25-кисим
Аппаратуралар келгач, Зарифа кўрди-ки, Муродилла анойи одамлардан эмас экан! Бунақасини фақат орзу қилиш мумкин, янги ускуналарда ишлаш завқини ҳис қиларкан, жамоада ҳамманинг кайфияти кўтарилиб кетди.
Сериалнинг дастлабки йигирма қисми Муродилланинг водийда ҳаммага таниқли бўлган каналида экран юзини кўргач, биринчилардан бўлиб, таъсирланган Муродилланинг ўзи телефон қилди:
—Опа, бир нарса айтсам, "йўқ" демайсизми?
Бахтиёр Нарзуллаевичнинг зардасига юрак олдириб қўйган- Зарифанинг бу гапга ичи "шиғ" этиб кетди. Қани энди Муродилла гапини тезроқ айта қолса...
—Опа, Андижонимизда мана шунақа қизлар борлигини бизга сездириб, ғурурлантириб юборганингиз учун- сизга алоҳида битта "сюрприз" им бор, Иншааллоҳ бориб, шаҳсан қўлизга бериб, раҳматлар айтиб келаман!
Зарифа сал қолса яна бир ёмон хабар эшитаман-ми деб кўксини чангаллаб турганди:
—Укажон, нафақат қизлар, ҳали давомини кўраверинг, ғурурланишингизга бошқа сабабларни ҳам топасиз! Кейин ҳулосангизни эшитавераман!
"Мактуб" сериали етти ой давомида суратга олинди. Ҳолида борасида Зарифа албатта адашмаганини ҳис қилди. Дебют роли учун йирик даромадни қўлга киритган қиз- суратга олиш ишлари тугаши билан яна Мукаррама опанинг этагидан тутгани кетди! Насиб қилса, янаги йилга у Санъат олийгоҳига ҳужжат топширади. Ибратхон ролини қойилмақом даражада ижро этган Сардорни эса охирги пайтлар Зарифа жуда ўйчан қиёфада кўп кўрадиган бўлиб қолди.
—Нима гап Сардор? (русча бу ҳол сўрашига Сардордан жавоб-ўзбекча келди!)
—Зарифа опа, дунёда тасоддиф йўқ нарса! Сиз ҳам бу гапга қўшиласизми?!
У нега бу ҳақда ўзидан сўраётганини бошида Зарифа тушунмади, билса Сардорда ҳам айни «Мактуб” таассуротларидан дунё қараши ўзгараётган бир паллада экан.
—Бу роль, яъни Ибратхон роли бежиз менга берилмади деб ўйлайман, ҳозир Пауло Коэльодан ўқиган бир ривоят эсимга тушиб ўйланиб ўтиргандим. Да Винчи Исо пайғамбарни тасвирлаш учун бир черковда қўшиқ куйлайдиган жуда чиройли йигитни танлаб олибди. Унга қараб туриб, Исо Масиҳнинг қиёфасини чизибди. Кейин унга ҳиёнат қилган Иудани тасвирлаш учун икки йил натурщик излабди.
Излайвериб, охири бир жойда ҳамма жойи кир, яғир ичувчини топиб келибди. У буюк рассомнинг тасаввуридаги Иудага мутлақо мосдек туюлибди. Бояги ичувчи ўзига келса, унга қараб рассом суратнинг давомини чизаётган экан. У девордаги суратга тикилиб қолиб дебди: "Мен бу расмни аввал кўрганман!"
Табиийки, қаёғдаги ташландиқнинг бу гапига рассомнинг жаҳли чиқибди: “сен қанақасига бу расмни аввал кўрган бўласан, уни мен эндигина чизяпман-ку!”
Шунда ўша яғир одам айтган экан: "мени бу асар чизилаётган пайтда, қиёфамга қараб Исо тасвирини ишлаш учун бу ерга чақиришган эди!"...
Кўряпсизми, Зарифа опа бу ҳам бежизга ривоятга айланмаган. Ким бўлишни ўзимиз танлаймиз, ким бўлсак-да бизни ўзимиз хоҳлаган қиёфада қабул қилишади! Менга шундай яхши бир инсоннинг ролини бердингиз-ки, энди ёмон бўлишга ҳам ортиқ ҳаққим қолмагандек туюляпти. Кеча бир банкетда ўтиргандим, кимдир менга ажабланиб қараб, “Ибратхонака ассалому алайкум!” дея мурожаат қилди. Уялганимдан кеча охиригача қўлимга ичкилик ушлай олмадим! Балки энди яхши томонга ўзгариш вақти келгандир!
