйқу ҳам келмади, онамни соғиниб йиғладим.
Йиғлайвердим...
Do'stlaringiz bilan baham: |