Сардор чуқур ҳўрсинди-ю, ўрнидан туриб- рюкзагини елкасиги илганча- Зарифа турган хонани тарк этди. Ҳозиргина ундан эшитган ривоят ва банкет воқеаси режиссёр хонимнинг лабларига беихтиёр табассум қўндирганди...
Сўнгги қисмлар эфирга узатилгач, бамисоли ҳамма ёқ ағдар тўнтар бўлгандек, шов-шувга тўлиб кетди. Зарифанинг телефони бир дақиқа ҳам тинмас, ҳали Ўш, Новқат ва Қирғизистоннинг бошқа каналлари раҳбарияти унга Муродилла орқали чиқиш қилишни бошлаб юборишганди. Қизиғи Бахтиёр Нарзуллаевич ҳам ҳеч нарса бўлмагандек яна ўзи студияга кириб келди, ҳаммасидан хабардорлигини сездирмасдан, бир четдан Зарифага янги режалар ҳақида сўз очди:
—Битта яхши сценарий бор, бир санъаткор қизнинг ҳаёти ҳақида! Шуни сизга топширамиз Ҳамраева! Ўйнайдиган қизимиз ҳам санъхат одами! Мен бировга бериб юборсам бўларди, сиз хаёлимга келдингиз, айни кучга тўлган, ижодда- парвозга шайланган пайтингиз!
Зарифа қўлларини кўксида чалмаштирганча, жилмайиб бу гапларни тинглади.
—Бахтиёр Нарзуллаевич буни ўзингиз бошқа бир режиссёрга берганингиз яхши деб ўйлайман! Ҳозирда бунга қўлим тегмаса керак...
Шоира ўзига янги уй олди, уй зиёфатидан қайтаркан, Зарифа соатига тинимсиз қарарди:
—Тушлик вақти бўлди, Темур уйдамикан?
Келса ўғли уйда эмас, яна аввалги ҳаётига қайтган кўринади. "Ҳамма бу сериалдан ўзига дарс олди, лекин сени ўзгартириб бўлмади,Темур!"
Зарифа буларни овоз чиқариб ўзига-ўзи айтаркан, ортидаги эшик очилиб ундан ўғли кириб келганини сезмади:
—Ассалому алайкум, ойи!
Зарифа ортига ўгирилди, остонада оёғини ечиб-четга олиб қўйган Темур энди унга жилмайиб қараб турарди.
—Қаердан келяпсан?
Ўғли келиб, елкасидан қучганида Зарифа гўёки туш кўряпманми деб ўйлаб, ўзини чимчилаб кўрди:
—Бир жойдан келяпман, тўғрироғи масжидга жума намозини ўқишга боргандим...
***
Зарифа Маҳбуба билан бошқа боғлана олмаганди. Сўнгги қисм эфирга кетганидан сўнг- бир ой ўтиб, Муродилланинг таклифига кўра ижодий гуруҳ Андижонга борди. Тошкентдан кўра қуёши қайроқироқ бўлган водийда-икки кун маза қилиб айланишди. Марғилонда, Қўқонда-обдон водий аҳлининг меҳмондорчилигини кўрган Шоира ва Инобат опанинг оғзи нақ қулоғига келиб қолди.
Меҳмондорчилик Муродилланинг қўл остига ўтгач, яйрамаган одамнинг ўзи қолмади. Мирфаёзнинг Шоҳимардонга, Отабекнинг эса энди Ўш томонларга ўтгиси бор эди. Зарифанинг эса хаёлига бошқа бир манзил келди. У айтган манзилни эшитиб, Муродилланинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди:
—Манзилда тафовут йўқмикан? Майли бир излаб кўрамиз...
***
"Марварид кўчаси тўқсонинчи уй!"-шу-да, ҳозир чақириб кўрамиз. Муродилланинг қора жипдан тушиб, пастак дарвозадан бўйлаб туришига рўпара эшикдан-бир саланглаб турадиган майкачан эркак чиқиб овоз берди:
—У уйда биров яшамайди!
Зарифа биров яшамаслигини жуда яхши биларди, машина ойнасидан қараб, Муродиллага "кетавердик, унда! " деди.
Шоира бўлса ўз эшигини очиб пастга тушди:
—Сиз Сафарбой акасиз-а?
Бояги чайқалиб турган эркакнинг ранги дув оқариб, ўзи талмовсираб қолди.
—Рисолат холанинг ўғлисиз-а?
У ажабланиб-бир машинадагиларга, бир рўпарасида унга кетма-кет саволлар бераётган Шоирага қаради:
—Улар раҳматли бўлишди яқинда, хабарингиз йўқмиди?
Шоира юзига фотиҳа тортгач, эркакка навбатдаги саволини берди:
—Шу уйда Икрома опанинг қизи Маҳбубахон яшардилар, ҳозир шу қиз қаерда яшайди, мабодо билмайсизми?
Сафарбойнинг юзига қон югургандек бўлди:
—Канешна биламан, яқинда тушган уйини қидириб борганман...
Зарифа бу гапни эшитиб, жойидан бир қўзғолиб қўйди. Суҳбатни сал нарида тинглаб турган Муродилла келиб, ўша одам билан қўл бериб салом-алик қилган киши бўлди.
—Ака, ўша жойга бизни ҳам олиб бора оласизми?
Сафарбойнинг оғзининг таноби қочиб, дарров келиб олдинги ўриндиқдан жой олди. Салонга эса аччиқ тер исига қўшилиб кетган тамаки ҳиди тарқалди.
—Яқинда аям ўтди, қаранг бурунги одамларнинг диёнатини, раҳматли уч кун тинмасдан "Сафарбой, мантиқазон ол, бозорга чиқ!" деб қайтаравердилар. "Мантиқазон нимага ая!" десам, бировдан қарзим бор десалар денг! Аҳмоқ бўлиб, бозорга чиқибман. Мантиқазонларни нарҳи "паталок"!
Юриб-юриб, биттасини баҳолашиб олиб, уйга олиб келсам, "шу рўпарадаги қўшнига бериб чиқ!" десалар бўладими?
"Э, Икрома опам ўлиб кетганига пича бўлиб қолдику, қизи қаттадир яшайди, кимга бераман, ая буни?" дедим. "Топиб берасан, бериб келдим деган кунинг- берган сутимга рози бўламан!" деб қўрқитсалар бўладими? Кетдим-ей... Велосепедни орқасига мантиқазонни боғлаб олиб...
Уч маҳалла нарида раҳматли Ҳуршид акамни тоғалари Нусрат амаки боридилар. Шуларникига борсам, улар ҳам кампирларидан кейин узоққа бормай, ўтиб кетишган экан. Ўшаларга мантиқазонни ташлаб келаман десам, улар ҳам кўнмади! Яхши келини- ўша Икрома опамнинг қизлари тушган жойни биларкан, ўзи булардан яқин ўн йилнинг нари-берисида, тавба қилдиму- ҳеч ким қолмади-да, ўтиб кетишди.
Шу бир бўлса, Ҳуршид акам ўтганларида-оёқ бармоғларига ғассоллар қарашмаган шекилли, чалкашиб қолганми, нима бало? Ундан кейин аячам ўтди, Икромаопам ўтди, қизи етим-есир бўлиб у ёғ-бу ёғда яшаб юрди!
Э ўнгга қайриласиз ака, рўпарадан кейин яна ўнгга...
Ҳа нима деб тургандим, шу қизлари-кимгадир эрга тегиб кетганиниям билмабмиз, уйига борсам, ўх-хў! Бошқача! Етимниям Худо сийлабди-да деб юбордим!
Оввора бўлиб борган эканман, мантиқазонни уям олмаса! Ҳе зан-ғар дедим! Кимгадир совға қилиб юбораверинг дейди! "Ҳай онам ўлолмай турибди, ол буни!" дедим. Йўқ, қаёғда?! "Розиман!" деб барибир олмади. Олган пулимнинг ярмига сотиб, аямга келиб, "олди" деб қўявердим.
Сафарбой машинага ўтирганидан бери жағи тинмай мантиқазон воқеасини гапирар, орқа ўриндиқдаги Зарифа эса ўлими олдидан битта мантиқазонни бўлсада-Маҳбубага қайтариб, ҳамма қарзларидан батамом қутулмоқчи бўлган Рисолат буви ҳақида ўйларди.
Ўймакор дарвозагача икки уй қолганда-Сафарбой машинадан тушиб қолишни истаб, тўхтаттирди:
—У ёғига кетаверасизлар-а опалар, акалар?
—Э, тўхтанг ака! Ўзимиз қайтариб ташлаб қўямиз!
—Йўқ раҳмат, сизларни йўлдан қолдирмай-Сафарбой орқага чайқала-чайқала кетди.
—Сериалимизда Сафарбойни ким ўйнаганди?- Зарифанинг лабига кулгу инди.
—Аппаратурани қўриқлайдиган Шукур ака!—Шоира шундай деркан, пиқиллаб кулди.
—Анча қаритиб юборибмиз, унда...
Мана Маҳбуба ўз мактубларида тасвирлаган ўша ҳовли!
Зарифа ўймакор дарвозанинг енгил кичик табақасини итариб кўрди: уч метрлар ичкарида пистамағиз рангли парда тортиғлиқ турарди, демак ўша уй!
Нима деб чақиришни билмади, жонига Муродилла оро кирди:
—Ибратхоон! Тақсир!
Чамаси анча наридан бировнинг овоз бергани эшитилди. Ҳаммада ўзгача иштиёқ: ҳозир улар Маҳбубанинг турмуш ўртоғи-Ибратхонни ўз кўзлари билан кўришади...
—Сардор келмади-да, афсус!- Шоира ним табассум қилди, Зарифа билади: бечора аёл "Менга ҳам Ибратхондай бириси учраса қани эди!" деб неча қайта такрорлаган, шу образга ўзгача чизгилар қўшган ва бироз бўрттиргани учун-дашном ҳам эшитганди...
Парда бир четидан очилиб, ундан узун бўйли, истарали, дарҳақиқат Маҳбуба ёзганидек нурли сийратдаги йигит- кўриниш берганида, Зарифа ички сезги билан уни таниди. Ибратхоннинг-бошқача бўлиши ҳеч-тасаввурга сиғмасди. Мулойим қиёфали, кўли кўксидан тушмайдиган бу йигитни айни қирчиллама ёшдалиги, уни бироз катта тасаввур қилган Зарифани шошириб қўйди.
Чунки ўзи суратга олган сериалдаги Ҳолида ва Сардор жуфтлигида ўша ўн икки-ўн уч ёш албатта ўзини сездирди. Ибратхон Муродилла билан қўл беришиб, аёлларга эса дадил кўз ташламай, қўли кўксида турган ҳолда сўрашди. Салом алик пайтида унинг ортидан чиққан тўрт-беш ёшли қизалоқ келиб, дадасининг қўлидан тутди. Чамаси бу қизалоқ айни-ҳозир “дум" бўлиб юрадиган ёшда!
—Маҳбубанинг қизи, исми нималигини ҳам билолмагандик-а? - шивирлади Шоира салгина бош эгиб.
Ибратхон Муродилла билан жуда паст овозда гаплашиб бўлгач, Зарифага юзланди:
—Опа, ичкарига кирсинлар! Қани тортинмасдан...
Қизча шундагина Зарифа томонга қаради. Ёшига нисбатан кўзлари маъноли бўлган қизнинг лўппи юзларига қараб, режиссёр хонимнинг завқи келди:
-Бу қизчамизнинг исмлари нима?
-Исмларини айтсинлар, Ойқиз!
Қизалоқ дадасига бир уялиб қараб қўйди, сўнг кулиб Пошшахон!”- дея жавоб берди.
- Исмимиз Марямпошшо-а? Қани энди югуриб ичкарига кирсинлар-да, ояжонга "меҳмонлар келишди" деб хабар берсинларчи!
Қизча югуриб ичкарига кириб кетди. Муродилла олдинга ўтиб, Ибратхон кўрсатган томонга қараб қадам босди.
-Ака, биз алоҳида бу ёққа!
Парда ортидан-чиройли ҳовли лоп этиб, кўзга ташланди. Баланд зинали уйга ёндош-Ибратхон қайтадан қурган янги уйда чиройли оқ пардалар ҳилпираб турибди. Ўнг томонга ёғоч зина билан чиқиб кетиладиган баланд айвон бор экан, Ибратхон шу томонга йўл бошлашдан олдин, хабар бергани кириб кетган қизалоғидан сўнг, аёлларни кутиб олгани кимдир чиқишини бироз кутаётгандек қараб турди. Ниҳоят баланд зинали уйнинг ўймакор эшиги очилиб, ундан буғдойранг, ҳийлагина истарали, кўзлари ҳам кулиб турган чиройли ёш жувон-шошиб, рўмолини тўғирлаганча кўриниш берди.
-Пошшо, меҳмонлар!-Ибратхон шундан сўнг тепага қараб чиқиб кетди. Ҳовлига жудаям ярашиб турган чиройли, катта тувакларда ҳар ҳил гуллар очилиб ётар, алвон рангли лилиялар хиди димоғни қитиқларди.
Маҳбуба Зарифани бир кўришдаёқ таниб, кулиб бағрига босди. Лекин Зарифа ҳозир рўпарасидаги бу ёш аёлни ҳаётда расмдагидан кўра анча чиройли ва дилбар эканлигини фаҳмлаб, ундан бироз кўз узолмай қолди. У ҳали киприклари бунақа қуюқ қизни ҳаётда яқиндан кўрмаганди, кўзларида ҳам қандайдир дадиллик бор. Беихтиёр Маҳбуба тушидаги маликани тасвирлашда ишлатган сўзлар-Зарифанинг хаёлига келди. Қиз уни кампир ҳолатида кўрганида ҳам қош ва киприклари жуда қуюқ эканлигини ёзганди.
Шоиранинг ҳам Маҳбубага қараб сўзлари озроқ чалкашди. Энди улар товозеъ билан меҳмонларни ичкарига бошлаётган Маҳбубанинг ортидан тепага қараб чиқиб боришарди. Зарифа Маҳбубани бошдан оёқ кузатаркан, ўзича унинг тана тузилишларидан аслзодаларга ҳос баъзи аломатларни топгандек бўлди.
Талабалик йилларида Юдаков деган бир домласи бўларди. Бир куни у ўз лекцияларида талабаларга қизиқарли бўлган баъзи бир гапларни гапириб берди. "Инсон насли турли хил тадрижларда ўзгариб борар экан, яшаш тарзи унинг тана тузилишига ҳам ўз таъсирини ўтказади. Масалан авлод аждоди-саройларда яшаган, аслзода аёллар- юриш учун қадам ташлаганларида уларда товон қисми деярли ерга тегмаслигини кўришимиз мумкин. Оёқ кафтининг фаланга қисми эса яхши ривожланган бўлиб, тавон эса худди ёш боланикидек уларда ривожланмай қолади! Оёқ хажми ҳам шунга мутаносиб даражада қисқаради. Бунга сабаб, уларга болаликданоқ оҳудек юришни тинимсиз машқ қилдирганликларида десак бўлади, демак Золушканинг туфлиси ва хитой олтин нилуфар оёқлари ҳақидаги гаплар ҳаётимизда қулоққа чалинган шунчаки оддий тасоддифлар эмас"
Ичкарида бир узун равон ўнг қўл томонда кетма-кет икки ўймакор эшикли уй кўзга ташланди. Зарифа шундай миллийлик сезилиб турадиган уйларни яхши кўрарди, худдики бу хонадонлардаги файз унинг қалбига чексиз ҳаловат баҳш этаётгандек туюларди.
Равонда шифтга қадалган беланчакни тебратиб ўтирган бир кампир ўрнидан туриб, меҳмонларга пешвоз юраркан, бу синчков нигоҳли нуроний ёшдаги аёлни Маҳбуба таништиримасидан олдин таниб олишди. Мукаррамхон пошшо- кичик рўмол устидан ним яшил батис рўмолни очиб ташлаб олган, ҳаракатлари чаққон, гапиришлари жуда мулойим бўлган ҳалимдек бувижон эдилар. Зарифа беланчакдаги болачага қаради-ю, Маҳбубанинг нега шунча пайт жимиб кетганининг сабабини гўё тушунгандек бўлди.
Тиқ этган товушга дарров уйғониб олган Имронхонни онаси Мукаррамхон пошшонинг қучоғига олиб бериб, ўзи дастурхон тузашга ўтиб кетди. Олти ойлик болакай худди отасидек оқ юзли, қирра бурунли, жуда жиддий нигоҳли эди.
-Онамни қўйсунлар, узоқ йўлдан биз зиёратларига бормасимиздан, қадам босиб келганларингизга минг шукр!
Мукаррамхон пошшо ҳар бир сўзни танлаб, чертиб-чертиб гапирар эканлар, ора-сира хонага кириб чиқаётган Маҳбубани ҳам гап орасида алқаб, дуойи жонини қилишларини кўриб, Зарифа ҳайратини яширолмади.
-Маҳбубахон қандай келин бўлдилар сизга пошшо хола?
Мукаррамхон пошшо кўз ойнак ортидан мамнун қараш қилди:
-Кўнглимиздагидан зиёда! Кўз қорамизнинг изига издош солдилар, жонлари соғ бўлсин!
Бу- гап сўзлари беҳад маъноли аёлни шу ўн дақиқа ичида ҳамма жуда яхши кўриб қолди. Қани энди ҳамма қайноналар худди шундай бўлишса!
-Ҳеч қайноначилик қилгингиз ҳам келиб турадими?- Зарифани ҳазил қилиб- Мукаррам пошшога тегишгиси келди. Мукаррам пошшо ҳам анойи эмас экан, кўп ўйламасдан жавоб қилдилар:
-Қайнона деганлари агар ақлли бўлса-ўзига ҳеч қачон тахт ясамайди! Ясалган тахтлар борки, қачондир унга биров эга чиққиси келади. Биз аёлмиз, келин ҳам, қайнона ҳам- битта қавм! Бир-бирини тушунса, иззат қилса, албатта ҳаммаси жойида бўлади!
Бу уйда, бу одамлар суҳбатида- кишининг қанча ўтирса, шунча яна ўтиргиси келарди, лекин ҳар нарсанинг ўз интиҳоси бўлгани каби, "келиш" нинг ҳам "кетиш" лиги бор...
Зарифа чиройли меҳмондорчиликка "раҳмат" айтиб, фотиҳадан сўнг ўрнидан туриб чиқаётганида чиройли ҳовлига яна бир қур назар солди. Ҳамма нарсада гўё "бахтнинг муҳри" бордек эди. Маҳбуба билан ҳам кетиш олдидан ҳолироқ гаплашиб олиш учун четга ўтишди:
-Сериалимизни кўришга муваффақ бўлгандирсиз?
Маҳбуба кулиб бош чайқади, "кўролмабди, лекин қайтариб беришса албатта оилавий кўришар экан!"
-Ибратхон у ёқ бу ёққа олиб чиқиб турибдиларми?
Маҳбуба бироз жиддий тортди, гапирадиган гапларини ўйлаш учун озроқ тин олгач, сўзлади:
- Андижонни кечки салқинларда кўп марта айлантириб келадилар. Иншааллоҳ муборак ҳаж зиёратига ариза топширганмиз...
-Ҳуршида пошшо... Улар ҳақида ҳам нимадир билмоқчи эдик...
Маҳбуба илкис йигирма қадам нарида, ёғоч зинага суянгача гаплашиб турган жуфтига бир қараб олди, туришидан бу савол уни бироз оғринтиргани сезилди:
-Уларни яқинда "яна турмушга чиқдилар" деб эшитдим, бу сафар амакиларининг кимигадир... Фарзандли бўлган-бўлмаганликлари ҳақида маълумот менда йўқ. Лекин бир икки марта-институтда ишлаётганликларини эшитганим бор...
-Бахтлимисиз Маҳбуба? - навбатдаги саволга жавобни Шоира барибир аёлнинг ўз оғзидан эшитгиси келди.
-Албатта бахтлиман-да опа!- Маҳбубанинг чиройи очилиб, яйраб кулиб юборди.
-Бахтга таъриф берингчи унда!- "чала философ" -Шоира худди ўзи учун ниманидир сўраб билмоқчига ўхшади...
-Бахт бу ҳар қандай шароитда бўлсак ҳам- дуо қила олишимизга бўлган ишонч! Чунки раҳматли Ойша холам айтганларидек, "Тақдирни фақат дуогина -яхши томонга ўзгартира олади!" Бу хикматнинг-аслида ҳадис эканлигини эса анчадан кейин билдим!
Шоира Маҳбубани бу жавобидан сўнг қучоқлаган пайтида-Зарифа уларга термулганча тураркан, ўша қуюқ киприкли қизнинг-мижжаларида шабнамдек тизилган ёшларни кўрди...
Тамом.
©️Азизахон Исмоилова
24 июнь 2020 йил Қўқон шаҳри.
Асар 2021 йил Давлат буюртмасига кўра китоб ҳолида чоп этилган. Ушбу асарнинг китоб ҳолида дунё юзини кўришига амалий ёрдам берган Фарғона вилоят хокимлигига, вилоят Маънавият ва Маърифат бўлимига муаллиф ўз миннатдорчилигини билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |