Мактуб ушбу



Download 1,79 Mb.
bet1/17
Sana16.03.2022
Hajmi1,79 Mb.
#497174
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17
Bog'liq
МАКТУБ




МАКТУБ
Ушбу қисса Азизахон Исмоилованинг online услубда ёзган бешинчи қиссасидир. Ёқимли қироат тилайман.
(китоб ҳолида нашр қилинган)
(қисса)
Зарифа компьютер қаршисида ҳозиргина Шоира қўйиб кетган қоғозларга тикилганча ўтирибди. Хаёли жойида эмас. Кўзойнагини алмаштириши керак, охирги пайтлар ҳарфларни кўз олдида сувалиб кетиши уни анча таъбини бузиб қўйяпти. Назарида у кўзига мос тушмай қолди, шунинг учун ҳозир кўзойнагини бир четга ечиб олиб қўйган.
Шоира эса ҳафсаласиз ўтирган Зарифага тез-тез қараб қўяр, ҳалиям ҳолатини ўзгартирмай ўтирган бу аёлга бирон бир гап гапиришга ҳам иккиланаётганди.
-Шоир, буларни ўқишга вақтимни қизғоняпман, ичида "бўладиган" и борми ишқилиб?! Ўзинг айтақол!
Шоира жавоб беришга бироз шошилмади:
-Ҳа, лекин иккиси ҳам биринчи саҳналарданоқ телетомошабинлар назарини тортиб кетадиган эмас, Бобурнинг сценарийсини ўзига яна қайтариб жўнатмоқчиман, Ферузаникини эса бир ўзингиз кўриб чиқсангиз яхши бўларди. Лекин...
Шоиранинг бу иккиланиши Зарифага жуда таниш эди: у одатда ўртамиёнадан- паст савиядаги сценарийларни шунақа бир кўзини қисиб, писандароқ қилиқ қилиш билан унга тушунтиради. Зарифани эса фақат ичи шошяпти, ташида эса қўзғолиш йўқ:
-Тезлатишимиз керак, буюртма- ўзи жудаям кечикиб кетди, бунақа ишим тўхтаб қолишини умуман кутмагандим. Ҳалиям қўлимда биронта ҳам яхши сценарий йўқ!
Шу пайт мониторнинг ўнг бурчаги остида кимдандир хабар келгани ҳақидаги билдирги пайдо бўлди. Зарифа- кўз ойнагини яна обдон артишга артди-ю, уни тақмасданоқ ҳозирги хабарни ўқиш учун компьютерига тикилди. Хабар мутлақо номаълум бўлган бир аёлдан унга мессенжер орқали келганди. Кўринишидан қисқагина турган- бу муносабатга Зарифа эътибор қилмай кетса бўларди, лекин кўзининг қай тарзда кўзойнаксиз ўқий олиш имконияти бор-йўқлигини шу хабарни ўқиш баробарида текшириб кўрмоқчи бўлди.
"Ассалому алайкум Зарифа опа, сизнинг сериалингизнинг аллақачон ҳар бир сўзини ёдлаб олдик, нега тинимсиз уни қайтариб-қайтариб қўяверишар экан деб ўйлаяпман. Танқидни хушламасангиз керак. Аммо тўғрисини айтадиган бўлсам, экранларни ҳаётдан анча узоқ тасвирланган сериаллар босиб кетди! Сизникида маъно ва моҳият жойида, аммо ундаги актрисалар бироз ўйнаётган ролини ҳис қилмаётгандек. Камбағал қизларнинг қўли-бунақа ясама тирноқларда юриши, кўзи кўр қаҳрамоннинг пардози-одамнинг жуда ғашини келтиради. Нега кўп режиссёрлар бу каби нарсаларга совуққонлик билан қарашларини эса тушунмаймиз!"
Маъно жиҳатдан танқидга яқин тортиб турган бу хабарни ўқиркан, Зарифа севиниб кетди: кўзойнаксиз ўқиди-я шуларни!
Хабар ўқилгунча тинимсиз артилган кўзойнак энди тортмага тушди.
-Бугун олдин глазнойга кейин оптикага боришим керак! Ўзинг Бобурни ҳам Ферузани ҳам ортиқ безовта қилма, Юнус акага ёздирамиз сценарийни, тамом.
Шоира ўрнидан бир қўзғолиб қўйди. Юнус акага олдинроқ айтиб қўймаганига-мана энди у ўзини айблади, энди бу одамга-бир ой ҳам кам. Яна- вақт ютқазишаркан-да, ишқилиб шартнома бузилмаса бўлгани!
Зарифа ўзи айтганидек кўз докторига борди, кейин гардиши ёқмаса ҳам шошилинчда бошқа бир кўзойнак сотиб олди, иккинчи буюртмасини айтилган муддатда олиб кетишга келишиб у ердан чиққач, машинасига бориб ўтирди. Шу пайтда яна ассистенти Шоира телефон қилиб қолди. У билан гаплашиб- алоқани узаркан, телефон экранидаги думалоқ гул сурати билан турган мессенжер хабаридан яна бироз тўхтаб қолди: бояги аёл ёки қиз яна ёзибди! Назарида у фейсбукда- дўстлари қаторида...
Биринчи хабарнинг маъносини эслаб, лабида истеҳзо пайдо бўлди: "одамлар бунчаям ғалати-я!"
Кеча телевизорда бир кўрсатувни кўриб ҳам таъби бузилганди: "Бармен стулида хатто-ки ўтиришни ҳам билмаган, рўпарасидаги титрларни кўзи уёқдан бу ёққа бориб-келиб ўқиб бераётган "битта ўзича ақлли"-Титаникдаги хатоларни, айбларни ва мантиққа тўғри келмайдиган саҳналарни тўлиб-тошиб гапирганча, кўрсатув олиб боряпти.
“Пф, ўзинг хатто селфи тушишни билмасанг ҳам керак, лекин буюк режиссёрларни бемалол танқид қила оласан! Қўлингдан келса-майли хоҳлаганингча гапир, келмаса "ҳамир қоришни билмаган-лағмон эшар" дан бўлмасин!"
Бу аёлнинг хабарини ўқишни истамади, машинасини елдираркан, ўз-ўзидан унинг гаплари хаёлига келиб ўрнаша бошлади: "Ҳа, телевидение оҳирги ишимни мана билмадим ўн мартадан кўп қайтариб беравериб, томошабинни ҳам эзиб юборди. Чунки янги миллий сериаллар йўқ!"
Илк бора "Тақдирим" сериалини қандай иккиланиб-иккиланиб юриб, суратга олганини эслади. У пайтларда рақобат-ҳориж сериаллари билан эди. Миллий сериалларнинг баъзиси тўхтатилган, баъзиси экрандан олиб ташланган ва бу каби холатлар кўпчиликни таваккал қилишга чўчитарди.
Ўн икки йил олдин-актёрларни бир суратга олиш майдончасида жамлаш-бугунгидек машаққат ҳам эмасди. Тўғри, бир соат куттирадиган, хаттоки уч соатдан сўнг съёмкага келадиган баъзи бир "юлдуз" ларни кутиб, бўғилиб, асабийлашиб-бўлганича бўларди.
“Ҳозир эса кеча чиққан ўзича “юлдузман” деб ўйлайдигани ҳам куттиртираверади! Тўйга бориш учун- пардозини боплаб, чиройли қилиб, съёмка майдонига келиб олган "звезда" га "тирноғингни ол!", " пардозингни юв! " деб кўрсин-чи, дарров юзингга қараб- лабини дўрдайтиради. Мана оми халқ шуниям кузатиб, сезиб-билиб ичи чиқмай ўтираркан, ёзишибди!”
Машинани гаражга қўйди. Сумкасини ўриндиқдан оларкан, янги кўзойнагининг ҳалиям дидига ўтиришмаган гардишини олд ойнага қараб, ўзича тўғирлаган киши бўлди. Мана ҳозир уйга киради: Темур қаёққадир кетган, уй ҳар доимгидек тўзғиб ётган бўлади.
"Ўғил болани чангалида тутадиган қўл-эркакники бўлгани яхшийкан-да, мана Темурнинг парвойи фалак, куйиб ёнсанг ҳам "нима деяпсан?!" деб қўймайди. Ўша миясини ерга тақаб, чотини очиб, ўйин-томошасини ўзига ўхшаганлар ичида қилиб юраверади. Эҳ! "
Уйни ўз калитида очди: дарҳақиқат кийимини алмаштириб бўлиб қаради:чамаси Темур-ичкарига қайтиб киришдан эриниб, остонадаёқ отиб кетганми, юпқа курткаси илгичда-енги билан осилиб турибди.
Оёғига мушуги етиб келиб, думи билан ўралиб суйкалди. "Мана ойнаи жаҳонни гуллатиб юраверасан-у, уйда сени мана шунақа тақир ҳаёт кутаётган бўлади! Бу уйга бировни меҳмонга чақиришга ҳам уяласан! Боланг- “кўча ҳандони-уй зиндони”, яхшиям шу тили йўқ жонивор эслатиб туради: сен унга керак эканлигингни! "
Уй кутганидек жуда бесаранжом эди. Ўғли консерваланган гўштни очиб ебди, жуда ғалати ҳид ҳамма ёқни тутиб кетган, қутисидан ярми қоғозлар устига тўкилган картошка фри ўзининг кеча ўқиб, стол устида қолдириб кетган бошқа бир сценарийси устини яхшигина доғ қилиб ташлабди. Ўғлининг бу "ит ётиш-мирза туриш" ҳаёти -Зарифанинг тобора жаҳлини чиқарар, кундан-кунга сираям эплаб бўлмаётган Темурни-у қандай йўлга солишни билмай боши қотаётганди. Пала-партиш уйга қараркан, ўзига-ўзи қарор берди: "Ҳар куни уйни йиғиштиравераман-ми?! Ҳали келсин, уйни ўзи йиғади!" Аммо ўғли-иш буюрсанг, қиладиганга ҳам ўхшамайди.
Зарифа ўзи ётиши учун диванни тартиблади, унга узала тушиб, чўзилиб ётаркан телевизорни ёқиб, маъносиз кўзларини-ойнаи жаҳонга тикканча қотди. Стол устидаги телефонига яна янги хабар келди шекилли -экрани ёниб, белги берди. Қўл чўзиб телефонини олди, бу хабар ҳам яна тиним билмай ўзига ёзаётган бояги қиздан эканлигини билиб, бироз энсаси қотди.
"Ўқийчи, нима дарди бор экан бу қизнинг!"
Думалоқ ойнадан унинг хабарига ўтибоқ, бирдан ҳайратланди. Узун-узун матнлар деярли олти марта ўзига жўнатилибди. Янги кўзойнаги-стол устида турганди, кўзига омонат таққанча хабарларнинг бошига чиқиш учун бармоқ юргиза бошлади.
"Дарров шунча нарсани ёзиб ташлаганини қара-я!"
Кўринишидан қиз, бояги фикрига "аввало узр сўраган" ва агар сериал қилиш нияти бўлса- унга бир ҳаётий қиссани ёзиб юбориши мумкинлигини қистириб ўтганди: "Гапларимни нотўғри тушунманг, энг яхши асар-албатта ҳаётга яқин бўлсагина одамлар меҳрини қозонади- деб ўйлайман. Сизга ёзиб юборадиганим-балки экранларга чиқаришга лойиқ бўлмас, лекин негадир сизга барибир уларни ёзгим келди. Бир сатр бўлса-да уни ўқиб, кейин фикрингизни билдириб қўйсангиз, сиздан жудаям ҳурсанд бўлардим."
"Биринчи мактуб!"
Ёлғиз аёлларнинг ўз аччиқ ҳаёти бор. Бу мактубларни сизга ўша ёлғизлар оламида жуда кўп вақтини ўтказган бир инсон ёзмоқда! Кеча телевизорда таниқли эркак хонандамизнинг концертини кўриб қолдим, атрофида ёшгина йигирматача қиз -"қорин рақси" га тушишяпти экан, негадир ҳазм қилолмай телевизорни ўчирдим. Аёллар –“кўнгилхушлик бирлиги” бўлиб қолгани жуда ачинарли!
Кимдир музқаймоқ егиси келса, минг сўмликми ё бир ярим мингликми солдириб олиб, бемалол ялаганидек, нафсини қондиришни хоҳлаган ҳар қандай эркак ҳам- миллионлар сарфлаб, бир аёлни ўзига ҳалоллаш йўлидан кетмайди-ю, эллик минг сўмга ҳаром йўлдан юриб қўя қолади.
Аёлнинг нархи кўпинча арзон баҳоланади. Агар кимдир ўз фарзандларининг ризқидан ошириб-бир беванинг остонасига нимадир қўйиб қайтса, мен бунга энг солиҳ бир инсоннинг амали деб қарайман. Лекин ҳаётимизда-хаттоки яқинлар ҳам қийин кунларда оёғини остонамиздан тортиши кўп учраб туради! Майли энди ўз хикоямни бошласам:
Онам мен атрофни англай бошлаган пайтимда- кўзларимга дунёдаги энг чиройли аёл бўлиб кўринарди. Дарҳақиқат узун ва нозик сарв дарахтидек хушбичим онамнинг кўзлари-жуда ҳам чиройли эди. Аёл кишининг энг чиройли аъзоси бу кўзлар бўлсагина-у дарров кўзга ташланади. Чунки ҳамма аввало- кўзга қараб гапиради! Бу менинг ўз фикрим: бошқаларнинг фикри қандай, буни билмайман...
Уларни “қизлик пайтларида жуда гўзал қиз бўлган, совчилари, яъни харидорлари ҳам жуда кўп бўлган" дейишади. Бувимнинг бир ўғил ва биттагина қизларидан бошқа фарзандлари турмаган экан. Ойимдан етти ёш катта-Хуршиджон тоғамни жуда яхши кўрардим. Тақдир тақозоси билан тоғам бир бадавлат инсоннинг қизларини севиб қолиб, унга уйланганларидан сўнг, қайнотаси ҳадя этган уйга кўчиб ўтган эканлар. Шу сабабли бувим ойимга ҳам ичкуёв бўлишга рози бўладиган инсонни қидириб, жуда кўп совчиларни ноумид қайтарибдилар.
Мен кўп одамларнинг айнан тақдир борасида адашганликларини ҳудди шундай кераксиз фикрлар билан амалга оширилган ишлардан деб билардим. Ҳозир эса, ҳаммаси Тақдирда ёзилганлиги сабаб содир бўлишига ишонаман. Тақдир ҳазили-шундайки, биз у- ўз ишини қилаётган пайтда жуда аҳмоқона ва кулгули қарорлар билан чалкашиб юрган бўламиз.
Дадам аслида бир ой ҳам ичкуёв бўлиб бувимникида яшамаганлар, лекин мана шу "ёлғон ваъда" сабаблигина онамнинг ҳаётларига кириб келишга эришган...
Бувимларга қўшни бўлиб яшаган Рисолат хола жуда майдакаш аёл эдилар. Бувимнинг кўпинча нарса экилмайдиган кенггина уйини ҳам кўзи билан чамалаб, доимо бемаза гаплар гапириб юрадиган бу аёлни-бизга яқин бўлиб олиб, сўнг “ўз жиянини ойимга рўпара қилган” дейишади.
"Келишган, суқсурдек, кўрган қизнинг ишқи кетадиган бир жияним бор, бир Икрома билан учраштириб кўрмаймизми?!"
Бувим ўша- мақталган йигитнинг узоқда яшашини эшитиб, дарров ўзларини орқага ташлабдилар. Эшитишимга қараганда, ўшанда Рисолат хола ўз мусофирлигидан гап бошлаб, анча кўз ёши ҳам қилиб олган экан. “Акамнинг ўғилларидан бири ўғли шу ерга келиб, ёнимда-сизга ичкуёв бўлса ҳам яшаса, кўксим тўкилмай юрардим. Ўлиб қолсам, тобуткашим ўз қон-жигарим бўлса, Сафарбойим мендан кейин яккаланиб қолмасмиди?"
Ўшанда бувим: "биздан нима кетди, ёшлар бир учрашса, учрашиб қўя қолишсин!" дебдилар. Рисолат холанинг тутзорга ўхшаб кетадиган боғида-дадам ва аям учрашган эканлар.
"Балх тут ейсанми Икрома?! Роса ер бурун бўлиб тўкилиб ётибди, каттароқ идиш олиб чиқ!"
Рисолат холанинг гапига учган ойим ҳеч нарсадан беҳабар- ўша боғга тоғорача кўтариб кирибдилар. Дарҳақиқат ер худди қор ёққандек-балх тутга тўла эмиш...
Эндигина эгилиб ердаги тутларни териб турсалар, худди шарпага ўхшаб-сал наридаги тут ортида беркиниб турган бир гавдали йигит .лип этиб ёнларида пайдо бўлибди. Ойим қочгани жой тополмай, саросима билан турганларида-икки хатлаб ва бир қучоқлаб, қулоғлари остидан ўпиб олибди. Эшитар қулоққа ҳам, кўрар кўзга ҳам –нақадар ёввойиларча содир этилган иш, тўғрими?
Ўша боғдан ойим йиғлаб чиқиб кетибдилар. Орқадан Рисолат холанинг ёқимсиз овозда-хингиллаб кулиши эшитиб турганмиш. Бувим рўпараларидан чиқиб қолсалар, ойисига ҳозиргина боғда бир бегона йигитнинг қилган қилиғини айтиб беришга қиз бечора ўзидан уялибди. Яна бир тарафи-андиша ҳам қилган!
Шу куниёқ, Рисолат хола яна бувимларникига чиқибди: "Вой бу ёшлар бир қарасам, бир-бирларига шунақаям сариёғдек сингиб кетишибди-ки! Мирзабекимиз Икромахонни “сиз барибирам меники бўласиз!” дея қулоққинасидан ҳам тишлаб қўйибди! Бамисоли Тоҳир-у Зухро бўлишди-қўйишди. Тағинам йигитимиз бироз қўрқиб турибди, сизларникига чиқаётсам, “амма бировга беришмасин-да ишқилиб! деб нуқул мўлтирайди холос! “Кўнглингни тўқ қил, Икромахон бировники бўлмайди, худо хоҳласа! деб ҳовурини анча босиб чиқдим. Фақат опа, сиздан бир илтимос! Юзига с олиб, бу гапларни гапириб-Икромани уялтирманглар, хўпми?! "
Ойимни ўшанда ҳамма-Икромага ҳам маъқул келгандирки, шу ишлар бўлибди" деб ўйлабди. Бувим эса барибир ҳайронмиш.
Ҳозир бу воқеани ёзяпману- кулишни ҳам, куйишни ҳам билмаяпман...
Баъзан андишанинг кўплиги зарар қилса, баъзан худди шу андишанинг йўқлиги- фожиа ясаркан!
2-қисм.
Ойим техникумдан қайтсалар, уй тўла одаммиш...
Хаёлига хатна қилдириш арафасида турган-икки жиянлари келибди.
“Маслаҳат оши шу ерда бўлаётгандир-да” деб ўйлабдилар. Тавба, тавба!
Бироздан сўнг-Рисолат хола қанақадир шиппакни кўтариб кириб, ойимнинг оёғига уриб-тиқиб кийдирибди: "Бўлди, тушдими-тушди!"
Кейин яна бошқа бир қўшни хола кириб келиб, патир устидаги майизни иккита-иккиталаб онамнинг оғзига солмоқчи бўлибди. Тиржайиб Рисолат хола хам кириб, “оч оғзингни жоним қизим, тўйга етказсин!” деб ёнларига келиб ўтириб олибди. Уйига тут теришга чақиришга чақириб қўйиб, сўнг бир давангирдек йигитга рўпара қилган бу аёлдан-ойим ўша ҳингиллаб кулгани учун ўзича аразлаб юрган экан, бироз "емайман" деб жаҳл қилибдилар. Мажбурлаб майиз едириб чиқиб кетилгач, яна кимдир кирибди-ю, "қуллуқ бўлсин" лаб ойимни табриклабди. Ўшандагина ҳамма воқеани тушуниб қолиб, бирдан оҳ-у воҳ кўтарибдилар.
Тўғри, бувимга ҳам ўшанда қаттиқ гап гапириб юборган ва эвазига тоғамдан ҳам роса кўп гап эшитган эканлар. Хуллас ойим ўша куни Рисолат холанинг боғидаги тутни тераётганида- рўпарасидан чиқиб қолган номаълум йигитнинг қилган шилқимлигини рўй-рост айтиб беришга-ҳамма машмаша бошланиб, ғишт қолипдан кўчгачгина ўзларида куч топибдилар.
Ҳозир бу кўпчиликка ғалати туюлиши мумкин, лекин аввалгиларда- бироз соддалик ҳам бўлган...

Ҳар қалай, эшитганларимга кўра воқеа шундай! Тоғам бошида онамни тушунмай уришган бўлсалар-да, кейинчалик ҳамма гап маълум бўлгач, ўша фотиҳани қандай бўлмасин буздириш пайига тушиб қолибдилар. Важоҳат ичида улар- қўшни холанинг ҳам анча дилини сиёҳ қилибдилар.Рисолат хола шунда тоғамга роса дийдиё қилиб, кечиримлар сўраб- қалбини юмшатган, ҳатто жиянини қайта уйига чақиртириб, ойимнинг олдида тиз чўктиришгача бориши мумкинлигини айтиб, кўнглига йўл топган экан.


Хуллас, бориб-бориб дадамнинг ўша "қулоқ тишлар" ирими- ошиқу беқарорликка, ойимнинг бу тахлит "тегмайман" деб оёқ тирашлари эса-"қиз боланинг нози бор" қабилидаги қилиққа йўйилиб, уйда фотиҳадан кейинги қолган маросимлар давом этаверибди.
Ҳа, уларнинг айтишича: қайтиб- бувим ва тоғам онамдан розилик сўраб ҳам ўтиришмаган...
Келин бўлмиш ойим-бир ярим ойни йиғлаб юриб, не ҳасратларда ўтказибдилар, тўйи куни оқ парча кўйлакни кияр пайтида ойнага қарасалар- хивичдек бўлиб озиб, юзида фақат бурнигина сўппайиб қолганмиш. "Демак бечорагина ойнага ҳам тузук-қуруқ қарамай қўйган эканларда" деб ўйлаяпман ҳозир...
"Нега ўша пайтда уларнинг ҳеч ким кўнглига қарамади?! ", "нега бу тўйга бувим ҳам тоғам ҳам рўйхушлик беришди?!", "нега ўша оддийгина қўшни бир аёл- бир одам тақдирига шунчалик дахлдор бўла олди?!" - ичимда саволларим кўп, лекин мана ҳозир буларни ақлим тўлишиб бўлгач, англаяпман-ки, "Тақдир қўшилиб турган бўлса- бандаси уни бошқа томонга буриб юборишга жуда ожизлик қиларкан..."
Мен деярли хориж сериалларини кўрмайман. Чунки уларда бошқача фикрлаш, бошқача урф-одат, ўзбекчиликка тўғри келмайдиган саҳналар жудаям кўп. Уларда отага ўғиллар бемалол қарши чиқаверишади, бировнинг аёли эри туриб, бошқа бировдан фарзанд кўраверади. Баъзи аёл қаҳрамонлар эса- ҳаттоки қорнидаги боласи кимданлигини билишмайди...
Бир ёзувчининг гапларини ўқигандим: "Мия-ошқозондан кўра аҳмоқроқ аъзо! Ошқозон ўзига ёқмаган нарсани қайт қилиб чиқариб ташлай олади, мия эса йўқ! Шу улкан миллатнинг мияси ҳозир-чиқиндиларга тўлиб бораётгандек.
Сиздан қилаётган илтимосим аслида шу эди! Агар гапларим оғир ботган бўлса, яна бир бора узр сўрайман!
Зарифа опа, ўйлайманки, сизни бу ёқимсиз сатрларни ёзиб, дилингизни хуфтон қилиб қўймадим...
Ўзишга ёзиб қўйиб, энди пушаймон бўлаётгандекман. Аммо, бошланган ишнинг охирига етгани яхши!
Имконим бўлганда ва шу иккиланишларим бўлмаганда-асаридаги ҳамма аёллар фоҳишадек тасвирланадиган баъзи бир ёзувчиларга ҳам эринмай хат ёзиб жўнатган бўлардим. Одиссей- арвоҳларни тирилтириб, улар билан суҳбатлашиш учун-ўз қонидан уларга ичирар экан. Ёзувчи ҳам ўйлашимича-шундай!
Ўз асаридаги қаҳрамонларга ўзининг қалбидан узиб-узиб жон беради. Шунинг учун унинг қаҳрамонлари ичида қайсидир бири-унинг айнан ўзи бўлиши ҳам мумкин!
Майли, эътибор берманг: яна ўша сизга бироз таништираётганим -ўз ҳикоямни давомламоқчиман:
Эшикдан дадам куёв навкарлар билан кириб келган пайтда-ростдан ҳам ҳамма унинг гавдасига-ю, қуюқ қошларига анграйганча қараб қолибди:
-Икрома шундай болага ноз қилиб ўтирибсанми, ҳали?!-деган ошкора гап-сўзлар ҳар тарафдан ойимнинг қулоғига эшитилармиш. Ўзи ҳам аста бош кўтариб қараса, бинойидек йигит, камига жуда чиройли!
Лекин негадир дадамни кўришлари билан қўл билакларидаги туклар жимир-жимир қилиб, ичида қандайдир бир қўрқув уйғонибди. Нега бундай бўлаётганини ойим ўша лаҳзадаги ҳаяжонга йўйибдилар.
Хуллас, дадам жилмайиб уларга- ўзи кўтариб келган гулдастасини тутқазаркан, биринчи сўзни-ўша кунги қилиб қўйган номаъқулчилигига "узр" сўрашдан бошлабди. Дўриллаган овоз- ойимнинг ичига янада титроқ қўшиб, куёвнинг кўзига умуман тик қарай олмайдиган ҳолатга туширибди.
....Ҳа, дадамни кўп эслайман, барваста елкаларига опичлаб ўйнатган пайтларини, оёғимни битта кафтига жамлаб, таёқдай тургазиб қўйиб- кўрсатган томошаларини эсласам, кўзларимга ёш келади: демак бахтиёр кунларимиз оз бўлса-да, барибир бўлган экан.
Кейинчалик эса дадамнинг дарғазаб бўлган қиёфада- болалигимнинг жуда кўп ҳолатларида кўрдим.Қиз бола отасига ўзгача меҳр қўйган бўлади дейишади. Менда эса фақатгина улардан қўрқиш ва тушуниб бўлмас, уларга нисбатан қандайдир бир ҳадик бор эди!
Келин-куёв ўшанда чиройли ленталар билан безатилган машинага ўтиришиб, шаҳар марказидаги хиёбонга қараб йўл олибдилар. Ойим машинада дадам билан ёнма-ён ўтирармишлар-у, туклари тикка-тикка бўлиб, ич-ичидан қаттиқ сесканиб кетармишлар. Дадамнинг юзларига секин ўгирилиб қарашга ниҳоят ўзларида журъат топибдилар: қарасалар- кўзларига негадир куёв бошқа нотаниш бир одамга ўхшаб- кўриниб кетибди: "Шу- боя менга гул берган йигитми ёки мени яна алдашиб, энди ҳақиқий бошқа бир инсонни “куёв” сифатида кўрсатишяптимикан?!"- онам хавотир билан куёвнинг кийиб олган костюм- шимига синчиклаб қарабдилар. Ўша кийимларни бувим сарпога солаётганларида кўриб, "кўзтаниш" бўлиб қолган экан. Ҳаммаси ўша-ўша, фақат бўйнигача қоп-қора кўланка тушиб тургандек, ёнида ваҳимали савлат тўкиб ўтирган одам-тамомила бошқа бир одамга ўхшаб кўринаверибди.
Бир жойга етишганда- дадам ҳайдовчига нимадир дегандек бўлибди-ю, ойим овозларидан бояги гул тутқазган куёв-мана шу йигит эканлигини англабдилар. Хиёбонда одам жуда кўп экан, бироз айланишибди. Кўрган-кузатган кўз бор-ки, четга чиқиб, уларни томоша қилиб-роса анграярмиш. Ойимнинг ёнига икки- уч дугонаси яқин келиб хиринглаб, биқинидан чимчилаб кетишни бошлашибди. Дадам ҳаммани- ўзларига шу тахлит маҳлиё қилиб қўйибдилар.
Ойим кейинчалик айтиб берган бу воқеалар ҳозиргача менга жумбоқ бўлиб туюлади. Чунки биргаликда оз муддат яшасак-да, дадамнинг қандайдир феълдор, тез-"лов" этиб ёниб кетадиган, аразчи, инжиқ ва энг муҳими қанақадир "сирли одам" деб тушунардим. Тўй оқшоми ҳақида ойимдан деярли ҳеч нарса эшитмаганман. Билганим, тоғам шу тўй кечасидаёқ- ўша қайнотаси олиб берган уйга кетиб, у ердан саҳарга яқин "қўлтиғидан тарвузи тушган" дек бўлиб, жуда мулзам аҳволда қайтиб келган экан. Ўшанда улар бувимга ҳеч нарса демабдилару, тўйдан ортган ароқларни-омборга кириб олиб, бўккунича ичибдилар. Бунинг сабабини анчадан кейин билишган, лекин ўша пайтда тоғам- ҳеч кимга ўша кунги воқеадан оғиз очмаганлар...

Бувим "бўшаган саватларни омборга жойлаб қўяй" деб у ерга кирсалар, умрида оғзига ичкилик олмаган ўғиллари-Хуршиджон тоғам ерга узала тушиб, кўкрагини захга берганча ётганмиш...

Тоғамни ўшанда-ораси бир йил фарқ билан туғилган икки ўғиллари- Ойбек акам ва Отабек акамлар эндигина уч-тўрт ёш бўлган пайтлар экан. Тўй юмушлари билан ҳафталаб- бувимникида юрган тоғам-тўй кечасидаёқ ўз уйига қоронғуда борибди. Уйга чироқ ёқиб кирсалар, аёллари сал нарида турадиган қўшни йигит билан эмиш...

Хуллас келинойимнинг ёнидан бегонани суғуриб чиққан- тоғам ўша йигитни аввал яхшилаб дўппослабди, кейин судраб юриб, уч уй наридаги қайноталариникига олиб борибдилар. У ерда нима гап-сўз ўтгани ҳозиргача бизга қоронғу, тоғам шундан сўнг- эндигина тўй ғалвасидан совиган бувимникига қайтибдилар.

Жуда кўп ўйлайман, бечорагина жигар циррози билан ҳаётдан жуда эрта кетдилар. Балки ўша кўргиликларга -чорани ичкиликдан топмай, бошқа бир ҳидоят йўлини тутганларида, ҳаммамизга ҳам, ўзларига ҳам яхши бўлган-бўлармиди?!

Тўйдан кейин дадам- йигирма бир кун бувимникида "ичкуёв" бўлиб яшаган дейишади. Қўшни Рисолат хола кунда бувимларникидан чиқмай қўйибди, эрталабки нонуштадан-то кечки овқатгача бувимнинг биқинига кириб, худди ўз жияниникида яшаётгандек тутаркан ўзини...

Қизиғи, қўшни аёл танда қурган уйга- тоғам хижолатпазликдан биқиниб, зўрға кириб-чиқиб юрарканлар. Бечорага ўша пайт жуда қийин бўлган бўлса керак! Ахир икки ўғлини енгилтак онаси билан қолдириб, ўзи ҳеч кимга айтгиси келмайдиган ғам ташвишидан адо бўлиб- яшашлик осонми?!

Ахийри тоғам ёш келин-куёвдан хижолат тортганиданми ё ўз ғамларини унутиш учунми - узоқроқ ерларга ишлаш учун кетишни режа қила бошлабдилар. Бувим Ҳуршиджон тоғамни кетишларига кўймай, анча ялинибдилар. Хуллас охири- шаҳар марказидаги ҳожатхонаси уйдан ташқарида бўлган, умумий арзон уйлардан бирини топиб, у ерга онамларни чиқариб юборишни маъқул кўрибдилар.

Шу тахлит ойим ва дадам янги турмуш қурган пайтидаёқ- ўша ижара уйга чиқиб кетибди. Ойим дадамга ўшанда- "балки сизникига кетармиз, минг қилса ҳам- келин номим бор! Бориб ота-онангизнинг хизматини қилишдан сираям оғринмайман-деб маслаҳат солибдилар. Лекин дадам: "онам вафотидан сўнг ва ўгай онам келганларидан кейин, ортиқ- у уйда яшагим келмай қолган!" деб узил-кесил жавоб берибди.

Назаримда дадамнинг бошқа бир сабаблари бўлган. Ойимнинг тоғалари Нусрат опоқим уларни агрономликка ишга жойлаштириб қўйибдилар. Эрталаб ишга кетган одам-тун чўкканидан сўнггина уйга қайтарканлар, баъзан эса тонготарда!

Улар ҳақида ойимнинг хотираларидан яна баъзи бирларини айни ўринда эслашни маъқул кўрдим, бу хотиралар мен учун ҳалиям ўта мавҳум сирга ўхшайди.

Янги келинлик пайтларида-бир куни ойим кечаси нимадир бўлиб-уйғониб кетибдилар. Қарасалар, ёнларида ҳеч ким йўқ, кейин бу ҳолат бошқа кунларда ҳам жудаям кўп такрорланаверганидан, кўнгилларига гумон оралабди. Бир куни одатдагидек дадам ишдан қайтгач-овқатланиб, ўринга ётибдилар. Ойим ўзини ухлаганга солиб, анча пайт ухламасдан-дадамнинг қаерга чиқиб кетишларини кузатиб билмоқчи бўлибди. Кўзлари тун ярмига етганида-негадир оғирлашиб, барибир қаттиқ уйқу босаверибди: бу бир тушга ёки бир хушга ўхшаш ғалатироқ, бировга тасвирлаб бериб бўлмайдиган бир ҳолат экан. Қулоқлари остига узоқ-узоқдан қий-чув, ҳуштак ва чилдирма ёки ноғора овозига ўхшаш товушлар эшитармиш. Бундан жудаям ҳайратлансалар-да ўринларида қимирламай ётаверибдилар. Гўёки нимадир уларни қаттиқ босиб қолгану- ҳатто дераза ёнига боришларига, кўчадаги бу бемаҳалдаги ўйин-кулгу сабаби недан эканлигини билишларига ўша нарса тўсқинлик қилиб, қўймасмиш. Хуллас, "жим" ҳаммасини эшитиб ётибдилар: кўчадан ярим кечаси қандайдир тўйдан қайтаётгандек жуда кўп одам ўтибди. Бу оломон шу даражада хурсанд, ўйин-кулгу қилиб- худди байрамга кетаётгандек шўх-хандон қийқириб, ниманидир дўпиллатиб ўтиб бораётганмиш. Шу пайтда ойим дадамнинг ташқарига чиқиб кетаётганликларини сезиб қолибдилар. Уларга қўшилиб чиқай деса, ҳамма ёғи таёқдек қотган, лекин худди тандир олдида тургандек- бирдан қизиб кетибдилар. Сўнг яна қовоқлари осилиб, мудраб- уларни уйқу элитишни бошлабди.

Эрталаб- дадамдан бу воқеани сўраб билмоқчи бўлиб- ҳар қанча оғиз жуфтлабдилару, негадир гапидан чалғиб кетаверибдилар.

Буларни менга ойим анча вақтлардан кейин айтиб берганлар, кейинчалик шунга ўхшаш сирли воқеалар ойимнинг ҳаётида ҳам менинг ҳаётимда ҳам жуда кўп марта рўй беришни бошлади. Мавриди келганда уларни ҳам ёзсам керак, аммо бунгача ҳали анча йўлимиз бор...


3-қисм.
Менга ҳомиладорликларини билганларида-ойимнинг ўша ижара уйда яшаётганларига эндигина тўрт ой бўлган экан. Дадам бу янгиликни оддий гап эшитгандек қабул қилибдилар. У пайтда ишида анча изига тушиб олган, топиш-тутиши ҳам бир рўзғорни обод қилар даражада бўлган экан. Бир куни дадам жуда жиғибийрон бўлиб, ишдан қайтибдилар, ойим бу тажангликни тушунолмай- бир чеккада тошдек қотибди. Дадамни ҳеч қачон бундай дарғазаб ҳолатда кўрмаганликлари учун зўрға оғиз жуфтлаб, улардан бунинг сабабини сўрашга журъат қилибдилар.
Ўшанда дадам шундай деган экан:“Сенга уйланганимдан бери-менинг омадим қайтди!”
Албатта бу гапдан қаттиқ таажжубланибдилар, табиийки диллари ҳам оғриган. Ўйлаб-ўйларига етолмабдилар:
"Уйланиб-хотинли бўлган бўлса, ойим қандай мени тутқазиб қўйганларини ҳаттоки ўзлари ҳам билмай қолдилар, уй-жой майли пешонамга-қачондир битар, қўлимиз тош орасида эмас. Қорнимда уларнинг зурриёдларини кўтариб юрибман, тоғам бекор юрмасин деб-ишли қилиб қўйдилар.Қандай- менга уйланиб, уларнинг омади қайтган бўлиши мумкин?!"
Ҳуллас ҳаммасини таҳлил қилиб кўргач ҳам, шу вақтинчалик ўтирган жойлари-ижара уйдан бошқа бирон-бир камчиликни тополмабдилар. Бу жумбоқли савол бир куни ўз тасдиғини топибди: бувим қилиб берган кийик нусҳа чойнак ичидан бир томонига белги қўйилган икки дона ҳайвон ошиғи чиқиб қолибди. Шу куни ойим бу топилмадан бўларича-бўлиб, бувимникига ғизиллабдилар.
-Ойи, мана бу суякларни ўша чойнак ичига ўзингиз солиб қўйганмидингиз?!
Ойимнинг бу саволига-рўмолчаси ичидаги ўша суякларни кўргач, бувимнинг ҳам қаттиқ маззаси қочибди. Узоқ ўзларининг кўксиларига уриб йиғлаб, онамдан тинмай кечирим сўраган бувимнинг шундан кейин қон босими қаттиқ кўтарилиб кетиб, ётиб қолибдилар.
Бувимни докторлар ёрдамида анча ўзларига келтириб олиб, ҳотиржам тортган ойим- ўз уйига жўнабди. Йўл бўйи эридан қўрқиб, шунақа тез юрганидан қора терга пишиб, ҳарсиллаганча оғироёқ аёл бир амаллаб уйига етиб олибди. Эшик катта очиқ, ҳамма уйнинг чироғи ёнган, кўрпалар ағдарилиб, хатто карнизлар ҳам жойидан суғурилган экан.
Ойим “уйимизга ўғри кирибди” деб ўйлаб, шалвираганча ерга ўтириб қолибдилар.
Уйимизга аслида ўғри кирмаган экан: дадам ўша қимор ўйнайдиган ошиқларини қидириб, ҳамма жойни шундай остин-устин қилиб юборган эканлар...
Бироздан сўнг, ташқаридан уларнинг ғудранган овози эшитилиб, ойим шошиб ўрнидан турибди. Югургилаб "Мирзабек ака уйимизга ўғри тушибди!" деб, дадамнинг олдиларига чопибдилар. “Шарақ” этиб, қулоғининг тагига шапалоқ келиб тушганида, ойим мувозанатни йўқотиб, эшик қиррасига биқини билан бориб урилибди.
Аллоҳ ҳали туғилмаган вужудни агар умридан бўлса, албатта ҳар қандай ташқи таъсирлардан эхтиёт қиларкан.
Ойимнинг хўрлиги бурни-кўзи аралаш ёш бўлиб қуюла бошлабди...
Зарифа опа бироздан сўнг ёзаман, ҳозир озгина ўтмишни эслаб сиққилиб қолдим. Ўйлайман-ки, сизни ҳам сиқиб, ғамгин қилиб, таъбингизни бузиб қўймадим..."
Зарифа бу оҳирги ҳабарни ўқиб, ичи бир бошқача бўлгандек бўлди. "Ҳа турфа тақдирлар бор..."
Унга анча йиллар олдин бир кўр қиз ҳам ўз тақдирини ёзиб юборганди. Ўша ролни ижро этиши учун у жуда кўп машҳур актрисаларни кастингга чақирди: кўпи бу ролда ўйнашни ҳоҳламади. Ижрочилар ўртасида ўз принципларига эга бўлганлари кўп. Баъзиси фақат ижобий ролларни ўйнагиси келади, баъзи бирлари эса-ўзича ирим қилади: руҳий касал бўлиб қоладиган, кўр, ногирон аёллар ролини ижро этгиси келмайди. Ўша кўр қизнинг сценарийси ҳозир ҳам қўлида турибди, маъқул келадиган ижрочи ҳалиям топилганича йўқ! “Барибир шу асар ҳам қолиб кетмаса яхши бўларди, пишитадиган жойларини пишитиб, озроқ устида ишлаш керак!”
Ҳозирги мактубларни сценарийлаштириш анча вақт талаб этади. Кейин томошабин ўзи етолмаган орзуларини катта экранларда кўргиси келади. Худдики, аҳолисининг ярми фақирона кун кечирадиган Ҳиндистон -ўз киноларида эртаклардаги оламни намоён қилганидек гап бу!
Одамларга бирдан бой-бадавлат бўлиб қоладиган фақир ҳақида, бой йигитга турмушга чиқадиган камбағал қиз, Золушкалар қисмати, граф Монте Кристолар ҳаёти каби дабдабалару орзулар оқшоми акс этган саҳналарга бой экран- асарлари ёқади. Кимнингдир ҳасрат дафтари-бошқалар учун камдан-кам эътиборга олинадиган нарсалардир...
Зарифа телефонини четга олиб қўйиб, ҳиссиз кўзларини экранга тикди: Ойнаи жахонда қандайдир кўнгилочар лойиҳа эфирга узатилаётган экан. Узун йўлакдан қумри юриш қилиб келиб, студия марказида тўхтаган жувонга- икки жуфтлик ўзича ёш беришни бошлади: "эллик беш ёшсиз!"
Аёл лабининг ўнг чети истеҳзоли жилмайди.
"Йўқ, мен сизга қирқ саккиз ёш бераман"
Аёл энди негадир кулди!
Зарифа ўрнидан туриб, чала ярим ўтирганча- аёлга синчиклаб қаради: бу аёл ками олтмиш икки ёш бўлса керак!
Орзиқиб, аёлнинг ҳақиқий ёши айтиладиган лаҳзаларни кута бошлади.
"Лола опамиз олтмиш тўрт ёшдалар!"
Зарифа икки йилга адашганини эшитиб, телефонидан ўзини кўрсатадиган фотоаппарат экранини ёқди. Ўзини телефонида суратга олиб, кейин унга яхшилаб термулди, мана ҳа демай, эллик ёшга киряпти, лабида ғалати истеҳзо билан яна кўзларини ойнаи жаҳонга тикди. Энди ундаги воқеаларни англолмаётган бўлса-да, бу лойиҳанинг ташаббускорларини дилдан олқишлади.
"Ана бу аёл- бу кўрсатувдан кейин яна беш йил қаримай яшаса ҳам керак, одамнинг нафсига ҳуш ёқадиган гаплар гапирилса-унинг кўнгли ўсади! Мундоқ олиб қараганда, ғоя тарафдан пуч бўлса ҳам- шоу бизнес тамойилларига мос лойиҳа. Ҳудди мендек яна кимнидир ўзига ойна орқали қарашга мажбур қилдими, демак бу кўрсатувнинг таъсири ҳаммага баробар бўляпти, эртага шу аёлнинг қолган "Гап" да юрадиган дугоналарининг ҳам ҳудди шу каби экранга чиққиси, ўз ёшини бошқалардан эшитгиси келиб қолади! Қишлоқларда мол-холининг емини бериб, қўли толиб сигир соққанлар, кечки овқат олдидан бир хордиқ олиш учун телевизорни ёқадилар-у, ойнаи жаҳонга шу таҳлит - олтмиш тўрт ёшга кирсада- соч турмаги худди ёш аёлларникидек бўлган бу аёлга ҳавас кўзлари билан термулишади!”
Ҳа, Зарифа олдинлари қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи кўрсатувда ҳам режессёр ассистенти бўлган. У пайтлар қишлоқлардаги одамлар кимнингдир эсига бот-бот тушиб турарди. Ҳозир эса тўртта қўшиқчи-ю, иккита актрисадан экран бўшамай қолди.
У қишлоқларда шундай аёлларни учратган-ки, уларнинг ўттизга кирмай сочи оқарган, териси эркакларникидек дағаллашиб, сигир қаймоғи ва сузма суртилаверганидан юзига чалпак-чалпак бўлиб доғ тушган, ўттизида ўтин ва қирқида саксовулдек қуриган. Улар ўзини ойнаи жаҳон тугул, оддий ойнага ҳам солиб кўришга-да арзитишмайди! Гап сўрасанг соддагина қилиб “далада иш кўп!” деб қўя қолади!
Зарифа пультни босиб, энди кўргиси мутлақо келмай қолган бу кўрсатувдан қочиб, бошқа каналга ўтди. Бунисида қанақадир сериал. Сал олдинроқ кўрганида- анабу эркак Нургул Яшилчай билан ошиқ маъшуқ бўлиб юрганди, энди бошқаси билан юрибди, унинг хотинини эса яна бошқа бир жазмани бор...
Занжир реакцияси!
Энди бундай сериаллар кўриб кўзи пишган қизлар, шунақа ишқ можароларига ўрганган аёллар, ғийбатга ғоя қидирган пистачи хотинларга -у қандай қилиб миллий қадриятлар ҳақида, ичига Кумуш ва Зайнабларни киритиб асар яратиб бера олади?!
Зарифанинг телефонига яна янги ҳабар келди!
Мессенжерни яхши томони ҳабарни экранга ташлаб беради. Ўқилмай қолиш эҳтимоли кам. У ҳабарни очиш тараддудида бармоқ юритаркан, мактуб ёзувчи ҳақида бироз ўйлаб ҳам олди: "Эринмайдиган бир қиз экан! Лекин фикрини тартиб билан узатяпти, эмоциялари ҳам юзаки эмас..."
...Зарифа опа, узр...
Озгина ўзимни чалғитиб олдим, энди ёзсам бўлаверади. Мен ҳозир ўзимнинг руҳий ҳолатимдан жуда ҳавотирдаман. Бир куни хиромантларнинг бир китобини ўқиб қолдим. Ўқишни жуда ёқтираман, китоб мени- ўзга оламларга олиб кетадиган ажойиб сирли бир восита!
Ҳуллас, ўша хиромантлар китобини ўқиб, ўз кафтларимга узоқ тикилдим. Менда "тақдир қошиғи" бор экан. Бунақалар ичида ўз жонига қасд қилувчилар кўрсаткичи юқори бўларкан. Лекин бу фикрга ўзим мутлақо қўшилмайман. Чунки яшашда қўллайдиган биргина усулим бор. Бу- "яшаш учун кураш!"
Аслида хиромантия деган нарсаларга ҳам ишонмайман, шунчаки бир қизиқиш сабаб ўқиб чиқдим. Ўзимга келсак, “мен аслида анча кучлиман!”
Кучли бўлишимни эса айнан Тақдирнинг ўзи ҳоҳлаган ва ҳалиям ҳоҳламоқда деб ўйлайман. Қизлар ўз онасининг сабрини ўзлаштириб оладилар. Оталардан уларга нима ўтишини билмасам-да, кўпроқ ташқи кўриниш ўтса керак деб ўйлаб қоламан...
Онам ўша воқеадан сўнг бувимникига бормоқчи бўлсалар- дадам йўл бермабди. Жанжал то ойим чўнтакларидан ўша ошиқ суякларини чиқариб дадамга бермагунича давом этибди. Дадам уларни олгач, ойимнинг устидан қулфлаб қаёққадир кетибдилар. Бир оздан сўнг гўёки эшик тақиллагандек бўлибди. Ҳалиям йиғлаб ўтирган эканлар, ойим ўрниларидан туриб- овоз чиқармасдан эшик дурбинидан қарасалар- бир озғин киши билан жудаям важоҳати совуқ-букчайганроқ турадиган, лекин шунда ҳам новчалиги сезиладиган одам- сигарет чекиб турганмиш.
Эшик икки-уч тепилиб, ҳеч ким овоз бермагач, кейин жим бўлиб қолибди.
Тун жуда ваҳимали экан. Ойим тарсакидан қизариб кетган юзини ушлаб анча ўтирибдилар, қулоғи "пир-пир" қилиб кейин яхшики- ўтиб кетибди. Вақт алламаҳал бўлганда-дадам келиб, эшикни очиб кирибди: худди ҳамма айбни онам қилгандек юзини тескари буриб, бир сўз демасдан ошхона томонга чиқиб кетибдилар.
Ўшанда дадам ойимни уриб, иккиқат аёлини ташлаб яна бошқа туманга қимор ўйнагани кетган эканлар. Шу куни қўли бароридан келиб, бир ҳафта олдин ютқазганларини бировга ярмисини селма-сел қилиб, мамнун уйга қайтиб турганлари- шу экан. Ошхонага ортидан чиққан ойимга қарата, истеҳзо билан: "Энди тушундим, сени чертиб турсам омадим келаркан!" дебди.
Қаранг!
Ваҳималар билан зўрға тонг отқизган ойим эрталабдан нарсаларини йиғиштириб бувимникига кетишга мажбур бўлибдилар. Бувимга мазаси яна кечагидек "қочиб қолмасин" деб кўп гапларни гапирмабдилар, лекин тоғамни ҳилватроқ жойга чорлаб, уларга ҳаммасини айтиб берибдилар.
Ҳуршиджон тоғам узоқ пайт дарғазаб бўлиб, уёқ- бу ёққа юрибди, қўшни Рисолат холани роса бўралатиб сўккач, ойимга ҳеч нарса демай- уйдан шошиб кийиниб, қаёққадир чиқиб кетибдилар.
Асрга яқин кириб келган тоғамнинг авзойини кўриб, ойим қўрқиб кетибди. Юзлари ғазабдан қорайиб кетган ва яна қаердадир озгина ичиб олган тоғам- ойимга қараб туриб, бирдан дўпписини бошидан юлиб, кафтига қарсиллатиб урибди.
"Пешонанг қурсин, Икром! Тақдирнинг кўзи шунақа кўр бўладими, эҳ!" деб устунга суяниб қолибдилар.
Ойим тоғамни суяб кичкина уйга олиб кирибдилар. Тоғам шу пайт секин ойимнинг қорнига қараб:
"Қанча бор туғишингга?!" деб очиқ-ошкора сўрабдилар.
Ойим минг ҳижолатда "яна икки ой қолди!" деб жавоб берибди.
Тоғам анча бош чайқаб ўтириб, сўнг ойимга қарамасдан дадам ҳақида суриштириб, билиб қайтган хабарини айтибди:
"Номард! Келиб-келиб ўша Жалолободлик "Мирза-қуюн"га синглим тушади деб ўйламагандим. Эссиз!"
Тоғамнинг ўшанда ойимга айтиб беришича- "Мирза-қуюн" лақабли ёш қиморбоз- асосан Ўш ва Андижон қиморбозлари орасида машҳур, ўн икки ёшидан ошиқ ташлашган, чапдаст, негадир катта қиморбозлар назарида "жинкаш"роқдек туюлган бир “ошиқотар” экан. У бундан икки йиллар олдин жуда катта бир ўйинда кўп нарсасини бой бергач, катта ўйинлардан четлашган, оҳирги ойлар Новқатда бир икки кўриниш бериб, майда довлар тикиб юргани ҳақида хабарлар бор экан.
-Йўқ, ака! Бу улар бўлмаса керак!- ойим бирдан шундай дебдилару, ўша бир икки ой олдин ярим кечаси бўлган сирли воқеаларни эслаб, яна тилларини тишлабдилар. Ички бир хўрлик бўғзидан тошиб кела бошлабди: ойимга ҳаммадан ҳам -дадам икки йиллар олдин бор-будидан айрилган бўлса-да ўзига қарата: "сенга уйланиб, омадим қайтди" деган гаплари жуда оғир ботган экан.
-Сиз буларни қандай билдингиз?! Бу гапларни сизга ким айтди?!-деган саволга ҳам тоғам барини очиқ айтибди:
-Қара синглим, бир ёшлигимдан тўп суришиб юрган маҳалладошимиз бўларди, уларни маҳалла сиғдирмай Тепақўрғонга ҳайдаб чиқаришган. Сенинг тўйинг олдидан уни бозорда кўриб қолдим. Икки-уч пичоқ еб, анча ёмон ишлар қилиб қамалиб чиққанини эшитиб юрардим. "Ҳа, нима қилиб юрибсан?!" деб савол берди, ўзимни олиб қочиб: "чойҳонам бор, шунга ҳаражат қилиб юрибман" деб қўя қолдим. Ўшанда тўғрисини айтиб, тўйингга чақирганимда, балки қиморбоз куёвдан бизни вақтлироқ ҳабардор этармиди, деб ҳозир ўйлаб қолдим. Ҳозир ана ўша танишимнинг олдидан келяпман. У ҳаммани имкон қадар, биздан кўра яхшироқ танийди. Бора-боргунча "ишқилиб, куёвимиз майда ишқибозлардан бири бўлиб чиқсайди" деб кетдим. Мирзабек деб юрганимиз-“Мирза-қуюн” бўлиб чиқиши ҳаёлимга ҳам келмабди."
Тоғам афсус билан четга қараб жим бўлиб қолибдилар.
4-қисм.
Эртаси куни эшикдан ҳеч нарса бўлмагандек, дадам икки қўли тўла ҳаражат билан бувимникига кириб келибдилар. Тоғам уйда йўқ экан, ҳеч нарсадан беҳабар бувим бориб, куёвининг елкасидан олибди. Ойим бир четда индамай, бир гап қўшмасдан тураверибдилар. Дадам шунақа сарҳил мевалар, йирик-йирик олмалар, бир ошнинг харажати, қази-қарта ҳаммасини халтадан олиб, бир кўзи онамда турганча-бувимга тутқазибдилар.
Иккинчи халтада ўша пайтларда роса урф бўлган матолардан икки-уч кийимлик бор экан. Бувимга уни олиб "байрамга тиктириб кийинг!" деб узатибдилар. Қайноналари эса "атойи куёвларни пайғамбарлар сийлаган" деб икки кун олдинги суяк воқеасини куёвига эслатмай қўя қолибди, бир тарафи онамни сотиб қўйгилари ҳам келмаган. Бироз ўтирганидан сўнг, дадам ойимга қараб "қани уйга кетдикми?!" дебдилар. Ойим нима дейишни билмай қолганидан гапни тоғамга тақабдилар:
-Акам келсинлар, кейин кетамиз!
Бу гапдан дадам гапни шарт кесибди:
-Акангизнинг орқасидан бизни орқага ўтгансиз, эр "юр" деганда кетилади!
Бувим ҳам ўртага тушиб "борақол қизим, куёвим рост айтяпти!" дебдилару, қизини кетишига йўл берибди. Ойимнинг бир кўзи дарвозага тикилиб, ичкари уйга нарсаларини йиғиштириш учун кириб кетибдилар. То кетгунларича ҳам тоғам қайтмабдилар. Ташқарида такси кутиб турган экан. Онам йўл бўйи машина ойнасидан кўз узмай "акамни йўлда учратиб қолармиканман" деб қидириб кетибди.
Дадам эса машинадаёқ сўроқ-савол қилишни бошлаб юборибдилар. Ойим ҳеч бир саволига жавоб бермагани сари, тутоқиб яна феъли келиб қолибди. Етиб келишгач, уйлари ёнидаги икки шарпани кўрибди-ю, дадам машинадан сал берироқда тушиб қолибди.
Машина тўхтагач, ойим пастга қўрқа писа тушибдилар, ҳалиги икки шарпа уч кун олдин келиб эшик тепган одамлар экан. Ойим уларнинг ёнидан ўтаётганида букриси бор новча- уларга бир совуқ қараб қўйибди. Бу икки одамнинг безовталигидан бир қарашдаёқ- улар кимнидир анчадан бери кутаётгани сезилиб турар, катта таҳмин билан улар кутаётган одам-дадам эканлигини онам тушуниб, "ишқилиб сездириб қўймай-да" деб ичкарига ўзларини урибдилар.
Зина ости кўр-қоронғу, лекин ташқи эшик кўриниб тургани учун ўша ерга кириб беркинибдилар.
Ярим соат нафас чиқармай, ташқаридаги одамларнинг нима ҳақда гаплашаётганларига қулоқ тутиб- билмоқчи, агарда дадам келиб қолгудек бўлса, воқеалар қандай тус олишини ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлибдилар.
Ўша икки одамнинг гапини уқиб бўлмапти, дадам ҳам келмабдилар. Шунда бояги новча уй ичига шитоб кириб, зиналардан уч-тўрттасини бир қилиб, босиб тепага чиқиб кетибди. Бир икки эшикни зарб билан тепиб, сўнг сўкиниб яна қайтиб тушибди. Улар кўздан ғойиб бўлгач, ойим секин тепага чиқибди: калит дадамда экан, эшикка суянганча ўтириб қолибди. Қўрқувдан мажоли қуриган, пастдан оёқ товуши эшитилса, юраги дукурлаб бўғзига тиқилгудек бўларкан.
Анчадан кейин дадам келибди. Эшик очилиб уйга киришлари билан ойим дадамга тоғамдан эшитган ҳамма гапларини бирданига тўкиб солибди. Дадам бу гапларни пинагини ҳам бузмай тинглабди, сўнг:
"Нима бўпти, шунақа бўлса!" дебди киприк қоқмай.
Ойим ўтириб анча йиғлабди, ҳаётидан- тақдиридан норози бўлиб, бундай кўз ёши тўкиб ўтирган аёлига қараб, дадамнинг парвои фалак: кичкина пичоқ билан олма арчиб еб ўтирганмиш.
"Ажрашаман!" дебди ойим ваниҳоят ўрнидан шаҳд билан туриб, дадамга тик қараганча...
Дадам жавоб ўрнига пичоқни отибди, ойимнинг ёнидан ўтиб кетган пичоқ эшик кесакисига бориб санчилибди. "Пажалиста, кетавер!" дебди дадам ҳўмрайиб, "аммо унутма! туғишинг билан- агар у ўғил бола бўлса, қандай бўлмасин боламни сендан тортиб оламан, ернинг тагига ҳам беркитолмайсан, қуш қилиб ҳам учиролмайсан!"
Ойим жим бўлиб қолибдилар. Аммо шу ишидан сўнг, эрининг ҳеч нарсадан тап тортмаслигини билгач, “акамни ҳам бир нарса қилиб қўймасин” деб қўрққанидан, бориб тоғамни “эрим яхши бўлиб қолди, энди қимор ўйнамайман деб ваъда бердилар!” деб алдабдилар.
Эртаси куни ойимнинг тоғалари хабар олгани келиб, бир гапнинг учини чиқарибди: дадамнинг ишдан бўшаганларига бир ярим ой бўлган экан, кеча раис билан учрашиб қолганидагина ундан эшитибди. Ўша бир ярим ой уйдаги ҳамма нарса- қиморнинг орқасидан сотиб олинаётган экан...
Ойим дадам энди бу йўлдан қайтмаслигини тушуниб, дамини ичига ютибди. Бир кўнгли- "Худо инсоф бериб қолармикан?!" деб умид қилса, яна бири "иссиғида йўқотганинг яхши!" деган фикрга бораркан. Орадан яна қанчадир вақт не ҳавотирларда ва не таҳликаларда ўтиб кетганини ўзлари ҳам сезмай қолибдилар. Бир куни дадам ичкари уйни беркитиб олиб анча пайт ундан чиқмабди. Ойим бу вақтда ошхонада эканлар: бирдан уйдаги ҳамма чироқлар липиллай бошлабди. Бу дадам то ичкаридан чиққунча давом этибди, улар шундан нари кўчага чиқиб кетибдилар.
Ойим уйга кирсалар, дадамнинг пакки пичоғи қон юқи бўлиб, полга санчилиб турганмиш. Пичоқни суғуриб олиб, ундаги қонга қарабдилару ичлари негадир "шиғ" этиб кетибди. Шу пайтда белини бир оғриқ силаб ўтгандек бўлибди, ойимнинг дарди бошланибди. Негадир юраги ҳам пастга тортаётгандек ўзларини ғалати ҳис қилибдилар. Ички бир ваҳимада нарсаларини йиғиштириб бувимникига йўл олибдилар. Шом вақти яқинлашиб келаётган экан. Йўл-йўлакай ҳолдан тойиб, ерга ўтириб қолаверибдилар. Оғриқ узоқ-узоқда бўлса-да, юраги тез-тез санчиб қўяётганмиш. Йўлда бир аҳлатхона бор экан. Ўша ердан кундуз куни ҳам тез ўтиб кетарканлар, чунки чириган нарсаларнинг ҳиди бошқоронғулик пайтидан бери кўнглини айнитар, бувимникига қатнаганида- шу жойдан бурнини беркитиб ўтишга мажбур бўларканлар. Шу ерга етганида бурни оқаётгандек туюлибди, рўмолчаларига артаман деб қарасалар-бу қон экан! Бошларини осмонга қаратиб, тўхтаб қолибдилар. Сал нарида кузги барглар чирпирак бўлиб тепага кўтарила бошлабди. Ойим ўша осмонга қараб турганида чирпирак ўз атрофида айланаётганини сезиб қолиб, ваҳимага тушиб қолибдилар. Буни биз томонларда-“қуюн” деб аташади. Дадамнинг ҳам лақаблари-ўша юқорида ёзганимдек,“Мирза-қуюн” бўлган.
Аммо ойим менга тасвирлаб айтиб берган қуюн шу даражада шиддаткор экан-ки, у атрофида айланган сари онамнинг кўйлаклари этаги -биқинига ўтиб, қандайдир ғалати нарса ичига кириб олгандек бўлибди.
"Ла илаҳа иллаллоҳ, ла илаҳа иллалоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ" ойим кўзларини юмибди-ю, олдинга бир қадам қўйибди. "Қарс" этган овоз қулоқларига яқиндан эшитилиб, миясининг орқасига бирдан оғриқ кирибди.
"Вой бошим, бошимга нима бўлди, бошим оғрияпти!"
Аҳлатхонага кечки чиқиндиларни отиш учун чиққан одамлардан бири-бу овозни эшитиб, яқинроқ келибди. Қараса-бир ҳомиладор, ой куни яқин бир аёл осмонга қараб, буралиб ётибди. Битта қўли пастда қолган, бири эса тепада...
Ойимни аввал тез-тиббий ёрдам бўлимига элтишибди, кейин эса туғруқхонага...
Шифокорлар бир амаллаб ойимни туғдириб олишгач, яна анча пайт уларнинг бошидан кетишмабди.
Мен туғилганимда ойимнинг бир қўллари гипсланган, мия чайқалиши сабаб- қаттиқ ётоқ режими тайинланган, ҳамма ёқларига томчи дорилар улаб ташланган экан.
"Сени жудаям қўлимга олгим келган, яқиндан кўргим, лекин бир томонга қараб-харакатсиз ётарканман, ҳамширалардан боламни яқинимга олиб келиб қўйишларини тинмай илтимос қилардим..."
Мактуб шу жойда тўҳтаган эди. Зарифа ўқиганларини мушоҳада қиларкан, ҳаёли қизнинг отасига кетди: "Шунақа бўлиши мумкинми?! Тавба!"
Эшик олдида калит шиқирлаб, кейин ушлагич бураб кўрилгандек бўлди. "Дарбадар ўғилнинг қайтиши!" Зарифанинг лабига писанда табассум югуриб, эшик олдига кўз тикканча кута бошлади. Бошига капюшонини бостириб олган, роҳибларга ўхшаб бошдан- оёқ қоп қора кийимда ўғли Темур кириб келди. Қўлида яна янги пакет!
Зарифа унинг салом беришини кутар, ўғли эса ўзини гўёки уйда ҳеч ким йўқдек тутарди.
-Келдингми?! Салом қани?!
-Чарчадим, кейин гаплашайлик...
Зарифанинг зардаси қайнади:
-Нима иш қилиб чарчадинг, далада буғдой ўрдингми?! Ер ҳайдадингми?!
-Ойи, бошламанг, одам фақат иш қилса-чарчайдими?! Музика меъдасига тегса-чарчаши мумкин, одамларнинг гапидан ҳам чарчайди! Ҳуллас чарчадим...
-Ҳа, "ойи сиздан чарчадим, қачон сиздан қутуламан?!" демоқчисанда- а?! Уйни нима аҳвол қилдинг, шуям ҳаётми?!
Темур кийиминииг енги узунлигидан бармоғигача келиб турган қўлларини икки ёнга ёйди:
-Ҳа шу мен учун ҳаёт! Шунақаси ёқади менга! Сиз ниманиям тушунардиз, ҳозир ҳаёт умуман сиз ўйлаганингиздек эмас, ойи!
Ўғли ўз хонаси томон юрди, бир оздан сўнг тинмай жаврайдиган репперининг сўзини англаб бўлмайдиган қўшиғи унинг хонасида янграй бошланди.
"Тағин музикадан чарчаганмиш! Ё қудратингдан, бу болага қачон эс кираркан ўзи?! Энди уни қандай аёл бошим билан йўлга сола оларканман?!"
Зарифанинг энди ҳаёлидан ҳамма нарса ўчиб улгурган, ўзининг ўтмиш хотиралари тамомила уни банд қила бошлаган эди. Институтдан кейин Зарифа Москвага кетди. У ердаги таҳсили битиб қайтганида тенгқурлари аллақачон иккита болали бўлишганди. У ёқдалигида "Тошкентга қайтсам, дарров ҳамманинг эътиборига тушадиган кино асарлар оламан" деб юрганди, қаёғда?!
Унинг имиллаб қилаётган каръераси олдида тошбақанинг юриши ҳам ярим йўлда қолиб кетди. Негадир ҳаммаси унда қийин кечарди, турмушга чиқишданку, йил ўтган сари умидини узиб борар, бор диққатини сарфлаган ижодий иши ҳам ҳар қадамда бир тўсиққа учрарди.
Ҳа, катта ўқишларда ўқиганинг билан мақсадларингни ҳаётга боғлай олмасанг-ҳаммаси қийин кечаркан. "Сен режессёр сифатида ўзбекча ўйламаяпсан" деди унга ёши улуғ арбоблардан бири. Яна нималарнидир ўзгартираман деб тиришди, қараса ёши ўттизга кириб қолибди. "Энди балки кеч бўлгандир" деб юрган шундай кунларнинг бирида Риҳси ака деган келишимли операторнинг унга бошқача назар ташлаб юрганини сезиб қолди. Бора-бора тушликка нимадир илинишлар, гапга тутишлар, турли ҳазил ҳузуллар кўпайиб борар, Зарифа дабдурустдан бундай эътиборга тушаётганидан ўзи ҳайратда эди. Олеся опа деган пардозчи-гримёр бир куни унга ҳавотирли гап айтиб қолди: "Қиз боласан минг қилса ҳам, бунчалик ишонувчан бўлма, аҳир уни яхши билмайсан-ку?!" Зарифа бу гапдан хушини йиғиб олди, демакки бу муносабатлар атрофдагиларга ҳам сезилаётган экан. Адашмаса, ноябрнинг оҳирги кунлари эди. Гардеробда Риҳси ака билан яна тўқнаш келиб қолди. Унинг мулозаматидан Зарифа ҳаяжонланиб кетди: "Шундай яхши, ҳазилкаш ва олийжаноб одамни нега энди ёмон деб ўйлаши керак экан, қизиқ!"
Шу куни Риҳси ака унинг кийинишига қарашиб юборгандек бўлди. Йўлакка ҳам биргаликда чиқишди. Ҳаво айниган, то трамвай бекатигача анча яёв юришлари керак эди. Бирга кетишди. Йўл-йўлакай гаплашишиб-китоб дўконига ҳам кириб ўтишди. Зарифа Цветаеванинг китобини сотиб олди. Трамвайнинг оҳирги ойнаси олдида Зарифа китоб ўқиётгандек кетар, бурчакроқда турган Риҳси ака эса термулиб, ундан кўз узмаётганди. Зарифанинг ҳаяжондан ҳаёли қаттиқ чалкашган, нега Риҳси ака унинг йўналишида бирга кетаётганини бутунлай англолмаётган бир холатда эди. Ажойиб!
Риҳси ака уни кузатиб уйигача келганини ва мақсадини ўзи айтмасада -"кузатиб қўйиш" шундай амалга ошганлигини Зарифа уйига етгачгина тушуниб етди.
-Кўришгунча! Риҳси ака боши устидаги тўққиз қаватли бинога бир яширинча кўз ташлаб олиб, у билан ҳайрлашди. Йўлакка кириб, Зарифа ортига ўгирилганда, у бекатда сигарет чекканча уни ҳалиям кузатиб турганди. Узоқдан бир қўл силкиб қўйди.
Ҳозиргидек ёдида: унинг қиёфасидаги ҳар бир харакати, кулгуси, самимийлик сезилиб турган қарашлари...
Нега Зарифага бу одам бунчалик ёқиб қолди, ўзи ҳам билмайди. Билгани- у Зарифа ҳоҳлаган қиёфада ҳаётига кириб келаётган бир эркак эди. Узоқ кутган, ҳаёлан ясаган, таҳмин қилиб кўрган- ўша "кутилган инсон"га у жуда мос тушарди. Уларни кетма-кет учрата бошлагач, Олеся опа яна Зарифани четга тортди:
-Ақлингни йиғиб ол, сен нима, орзулар қилмайсанми?!
Олеся опа ўзи шунақа тушунарсизроқ гапирарди. Аҳир ҳаммасига ўша орзулар сабаб бўлиб турган бўлса, Зарифа яна нима десин?!
Изғиринли кунлар бошланган пайтда ижодий жамоа Нукусга жўнатилди. У ердаги совуқ Тошкентдагидан анча қаттиқ экан, Зарифа юпқа кийингани сабаб эски касали буйрагидаги муаммоси дарров ўзини сездирди. Съёмкаларга ҳам чиқмай номерда қолишга мажбур бўлди. Бир пайт эшикнинг оҳиста чертилаётганини сезиб, базўр ўрнидан туриб очаркан: остонада қўлида банка тутган Риҳси акани кўриб ажабланди.
-Шамоллаганингизни эшитдим, занжабилли асал чой жуда фойда қилади, бир ичиб кўринг!
Риҳси ака ичкарига қадам босмасданоқ, қўлидагини бериб, ортга чекинди. Зарифа иссиқ банканинг остидаги сочиғи билан бирга қабул қилиб оларкан, секин "раҳмат" деб қўйди: бир-икки суҳбатлашиб кўрган одамининг бундай эътибори ва меҳрибончилигидан у бағоятда таъсирланганди. Зарифа ўша ёшигача хатто "занжабил" ҳақида эшитмаган ҳам эди. Ўзгача таъмли, томоғини озгина қиздириб ўтган бу дамлама гарчи буйрагига наф бермаса ҳам, негадир ичига иссиқ киргазгандек, уни бироз тетиклаштирди. Ҳозиргача қачон занжабилли чой ичадиган бўлса фақат битта чеҳра- Риҳси ака унинг ҳаёлидан бир қур ўтади.
Нукусдан қайтишгач, Зарифа Олесянинг гапларига ортиқ парво ҳам қилмай қўйди: энди уни ҳамкасблари Риҳсивой билан тез-тез бирга учратиб қолишар, четдан қараганда бу оддий кўринса-да, эътибор қилган одам бу яқинликни сезмай қолмасди. Саккизинчи мартга икки кун қолган, лекин баҳор ташрифи сабаб-ҳаммада кўтаринки кайфият жўш ураётган бир паллада Риҳсивой ҳолироқ жой топиб, Зарифага тақдим этган қутини ўзи очаркан, ундаги жимит кўзли феруза узук қизнинг ҳайратига янада ҳайрат қўшгандек бўлди. У бу совғани олишни ҳам, яна эгасига қайтариб беришни ҳам билмай қолди, бир тарафи Риҳсивой уни диққат билан кузатиб турар, Зарифа ўзгача бир ноқулай аҳволда қолганди.
-Яшириб нима қилдим, сизга муносабатим жиддий! Фақат сизнинг майлингиз қандай шуни билмоқчиман ҳолос!
Зарифа Риҳсивойнинг бу изҳорига жавобан ерга қаради ва ундан паст овозда "жавобимни эртага айтсам бўладими?!" деб сўради. Бекор бундай деган экан, эртаси куни дабдурустдан гапни нимадандир бошлаш унга қийин келди, қайтага ўзини ундан пана қилиб, кунни кеч қилгани қолди. Яна ўша трамвай, бир маромда тебраниб бораётган ўриндиқда ўтираркан, ташқаридаги чиройли манзарага, соябон тутганча липиллаётган шарпаларга қараб, Зарифа бугунги ўтган кунни, эрталаб уйдан чиқишда ўйлаган ҳеч бир иши содир бўлмаганини ўйлаб бироз ҳафа ҳам бўлди.
-Ёнингиздаги жой бўшми?!
Трамвайда аксар ҳамма жойлар бўш эди, бундан ажабланган Зарифа норози қиёфада тепасидаги одамга қаради: плаши ёқасини кўтариб, фуражкасини ҳам қошига тушириб бостириб олган бу- Риҳси ака экан!
Уйгача гаплашиб кетишди, Зарифа ич-ичидан жуда ҳурсанд лекин Риҳси аканинг оғзидан яна қандайдир ўзгачароқ сўзни ҳам кутаётгандай эди. Ваниҳоят Риҳсивой шаҳсий ҳаётидан сўз очди: биринчи аёлидан бир қизи бор экан, ҳозир тўққиз ёш бўлибди, ажрашганларига эса олти йил...
Қизидан ҳабар олиб тураркан, негадир аёли ҳақида бошқа гапирмади. Қайсидир бекатда жуфт-жуфт бўлиб трамвайга беш олтита ёш-яланглар чиқишди. Вагонда ҳар ҳил кулгу овозлари янграй бошлади, то улар уч бекатдан сўнг тушиб кетишгунча Риҳсивой суҳбатга бошқа гап қўшмай кетди. Яна бир бекатдан сўнг- Зарифанинг тушадиган- бекати келади!
Бундан Риҳсивой ҳам ҳушёр тортдими, Зарифага сал ён томондан кўз ташлаб олиб, ваниҳоят юрак ютиб мақсадидан гап очди:
-Бирга ҳаётимизни давом эттирсак, сиз бунга нима дейсиз?!
Зарифа жим ойна томонга қаради, қалбига қулоқ тутди. Риҳсивойни бу иккиланиш чўзилгани сари бетоқатлиги ошди. Ўрнидан туриб узоқдан кўзга ташланаётган навбатдаги симёғочларнинг ёриткичлари ёритиб турган бекат томонга сал бош эккандек бўлиб қараб қўйди.
-Ҳўп...
Зарифанинг оғзидан бу гап чиққан пайтда Риҳсивой унга "ялт" этиб қаради, ҳа ҳозиргина қиз унга ўз розилигини билдирганди. Бекатга тушиш олдидан жилмайганча қизга қўл узатди. Иккиси катта йўл четига тез юриб ўтишаркан, ўзида йўқ ҳурсанд Риҳсивой - йўлак четидаёқ Зарифа сумкасидан олган қутини очиб, ундаги узукни қизнинг бармоғига ўз қўллари билан тақиб қўйди.
Ҳа, Зарифа ўшанда бировдан хаттоки сўраб-суриштириб ҳам ўтирмаган, фақатгина ўз қалбига қулоқ тутган эди ҳолос.
Шарифа опа бошида анча жим бўлиб қолди, нимадир дей деса- қизининг умри ўтяпти! "Майли кўнглига ўтиришган бўлса бўлди!" деб қўя қолди, ўнинчи мартда уларнинг фотиҳаси бўлиб ўтди. Ўзини "куёвнинг ҳоласиман" деб таништирган аёл тилли-жағликкина экан, амма-ҳолаларнинг, овсин янгаларнинг ўрнини бир ўзи босгудек бўлди. Майнинг бошида эса никоҳ тўйлари кичикроқ даврада ўтказилди. Рестораннинг банкет залида ўтган бу бир ҳовучгина кечага "тўй" мақомини биров бермасди албатта...
Зарифа Риҳсивойга қандайдир катта талаблар қўймади, "аҳир у ҳам, мен ҳам энди кап-катта одамлармиз, фақат кераклисинигина қилишимиз керак!" деб ўйларди.Тўйдан кейин икки ҳафта ўтиб, иккиси ҳам ишга чиқди. Олеся Бойсунда олинаётган фильмга гримёр сифатида кетган пайтда тўй ҳақида ҳали сас-садо ҳам йўқ эди, қайтди-ю, бу янгиликни эшитиб ғалати бир чимирилиб қолди. Кейинги куни эса Зарифани нотаниш аёл- Олеся орқали ташқарига чақиртирди. Ёғоч ўриндиқда бир қизча ўтирар, онаси эса Зарифа ташқарига чиққан пайтда супирилмаган йўлак бўйлаб оҳиста қадам ташлаб, анча нарида сайр қилиб юрганди. Кўринишидан мутлақо нотаниш аёл узоқдан Зарифага бироз қараб турди, сўнг тез-тез юриб, ёнига келди. Яқинлашганида Зарифа унинг жудаям заҳри томиб турадигандек "жиккак" аёллигини пайқади.
-Салом. Сизми ўша Зарифа?!
У бошини силкиб тасдиқлагач, аёл яна бир унга бошдан- оёқ бошқатдан қараб чиқди:
-Нега унга тегасиз?! Уни қизи, оиласи бор, наҳотки буни билмагансиз?!
Зарифа унинг дабдурустдан гапирган бу сўзларидан татарча акцентни пайқади, гап қўшмай унга бироз қараб, ўзи ҳам жим кузатгандек бўлди.
-Виждонсиз, сизни ҳам алдаган, ёш қизни эссиз...
Зарифа ҳали гапирмасидан орқадан қадам товушлари эшитилди, ўриндиқдаги қизча ўрнидан туриб- ўша томонга чопди: Риҳсивой Зарифани ичкаридан қидириб тополмаганидан- бу ёққа чиққанди. Аёл зумда бошқа қиёфага кирди: унга қараб туриб Зарифа-аёлнинг кўз қири билан Риҳсивойни кузатаётганини сезиб, бироз ичи ҳижиллашди. Риҳсивой қизчасини четга олиб, қулоғига нимадир деди-ю, юриб уларни ёнига яқинлаша бошлади:
-Нега бу ерга Рушанани олиб келдинг?! Зарифада гапинг бўлса-мениям чақиришинг керак эди!
Аёл жавоб ўрнига тушунарсиз ғудраниб қўйди. Зарифа секин ортга чекинди: негадир айни пайтда уларни ҳоли қолдиргиси келаётганди...
-Зарифа шу ерда тур, бу аёл- ўша сенга айтган биринчи аёлим, биласан- биз қонуний ажрашганмиз...
Риҳсивой шу гапни айтаётиб- яна скамейкадаги қизига бир қараб қўйди. Аёл тез-тез юриб, қизининг ёнига борди, унинг қўлидан тутиб, ҳеч нарса демай- жаҳл билан бу жойни тарк этди. Анча пайтгача аёлнинг зарб билан урилаётган пошнасининг овози эшитилиб турар, қизчанинг қаергадир етганида- ойисига жаҳл қилиб, жавраганча йиғлагани- Риҳсивойни ҳам худди Зарифа каби жуда бетоқат қилаётганди. Зарифа ўзини ҳеч қачон бундай ёмон ҳис қилмаганди, ичкарига кираркан: монтаж хонасидан овоз- ёзув ишлари кетаётган фольклорчиларнинг қўшиғи қулоғига чалинди:
"Ҳа! Бировни ёрини олиб омонат...
Ўйнаб кулолмадим-бўлиб хижолат..."
Ичи бир бўлак муз егандек, соп-совуқ бўлиб қолди: қулоғидан қизчанинг овози кетмас, нарироқда ўй босиб ўтирган- Риҳсивойга энди қарагиси ҳам келмай қолганди. Уйга қайтишгач, Риҳсивой йўл бўйи ўйлаб келган таклифини айтди: "телевиденияга ишга ўтсанг-чи Зарифа!" Ўзига ҳам бу фикр жўялироқдек туюлди, шу бўйи киностудиядан кетиб, экран ортидаги фаолиятини телевиденияда давом эттира бошлади. Бу ҳам узоққа бормади: қувончли ҳабар- Темурнинг туғилиши- сабаб бўлди-ю, бира тўла таътилга чиқиб кетди.
Риҳси ака- яхши инсон эди...
Меҳрибон, қўли ҳам кўнгли ҳам очиқ, позитив!
Темур етти ёшга кириб, энди мактабга беришни режалаштириб туришган пайтида-бахтсиз ҳодиса ўртага тушди-ю, Зарифанинг ҳар куни-гўёки йилларга тенг бўлган- бевалик ҳаёти бошланди...
Ҳозир ҳам у қора кунни эсласа дарди-дунёси қоронғу бўлади. У узоқ чўзилган тушкунликни енга олмай уч йил қийналди. Оҳири бўйи чўзилиб қолган Темурни онасига ташлаб, чалғиш учун ишга тушиб кетди, кўрсатув баҳона- бутун республика қишлоқларини айланиб чиқди!
Зарифа ростини айтганда: ўша меҳнат эзиб ташлаган қишлоқ аёлларига-да ҳавас билан қарарди. Бир четда аёлидан ҳам соддаликда қолишмайдиган жайдари ва меҳнаткаш эркакларни кузатаркан, барибир бу аёлларни у “бахтли” деб ҳисоблай оларди...
Дунёда биттагина ўлим бор, қолганлари эса ундан қолишмайдиган кўргуликлардир!
Дарҳақиқат ойни ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ деганларидек, қўлига тушиб қолган бир қишлоқ аёлининг хати сабаб- Юнус ака унга "Тақдирлар" кўп қисмли сериал сценарийсини ёзиб берди. Икки ярим йил чўзилган- съёмкадан сўнг унинг асари эфир юзини кўрди. Илк қисмлар намойишидаёқ- Зарифа учун барча ғуборларни бир лаҳзада чиқариб юборадиган қувончли онлар бошланди. Уйини алмаштирди, ном қозонди, янги юлдузларни кашф этди, ҳаммадан онаси шу кунларни кўрганига, ёнида турганига мана энди ўзи шукр келтиряпти.
"Эҳ, нега ўшанда ойимни қаергадир дам олишга жўнатмадим, даволатмадим...Фақат ўз юкимни ортиб, чарчаган ғамбода танамни уларга ташлаб- суяниб, ўзим билан ўзим бўшамай, андармон яшабман..."
Зарифанинг битта-ю битта орқа қилгани, қаерга борса- "оқ йўл" тилаб, дуо билан ҳайрлашиб кузатадиган, келса бағрини очиб- кутиб оладиган онаси- оламдан ўтганида: у учун дунё қайтадан бемазмун тус олгандек бўлди. Ғамни енголмади, бош кўтаролмай яна ётиб қолди. Ўшанда- у ўзи билан ўзи- яна тушкунлик ботқоғидан чиқолмай юраркан, Темур ҳам анча қаровсиз қолиб кетди. Қўрс, жиззаки, кўнгилни авайлашни билмайдиган, кўчадан бери келмайдиган ўғли- бирдан шундай бўлиб қолгани йўқ! Аттанг...
Мана ўшандан бери қўли ишга бормайдиган, ҳафсаласиз, ички қўрқувини енголмайдиган, ҳалиям ўн йил олдинги шуҳрати соясида яшаётган бир режессёр у!
Зарифа ўзини чалғитиш учун ошхонага чиқди. Бу ошхона қиммат мебеллар билан жиҳозланган, ҳамма нарсаларнинг энг асили териб, тизилгани билан- ёғ сачратиб овқат қиладиган- бир аёл қўлига зор! Ялтираб турган капгиру пичоқлар, камдан кам ишлатилган заррин идишларига қаради. Стол устида бир-бирига кийдирилиб турган бир марталик елим идишлар қалашиб ётарди: ҳаммасини олиб халтага жойлади.
Шу куни Зарифа бошига рўмол ўраб, ўзи ош қилди: "Тавба, сал юрагим ёришдия" дастурҳон тузаркан, ҳафсала билан райҳон солиб-помидорли салат ҳам тайёрлади. Темур чақириғига жавоб бермагач, хонасига эшик очиб кирди: боласи қулоғида мусиқа эшитиб, ухлаб қолибди. Ёнидаги қоғозда инглизча ҳарфлар қинғир қийшиқ ёзилган: кўринишидан ўғли- шу эшитаётган репперининг сўзларини ёдлаш учун уларни қоғозга кўчиргандек эди.
-Тур, овқатланамиз!
Темур бу сафар тескари бўлиб ётиб олди. Бир амаллаб тишини тишига қўйиб, унинг эркалигига чидаб, ошхонага олиб чиқди.
-Тушингиздан қўрқдингизми?!
Зарифа бу гапга ўзини эътибор бермагандек тутди. Овқатдан сўнг, энди ўғлига насиҳат қилмоқчи эди, стулни чийиллатиб суриб, ўрнидан туриб- чиқиб кетди. У ойнадан кечки шаҳарни жим кузатганча, ўзини чалғитиш учун-ўша мактуб ёзадиган қизни мажбуран ўйлай бошлади:"Номи ҳам ғалати: "Қуюшқондаги аёл!" Қуюшқон деб нимани айтарди?! Ҳа, адашмасам, қадимда- метал эритадиган идишни-қуюшқон дейишган. "Қуюшқондан чиқиб кетдим" деган ибора ҳам бор. Демак, бу ник унга-сабрли аёл деган ҳулосани беряпти... "
Шу пайтда эсига телефони тушиб қолиб, ошхонадан ичкарига кирди. Диван устида қолдириб кетган телефони-экранида яна янги ҳабар келганини билдирадиган доирача пайдо бўлиб қолибди.
"Зарифа опа, хикоямни узилиб қолган жойидан давомлайман. Фақат бир нарсани олдиндан билдириб қўймоқчиман: нега бунчалик ҳар бир ҳодиса ва воқеани худди ўзим кўргандек ёзаёганимга ажаланманг, мен ўзим учун жудаям сирли бир оламни кашф этдим. У ердаги ҳамма нарсани худди ҳалиям бордек, ҳаётимдан кетмагандек ҳис қиламан. У ерда ҳалиям бувим намоз ўқиётгандек, ойим менга тикилиб тургандек ва ўтмиш кунлари гапирилаётгандек...
"Мен туғилган куннинг эртасига дадам бутун туғруқхонани оёққа тургазибди, бундан иш чиқмагач, анча ҳовури пасайиб, шундан сўнггина ойимнинг олдиларига кирибдилар.
-Нега уларни айблайсиз, мен кўчада йиқилиб тушдим, яхши одамлар эса докторга олиб боришди...
Ойим ҳамма нарсани айтибдилару ўша қуюн воқеасини дадамга билдирмабдилар, ўзларининг ҳам дадамнинг гап сўзларидан билганлари шу бўлибдики, улар оҳирги ўйиндан каттагина пул ютган ва кайфияти ҳам шу сабабданми жуда чоғ экан. Албатта ойим билан гаплашиб, мен ҳақимда умуман сўрамаганидан маълумки, "қиз бола" бўлиб туғилганим дадамга унчаям ёқмаган...
Лекин улар то тўрт ёшимгача тинимсиз мени "қадами қутлуқ келган қизим" деб эркалатар экан. Қаранг, бунга нима дейсиз энди?! Куйишимни ҳам билмайман...
Онам туғруқхонадан чиқадиган куни гўёки бир байрамдек бўлиб кетибди, билмаган одам-дадамни қанақадир амалдор бўлса керак деб ўйларкан. Чунки улар беармон дуч келганга пул улашибдилар, ҳамма шифокор девор остига тизилганча уларни кузатиб қўйишибди. Ойим уйга келсалар- уйда янги жиҳозлар пайдо бўлганмиш, тўрда бир диван-креслоси билан, ётоқхонада эса яна бир мебель. Меҳмонхонадаги стол устида уйнинг хужжатлари турганмиш: дадам уйнинг эгаси бўлган Зоя холадан ўзлари ижарада турадиган ўша уйни сотиб олган эканлар. Улар бироз ойимга тиржайиб қараб турибдилар, онамнинг чеҳраси очилмагач, яна эски тунд қиёфасига кира бошлабдилар.
-Қиморни ташланг, шунда ҳурсанд бўламан! Илтимос оддий одамлардек яшайлик, тинч ва ҳотиржам. Ўшанда уйга келган анави икки одам –олдин ҳам сиз йўқлигингизда келишганди. Устимдан қулфлаб кетганингиз учун-овозимни чиқармай ўтирганман. Агар ўшанда- оҳиригача бориб, эшикни бузиб киришганида мени ўлдиришарди, тўғрими?! "Яхшиям шу умумий уйда яшарканмиз, яхшиям қўни-қўшни бор экан, улар ортиқча харакат қилмай кета қолишди "
Ойимнинг бу гапларига дадам "шошилтирмагин, бу йўлдан бирдан чиқиб кетолмайман, ҳали бошқалар билан қиладиган- чала қолиб кетган ҳисоб-китобим бор" дебдилар. Улар кейинчалик ҳам бир қадам бўлсин- ортга чекиниш учун қадам босмаганлар, бу қандай ёмонлик ботқоғи эдики, ҳаммаси бир-бирига уланиб кетаверар, унинг таъсирли дунёсидан бутунлай чиқиб кетишнинг имкони йўқдек туюлади назаримда.
Дадам билан боғлиқ хотираларимдан бири шуки: улар ҳеч қачон бизни ўз оиласи билан учраштирмаган. Гўёки отам етимхонада катта бўлгандек тутардилар ўзларини. На отасини на жигарларини бирон марта гапирмаганлар. Ойим билан биргаликдаги ҳаётлари деярли тўкин сочинликда ўтган, лекин ўша ҳаром луқмаларнинг бадалини биз- йиллаб тўладик!
Яна бир нарса: эс-эс эслайман-ки, дадам ойимга тез-тез қўл кўтариб ҳам турардилар. Ойим ажрашиб кетмаганлигининг сабаби бу-ҳамиша мен бўлганман. Бошида ўғил кўрсанг-тортиб оламан деган отам, кейинчалик мен тўғримда ҳам ойимга шунақа гапларни гапира бошлаганлар. Яна кейинчалик айтишларича, ойимнинг дадам калтаклагандан кейин уч ойлик ҳомилалари ичарида ўлиб қолган ва шундан кейин вақтида ёрдам кўрсатилмаганлиги сабабли, ёшгина жувонга-бачадон чириши ташҳиси қўйилиб, фарзанд кўрадиган органлари олиб ташланган экан.
Онамнинг қиморбоз эрдан ажрашмасликларининг яна бошқа бир сабаби- уч йиллик айрилиқдан сўнг тоғам ўша ҳиёнаткор аёли билан болаларини кўзи қиймай қайта ярашганлари ва уларнинг энди қайнотаси олиб берган уйда эмас, бувимнинг уйида яшаётганликларига ҳам боғлиқ бўлган .Онам Мастура келинойини ошкора ёмон кўрганлар.
Ўртада Ҳуршиджон тоғам бир марта болали аёлга ҳам уйланганлар, у аёл билан турмуши узоққа бормагач, тақдир экан, яна ўша биринчи аёлини қайтариб олиб келди.
Одатий кунларнинг бирида уйимиз олдига тиллакўнғиз рангли Газ 24 машина келиб тўхтади. Ўша куни- дадам ойимнинг айтишига қараганда, жуда бесаранжом бўлган эканлар. Юзи тундлашгандан янаям қорайиб кетган, тинмай у уйдан-бу уйга кириб чиқаверарканлар. Айтганча, шу воқеадан бир ҳафтача олдин- дадам нимадир иш қила туриб, ойимга савол бериб қолибдилар:
-Ман ўлсам, эрга тегасанми?!
Ойим ўшанда ҳеч нарса демаган, лекин эрининг бу ғалати саволини ҳазилга йўйиб қўя қолган. Дадам ўша тиллақўнғиз рангли машинага ўз оёғи билан чиқиб кетганча- уйга қайтиб келмаганлар...
Сув омборидаги дачада ўйиндан сўнг- чўмилгани ташқарига чиққанлару- сувга эҳтиётсизлиги сабаб чўкиб кетганлар. Жиноят оламининг вакиллари бу ишни жуда катталашмай туриб, ҳаспўшлаб ёпишди. Энг қизиғи, ойим судда биринчи марта чегара оша келган ўз қайнотаси ва қайнонасини кўриб қолибдилар.
Мунғайиб ўтирган кампирга узоқ тикилибдилар, улар жудаям дадамга ўхшаб кетармиш.Шу куни билибдиларки, бу кампир дадамнинг сираям ўгай онаси эмас экан. Бу воқеаларни ўйласам, қўшни Рисолат бувини янаям ёмон кўриб кетаман.
Ҳозиргача дадамни ўйлайман: нега бундай ёлғон гапирганлар?! Нега ҳеч қачон ота-онасини ўйламаганлар, ҳабар олмаганлар?! Уларнинг ўртасидан нима оламушук ўтган-ки, бу муносабатларни дадам бирданига узиб қўя қолган?! Нега ўз ота-онасидан шунчалик узоқлашиб кетган бу одамнинг аммаси - Рисолат буви билан муносабатлари яхши сақланиб қолган?
Булар ҳаммаси очилмай қолган сирларимиздан бири...
5-қисм.
Иккинчи мактуб.

Ойим ўша воқеадан, сўнг анча пайт ўзини ёмон ҳис қилиб юрган эканлар. Уларнинг соғлиғи кейинчалик ҳам яхши бўлмаган. Болалигимда тоғамларникига кўп борардик, Мастура келинойим билан ойимнинг ўртаси совуқ бўлса-да, ёзги таътилимни албатта бувимникида ўтказардим. Кечқурун ошни еб бўлгач, тоғам кундуз куни ариққа ташлаб қўйилган тарвузни бизга сўйиб берардилар. Бу жудаям завқли бўлгани учун ҳовлидан торгина бўлган уйимизга сираям кетгим келмасди. Дадамнинг вафотидан сўнг ойим ўша уйда ўзидан-ўзи ваҳимага тушадиган, қўрқадиган, кечалари ухламай юриб чиқадиган бўлиб қолдилар.


Бувим ҳам бир куни -ойимнинг илтимосига кўра бизникига "ётиб кетгани" келгандилар. Кечаси нима воқеа бўлди билмадиму, улар бомдод намозини ўқибоқ, тугунларини қўлтиқлаб олганча, шошиб уйимиздан кетдилар. Ойим билан ярим йўлгача бориб, уларни кузатиб келдик. Шу бўйи бувим бошқа келмайдиган, фақат ўзимиз бориб турадиган бўлдик. Бир куни ойимга уларнинг: "Уйингни алмаштиришинг керак, Икрома! Аканг билан келишиб уйингни сотамизда- кейин бошқа уй оламиз!" деб гапираётганликларини эшитиб қолдим. Бунга жавобан ойим "буни ўзим ҳам ўйлаб юрибман, яқин атрофдан уй топила қолса, яхшийди" дедилар. Тоғам бу пайтда ҳам кўп ичардилар, лекин оёғида туролмайдиган бўлиб келсалар ҳам тўғри омборхонага кириб олар, у ерда ўзларининг йиғма кровати турарди. Мастура келинойимнинг оёғи ўша пайтда ҳам йиғиштирилмаган экан, мен ўн ёш бўлган пайтимда-бир куни ойим билан бувимникига шом пайтида шошилганча кетдик. Ўшанда у ерда қанақадир маросим бўлаяпти деб ўйлаган эканман. Ҳовли ўртасида тўйларда ёқиладиган катта лампочкали чироқ ёниқ турар, зулмат чўккан сари у янада чароғонлашиб кетгандек кўринарди. Биз ҳар доим ош ейдиган ёғоч сўрида мен танимайдиган ёши катта одамлар ўтирар, ундан пастда хотин-халаж, нарироқда эса баланд-паст стул ва курсилар қўйиб ўтиришган бошқа амакилар ҳам бор эди. Мастура келинойим устун олдида "жим" ерга қараганча турибди. Тоғам эса кўринмайди. Ойим қўли билан ичкарига киришимни буюрдилар. Айвонда каттагина йигит бўлиб қолган тоғамнинг ўғиллари Ойбек ва Отабек акамлар деворга суяниб, муштини тишлаганча жим ўтиришар, улар хатто бу ерга мен кирганимни ҳам сезишмагандек жуда карахт аҳволда эдилар. Ҳовлида бошида кўрмаган эканман, яна қанақадир бир амаки ҳам бор эди: у ерга қараганча-айб иш қилиб қўйгандек, жуда ғалати сўппайиб турар, кўпчилик ўша амакига қараб гапираётгандек кўринарди.
Деразадан ташқарини кузатаётганимни кўриб, Ойбек акам аччиқланиб ёнимга келди-да қўлимдан тортиб, бурчакка ўтқазиб қўйди: "Шу ерда ўтир, қимирламасдан!"
Одатда улар мени сизлаб гапирардилар, важоҳатларини сезиб бурчакка биқиниб, жим бўлиб қолдим. Ташқаридаги ғовур-ғовур овозлар тиниб, қандайдир амакининг нуқиб гапиргандек товуши янграгач, "гур" этиб ҳамманинг овози тенг кўтарилди. Шу пайт кимдир шапиллаб юриб келди-ю, биз ўтирган ёпиқ айвон эшигини очиб, акамлардан отасини сўради. Шундагина ичкари уйда одам борлигини сездим, тоғам вазмин қадамлар билан бизга ҳам қарамай, ёнимиздан ўтиб- ташқарига чиқиб кетдилар. Мен ҳалиям бурчакда ўтирардим, тоғамнинг ўғиллари эса-ўзлари дераза олдига бориб олишган, ташқаридагиларга кўринмаслик учун энгашиб ўтирганча уларни кузатишаётган эдилар.
Шу куни қўшни амаки билан Мастура келинойимни ўша эркакнинг қайнилари тоғдан ушлаб олиб келишган экан. Турмуш ўртоғидан ҳафсираб юрган аёл укаларини ҳам бу ишга жалб этган, оқибат эса мана шундай шармандали вазият билан тугаганди...
Тоғам билан келинойим яна ажрашишди, бу сафар Отабек ва Ойбек акам бувим билан қолдилар. Мастура келинойимнинг ўзлари уйдан қўлга илинадиган нарсаларини олиб чиқиб кетдилар ва биз ҳам уйимизга ижарачи қўйиб- бувимларникига қайтдик..."

Зарифа шу сатрларни ўқиркан, ўйланиб қолди: бир муддат кўз олдидан яна қишлоқ одамлари, у ердаги баҳамжиҳатлик, қонун китобларида ёзилмаган-лекин қишлоқ аҳли учун риоя этиш шарт бўлган- шундай қоидалар ва уларни татбиқ этадиган нуроний оқсоқоллар ўтгандек бўлди. Зарифага энг таъсир қилгани- ойисининг шармандали аҳволини деразадан кузатиб турган ўғиллар тасвирланган ҳолат эди. Яна ҳаёлига Темур келиб, ичи эзилди: "Ўн бир йил бўлди, уни бошини эгадиган бирон иш қилмадим, қорнини оч қўймадим, ўгай оталар дўқини эшиттирмадим...


Эй худойим, шу боламга инсоф бер, қалбини ўзига яхши тарафини кўрсат! Меҳр-оқибатни дилига сол. Балки яхши она бўлмагандирман, лекин ёмон она ҳам бўлмадим..."
Зарифанинг кўзларига ёш келди, юраги бир ғижимлаб қўйгандек бўлиб-дорисини қидиргани ошхонага чиқиб кетди. Тепа бўлмада- унинг дорилари туради: Темур буни билмаса ҳам керак, чунки асабийлаштириб, жаҳлини чиқариб бўгандан сўнг одатда кўпинча ўзи кўчага чиқиб кетади. У қайтгунча Зарифа ичадиганини ичиб, йиғлаганича- йиғлаб, ўзини овутганча- овутиб, хаёли минг кўчага кириб-яна ўша боласидан ҳавотир оладиган она холатига келиб қолаверади...
Уйни юрак дорисининг ўткир ҳиди тутди: учтасини битта қилиб ҳам ичди, тилини тагига ташлайдиганини ташлаб яна диванга чўзилди.Уй сокин, лекин бу сокинликка кўникиб қолиш-хато, бирдан ўғлининг баланд мусиқаси янграб- Зарифани чўчитиб юбориши мумкин.
"Инсофга келиб қолар..."
Ўзини чалғитиш учун- онг остига бир савол ташлади: "Қуюшқондаги аёл! Кимлар қуюшқонда яшайди?! Ундан тошадиганлар кимлар?! Тошгач эса қаерга тўкилади?! Қуюшқонда- хаддини биладиганлар -тошмай эрийди, хаддини билмай- тошганлар эса- ё оловга ё кулга тўкилади!"
Ётган жойида телефонини қўлига олди, қаергача ўқиб етганини чамалаб, келган жойидан ўқишни давом эттирди:

"Бувимникида яшаётганимизга икки йил бўлгунча- уйимизда ўнлаб ижарачилар турди. Ойим жуда оз пул сўрасалар ҳам бора-бора нарҳ янаям пастларди. Сабаб энди менга ҳам маълум бўла бошлаган, одамларнинг гапига кўра- бизнинг уйимиз "жинлар макони"га айланган эканлигини тушуниб қолгандим.


"Шунақа бўлиши мумкинми?!" деб тинмай ўйлардим, кечалари ухлаш олдидан ўша жинларни тасаввур қилиб, қўрқиб кетардим. Бизнинг қўшни қизлар билан "ажина айтиш" ўйинимиз бўларди. Ҳаммага бировдан эшитган қўрқинчли хикоямни айтсам: "уйларингда ҳам кўрганмисан?!" деб ўзимдан сўраб ҳам қўйишарди. Тўғрисини айтардим: "бизнинг уйимизда ҳеч нарса йўқ!", чунки ўзим бунга ишонмасдим...
Ўша пайтда ишонмасдим, лекин ишонмаган нарсамдан ҳам жуда қўрқардим...
Ойим кейин у уйга ижарачи қўймай қўйдилар, уйни сотолмадик ҳам. Бувимникидан ошган нарсаларни тез-тез ўша уйга элтиб турардик. Борганимизда сирлироқ туюлган ҳеч қандай воқеанинг гувоҳи бўлмаганмиз, бора-бора мен буни ижарачилар ўйлаб топган "баҳона" бўлса керак деб ўйлай бошладим.
Бир куни ойим билан ўз уйимизга кўрпача олиш учун яна бордик. Ойим кўрпачалардан бирига қўл суқдилару, дарров қўлларини у ердан тортиб олдилар. Орқага ташланган бир қадамдан билдим-ки, нимадир содир бўлди!
У ерда дадамнинг пакки пичоғи бор экан. Ойим уни- мен ушлашимга қўймадилар. Пичоқни олиб- газетага ўрадилару, мен билан бирга бориб, уни сойга ирғитиб келдилар. Қайтаётганимизда ойим негадир орқада қолаверди. Секинлаб юрдим, барибир улар жуда секин юрардилар. Пешоналарини муз тер босган, ранглари докадек оқариб кетганди. Оёқ букиб-ўтириб, менга қўллари билан" эътибор қилма, яхшиман" дегандек бўлдилар. Тепаларида тургим келмай ёнларига ўтирдим, кўйлакларининг олдини очдилар, кафтим билан елпидим. Анча ўтирдик, ойим бироздан сўнг гапирдилар: "Тез-тез бошимнинг шу томони оғрийди, пул топганимда дўхтирга тузукроқ кўрсатишим керак, бабу!" Ойимнинг ўша жойларини пайпаслаб кўрдим, жим кўзларини юмиб турдилар. Бир амаллаб бувимникига етиб келганимизда вақт аламаҳал бўлганди, ойим шу бўйи ўн кун ўзидан ўзи куракларини кўтаролмай ётдилар. Бувим мени ёнларига чақириб, бир икки нарсани ижикилаб сўради. Уйдаги воқеани сал учини чиқарганимдан сўнг, тоғамга айттириб- ойимга "дам солиб қўйиши учун" бир мулойимгина амакини уйга чақиртиришди. Бу одам уйга киришдан олдин бувимга нимадир деди, ойимнинг юзини чит дуррада ёпиб, юзи кўринмайдиган қилиб қўйганимдан сўнггина ичкарига кирдилар. Бироздан сўнг қори амакининг чиройли овози айвонда акс садо бера бошлади, мени негадир бу овоздан ичимда қўрқув уйғониб, дир-дир титрай бошладим. Томирларим худди ерга ташлаб қўйиб, бир учи ҳавода чайқатилаётган арқондай ўйнай бошлади. Чиқиб кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турганимда- қори амаки сал ёнлаб қарадию, менинг ҳам юзимга рўмол ташлашлари кераклигини айтди.
Ўша куни мен ҳам ойим ҳам хушимиздан кетиб, бувимнинг роса юрагини ёрибмиз...
Хушимдан кетган пайтимда қанақадир туш кўрдим: унда жуда қоронғу уйда тентираб юрганмишман.Бурчакда кимдир ўтирарди, бу одамнинг кимлигини шу зулмат сабаб билолмадим.Билганим у қимирлаганда нимадир шириқлагандек овоз чиқарарди. Ўша қоронғу уйдан зулмат тарқамай туриб, қаёғдандир бир тирқич борлигини сезиб қолдим. Ўша тирқичга бармоқ тиқиб кўрдим, четларини тирнаб катталаштирмоқчи бўлдим. У тирқичдан фақат овоз ичкарига кирарди: қулоғимни унга босиб тингладим. Худди бу овозни қаердадир эшитгандек бўлавердим...
Уйғонганимда -уйда ойимнинг ёнида ётардим. Улар ҳалиям турмагандилар.
Ўша қори амаки кейин тоғам олдиларига борсалар бизникига келишни истамай рад этибди. Лекин ойим эртаси куни ўрниларидан туриб, ташқарига ўз оёқлари билан юриб чиққач- тоғам бошқа "ўқийдиган одам" ни қидириб, оввора бўлмай қўя қолдилар. Тоғам ва бувим тинмай ўша бир ўқишдаёқ ойимни ўрнидан тургазиб юборган қорини мақташганида менинг негадир бунга ғашим келарди.
Ойимни тоғам мактабга котиба бўлиб ишлашга гаплашиб келдилар, уларнинг назарида сингилларини-уй, дадамнинг ўлими анча зада қилгандек эди. Ойбек акам ҳам ўқишга бормай, музқаймоқ сотадиган дўконга ишга чиқиб кетдилар, лекин тоғамнинг қайнотаси бунга жаҳл қилгач, яна ўқишга кам борадиган, эртадан-кечгача уйда бир нарсалар ясаб юрадиган холатига қайтди. Мастура келинойим ҳалиям ўғилларини кўча бошидан кўриб кетарди, лекин улар ойиси билан учрашмасликка харакат қилишларини ҳаммамиз билардик. Қўшни қизлар билан гаплашиб ўтирсак, ўша Мастура келинойим юрган одамнинг қизи -менга жуда ғалати муомала қиларди. Ҳар гапимга лаб буриб, ўзича майна қилиб- алам олгиси келарди. Бир куни ўша қиз очиқчасига мени ҳафа қилди:
"ж... блар билан гаплашишга қовоғим учиб тургани йўқ!"
Ўша пайт дилим оғриган, ойимга айтмаганман, лекин ҳозир бу нарсаларни ўйлаб, тоғамнинг ўғилларига ҳам ва ўша "аламини ичиб чиқазаман" деб юрган- тоғамга ҳам ўшанда осон бўлмаганини тушунаман...
Кутилмаганда Хуршид тоғамда жигар церрози юзага чиқди. Унгача озиб, ранги пастлаб кетаётганини "сиқилиш" дан деб юраверганмиз. Даволатишга ойим “уйни сотиб бераман” деб яна харакатга тушиб қолдилар. Ишлаётган мактабларидан кимларнидир олиб бориб уйни кўрсатар, иш юришмагани, тоғамнинг аҳволи ёмонлашаётгани сари -ўзлари ҳам бесаранжом бўлиб қолгандилар. Докторлар ноумид қилгач, табибларга чопиш бошланди. Бир куни айвонда ўтирганимизда тоғамнинг қайноталари уйимизга келди, қўлларида кўк пакет бор эди.
Айвон четига қўйиб, у тоғамнинг ёнига яқинроқ келди. Сўз бошлаб, биринчи гапирган гапи-"шунақа экан, ичмаслик керак эди!" деган ниқталаш бўлди. Тоғам бор кучини тўплаб ўтиришга харакат қилдилар. Уларнинг кўзлари атрофга нурсиз боқар, кўриниши ҳам бир аҳволда эди. "Дарднинг каттасини ўзингизга қайтариб берганман, буниси эса -Оллоҳ берган дард! Саломат бўлинг, энди кетаверсангиз ҳам бўлади!"-деб қайноталарига руҳсат бериб юбордилар.
Семиз амаки пишиллаб ўрнидан турдилару, сумкани жойида қолдириб чиқиб кетдилар. Тоғамнинг бир қўл харакати билан- Отабек акам ўша кўк пакетни кўтариб, уларнинг ортидан ғизиллади. Шу воқеадан сўнг тоғам унча кўп яшамадилар, ойим эса уйни яна сотолмай қолиб кетди. Хуршиджон тоғамнинг вафотларидан кейин бир йилга бормасдан, рўзғор анча тортилиб қолди. Кутилмаган воқеа эса қишнинг ўрталарида содир бўлди. Мастура келинойим келиб, бувимнинг пойига тиз чўкканида- ҳаммамиз ҳайратдан қотиб қолгандик. Отасини йўқотиб, ичи зада бўлиб турган Отабек ва Ойбек акамлар ўшанда ойисини кечиришди. Мен шу жойда улар қалбан тоғамга ўхшашларини сездим.
Отабек акамнинг кетгилари келмадими, бувимнинг ёнларига бориб, уларни қучоқладилар. Бувим эса уларнинг иккисини ҳам насиҳат қила-қила ойисига қўшиб кузатди. Биз кенггина ҳовлида- бувим, ойим ва мен қолдик. Онам ҳар куни эрталаб ишга кетар, асрга яқин жуда ўйчан ҳолда уйга кириб келарди, бувим мен мактабдан қайтгунча бир ўзлари айвонда ўтирардилар. Ойим ишга чиққанидан сўнг уйимизга ҳар ҳил аёллар уларни сўраб кела бошлашди. Бувим билан гаплашгач, ўша аёллар мени ҳам ёнларига чақиришар, ёшимни ва исмимни сўраб, ҳар ҳил саволлар беришарди. Бир куни ойим негадир кўзимга жуда бетоқатдек кўринди, бувимнинг насиҳатларига ҳам сал узуқ-юлуқроқ жавоблар қайтарганини сездим. Кечаси бир ўринда ётарканмиз, ойим чуқур ҳўрсиндилар, сўнг менга қараб, кутилмаганда: -Қизим, дадангни эслаб турасанми?!- деб савол бериб қолдилар. Шу пайт дадам ҳақида ўйлай бошладим: яхши пайтларимизни, мени ўйнатганлари, машинада айлантириб келганлари ва олма арчиб берган ҳолатларини кўз олдимга келтирдим. Кейин эса онамни туртганлари-ю, баланд овоздаги дағдағалари, ойимнинг эса улардан қўрқиб, юзини қўли билан ёпганча -бурчакка биқиниб турган пайтлари кино лентасидек оқ-қора тасвирларда кўзим ўнгидан ўтди, лекин ортиқ уларни куттирмаслик учун "ҳа, эслайман!" деб жавоб бердим.
Шундан сўнг, ойим дадам ҳақида анча нарсаларни гапириб бера бошладилар, уларнинг нега ҳозир бу гапларни гапираётганини тушунмаётган бўлсам-да, гапларини бўлмай "жим" ётиб эшитдим. Гапира-гапира ойим йиғлай бошладилар, жим юзларига қараганча ётаркаман: "демак улар- дадамни урсалар ҳам яхши кўрарканлар-да" деган хаёлга бордим. Бир ҳил зайлда йигирма кунча онам дадамни шундай ҳар кеча эсладилар, ҳар сафар- фақат яхши тарафларини топиб гапирар ва оҳирида албатта йиғлашни ҳам канда қилмасдилар. Нега бундай қилаётганларини сал кейинроқ тушундим. Бувим мени ёнларига чақириб "Ойинг ҳали ёш, бошқа одамга узатмоқчимиз, сен нима дейсан?!" деганидагина ҳаммаси бирдан- мен учун равшан бўлди. Мактабдаги оҳирги қўнғироқ янграган куни кечки пайтда ойимни олиб кетиш учун беш-олтита хотин келди. Ярим соатлардан кейин эса уйимизга уч-тўртта эркак киши кириб келиб, ичкари уйда ойимга никоҳ ўқилди. Мен бу одамлар ичида қайси бири ойимнинг -янги эри эканлигини бир қарашда билолмадим. Чунки ҳеч қайсиси ойимга мос эмасдек эди. Онамни ўша хотинлар олиб кетишди, кечки дастурхонимизда- ярим лаган кундузги ошни бувим билан иккимиз иситиб, ҳувиллаб ўтирганча гаплашмасдан едик...
Бувим кечаси анча пайт айвонда тасбеҳ ўгириб ўтириб, сўнгра ёнимга кирдилар. Жойимни дарров уларнинг ёнларига суриб олдим. Кенг ҳовлида энди иккаламиз қолгандик. Ҳозир эсласам, улар билан яшаган пайтим ҳаётимнинг энг яхши пайтларидан бири бўлган экан. Биз гўёки бир оролда қолган Робинзон ва Жумавойларга ўхшардик. Бувим бўш қолдим дегунимча дарров ёнларига чақириб, ибратли хикоятларни, кичик дуоларни менга ўргатар эдилар. Ёзги таътилимда эса- маҳалла бошидаги Роҳила отинга шогирдликка беришди. Лекин у ерга бориш деса, доим юрагим сиқила бошлар, отиннинг ўтадиган дарслари жуда уйқумни келтирарди. Бувимга бу ҳақда ҳеч нарса деёлмасдим, бир амаллаб “муаллимус- соний”ни ўрганиб, битирдим. Бу орада ойим- тушган жойидан икки марта бизни хабар олгани келиб, кетдилар. Илк келганларида анча пайт қучоқлаб турдим, ойим назаримда янаям озиб, хивчинга ўхшаб қолгандек туюлди. Деярли тўйиб гаплашолмадик, ташқарида қандайдир машинанинг сигнали эшитилгандек бўлди-ю, ойим шошиб ўрниларидан турдилар. Уларни кузатгани чиқарканман, эски москвич рулида ўтирган катта ёшли одамни кўриб, ҳайрон бўлдим. Ўша одам хатто бувим билан саломлашиш учун машинадан ҳам тушмади. Лекин бувим қизини машинада олиб келиб, олиб кетиб юрган- бу куёвидан барибир розидек эди.
Юрак ютиб, бувимга савол бердим: "нега ойимни бунақа катта ёшли одамга узатдингиз?!" Улар эса "унақа дема, айб бўлади!" деб жавоб бердилар. Куз кириб келаётганди. Бизни баъзида бувимнинг укаси бўлган Нусрат опоқи, баъзида тоғамнинг ўғилларидан бири Отабек акам ёки Ойбек акам йўқлаб турардилар. Ҳар кеч туша бошлаганда ичимда ғалати ҳавотир уйғонар, худди бизнинг уйимизга ўғри тушадигандек ваҳима босарди. Бувим эса ҳар куни ўз одатига кўра айвонда роса дуо ўқигач, кейин ёнимга кириб ётардилар.
"Буви, ўғрилар сездирмай девор ошишармикан ёки қулфни бузишармикан?!" деб сўрардим. Бувим эса: "аввало Ўзига омонат, кейин билсанг, ўғри ҳам билиб тушади, бизда ўғирлайдиган нарса йўқ-ку!" дердилар. Бувим менга энг кўп гапирадиган гапларидан бири: "ўлсам, сендан дуо кутаман!" деган сўз эди. Ҳар ухлашга ётишимиз олдидан улар мендан ёдлаган дуоларимни айтиб беришимни сўрар ва ўша гапни ҳар гал албатта оҳирида қайтарар эдилар.

-Муаллим сонийдан сўнг тўхтаб қолдинг, илминг чала қолди. Кўзим очиқлигида Роҳила отинни этагидан маҳкам тутиб ўрганиб олганингда яхшийди...


Мен эса ҳаммасини индамай эшитардим. Мактабим бошланди. Биринчи кунданоқ, дарсим тугагач, ойим ишлайдиган мактабга боргим келди. Одина деган синфдошим билан- пиёда анча юриб, ўша мактабга бордик: афсуски, ойим ишдан аллақачон бўшаган эканликларини билмагандим. Ойлар ўтган сари- онамни соғинавердим, бувимга буни билдирмасам ҳам, уларни кўргим келганда- эски халатларини яширинча ҳидлаб-ҳидлаб ўтирардим.
Октябрнинг ўрталарида кутилмаганда- эшик очилиб, ойим кириб келдилар. Бу сафар- ҳалиги эски москвичдаги амакисиз, бир ўзлари келгандилар. Улар янада озиб кетгандек, кўзлари ҳам жуда ғамгин эканлигини пайқадим. Хаёлпаришон, гўёки бувимга тўкилигиси келиб ўтиргандек эди. Ниманидир гапириб, озгина ҳафа бўлгандек бўлишлари билан ҳолироқ гаплашиб олишлари учун туриб, ташқарига чиқиб кетдим. Сезишимча, ўша амакининг қизлари-ойимга сираям кун беришмаётган экан. Уйга қайтиб кираётганимда, ойимнинг оҳирги сўзларини беихтиёр эшитиб қолдим: "ҳавотир олманглар, ҳеч қачон уй-жойларингизга даъвогар бўлмайман, деб айтдим!”
Шундан кўп ўтмай, онам бутунлай ажрашиб келдилар. Энди улар янаям тушкунликка тушиб қолган, кўпинча қўли ишга бормай, бир нуқтага тикилиб ўтирар, хаттоки бувимнинг гаплари ҳам қулоғига кирмаётгандек, ўзи билан ўзи бўлиб қолганди. Мен ойимга ич-ичимдан ачинсамда, аслида уларнинг қайтиб келганларидан жудаям ҳурсанд бўлдим: "Ўша кеккайган амаки ўзи ойимга ҳечам мос эмасди. Ўз қизини ташлаб унинг эшигига борса-ю, у одам эса аёлининг хаттоки ойисига ҳам ҳурматини қизғанса..."
Бувим тинмай қизини овутишга харакат қилар, онам эса гапирмагани билан бувимдан гўёки яна иккинчи марта ҳам мажбуран турмушга узатганликлари учун ҳафалигини сездириб қўяётгандек кўринарди. Эски ишлаган мактабига тикланолмаганидан сўнг, ойим уйимизга узоқроқ бўлсада, техникумга котибаликка ишга жойландилар. Энди онам шом пайтидан ўтиб, уйга қайтар, ҳар сафар юзлари жуда тунд ва чарчоқ эзгандек ҳорғин кўринарди. Янги йилга таътил олишимизга оз қолган кунлардан бири эди. Ойим деярли кунлар қисқалиги сабаб, жуда бемаҳал бўлиб қолганда ишдан қайтдилар. Қоронғу уйда чироқ ёнавермагач, уларнинг олдига хабар олиш учун кирдим. Чироқ ёқиш олдидан- "хона ичида" деб билганим- ойимга сўз қотдим:

-Ойи нега қоронғуда ўтирибсиз, чироқни ёқмайсизми?!


Ўша пайтдаёқ- онгимда бир нарса "ярқ" этгандек бўлди: бу ҳолат менга худди олдин ҳам содир бўлгандек туюлаётганди. Ажабландим. Чироқни ёқиш учун илгакни кўтарарканман: негадир чироқ ёнмади! Энди ҳамма жой зулматга чўмган ва бизда бутунлай чироқ ўчганини тушуниб етгандим. Шу пайт нимадир шиқирлади-ю, мен турган жойимда қотиб қолдим: эсладим, бу воқеа тушимда бўлганди!
Ҳа, анча йил олдин домла бизни ўқигани келганда худди шу воқеани тушимда кўргандим. Зулмат уй ичида худди мендан бошқа яна кимдир бордек эди. У қимирлаганда нимадир шиқирларди, кейин қаердандир нур тушгандек бўлди-ю, мен нур тушаётган жойни очишга харакат қилиб тиришганларимни эсладим. Йўқ, ўшанда у тирқишдан овоз эшитилганди! Тўғрироғи, мен ўша тирқишга қулоқ босиб туриб, ўша овозни эшитгандим...
Айни овоз ҳақида ўйлаб, карахт ва лол турган пайтимда хона ичида онамнинг овози эшитилди:

-Мени тинч қўй! (ҳўрсиниқ) Жуда чарчадим... ўзим чиқаман!

Қоронғуда онамнинг олдига боришни ҳам ташқарига чиқиб кетишни ҳам билмай турардим. Орқага қайтдим. Бувим шам қидириб турган эканлар, бир амаллаб шам ёқдик. Улар ҳам онам ҳақида сўрадилар, кейин паст овозда "Икроманинг кўнглига қараб иш тутмаганим учун ўзимни кечиролмайман" дедилар...

Зарифа опа воқеалар бир ипга тизилган ҳолатида сизга узмасдан ёзишга харакат қилдим. Лекин ўзимга боғлиқ бўлмаган холатлар ҳам бўлди...


Учинчи мактубдан биз учун олдингисига ўхшамаган яна бошқа бир олам бошланади. Сатр сўнгида яна озгина онам ҳақида ёзмоқчиман. Улар авваллари дадам ҳақида доим яхши гапларни гапирардилар, лекин ўша иккинчи турмушидан сўнг онам -тамомила ўзгарди: ҳеч кимга ишонмайдиган, асабий, қанақадир бесаранжом бир ҳолатга кириб қолдилар. Уларга тикилиб туриб баъзан таниёлмай қолардим. Нимадир содир бўлди-ю, онам руҳан инқирозга йўлиқа бошладилар...
Бу ҳақда кейинги мактубимда ёзаман...
Агар кутсангиз...”

Зарифа шу оҳирги сатрларни ўқиркан, ўйланиб қолди. Юмшоқ кўнгил ва ройиш одамлар ташқи таъсирларга тез берилади яна... "ёғочнинг бўшини қурт ейди доим!"


Уларнинг тақдирини кимлардир ҳал қилади ва кейин ўзи ҳоҳласа таскин бериб, ҳоҳламаса секин четга чиқиб кетаверади...
Шу куни қиздан бошқа хат келмади, эрталаб машинасини қиздираркан жим-жит телефонига қараб, Зарифа аввалига ажабланди. Яхшики, Шоира бор, кеча берган топшириқларини бажариб, эрталабдан яна йўқлаб у телефон қилди. Янги сценарийни бошки қисмлари учун Юнус ака-шу ўн беш куни ичида нимадир қоралаб беришга ваъда берибди. Демак, яна озгина кутиб туришади...

"Кўзойнак учун эртага оптикага яна бир учраши керак, мана буниси гўёки ўзини ўн йилга қаритгандек қилиб қўйди..."


Шу ўйлар билан ишхонасига кириб борди. Остонадаёқ, қанқадир ғалати кийиниб олган, лекин кўзидаги-қора кўзойнагини тез-тез ушлаб қўяётган бир аёл унга пешвоз чиқди. Йўлидан тўхтамай, аёлга бош ирғаб, ўтиб кетмоқчи эди, кутилмаганда у Зарифанинг тирсагидан тутиб қолди:

-Зарифа опа! Мен Дилрабоман... Танияпсизми?!

Қора кўзойнак- боя асосий эътиборини тортгани учун у бу чеҳрага аҳамият бериб қарамаган экан, синиқ табассум ва овоз- қулоғига танишдек туюлиб, тўхтади.

-Дилрабо?!

Аёл кўзойнагини ечди-ю, Зарифа тошдек қотиб қолди. Бу аҳир Дилрабо-ку! Бу қизни ўзи-"Тақдирлар" да актриса сифатида кашф қилган эди. Кейин яна қайсидир кинода ва клипларда кўргандек ҳам бўлди. Лекин ҳозирги аҳволи...

-Опа, жудаям ёмон аҳволдаман, сизнинг олдингизга келишга мажбур бўлдим, илтимос ёрдам беринг!

-Қанақасига Дилрабо?! Қандай қилиб, бунақа аҳволга тушиб қолдинг ўзи?!

Аёлнинг устидаги кийимлар- ювилавериб ранги ўчиб кетган- шим ва қора, ранги қизариб елкалари чўзилиб кетган капюшонли арзон-трикотаж толстовка эди. Елкасига осиб олган- хуржунсифат сумкаси ҳам жуда эски, тутилаверганидан боғичларидаги сунъий чарм тўкилиб, латта қисми очилиб қолибди. Демак, ростдан Дилрабонинг аҳволи чатоқ, Зарифа олдинлари ҳам- ҳаёти аччиқ актрисаларни кўп кузатган: уларнинг таксиларда юриш учун даромади унақа кўп эмас, йўналишли автобусларда эса- дарров суратини кимдир телефонига олиб, дийдиё каналларда тарқатиб юбориши мумкин бўлган вазиятлардан қўрқишади. Шунда яхшиямки, уларда қора кўзойнак ортига яшириниш имкони бор.Тўй бизнесига аралашдиганлар-улар умуман бошқа олам, бу ҳудди- ҳар ким ҳам савдогар бўлолмайдигандек гап. Зарифа ҳам савдолашолмайдиганларнинг биттаси, балки шу учун- ундан фойдаланадиганлар кўп бўлса керак...


Дилрабони ичкарига таклиф қилди. Шоира улар билан ажабланиб, саломлашганча- ўзи ташқарига чиқиб кетди. Диванга чўккан- аёлнинг олдинги туришидан баъзи бир қилиқлари ҳалиям сақланиб қолган экан: кўзойнагини авайлаб ёнига қўйди-ю, Зарифанинг қаршисида оёқ чалмаштирди.

-Қутулолмаяпман, нима қилай, Зарифа опа?! Миямдаги фикрлардан, хаёллардан, ичимдаги кучайиб кетган- нафратдан умуман қутулолмаяпман! Одамни "унутиш" наҳотки, шунчалар қийин бўлса?!



Зарифа у гапираётган "мавзу" ни жуда яхши биларди. Ўн беш, йигирма йиллар олдин- санъат олийгоҳининг икки талабаси бир-бирига кўнгил қўйди. Ўша пайтларда йигитдан кўра- қизнинг келажагига кўпчилик ишонар, Дилрабонинг биринчи роли гарчи оғизларга тушмаган бўлса-да, салгина чеҳраси кўзга ташланиб улгурганди. Кутилмаганда, йигитнинг -омад оти чопиб кетди. Кетма-кет яхши фильмлардаги роллари билан у қизларнинг-севимли актёрига айланди. Лекин ҳалиям ўртада муҳаббат бор эди. Яна ўртада-баъзи воқеалар ҳам бўлиб ўтган!
Дилрабонинг туйғулари энди чинакам "сароб" га айланаётган паллада- Зарифа уни ўзи олаётган "Тақдирлар" сериалига таклиф қилди. Экранларда уни кўпчилик ёқтириб қолган ва у оғизга тушиб бораётган бўлса-да, съёмка пайтида Зарифа Дилрабодан кўп аччиқланарди, тўғриси уни бу ишга жалб этганига ҳам ўзини-ўзи кейинчалик ҳам кўп марта койиди. Чунки Дилрабо- "кайфият одами" эди.
Энг ёмони эса- у одамларда кам учрайдиган, ўзидан аянчли из қолдирадиган- муҳаббат эгаси, "фақат бир инсонгагина қалбини берадиган, бергач эса- тамомила унга асир бўладиган, агар у тарк этса, секин аста ўзини ўзи емириб йўқ қиладиган-ўта ҳиссиётли қалб соҳибаси эди" Мана оқибатини ўзи кўриб турибди, демак ўртадан ўтган ўн йил ҳам уни заррача ўзгартиролмабди...
Дилрабо ўз қийинчиликларини сўзлар, иш излаб- ҳорижга чиқиб кетганини ҳам, уйсизлиги-ю, яқиндагина ўғирлатиб қўйган хужжатлари ҳақида ҳам тўлиб-тошиб Зарифага гапириб ўтирарди.
-Оҳирги умидим-“Илҳом”да ишлаш эди, хужжатларимни бекатда ўтирганимда ўғри уриб кетганидан сўнг, бу ниятим ҳам пучга чиқди. Оқил акага учрашдим, "кинога олинг мени, зўр қилиб ўйнаб бераман" дедим, тўғриси ҳозир уни "ака" дегим ҳам келмай қолди. Биласизми, нима?! Кўзимга тик қараб-"зўр ўйнайсанми, қолсанг, кўрамиз-да" деди ноинсоф!
Дилрабо анча пайт жим бўлиб қолди, кейин Зарифага ғалати мўлтираб қаради:
-Биламан, ўшалар битта гапга-мингта қўшиб, "унга" етказишади, "Дилрабо билан бўлдим" дейишади, "у" эса бу гапларга чиппа-чин ишонади! Нега бунақа, Зарифа опа?! Мен унга ишонаман-ку, ҳалиям... Нега у унақа эмас...
Бу ёғи яна ўша-"эски мавзу" очилгандек эди, Зарифа қилгану, қилмаган ишлари учун тинмай изтироб чекаётган-бу аёлга қараб, ич-ичидан ачинди, ҳозир унга бор ҳақиқатни айтсинми ё айтмасинми?! 
"Эй инсон, эй аёл, нега ўзингни бунчалик қийнайсан?! Унут- ўшани, ўз ҳаётингни изга сол, оёққа тур, бахтли бўлишга ҳаракат қил, шундагина унинг эътибори сенга тушади, шундагина- у сени тан олади! Қалбинг буюк эканлигини ҳис қилади, унгача бу қурбонликларинг билан уни ишонтиролмайсан!"
Зарифа шу гапларни Дилрабога айтишга иккиланарди, лекин айтолмади. Фақатгина бир оғизгина гап гапирди:
-Нимага Тошкентда қийналиб юрибсан? Онангнинг олдига борсанг бўлмайдими?!
Дилрабо Зарифанинг мулойим оҳангда гапирган бу сўзларидан ҳам негадир тошиб кетди:
-Опа, нимага ҳамма ёрдам сўраб борсам, дарров насиҳат қилишга ўтиб кетаркан-а? Узр, сизни ҳам безовта қилдим, бир пайтлар ёрдам берганингиз учун ёнингизга келгандим, эркаклар ана бу гапни айтишгани учун сизни тушунган аёл деб...Ҳа, майли, кетақолай!
Зарифа нима дейишни билмай қолди, гапиргани шу бир оғиз сўз бўлди ҳолос, агар ҳаммасини айтганидами?!
-Менга қара, Дилрабо, ҳой тўҳтагин!
Аллақачон ўрнидан туриб бўлган, ҳуржун сумкасини елкасига илиб, кетишга тахт турган Дилрабо- бу пайтда кўзойнагини олиш учун диванга эгилган эди. Зарифа келиб унинг тирсагидан оҳиста тутди:
-Бир оғиз гапимни эшитмайсанми?! Бу қанақаси?! Одамлардан шунчалик кўнглинг қолиб, паймонанг шунчалик тўлиб кетдими?! Нима учун- онанг ҳақида гапирдим, биласанми?! Мен вақтида шу ижодни деб, онамнинг ғанимат эканлигини пайқолмай қолдим. Гапирсам, насиҳат қилсам- ўз ҳаётимдан келиб чиқиб-гапириб, насиҳат қилдим...Синглим деб! Эртага балки, машҳурликка яна эришарсан, яна ҳаммаси жойига тушиб кетар... Лекин ўшанда онанг ёнингда бўлармикан?! Шуни бир ўйлаб кўр!
Дилрабо бу гапларни жим туриб эшитди, кейин сал жилмайиб, Зарифага бош чайқади:
-Сиз билмайсизда...Зарифа опа! Қўйинг, сўрамай қўя қолинг...
Зарифа чиндан ҳам унинг кўнглидан нима ўтаётганини тушунолмаётганига ўзи ҳам ишонди, шундай бўлса-да, қаршисида турган шу холатдаги Дилрабога яна негадир умид бергиси келди:
-Менга қара, ўн беш кундан кейин пробага кела оласанми?! Маслаҳат қилардик, буниси яна янги сериал! Буюртма бўйича юз эллик серия бўлади...
Дилрабо энди самимий кулиб, Зарифани қучоқлади:
-Ростданми? Нега боя айтмадингиз?! Яна юлдуз қиласизми мени?! Ҳаа, балки ҳаммаси энди яхши бўлиб кетар ростанам... Фақат ўн беш кун, ўн беш кунгина кутсам бўлдими?!
Зарифа унинг чеҳраси очилганидан ҳурсанд бўлди, лекин бу ёғи "аввал отга минма, кейин кетим оғриди дема!" деган мақолдан бўлишини сезиб, ичи зириллади. "Ёрдам қилмасам бўлмасди-да!" дебя ўйларкан, Дилрабони ўзи хонадан чиқмасдан- кузатиб қўйди. Ташқарини кўрсатувчи ойнадан ҳозиргина ёнидан чиққан- аёлнинг қушдай учиб, шитоб кетишини кузатиб тураркан, унинг илк ролидаги маъсум чеҳрасини эслади. Сочлари ҳам, кўз қорачуғи ҳам тим қора, нафис бир қиз эди. Унинг ҳозирги туриш-турмушига қараб, ичи эзилди: тавба, унга нима бўлди?! Хатто унинг ҳозир қаерда яшаётганини ҳам сўрамабди...
Хаёли қаёғда эди?! Хатто телефон рақамини ҳам олиб қолмабди, балки телефони ҳам йўқдир...
Зарифа Дилрабонинг ўн беш кундан сўнг барибир ёнига келишидан умид қиларкан тинчланди, "ҳа у албатта ёнига келади!" 
Хонага Шоира кириб келди, боя у ҳам Дилрабони танимаган экан- Зарифанинг гапларига озгина чимирилиб ўтирди:
-Майли-куя, лекин ёрдам қиламан дебсиз, бу ёқда ҳали сценарий ёзилмаган бўлса, унга мос роль бўладими, йўқми?!
Зарифа жим бўлиб қолди, кейин қисқагина елка қисиб Шоирага қаради:
-Шоир, билмайман, негадир уни шунақа деб кузатгим келди, ўн беш кун бўлса ҳам ҳурсанд юрадику, кейин кўрармиз. Лекин у эплайди, кампирнинг ролини берсанг ҳам қойиллатиб ўйнаб бера олади, фақат хоҳиши бўлса бўлди!
-Хоҳиши денг- Шоиранинг минғирлаб гапирган гапи боя Зарифанинг ҳам кўнглидан ўтган ва ичини ҳижил қилиб турган ягона ўй эди. Телефонида янги ҳабар доирачада кўрингандек бўлди, шошиб уни қўлига оларкан, Шоира унга ажабланиб қараб қолди. Ваниҳоят "қуюшқондаги аёл" дан учинчи мактуб келганди: мактубнинг ҳажми анча узун, олдинроқ нимададир ёзилиб, кейин мессенжерга олиб ўтилган бўлса керак. Зарифа мактубни ўқиш олдидан Шоирага бир кўз ташлаб олди:
-Юнус акадан ҳам бир хабар олиб қўйиш керак, ишқилиб чўзиб юбормасин-да...
Шоира Зарифанинг бу гапидан уни ҳоли қолдириши кераклигини тушуниб, телефон қилиш баҳонасида хонадан секин чиқиб кетди. Зарифа кўз ойнагини таққанча - телефондаги ҳозиргина янги жўнатилган мактубни ўқишга тутинди:
Учинчи мактуб!
Бувимнинг таъбирига кўра ойимни жин чалибди. Бу гапда жон борми ё йўқ, бошида англамадим: ойим кундан кунга сержаҳл, жанжалкаш ва аразчи одамга айланиб борарди. Қайсидир куни бувим нимадир деганди, ойим вулқон портлагани каби жудаям тутоқиб кетди:
-Тўйдим ойи! Ҳаммасидан тўйдим, мендан нимани ҳоҳлайсизлар ўзи!
Бувим бу важоҳатга озгина пайт анграйиб турдилар, кейин анчагача жим бўлиб қолдилар. Ойим мени ҳам кўп танқид қиладиган, келажагим ҳақида қўрқинчли таҳминлар айтадиган одат чиқарди:
"Бу феълинг билан нима бўласан экан?!, ҳали кўраман! Эринг сочингдан ҳар куни бураб уради, қайнонанг эса бир кун эшигида тургазмайди..."
6-қисм.
Бувим эса бошқа ойимга гапиришга чўчиб қолдилар. Менинг аввалги-шикаста қалбли, чумолига ҳам озор бермайдиган онам қаёққадир ғойиб бўлган, ўрнига ноумид, гина қиладиган, ҳаммани айблайдиган бошқа бир аёл пайдо бўлганди. Оқшомлари онам яна асабий тусга кирардилар, бир нафасда тўхтамай- дадам ҳақидаги ғалати воқеаларни гапириб берардилар. Уларнинг ойимга уйланиши, қўпол қилиқлари, учрашув пайтидаёқ ўпиб олганлари, қимор ўйнаши, уриб-тепкилашлари, мени туғадиган куни бўлган воқеа- ҳаммасини ана шу пайтларда такрор-такрор эшитиб, онамнинг руҳий холатлари издан чиқаётгандек туюлиб, ажабланардим.
Дарҳақиқат бу хикоялар тасаввуримдаги- дадамнинг айнан мен билган қиёфаси эди! Фақатгина нега шунча пайт уларни мақтаб келган ойим- энди нега ёмонлаётганига ақлим етмаётганди...
Бир куни мактабдан келсам, уйда ойим йўқ! Бувим эса йиғлаб ўтирибди. Зоя холадан олган ва дадам билан ҳаётимиз кечган ўша "жинлар макони" бўлган уйимизга бордим. Ойим ўша ерда экан. Олдиларига дадамдан қолган уч тўртта нарсани қўйиб олибдилар, юзлари тирналгандек- жуда ғалати аҳволда...
 
-Юринг, бувимникига кетамиз- дедим, кўнмадилар. Шу бўйи нима қилишни билмай, ортга бувимникига қайтдим. Бувимга бор гапни айтганимда, улар яна анча сиқилдилар. Шу бўйи мен бувим билан бирга, ойим эса ўша уйдан келмай алоҳида яшай бошладик. Онам у ерда бир ўзлари қандай қўрқмасдан яшадилар буни билмайман. Билишимча, эрталаблари ишга борардилар ва ёз куни бўлса- шомга яқин, қиш куни бўлса ундан кечроқ уйга қайтардилар. Мен эса азалий фобиям- ўғрилар уйимизга бостириб кириб, ёлғиз яшайдиган ойимни бир нима қилиб қўйишларини тасаввур қилиб қўрқардим. Бу фобия менга онам қорнидалигимдаёқ юққан бўлса керак деб ўйлайман, чунки ўшанда ойим ҳам уйимизга келадиган қиморбозлардан қаттиқ қўрқан эканлар. Нима бўлса ҳам ойим ўз онасидан аччиқлангани сабабли шундай йўл тутаётганини қалбан оқлай олмасдим...
Маълум вақтдан сўнг техникумдаги ишидан ҳам бўшаб олганини эшитдик. Кимлар биландир чиқишмай қолган дейишди.
Ҳа, улар ҳеч ким билан муроса қилмайдиган-феъл атвори ўта оғир инсонга айланиб бораётган эдилар. Бир куни менинг қўлимдан ушлаб- бувим билан ўша уйимизга бирга бордик. Эшикни мутлақо кутмаган одамимиз-қанақадир аёл очди!
Унинг ингичка терилган қошлари, қип-қизил бўёқ суртилган лаблари бизда ғалати тасаввур уйғотди. Ойим-ичкарида экан, биз уйга киргач, ҳалиги аёл кўчага чиқиб кетди.
 
-Нега бунақа аёлларни уйингга қўйяпсан?! -бувим қаттиқ назар билан тикилдилар, ойим эса гапиргиси келмагандек дераза томонга қараб олди.
 
-Ҳаром ҳаромга оқмай ўлсин! Бу уйингга ҳалол одамнинг қадами ёқмайдида, жинларинг ўзига маъқулини сиғдиряптими энди?!
 
Бу гапга ойим ўқрайиб қарадилар, кўзлари негадир бошқача чарақлаб кетгандек бўлди. Бувим эса ўз кўксиларига муштладилар:
 
-Мана бундан-ҳалол сутимни бергандим, эрингники бунча зўр келди-я, эсингни йиғ Икрома! Уйга қайт, ана бу аёлни эса ҳайдаб юбор!
 
Ойим ўрниларидан туриб дераза ёнига борди. Биз томонга ўгирилганларида нурга тескари турганлари учунми, юзлари кўзимга қоп қора бўлиб кўринди. Бу гаплар уларга қандай таъсир қилганини ҳам билиб бўлмасди.
 
-У аёл- яхши аёл! Қийналганимда кўп ёрдам беряпти, баъзи бир одамлардан кўра одамгарчилиги бор!- ойим ўша сув илондек уйимиздан буралиб чиқиб кетган аёл ҳақида шу гапларни айтди...
 
-Қизингни келажагини ўйламайсанми?! "ғар ўзига ғалтак, ўғри ўзига ўртоқ тиларкан" Эртага- одамлар "шунақа аёлдан яхшилик кўргани учун бир хонада яшаган экан" демайди, сени ҳам бузуққа чиқаришади! Шуни бир ўйлаб кўр!
 
Бувим "кетдик" дегандек менга қарадилар, чиқиб кетаётганимизда-ойим ҳалиям дераза олдидан жилмаган, ҳалиги аёл бўлса ташқаридаги ўриндиқда писта чаққанча ўтирарди. Бувим анча пайт кайфиятсиз юрдилар, кечки овқатга ҳам қарагилари келмай қолди. Уларнинг нимадан кўпроқ сиқилаётганини хуфтон намозини ўқиб бўлиб, дуога қўл очиб- тиланаётганларида билдим. Улар шундай деб дуо қилардилар:
"Эй раҳмли эгам, Икрома қизимга ўзинг раҳм назари билан қара, ёмонлардан пана қил, яхшига ёндоштиргин, ёмондан адаштиргин! Уни тўғри йўлингга сол! Хатони мана мен қилдим, уни суриштирмай, шошилиб, кераксиз важлар билан бир Сендан беҳабар одамга узатдим. Шунча пайт "майли бу қазойи қадар" деб арқонни узун ташлаб, борига кўниб юргандим. Лекин Икроманинг ҳозирги ишлари сабр косамни тўлдириб юборди! Биламан, энди менинг сўзимни олмайди. Унга энди гапим ҳам ўтмайди. Шунинг учун фақат ўзингга ёлбораман: уни тўғри йўлингга солиб қўй, ҳушини йиғиб олсин! Мен онаман, у ҳам оналигини эсласин...
 
Шу кечаси-бувим менга ажойиб бир ҳикматли гапларни гапириб бердилар: "Синовлар ҳар ҳил бўларкан, пулдан синалсанг-бир кун пулинг катмондан тўларкан, соғлиқдан синалсанг- ҳаётнинг ҳар кунини яшаш завқини туйиб ўтказишга ҳаракат қиларкансан. Лекин синовларнинг энг қаттиғи бу-одамнинг яқинлари томонидан синалиши экан!
Қачонлардир жон жигаринг бўлган одамларнинг-ёвлашиши, сенга қарши иш қилиши, очиқчасига бегоналар ичида тан олмаслиги, беобрў қилишга уриниши- энг оғир синовлардан бири экан!
Ҳазрати Айюб алайҳиссалом моли қўлдан кетганда-чидабдилар, давлати, соғлиғи, чиройи, ҳайбати қўлдан кетганда, болалари вафот этганда чидабдилар. Лекин қачонки, шайтон унга яқин одами-аёли ҳақида гапириб, уни ўз гумонлари тўрига ўраганда, ваниҳоят Роббисига нидо қилибди: "Шайтон мени тутди, бало мени тутди!" Яна кўп Аллоҳ суйган одамлар бу синовни бошдан кечирган, кимнинг аёли ҳидоятга келмаган, кимнингдир фарзанди отасининг рисолатига қарши чиққан, ҳазрати Муҳаммад салоллоҳу алайҳи васалламнинг эса-яқин қариндошлари уни қўллаш ўрнига- азалий рақибларига айланишни маъқул кўрган эканлар...
Бувимнинг бу изтиробларини тўла-тўкис энди тушунгандек эдим. Ўша ойим билан бирга турган аёлнинг енгилтабиат эканлигини бувимга кимдир етқизган, бундан ёмон аҳволга тушган бувим у ерга бориб, онамни бу йўлдан қайтаришни шу тариқа амалга оширгиси келганди. Ўша аёлни бир ойлардан сўнг, маҳалла аралашувига кўра уйдан чиқардилар, лекин ўзларининг ҳам аллақачон пок номларига доғ тушиб бўлган ва энди ойимни ҳам- ҳамма "ёмон аёл" деб тушунадиган бўлиб қолганди.
Ҳаётимдаги аччиқ воқеалардан бири- тўққизинчи синфни битирганимда содир бўлди. Бувим одатларига кўра ҳалиям намоз ўқир, фақат туриб ўтиришга қийналганликлари туфайли ёстиққа сажда қиладиган бўлиб қолгандилар.
Эрталаб ўрнимдан туриб, бувимга қарадим, яна юзлари ёстиқда! Мен уларни "сажда қиляптилар" деб ўйлаб, чиқиб ошхонада чой тайёрладим. Негадир, бувимни бу ёққа чақирмасдан ўша олдиларига дастурҳон солиб бергим келди. Кирсам, ҳалиям саждада ётибдилар, бошлари ёстиқдан кўтарилмаган. Олдиларида озгина турдим: ўзгариш йўқ!
Шу пайт елкаларидан кўтаришимни биламан, таналарини қўлимга осон ташлаб бердилар. Бувим аллақачон оламдан ўтиб бўлганди!
Шиппагимни бирини оёғимга зўрға илганча, рўпара қўшниникига чопиб чиқдим. Қўшниларимиздан бири бўлган- Собира холага шошиб нима дедим, эслолмайман ҳам. Лекин зумда уйимиз одамга тўла бошлади. Рўпара қўшни- ўша ойим ва дадамнинг турмуш қуришларига сабабчи бўлган Рисолат буви ҳам ҳасса таяниб бизникига чиқди, бувим у кампир билан анчадан бери "кирди-чиқди" қилмай қўйганди. Шу аёл бувимнинг даҳанини боғламоқчи бўлди, негадир боғлай олмадими, бир парча оқ чит уч-тўрт одамнинг қўлидан ўтди. Шу пайтда эшик очилиб, ҳаллослаганча- ойим кириб келдилар. Хаёлимда бувимнинг кўзлари бир очилиб, юмилгандек бўлди. Қўшни Рисолат буви секин ўринларидан туриб, хонадан суғурилиб чиқиб кетдилар. Менга бувимнинг қора эски пальтосини кийдириб қўйишди. Бошимда катта рўмол, оёғимда қаердандир бино бўлган маҳси-кавуш...
Ойим бувимнинг даҳанини боғлаб, анча қучоқлаб йиғладилар, мен эса йиғлаганча четда буни кузатиб турардим. Пешин намозидан сўнг- бувимга жаноза ўқилди. Уйимизда мен танимаган жуда кўп қариндошлар бор эди, ҳамма ўзи билан ўзи, баъзида кимдир ёнига мени чақириб- эрталабки тафсилотларни сўрар, "ҳолойим касалмасмидилар?!" деб, усиз ҳам ёши бир жойга борган-бувимнинг соғлиғи қандайлиги ҳақида ҳар ҳил саволлар берарди. Кўпчилик шу куни ойимга ёмон қараб ўтирди, улар эса устун ёнида беҳол бир нуқтага қараганча- қотиб қолгандек турардилар. Тоғамнинг хотини Мастура аям шу куни кимгадир "бировни устидан туҳматларга ишониб, кулиш керак эмасди-да, мана нима бўлди?! Униям биров “тоза жувон” демаяптику!" деяётганини эшитиб қолдим. Сезишимча, улар ойим ҳақида шундай деб гаплашишаётганди...
Бувимнинг маросимлари тугагунча- ойим худди соядек борлиги ҳам сезилмай юрдилар. Ўртада бир кун эски уйимизга ҳабар олгани бориб келдилар-у, шу куни у ёқдан қайтиб-Мастура келинойим билан "жиққамуш" бўлиб уришдилар. Бу воқеадан сўнг келинойи бошқа бизникига келмади, тоғамнинг икки ўғли -ўзлари келадиган, кунда кўча дарвоза олдига курси қўйиб ўтиришадиган бўлишди. Ундан кейин эса, ойим ҳол аҳвол сўраб чиққан- қўшни Рисолат хола билан ҳам шундай "сан-ман" га бордилар...
Кампирга қараб туриб: "Бойўғлидек- қадамингиз ҳосиятсиз экан, ойимни худди шайтондек аврадингиз. Умримни ҳазон қилган-мана Сиз бўласиз! Кўринг энди-бу ҳовлида тириклардан кимлар қолди?!- деганларида қўшни холанинг ранги докадек оқариб, қаттиқ титроқ тутди. Қийшиқ оёқларини зўрға босиб, қарғана-қарғана ўз уйига чиқиб кетди. Мен кетма-кет содир бўлаётган бу воқеаларнинг гувоҳига айланарканман, энди ростакамига ойимнинг руҳий ҳолатидан ташвишлана бошладим. Ойим кечалари деярли мижжа қоқмас, туни билан юриб чиқар, баъзан жуда хунук овозда уввос тортиб йиғларди. Бир куни уларнинг овозидан уйғониб кетдим, ойим худди бувим билан гаплашаётгандек-бир нуқтага тикилганча ўзига-ўзи гапириб ўтирарди...
Бундай холатлар кейинчалик тез-тез рўй бера бошлади. Бир ўзим нима қилишни билмасдим, ёлғизланиб қолгандик. Бир куни ойим қаёққадир бориб келдилар. Кайфиятлари жуда ёмонлиги бир қарашда сезилиб турар, негадир тинмай у хонадан- бу хонага кириб чиқаверарди.
 
-Юр, у ёғдан ҳабар олиб келайлик!- дедилар ниҳоят. Вақт шомга яқинлашиб қолаётгани учун иккиланиброқ ойимга эргашдим. Ўша эски уйимизга бордик. Оҳирги марта бу ерга бувим билан келгандим, ундан кейин анча ўзгарибди. Кўча деразамизга қизил парда илинган, ичкарида эса чироқ негадир ёниқ эди. Ойим менга" шу ерда қимирламай тур!" дедилару ўзлари мени ташқарида қолдириб, шошганча ичкарига кириб кетдилар. Деярли икки дақиқача турдим. Сал нарироқда мункайиб келаётган ичувчи одамнинг соясидан чўчидимми, ойимнинг ортидан подъездга бош суқдим. Тепада ойим ким билан гаплашарди. Жойимда тўхтаб, тепадаги овозга қулоқ тутдим, ойим кимгадир жуда секин овозда гапирди. Лекин зум ўтмай суҳбатдошининг уларга жавобан шанғиллаган овозини эшитдим:
"Маҳалла ҳам ҳеч нарса қилолмайди, катта қилиб, қўйиб қўйганман- ҳаммасининг оғзига фалоним!"
Ойим яна бир нималар деди, негадир бу сафар эшикнинг ёпилган овозини эшитдим. Уларни “ичкарига кириб кетган” деб ўйлабман, йўқ, ўша аёл ойимнинг юзига эшикни ёпган экан. Чуқур ҳўрсиниқни эшитиб, ўзимни ташқарига урдим. Бироздан сўнг ойим чиқдилар, уйгача гаплашмай келдик.
Ўзимча таҳмин қилардим: уйимизда яшаётган бу қўпол аёл ким бўлдийкин?! Нега у ойимга бунақа ёмон муносабатда бўляпти?! Нега Мастура келинойим ва Рисолат холаларга гапириб-гапириб ташлаган ойим - бу аёлга келганда мум тишлаб қоляптилар?!
Онамга савол бермай, жим пинжида юриб келардим, бувимникига етишимизга озгина қолганда, ойим бошини чангаллаб ерга ўтириб қолдилар. Қўрқиб кетдим, чунки бу холат жудаям кутилмаганда содир бўлди. "Мана шу ерим оғрияпти!" дедилар аввалги ерларини кўрсатиб, бир амаллаб катта йўлдан уларни четга олдим. Ўша жойларини силадим, деярли бошқа жойидан фарқ қилар даражада ўзгариш йўқ эди. Жуда кеч бўлганда уйга қайтдик. Ойим бувим ётадиган ерга ғужанак бўлиб ётиб олгандилар. Шу кечаси улар ғулдираб, яна бошқача овозда йиғлаб чиқдилар...
Саккизинчи март, яқинлашиб келаётган- байрам олди кунлари эди. Олтинчи ёки бешинчи март эди, адашмасам, уйимизга -тонг саҳарда велосепедли бир амаки ғизиллаб келиб, ойимга ниманидир айтдию яна шошганича кетди. Уларнинг ранги дув оқариб, лабларигача бўзариб кетди. Шалвираб ойимнинг ерга ўтириб қолганини кўриб, ҳавотирланганим учун ёнларига учиб бордим. Гапиролмай, нуқул қўли билан алланималарни ишора қилардилар. Рўмолларини ва бувим ўтгач, кийиб юрганлари- кўкимтир плашни шошиб, олиб чиқиб-қўлларига бердим. Ойим эса, қўлимдан чангалладилар-у дарвозага интилдилар. Яна ўша эски уйимиз томонга шитоб кетаётгандик, ойим ҳеч нарсани тушунтирмас, нуқул ўзини ўзи тинмай қарғарди. Барибир нимадир фалокат юз берганини тушуниб турардим.
Етиб бориб, ўз кўзим билан нохуш манзарани кўрдим: ўша қизғиш парданинг ранги қорайиб узун ипи билан-ярим ёртиси кўча девори томонда осилиб турар, уй ичидан ҳалиям ташқарига қора тутун ўрлаётганди. Шошиб ичкарига кирарканмиз, йўлакда бир семиз аёл ва икки дилдираб турган қизга йўлиқдик: уччаласи ҳам ойимни кўриб, кўрмаганга олишди. Уйимиз ичи қоп қора тутунга тўла эди. Эшик олдида -ўт ўчирувчилардан бири билан тўқнаш келдик. Орқа томондаги қўшнининг очиқ эшиги ичидан кўлида папка кўтарган бошқа бир тўлача одам чиқиб келди. Ойимни унинг саволларига аранг жавоб берар, икки кўзи ҳалиям уйимиз томонда эди. Бояги ўт ўчирувчи эса мени ичкарига киришимга қўймади. Қўшни аёллар ҳам бизга қараб ҳўмрайиб турар, туришларидан улар иккимизни қанчалик ёмон кўришларини сезса бўларди. Билишимча, ойим билан бирга яшаган аёл- ўз танишини ойимга рўпара қилган ва шу уч ой улар бизникида яшаётган экан. Бу семиз аёлнинг исми Нигора бўлиб, у анави ёнидаги икки қизни ўз қизим деб ойимни алдаган экан, аслида эса умуман ундай эмас...
Ойим уларга индамай уй калитини тутқазганлар, бувимнинг маъракасидан бўшаб, ижарачилардан ҳабар олгани келганларида қўшни аёллардан бири уларга ғалати бир ҳабарни етқазибди. Унга кўра бизнинг уйимизда яшаётган аёл -қўшмачи экан, эшигимиздан ҳар ҳил эркакларнинг кириб чиқаётганини кўрганлар- ойимни бундан ҳабардор этишибди. Мен билан келган куни эса- аёл ойимга умуман сўз бермаган ва "маҳалла аралашса ҳам уйни бўшатмаслигини айтиб, уларнинг юзига эшикни ёпиб қўя қолган экан...
Мени энди бир нечта жумбоқ ўйлантирарди: уйимизда ёнғин нимадан чиқди?! Бизнинг ёниб кетган ва яроқсиз холга келиб қолган нарсаларимизни ким тўлайди?! Анави аёллар энди уйимиздан кетишадими ёки йўқми?!
Ойим шу куни ўша аёл билан кўз ўнгимда яна тўқнаш келди." Ёмонга бас келиб бўлмас" экан, саноқли дақиқалар ичида- ўша аёл шунақа гапларни гапириб ташлади-ки, ҳаммамиз қўшниларимизга роса текин томоша бўлдик. Биринчи марта кўча аёлларининг ҳеч нимадан қайтмаслигини ана ўшанда кўрдим, бир амаллаб ойимни у ердан олиб чиқиб кетарканман, орқамиздан анча жойгача ўша аёлнинг шанғиллаган овози эшитилиб турди. Бу ёнғиннинг асл сабаби кейин ҳам биз учун мавҳумлигича қолди. Кимдир "учқун сигаретнинг қолдиғидан чиққан" деса, кимдир "биров атайин ўт ёққан" деб ҳам кўрди. Ойим Нигора исмли ўша аёлдан ҳеч нарса, хатто оҳирги ой ижара пулини ҳам ундиролмадилар. Шундай қилиб, дадамдан қолган ҳамма нарса ўша кунги ёнғинда- оловга ем бўлди...
Энди уйни қайтадан таъмирлашимизга ҳам кўп пул керак эди, бизда эса ортиқча ҳеч вақо йўқ!
Бу қорайган кулба энди ростмона жуда ваҳимали тусга кирган, минг юраги ботир одам ҳам- ичкарига бирровга бўлса-да бош суққиси келмасди. Мен ва ойим бувимнинг кенг ҳовлисида сўппайиб бир биримизга термулганча ўтирардик. Кунлар тез ўтар, ойим билан бекор ўтирмайлик деб- ташкилотларга бориб, ўзимизга яхшироқ иш қидира бошлагандик. Аслида менинг қўлимдан ҳеч нарса келмас, ойимнинг эса энди аввалгидек кучи йўқ, оҳирги пайтлар жуда оғриқчан бўлиб қолгандилар. Ҳа деганда иш топилавермагач, онам бозорга уйдаги кўкатларни олиб чиқиб сотмоқчи бўлдилар, лекин энди ҳамманинг боғчаси яшилланиб қолган, ҳозир кўкатнинг бозори юрадиган пайт эмасди. Кечга томон жуда ланж бўлиб, тоғорасини кўтарганча-бўшашиб қайтиб келдилар. Ҳеч нарса деярли сотилмабди. Сув сепилавериб шилтаси чиққан кашнич ва укропни майдалаб тўғраб қатлама ясадик, эртаси куни ойим-қатламаларни салгина иситиб, селлофанларга ўрадилару яна бозорга қараб кетдилар. Бу сафар довимиз юриб, тушликкача ҳаммасини сотиб қайтиб келдилар. Шу-шу камина ҳамма ишимни йиғиштириб, ош ҳамиру, сурпа-тахталар ичига шўнғиб кетдим. Кечаси билан зувала олиб, ёйиб қатлама ясардим, жиззали, кўкатли, қалампирли...
Ойим уларни сотиб-яна ун ва керакли нарсаларни олиб, уйга келардилар. Уч ойларга бориб ҳисоблаб кўрсак, ҳаммаси зўрға учма-уч бўлаётган экан, бозордан ортган қатламани еявериш ҳам жуда меддага текканди. Ойимнинг эса бошқа бозорга чиққиси келмай қолди. Ундан кейин биргалашиб, мавсумий ишларга чиқдик, пахта тердик, қишлоқларга бориб, ғўзапоячиларга қаралашдик. Кунлар шундай ўтаверди, қиш-баҳор-куз, ҳаммаси...
Биринчи марта ойимнинг қаттиқ тоби қочиши- баҳор ўрталарига тўғри келди. Аввал қаергадир зим йўқ бўлиб қолдилар, кейин ҳеч нарса бўлмагандек яна эшикдан кириб келдилар. Қарасам, уст-бошлари бир аҳволда эди. Кўп нарсани сўраб суриштирдим, лекин ўзлари сираям миқ этмадилар.Шу бўйи алмойи-жалмойи гапиришлар бошланиб кетди. Бир қараса жим бўлиб қоладилар, бир қараса асабий хонтахтани черта бошлайдилар, бир қараса кимнидир ўхшатиб қарғайдилар. Ойимга ҳавотир олганимдан шерикларимга қўшилиб борадиган кунлик ишимга беш кун чиқолмадим. Яхши холалар эди, бири бешинчи куни саҳарда хабар олгани келиб қолди. Ойимнинг мазаси йўқлигини айтиб, ишимга вақтинча чиқолмаслигимни билдирдим. У эса сўрида жим ўтирган ойимни кўриб: "яхшиларку, чиқсанг бўлаверарди. Ким бир сўм беради ҳозир!" деб қолди. "Кўрайчи!" дедим ва эртаси куни ойимни қолдириб ишга кетдим. Шу- менинг ўзимга ўша пайт кичик туюлган бир катта хатойим эди. Кечки пайт уйга қайтганимда уйимизда одам кўп, уларнинг ичида-ўша қўшни Рисолат буви ҳам бор эди. Шу кампир мени четга чақириб-кундузги бўлган воқеани қўли билан оғзини тўсганча ваҳима билан айтиб берди. Ойим кўчага битта ичкўйлакда чиқиб кетибдилар. Бу гапни эшитиб, шошиб онамга қарадим. Устига бувимнинг кўйлакларини кийдириб қўйишибди. Кўйлак калталигидан тиззалари очиқ турар, кимдир чалароқ ёпиб қўйган кўрпа жилди сирғалиб- ерга тушиб кетганди. Бир куннинг ўзида улар таниб бўлмас даражада ўзгаргандилар...
Кўчамиздан ғоз юриб ўтадиган Маҳфура хола ҳам уйимизга кириб келдилар. Ойимнинг тепасига бориб, эшитар қулоққа дағал ботадиган-жуда қўрс муомаласини қилдилар. Менинг ғашим келган саволларга онам пинагини ҳам бузмай, жавоб ҳам бермай жим ўтирарди. Маҳфура холанинг саволлари жавобсиз қолгач, юриб менинг тепамга келдилар. Ўрнимдан туриб ўша холанинг қаршисида ҳижолат тортганча кўзим билан ер чизардим.
 
-Маҳалла ёрдам пулига қўшади, чиқиб ҳар ой оласан! Паспортинг борми ўзи?!
 
"Ҳа, баҳорда олганман" дедим зўрғагина.
 
-Яхши, унда ўша гап! Раисга айтиб, ҳабардор қилиб қўяман- деди-ю, ойимга яна бир бош чайқаб қараганча, уйимиздан чиқиб кетди. Қолган қўшнилар ҳам секин аста уй-уйларига тарқала бошлашди, энг оҳирида ҳассасига таянганча чайқалиб-чайқалиб Рисолат буви ҳам уйи томон бораркан, менга эшик олдида тўхтаб қўл силкиди. Бироздан сўнг унинг набираси кичкина тоғорачада овқат кўтариб чиқиб қўлимга бериб кетди. Қорним жуда очлиги шу пайтда эсимга тушиб кетиб, шошиб қолдим: ойим эса овқатланишни истамай бош чайқадилар.
Энди кунларим ойимни пойлаш ва кўздан қочирмаслик ғамида ўта бошлади. Ҳеч нарса билан андармон бўлиб, чалғиб қолмасликка харакат қилардим. Барибир кўп ишда ёшлик қилдим, ойимнинг ақлдан озиб қолгани тўғрисида маҳаллада ҳамма гапира бошлаганди. Ўша қўшни Рисолат бувининг маслаҳатига кўра- ойимни ўқитишга домлага олиб бордим. Иккинчи боришимизга эса ойимни умуман кўндириб бўлмади...
Маҳалла уч ой ёрдам пули берди. Учма-уч, амал тақал қилиб зўрға еткизиб олдик. Рисолат бувига ойимни қараб туришларини илтимос қилиб, ўзим бозорга чиқа бошладим, чунки олдинда қилич яланғочлаб қиш кириб келаётганди. Айни дугоналарим ўзига-ўзи маҳлиё бўлиб, ойна олдидан кетмай қоладиган ўн етти ёшлик паллани мен мана шундай ташвишлардан бош кўтармай ўтказардим. Бозордан қоплаб, сабзи сотиб олиб, ювиб сота бошладим. Тинмай саримсоқ арчдим, пиёз тозаладим. Нимани "пул бўлади" дейишса- ўшаларнинг ҳаммасини қилдим...
Орадан икки ой вақт амал-тақал ўтди. Бозордан оширганимнинг ярмини қўш-қўллаб ойимни қараб тургани учун Рисолат бувига тутқаздим. Кампирга бу камлик қилдими ёки энди ойимга қараб ўтиришга ҳуши йўқмиди, негадир менга бошқа бир таклифни айтди: "Ойингни бировга зарари тегмайди, бозорга ёнингга олиб чиқиб кетавер!"
Ўйланиб қолдим, шундай қилсам, тўғри бўлармикан?! Тун қоронғусида ойимни ўрнидан тургазиб, кийинишига қарашиб юбордим. Озганларидан кўйлакнинг елкалари шалпиллаб қолибди. Изма-из бозорга қараб кета бошладик. Йўлда ойим яна ерга ўтириб қолдилар. Ўша эски, авваллари ҳам безовта қиладиган-бошларининг бир томонидаги оғриқни -яна ҳуруж қилганини сездим. Бу аҳволда бозорга бориб бўлмасди, бир амаллаб уйга қайтдик. Қўлимдаги бор пулимни ҳисоблаб- кун ёришгач, ойимни докторга кўрсатишга олиб бордим. Бош мияни тамография текширувига кўрсатишимизни ёзиб берди. Жуда катта пулга қилинадиган бу амалиётга менинг пулим етмасди. Ўйланиб қолдим, яна уйга қайтдик. Кечагина берган пулимни сўраб- Рисолат бувиникига киришга мажбур эдим. Жаҳл аралаш зарда билан кампир ҳам пулимни ҳаммасини ўзимга қайтариб берди. Хижолатдан ерга киргудек бўлиб, шолча устидаги пулни қўлимга олдим. Эртаси куни эса кассага пулни тўлашга тўладиму, навбатдаги унданда катта муаммо олдида ожизлигимни ҳис қилдим. Ойим ўша текширув хонасига киришни истамай, роса тўпалон кўтардилар. Хонага бир амаллаб кириб олдик, навбатдаги қийинчилигим-ойимни текширув столига ётқизишга кўндиришимда сезилди. Бизнинг ғалвамизга тамографиячининг тоқати тоқ бўлди шекилли, задаси қайнади. Жуда шартаки аёл экан, юзимга қараб- "ойинг жиннихонада даволаниши керак, ҳаммаси ойдек равшан-ку!" деди тап тортмасдан. Ярим соат ташқарига олиб чиқиб, онамга ҳаммасини тушунтиришим ҳам бесамар кетди. Уларни умуман текширув столига ётишга кўндириб бўлмади. Яна қайтиб ичкарига кирдим: 
-Эртага ойимни йўлга солиб, рози қилиб- яна келаман, шунақа қилсам бўладими?!- дедим, чиқмаган жондан умид деганларидек, ўша аёлга умид билан тикиларканман. 
-Майли уриниб кўр, лекин мен- сабр билан ойинг столда қимирламай, бизга етарли вақт жим ётиб беришига ҳам ишонмайман- деди у совуққонларча гапимни чўрт кесиб. 
Уйга қайтдик, ойим бунақа пайтлар айб иш қилиб қўйган боладек жуда ювош бўлиб қолардилар. Ортиқча гапириб ўтирмадим. Эртаси куни яна кечаги ҳолат қайтарилди. Кассага тўлаган пулимни ундираман деб яна ўша жойга бордим. Ойимни кеча кўрган дўхтир ҳам тамографиячи хотиннинг гапини гапирди, давлатнинг текин дори-дармони-ю, бундай беморлар учун маҳсус қаров онамга жуда зарур эканлигини алоҳида таъкидлади. Пулнинг сарсонгарчилиги бошланиб кетди, пул чекка уриб қўйилган деб баҳона қилишди. Шу зайлда ишим битмай яна уйга қайтдим. Энди бозорга ҳам чиқолмасдим, ўйлаб-ўйлаб онамнинг тоғасиникига, яъни Нусрат опоқиникига қарз сўраб- қора тортиб бордим. Ойша хола билан Нусрат опоқи ойим ҳақида бировдан эшитиб, ишонишмаган экан. “Икрома жиннимас, руҳингни чўктирма!”деб анча кўнглимни кўтаришди. Қайтишимда эса қўлимга пул ва бир сумка харажат: ёнғоқ, оққанд, ун ва ёғ бериб эшиккача кузатиб қўйишди. Ҳурсанд бўлиб уйга етиб келдим. Қарасам: ойим яна бир аҳволда эдилар, устидаги кийимларига мутлақо қараб бўлмас, кўринишлари ҳам жуда ваҳимали бўлиб кетганди. Деярли гапирмай қўйгандилар, фақат бурчакка қараганча киприк қоқмай ўтирардилар ҳолос. Қиш ичи Нусрат опоқиларникига ўн мартадан ортиқ қатнадим. "Ғиринг" дейишмасдан қўлимга доимо ул-бул тутқазишарди. Фақатгина келинлари сал қовоқ-тумшуқ қилаётганини айтмаса, биров менга уларникида қаттиқ гапириб, юзимга эшикни ёпмади.
Баҳорда эса яна ойимнинг дарди ростмона қўзий бошлади. Аксига олиб, мени тинмай маҳалладаги мажлисларга чақиришарди: Индамай борардим, доим ҳамма бизга берилаётган моддий ёрдамни пеша қилиб, мени хоким келса ҳам, тафтишчи келса ҳам кўргазма қилиб кўрсатар, ўзимга сўз берилганда шароитимдан, ойимнинг касалидан бир икки оғиз ниманидир сўзлаб берардим. Ойим баҳор ўрталарига бориб, эплаб бўлмас холатга келиб қолдилар.
Таъбингизни бузиш учун ҳаммасига батафсил тўхталмоқчи эмасман, лекин буларни ҳаммаси- мени ўша пайтда жуда қаттиқ саросимага солиб қўйганди. Маҳалла ойимни "жиннихонага ётқизмасак бўлмайди!" деб туриб олди. Айвонимизда бир тўда одам ўтириб олиб, ярим соат шу масалани мухокама қилди. Кейин қариндош сифатида Нусрат опоқининг ҳам олдидан ўтмоқчи бўлдик. Ойим ҳамма гапни бурчакда тушуниб ўтирар, ора-чора норозилигини билдириб, ғалати товушда овоз ҳам чиқариб қўярди. Нусрат опоқи келиб, аввал қарши борган бўлса ҳам, кейинчалик кўпчиликнинг фикрига ён босди. Маҳалладагиларнинг ўзлари муассасага телефон қилишди, кейин ойимни касалхонага жўнатиб юбориш учун машина келишини ўтириб кута бошлашди. Маҳфура хола аста елкамга қўл ташлаб: "ҳавотир олма, ойингга у ерда сендан кўра яхшироқ қарашади!" деб айтди. Машина келган пайтда ойим қаттиқ уввос солиб йиғлай бошладилар, тинмай менга қўл чўзиб ялинар, "уларга бериб юбормаслимгини ўтиниб сўраётгандек, юзимга қараб жавдирарди. Ўшанда ёшлигимга бориб, яна бир хатога йўл қўйдим. Чунки ҳалиям Маҳфура опанинг гаплари таъсирида эдим. 
"Ойингга ҳар доим кўз қулоқ бўлолмайсан-ку, кўчага чиқиб кетса, кейин бирон кор ҳол бўлса ёки маҳалла шаънига тўғри келмайдиган хунук воқеа содир бўлса- ана унда нима бўлади?! Давлатимизда бундай беморлар учун ташкил этилган муассасалар бор, у ерда ҳамма ўз ишининг усталари, ойингни тузатиши мумкин бўлган врачлар ўтиради. Шундай қилишимиз -ойингга ҳам сенга ҳам, қариндош уруғ-у, маҳалла-кўй учун ҳам энг тўғри қарордир! Яхшилаб ўйлаб кўргин! " деганди ўшанда Маҳфура опа. 
Ойимни шундай қилиб жиннихонага бердириб юбордим. Мана ҳозир шу ишимни ўйласам, юрагимнинг бир чети зирқираб оғрийди. Оналар ҳақида шеърлар ўқисам ёки қўшиқлар тингласам-менинг дарди дунёйим- шу кечирилмас хато туфайли қоронғу бўлади! Афсус, ўшанда ёшлик қилдим...
Баъзан бошқалар каби ҳаммасини иложсизлигимга тўнкагим келмайди, лекин баъзан "кимдир ўшанда тўғри маслаҳат берганида балки бу хатони қилмаган бўлармидим" деб ўзимни оқлаб ҳам қўяман. 
Бувимнинг уйидаги ҳамма нарсаларни- бир жойга тўплаб, устига пардаларни, кўрпа жилдларни ёпиб беркитдим. Дарвозамизга эски қулфни осдиму, тўғри Нусрат опоқиникига қараб кетдим. У ҳовлида мендек "ортиқча юк" ни боришини кутиб ўтирганлар ҳам, бундан ўзича ташвишга тушиб қолган одамлар ҳам бор эди. Бағрини очиб, яхши кутиб олганлардан бири бу- ёши етмишларга бориб қолган Ойша холам бўлдилар, дарров ёнларига бориб, "яхши гапнинг гадоси"лигимни кўрсатиб, биқинларига кириб ўтириб олдим. Нусрат опоқи ҳам "келганинг яхши бўпти, энди бу ер ҳам ўз уйинг-да! " деб қўйдилар.
Уларнинг жуда катта ҳовлилари, бир-биридан алоҳида яшайдиган икки келини, набиралари ва аёлидан ажраб кетиб, бир ўзи бурчакдаги уйда яшайдиган-Қосим исмли кенжа ўғиллари бор эди. Оқ кўйлагининг ёқасидан-қип қизил бўйни- худди хўрознинг кекирдагини эслатиб турадиган Қосим аканинг маҳалла бошидаги гузарда кичкинагина сомсахонаси бўлиб, менга ҳам борган кунимдан дарров шу сомсахонага оид юмуш топилди. Ойша холанинг ёнига ўтириб, ҳаш-паш дегунча ярим қоп пиёзни пўстидан ажратиб ташладим. Иккита тоғорадаги пиёзни олиб чиқиб кетиш учун ичкарига кирган- ўша кенжа ўғил менга ғалати кулиб қараб: "яхши бўлибди-ку, ёрдамчилар ўз оёғи билан келиб қолибди!" деб қўйди. Билишимча, сомсахонадаги шогирдларнинг уйига жавоб бериб юборилгач, сомса учун пиёз арчиб бериш-зиммасига тушган ана бу икки келин бу ишдан аллақачон безиб бир-бирига "сансалор" қилишадиган бўлиб қолишган экан. -Опоқинг билан эрмакка пиёз арчиб ўтирамиз-да, шуям иш бўптими?!- деб қўйдилар- Ойша хола кичик келинларига эшиттиргудек қилиб.
Шундай қилиб, менинг бу хонадонда сиғиндилик хаётим бошланди. Ҳар куни баъзан бир қоп, баъзан бир қоп ярим қоп пиёз арчиб, сомса учун тўғраб қўяман. Ҳамир ишига эса Қосим ака бировни аралаштирмас эканлар. Уч кунда пиёз арчиш менинг ҳам меддамга тегиб қолди. Буни сезган келинларнинг эса дарров чироғи ёнди.
Шанба куни қолган кунлардагидан кўра кўпроқ пиёз тайёрлаб қўйиларкан, шу куни қўлимда пичоқ билан ўша кичкина уйда ухлаб қолибман. Кимдир оёғимга теккандек бўлди-ю, чўчиб уйғониб кетдим. Қўлимдаги пичоқ "тақ" этиб тоғора ичига тушди. Рўпарамда биқиниб Қосим ака тиржайиб турган эканлар, қўрқиб кетдим.
-Нима қиляпсиз бу ерда?- дедим шоша-пиша, тиззамга чиқиб қолган кўйлагимни пастга тортарканман.
-Қўрқма, пиёзни олиб чиқиб кетгани кирувдим, қолгани-қолаверсин, ўзи жуда кўп арчиб ташлабсан!- деди яна тиржайиб туриб. Унинг башарасига қараб негадир титраб кетдим. У рангим оқариб кетганини пайқаб қолдими, дарров тоғорасини кўтариб хонадан чиқиб кетди. Ўрнимдан туриб, ваҳимада хонанинг у бошидан бу бошига бориб келдим, ичимда тинимсиз ўзимга ўзим савол берардим:
"Менга шунақа туюлдими ёки ростдан қўли тегдимикан?!" Бу саволга қанча ўйламай, барибир жавоб тополмасдим...
Кечаси Ойша хола қўшни айвонда чоли билан икки айри кроватда ухлашарди. Мен эса келган кунимдан бери мана шу- иккига икки кичкинагина ўрта уйдаги хонтахта ёнига жой солиб ухлаётгандим. Кундуз кунлари бу уйга биров бош суқмас, кичкинагина деразаси кам очилгани сабабли уйнинг ҳавоси ҳам турғунроқ эди. Пиёз ҳиди ўрнашиб қолган бу уйни Ойша хола "яхши-да, бу уй грипп одамнинг- касалини ёзади!" деб қўярдилар.
7-қисм.
Бир куни Ойша хола мени сомсахонага жўнатди, у ердан пул олиб келиб беришим керак эди. Оёғим тортмайгина бордим. Қосим ака сўрида оёқ чалмаштириб ўтирган экан, мени кўриб, ўзини кўрмаганга солди. Ёнига бориб, онасининг гапини етқаздим. У эса негадир кўзи билан сомсахонанинг ичкарисини имлади:
-Ана қанча керак бўлса- коробкадан олиб кетавер!
Ҳайрон бўлдим, "йўқ, ўзингиз олиб чиқиб бераверинг! Шу ерда кутиб тураман" дедим. Қосим ака ўрнидан туриб, "сомсанинг таги ёпишиб кетади!" деди-ю, тандир тарафга кетди. Бироз жойимда қаққайиб тургач, ўша у кўрсатган томонга кирдим: қоронғу уйча, ярми тапчан яъни супа экан. Тепада катта сурпа ёзилган, бир четда ўша “пул бор” деб айтилган қути турарди. Пулни олишга иккиланиб турганимда, ортимдан Қосим ака кириб келди:
-Нега турибсан, олавермайсанми?!- деди сўнг ўзи ўша қутини олиб, ичидаги пулларни дасталаб, санай бошлади.
-Ўзи қанча керак деди аям?!
- "Савдо қилган бўлса, борини" дедилар...- дедим ерга қараганча. Қосим ака ўша дасталаган пулларини иккига ажратдилар, биринчисини қўлимга белини букиб берди:
-Бу сани ўзингга Бону қиз! Оёғингдаги ярамай кетибди, янгисидан олиб кий! Ман пул берганимни ҳеч кимга айтма, ҳали яна бераман, кўйлак ҳам олиб киясан...
Пулни олгим келмай тургандим, ўзи қўлимга тутқазиб қўйди.
-Буниси аямга, кечқурун яна олиб бораман!
Берган пулини олиб, индамай сомсахонадан чиқдим. Уйга келгунча ўйланиб келдим. Ҳа, шу пайтгача дадамни ич-ичимдан соғиниб яшаганимни энди ҳис қилаётгандим. "Чўчқа қавмидан бўлса-да, қиз бола учун ота-барибир ота экан-да" Ёшлигимда, тоғам худди отамдек меҳрибончиликлар қилардилар. Кейин уларни ҳам йўқотдим...
Уйга келгунимча, хаёлимда Қосим ака бутунлай яхши қаҳрамонга айланиб бўлгандек эди. Оёғимдаги тўрт тасмасидан бири узилиб кетган шиппагимнинг эскилиги ҳам ўзимга билинмаган экан. Уйга келиб, пулни Ойша холамга бердим, ўзимнинг пулимни уйчага олиб кириб, яшириб чиқдим. Ҳарчанд оёғимдаги ёмон аҳволга тушса ҳам, оёқ кийим оломасдим, чунки озгина дастмоя йиғиб бўлса-да бозорга чиқиб иш қилиш режамда бор эди. Қосим аканинг берган пулларини - "пиёз арчиб, қийма тайёрлаганим учун берилди" деб тушунаётгандим.
Кейинги ой-Ойша холанинг икки Россиядаги ўғлидан яхшигина пул келди, кампирнинг ўзи ҳам Нусрат опоқи билан маслаҳат пиширганмиди, келинлардан яшириқча- мени ёнларига чақиришиб, қўлимга оз-моз пул тутқазишди. "Йўқ, олмайман!" дедим, ростдан ҳам бу пулни олишга жуда иккиланаётгандим.
-Шунча пайтдан бери "поҳ" демай ишлаяпсан, биз етимни ҳаққидан жуда қўрқамиз!-деди Нусрат опоқим. Индамай берилган пулларни олдим, кўрпа остига йиғаётган пулларим орасига қўшдим. Ўша куни сомсахонада берилган пул ҳам шу жойда турганди. Энди режаларимни туза бошлагандим, кутилмаган воқеа рўй берди: кўрпача қатидаги пулларимни жойидан тополмай қолдим, кўрпачаларнинг ҳаммасини очиб, қайтадан йиғдим-топилмади!
Уч кун шу пулни хаёлан қидириб, эзилиб кетдим. Аллақачон бир қоп картошкага етадигани йиғилиб қолганди, эссиз...
Қосим ака шу кунларда "тандирни иккита қиламан" деб юрганди. Оила-деярли бир ҳафта "сомса қолиб кетмасмикан?!" деган масалани қайта-қайта дастурхон бошида муҳокама қилди. Ниҳоят бир қарорга келиндими, тандир ёнига тандир қўшиладиган бўлди.
-Бону қиз бугун ман билан боради, хоҳласанг- Моҳичани ҳам ёнингга олиб ол, сенга сомсанинг ҳамирини ўргатаман!- деди Қосим ака дастурхон йиғиштирилар пайтда. Айтганидек, Моҳичани етаклаб, орқадан бордим. Сомсанинг ҳамири тошдан ҳам қаттиқ қилиниб, роса муштланаркан. Қосим ака чайир қўллари билан муштлашини кўриб, "бунақа қилиб ҳамир қилолмасам керак" деб ўйлардим. Моҳича ўтиравериб зерикиб кетди.
-Моқига каробкадан пул олиб бер, марожна олиб есин!
Сўнг ўзи жиянига юзланди:
-Менга қара, муюлишдан ўтганда иккита марожнахона бор, биринчисидан олмагин, ичингни кетказворади, ана ундан кейинги Тўхтасиннинг дўконидан ол, Бону қизга ҳам олиб кел!
Қутидан Моҳичага пул олиб бердим, пишиллаганча музқаймоқ олгани кетди.
-Номакобини ўткир қиласан, тандир тагини бермайди тузи паст бўлса, келчи бир муштлаб кўр!
Индамай, Қосим аканинг ёнига енг шимариб бориб, тоғорага энгашдим.
-Қаттиқ, қаттиқ муштлайсан, кучинг борми?!
Айтганини қилиб, бор кучимда муштларканман, жуда тез чарчаб қолдим. Шу пайтда орқамда турган Қосим аканинг қўли-белимдан ўтганини сезиб, қўрқиб кетдим.
-Жим, тишш, Бону!
Ўтакам ёрилгудек бўлиб силтандим, у эса менга қаттиқроқ ёпишиб олди.
-Бугуноқ аямга айтаман, зўр тўй қилиб сени оламан! Аянгни ҳам у ёқдан чиқарамиз. Аммамни эшигини иккаламиз чиройли қилиб очиб ўтирамиз, йўқ дема!
Шу пайтда ҳамир юқи қўлларим билан унинг ўша хўрозникига ўхшаб кетадиган бўйнини қимчиб олдим. Қаёғдан куч келди билмадим. Борган сари чангалим қотиб борар, кўзларим ҳам ваҳимали тусга кирганмиди- Қосим ака ранги бир бўзариб, бир қизариб- кўзимга қараганча қотиб қолганди.
Номсиз бармоғим остидаги томир тиқ-тиқ этиб ураётганини сезиб турардим. Қосим ака мени қўйворди. Бурчакдаги устига кўрпача ташлаб қўйилган сандиқ устига бориб ўтирди-ю, ерга қараб мендан кечирим сўрашни бошлади. Уни шу ҳолида қолдириб, ташқарига чиқиб кетдим. Узоқдан музқаймоғи қўлига оқиб, Моҳича югуриб келаётганини кўрдим-у, индамай четга чиқиб уни кутиб турдим. Тишларим ғазабдан таққиллар, оёқ қўлим шалвираб, миямга қон чиқиб кетгандек-жуда ғалати аҳволда эдим. "Мана унинг нияти нималиги ўз исботини топди! Демак ўшанда ҳам бежизга ёнимга кирмаган экан!"
Шуларни ўйлаб, ғазабимни босолмай турганимда орқадан Қосим ака чиқиб келдилар, мен турган тол ёнига яқин келиб-"Бону қиз, яна сенга шунақа қилсам, қўлим чопилсин, аямга айтиб юрма, ўша гапим гап- тегсанг, ҳалоллаб оламан!" деди-ю, Моҳича етиб келгунча айтадигани айтиб яна ичкарига ғиз этиб кириб кетди.
"Иштаҳанг карнай бўлмай ўлсин, нега сенга тегишим керак экан?! Отаси йўқ, онаси жинни деб қирққа кирай дегани ҳам осилиб кўраверадиган бўлса- дунёдан тоқ ўтганим яхшимасми?!"
Шуларни ўйларканман, фақат бир нарсадан ҳайратда эдим. Менда нима воқеа бўлдики, Қосим ака бунчалик қўрқиб кетди?! Ҳамир муштлаб, чарчаб турганимда бир ҳирсдек эркакни ноилож қолдирар даражада куч-қўлларимга қаёғдан келди?!
Бу саволларга мен жавоб топишга ожиз эдим. Моҳичанинг қўлидаги ярми эриб оққан музқаймоққа хатто қайрилиб қарагим ҳам келмасди. Фақат ушлаб турдим, у сомсахонага кириб-шира қўлини ювиб чиқди. Унинг ортидан талмовсираб чиққан Қосим акага совуққина қилиб "биз кетяпмиз!" дедим-у,ҳеч вақони тушунмай турган Моҳичани етаклаб уйга қайтдим. Қизчанинг гавдаси йирикроқ бўлгани билан ақли орқада деб юрардим, лекин унинг ҳозиргина музқаймоқ ялаб туриб гапирган гаплари ҳайратимни оширди:
-Амаким роса зўр, бизга кўп пул беради, ўзини боллари йўқ-да ашинчун- биззи "қизим" дийди!
Ойша холага ҳеч нарсани сездирмадим. Фақат ўйлаётганим бошқа нарса эди: "ростдан айтганини қилиб, бу ишни қайта такрорламаслигига кафолат борми?!"
Омборхонага яна мих қидиргани кирдим. Ғаладондаги майда михлар орасидан керакли шаклдагиси яна битта қолган экан. Бояги тошда иккинчи лўкидон вазифасини бажарадиган михни ёнламачасига эшикка қоқдим. Кечга томон Қосим ака икки қўлида тўла ҳаражат билан кириб келди. Кўзига кўринмаслик учун уйчадан чиқмай, Ойша холанинг қувониб кетганини, ўғлининг елкасига қоқиб-дуо қилаётганини деразадан кузатиб турардим. Ўғли бир нарса дедими, ҳаражатларни сўрига бир чеккали қилиб қўйиб, лапанглаганча айвонга кириб кетди. Ичимда бу ҳоли суҳбатнинг маъносидан қаттиқ ҳавотирим бор эди.
Кечки овқат пайтида Қосим ака мени мақтади: "Бону қизни ҳам қўли келишиб қолди, бугун салга қўли теккан икки тандир сомсани ҳаммаси кетди-я, ая!"
Индамай ерга қараб ўтириб, ўзимни мажбурлаб икки-уч қошиқ овқат едим, Ойша холада ҳам Нусрат опоқида ҳам ўзгача бир ўзгариш сезмаётганимдан ҳайратда эдим. Барно опа ғалати томоқ қириб қўйиб, косаларни тарақлатиб йиғиштираётганда, ҳушимни йиғиб олдиму- шошиб туриб унинг қўлидан косаларни олиб ғизиллаганча ошхона томонга чопдим. Энди бир қоп пиёз тўғрашим керак эди. Хаёл билан ҳаммасини тўғраб устига докасини ёпганимни ҳам сезмай қолибман. Гўшт тўғраётган пайтимда ёнимга Қосим ака кирди.
-Бону қиз, чарчамаяпсанми?!
Кўзимга қарамай қўлимдаги пичоққа қараганча гап бошлади. Кейинги гапни овозини пастлатиб гапирди:
-Бугун сени ҳафа қилиб қўйдим, шекилли-а?! Ўзимни ўзим ҳам кечиролмаяпман! "Нега бундай қилдим" билмайман! Лекин сенга қойил қолдим...
Индамай гўшт тўғрайвердим. У эса мужмалланиб яна гапини давом эттирди.
-Аямга ҳали индамадим, лекин честно гапим-сани яхши кўриб қолдим. Биринчи келган кунингданоқ...
-Бас қилинг! Бу гапларингиз менга умуман қизиқмас, уйлангиз келса ана кўча тўла бева-бечора аёллар бор!
Қандай бу гапни оғзимга кучим етиб айтиб юбордим билмайман. Қосим ака жим юзимга тикилганча қолди:
-Ташингдан жуда мулойимга ўхшайсан, лекин ичингда бошқа одам бордек! Хўп, ўша бева бечораларнинг бирини олдим ҳам дейлик, менга сен ёқиб турсанг-нима бўлади?!
-Билмайман, билишни ҳам ўйлаётганим йўқ! Ойим ўша ёғдан чиқсин, бу уйда бир кун ҳам турмайман!
"Суҳбатимизни биров эшитмаяптими?" дегандек эшик томонга қараб қўйдим. Қосим ака буни "чиқиб кетинг" деган ундов деб ўйлаб, шошиб ўрнидан турди, чиқиб кетарда- эшикдаги бугун ўзим қоққан иккинчи михни кўриб, тўхтаб қолди:
-Бу сенинг ишингми?!
Саволга жавоб бермай индамай гўштни майдалайвердим.
-Жуда бунчаликка бормайман, ҳавотир олма! Айтдимку "олсам ҳалоллаб оламан" деб...
Шу гапларни айтиб туриб, ўша михни қўлида суғурди ва хонадан чиқиб кетди." Ҳайрият" дедим ичимда...
Икки кун ўтар ўтмас, Ойша хола қанақадир маҳалладаги маросимдан оғзи қулоғида қайтиб чиқди. Биз уларнинг ҳурсандчилиги сабабини билмадик ҳам, ичкаридан кийимларини алмаштирдилар-у, қўшни аёл билан биргалашиб қаёққадир кетишди. Бу йўналиш қай тарафгалигини кечки овқат пайтида билдик.
-Анави маҳалланинг пастидаги боғчада-бир ёшгина жувон бор экан, Дилбархон билан бир ғизиллаб бориб, кўриб келдик. Қосим, ўзинг ҳам бир кўришиб кўрасанми?!
Қосим ака негадир мен томонга бир қараб қўйди. Кейин ўша жувон ҳақида ўсмоқчилаб сўрай бошлади, мен эса-ичимдан тошиб келаётган ҳурсандчилигимни қандай яширишни билмай, кайфиятим жуда чоғ ўтирардим.
-Боласи бор эканми?! Ажрашганми ё эри ўлган?!
-Ҳа ажрашган бўлади-да энди, эри ўлганларнинг ёшроғи бор эканми, ҳозирги замонда?!- Ойша хола гапирган гапга Қосим ака ноқулай бўлдими, бир ўтирган жойидан қўзғолиб қўйди. "Ҳа, сенга ёш қиз тушиб қолибдими?! Туя ҳаммомни орзу қилган экан!" дедим ичимда. Мен қатори дастурхон четида ўтирган Барно опанинг ҳам ҳурсандчилиги ҳаммага сезилаётган эди:
-Уйланингда энди! Эртага сизни деб кампирларга ялиниб юрамизми?!
Қосим ака қизариб кетди, айниқса бўйнигача қизаргани-унинг ўта ҳижолат тортганидан дарак берарди.
-Ўзиз биласиз ая!- бу гапни Қосим ака менга қараб туриб айтганини сезиб, юзимни четга бурдим.
Овқатдан сўнг косаларни ювиш учун қарасам- сув қолмабди, ғизиллаб дренаж томонга челак кўтариб югурдим. Қоронғу кўчанинг бир четида давра бўлиб йигитлар ўтиришган экан, олдиларидан ўтаётганимда менга теккизиб- ўзларича томоқ қиришди. Бири эса гап ташлади:
-Яхши қиз! Кечасида сувнинг бўйида ажиналар бўлади, сизни "ҳам" қилиб, еб қўйишмасин!
Шу пайтда орқамдан Қосим аканинг овози келди:
- "Ҳам" қилиб, еб қўйса-сени қиларди, Муқиммидинг, кимидинг ўзи?!
Индамай бориб сувга челакни қўйдим. Шариллаб дарровда тўлди. Орқамдан изма-из чиққан Қосим ака ҳалиги бола билан салом-алик қилганидан сўнг, ёнимга келиб, челакни қўлимдан олди. Индамай уйга қайта бошладик.
-Росттан ўша аёлга уйлансам, бугунгидек ҳурсанд бўласанми?! -деди муюлишдан ўтганимизда сал паст овозда.
-Ҳа, жуда ҳурсанд бўламан, айниқса-кечаси беҳавотир ухлайман! Чунки ўша ёнимга кирган кунингиздан бери фақат бомдодга яқин ухлайдиган бўлганман, эшикни ўша қайрилган михда беркитсам ҳам бемалол ётолмайман! Ўзингиз ҳам бир куни қиз кўрарсиз, мен сизни-онамнинг тоғасини ўғли бўлсангиз ҳам, худди ўз акам деб билардим...
Бу гапимдан сўнг Қосим ака озгина тўтаб қолди. Мен эса дарвоза томонга қараб қадамимни тезлатдим. Ошхонада тоғорамга сувни қуйиб бераркан, Қосим ака минғирлаб нимадир деди, маъноси "сен бахтли бўлсанг-бўпти-да, унда!" деганга ўхшаш сўз эди.
Воқеаларнинг у ёғи тезлашиб кетди. Мен ичимда Аллоҳга чексиз шукроналар айтардим. Қосим ака эса худди мажбуран "сўйишга тортилган қўй" дек шалвираб юрарди. Ҳайрон қолганим, у ўша аёл билан бир марта ҳам учрашмади, жувон учун унинг ўзини- узоқдан кўрсатишгандек қилишди. Аммо Ойша ҳолам келин олаётганларидан ўзларида йўқ хурсанд эдилар, совчиликка худди қиз остонасини босгандек, жуда кўп қатнашларига тўғри келди. Хуллас, мен яшаётган бу уйда- тўй маслаҳати муҳокама қилинишни бошлади.
Пиёз арчиб ўтирсам, Қосим ака Ойша холамнинг олдига каттагина кўк халта билан кирдилар:
-Ая мана буни ишлатарсиз, келинга бозорнинг олди кийимларидан қилинг, биров гап топмайдиган бўлсин!
Ойша хола қўл очиб дуо қилдилар, мен ҳам пичоқларни дастурхон остига яшириб, кафтимни жилмайганча дуога очдим.
"Бу сафар бошингга бахтинг қўнсин, инсофлиси келсин, этагинг болага тўлсин, болам! Ўзинг-болаларим ичида энг қулоқ соладиганим, муштдеклигидан оғзимни ошга етказган соғин сигиримсан! Болаларингни кўрай илоҳим, қариганимда ёнимдан жилмай, боқиб ўтирганингга шукр!"
Қосим ака чиқиб кетди, унинг бу қилиғи менга худди намойишкорона қилинаётгандек туюлганди. У ўн беш кунлардан сўнг ўша аёлга уйланди. Тўй иҳчамроқ кўринишда ўтди, Ойша холам Қосим аканинг йиққан-терганларига келин учун ростмона қизга берганчалик сеп қилдилар.
Кечки пайт-сўрида одам камайгач, келганлар-кетиб, қолганларнинг вақир-вақур овози ичкаридан эшитилиб турган бир пайтда, мен тоғораларга сув қилиб, маросимда ишлатилган ювуқсиз идишларни юваётгандим. Орқамда кимнингдир қадам товушлари эшитилди, ёнлаб туриб қарадим: Қосим ака- оқ кўйлакда, қўли чўнтагида, ўзи эса ерга кўз тикканча ғалати бир алфозда турибди.
-Бону қиз, чарчамадингми?! Худо хоҳласа сенинг тўйингда ҳам шунақа ҳизмат қиламан...
"Раҳмат" дедиму-идиш ювишда давом этдим. У ёнимга яқинлашиб, чўнтагидан бир занжирни олди-ю, ҳозиргина ювган ликопчамнинг устига қўйди. Занжирнинг четида кичкинагина ёрлиқчаси борлигидан билдим-ки, у-тилла занжир!
Бирон оғиз гапирмасимдан, Қосим ака онасининг олдига кириб кетди. Ўн беш кунлар олдин чанг босиб ётган, қиш учун тузланган тузламалару, компотлар териб қўйилган оёқ тарафдаги омборсифат бир уй-у бир даҳлиз, яъни икки хонали уйча йиғиштирилиб, салгина таъмирлангач, унга бугун -келин туширилганди. Қосим ака онасининг ёнидан чиқиб, ўша чироғи ёниқ уй томонга қараб юрди.
Бошимни кўтариб қарасам, кириб кетяпти-ю, хамон кўзи менда. "Тавба қилдим, жинними бу одам?!" Менга унинг ҳозирги холати ғоят тушунарсиз эди. "Қани ойим тезроқ у ёқдан чиқсалару, уйимизга қайтсам, бу одамнинг ҳам рўзғори-рўзғор, уйи-уй бўлса..."
Шу куни тўғрисини айтаман- жудаям мазза қилиб ухладим. Моҳича "эртак айтиб беринг!" деб минғирлаётган пайтда-мен аллақачон биринчи тушини кўра бошлаган бахтиёрлардан бири эдим...
Эрталаб чиқиб, "келин салом" томоша қилдик. Жувон унчалик ҳам қари эмас, хунук деб ҳам бўлмайди, бироқ озгина тўлача-дўмбоқлигини айтмаса, Қосим акага жуда "боп"дек эди. Барно опа дастлабки лаҳзаларданоқ дарров унинг пинжига кирди, ошхонада унинг:
-Жуда ҳамма ишни қилишингиз шартмас, ана Маҳбуба бор, ўша қилади!- деяётганини эшитиб, озгина задам қайнади. Чунки бу уйда мендек сиғиндидан ташқари Моҳичани қўшмасак, Муборак, Малика деган бўй етган қизлар ҳам бор эди. Бу мавзуни ортиқча ўйласам, феълим айниб қоладигандек, дарров ўзимни ўзим чалғитдим: "Ҳа, уларнинг назарида "текинтамоқ" бўлганимдан кейин ишларни албатта мен қиламан-да, майли, еганимни ҳалоллаб ейишимнинг нимаси- ёмон!"
Қосим акага теккан аёлнинг исми Зиёдахон экан. Кўзлари сал шилпиқланиб турадиган бу аёлнинг нимасидир менга ёқмади. Юзи кулганга ўхшаб кўринса ҳам, лекин кўзлари қанақадир синаётгандек қараб турарди. Тушга яқин Қосим ака ҳам уйидан чиқиб келди, кечаги аҳволидан бир туки ўзгармаган. Хотини дарров унга чой тайёрлаб, биқинига кириб ўтирди. Мен эса Ойша холанинг ёнига кириб кетдим. Холамнинг пул тўплайдиган одати бор эди, ўша пулларини яшириб санаётган пайтларида кириб қолибман. Жим четга қараб турдим: кўзим тушгани яна дераза, ва унда кўриниб турган Қосим ака ва унинг янги аёли бўлди. Негадир у аёлига жаҳл қилаётгандек муомала қиларди. Аёлининг капалаги учиб, ўрнидан туриб- чойни янгилаб келгани- ошхона томонга қараб ғизиллади. Парда ортида турарканман, Қосим ака яна мен кириб кетган уй томонга қараб тикилиб қолди.
-Бу ёққа келчи?!
Ойша холанинг товушини эшитиб, ўгирилдим. Қўлларида ниманидир таҳлаётган эканлар:
-Мана буни яшириб қўй! Ўп-ўзингга, анави куни ойнадан краскани ўчираман деб чакана иш қилмадинг...
Ойша хола берган пулни ноилож қўлимга олдим:
-Ўзингизда турса-яхшийди, йўқотиб қўйяпман...
Ойша хола юзимга ҳайрон бўлиб қараб қолди:
-Ҳов бирда берганимни ҳам йўқотганмидинг?!
"Ҳа" дедим жим бош силкиб. Холам ҳам “ҳм” деб ўйланиб қолдилар. Уларни бироз Барно келинойидан гумон қилиб юришларини билардим.
-Бер, унда сепингга бир нарсалар олиб бераман, мана бунақа нарсаларинг борми?!
Ойша холанинг имосини тушунмай тургандим, ўзлари айтиб тушунтирдилар:
-"Упо", "бет ёғи", 'лупчик-халта" диган нарсалар ишлатмайсанми?!
Кулиб юбориб, бош чайқадим. Ойша холанинг ўзи ҳам қуёшдек чарақлаб ёнимга келдилар, секин парда олдидан қочдим. Сўридаги янги келини билан ўғлига кўз ташларкан, ҳозирги кайфиятидан асар ҳам қолмади:
-Ичи чиқмади шекилли-а Қосимимни, эссиз! Анави мегажин- ҳамма хотин зотидан кўнглини қолдирворган-да...
Гапни буриш учун бувимникидан хабар олиб келишга руҳсат сўрадиму, руҳсат теккач-у ердан шошиб ўз уйчам томонга ўтдим. Бувимники билан Нусрат опоқининг уйи ўртасида-уч маҳалла бор, лекин ҳаммаси бир комитетга қарайди. Борсам, Рисолат буви томорқамизга саримсоқ суқтирибди. Анча жой чопиқ қилиниб, сув таралгандек турибди, унга нима экишганини эса билолмадим.
Хоналарни бирма-бир кўздан кечирдим, бувимнинг сервантидаги идишлар жойида-йўқ, чанг тегмаган доирачалар ўрнига қараб, шуларни таҳмин қилдим. Рўпара уйда эса-меҳробдаги кўрпачалар камайган, тандиримиз олдидаги ғўзапоялар ҳам. Жаҳлим чиқди, лекин ёши катта одамга нима дейишга ҳайрон эдим. “Эшикни қулфлаб, калитни бермай, Нусрат опоқиникига ғизиллайман” дедиму, экин-текиндан ҳавотирим сабаб, яна калитни бувининг набирасига беришга мажбур бўлдим.
-Бизникидан нарса олибсизлар, "қайтариб қўярканмиз" деб қўйинг!
Индамай ортимга қайтдим. Маҳаллага кираверишимда -ёнимдан писмайиб ўтаётган машинага ажабланиб қарарканман, рулдаги йигит ойналарини тушириб, нимадир дегандек бўлди. Хаёлимда йўлга тўғри чизиқ чизиб, "кар" га ўхшаб, жим боравердим. Қарши томондан келаётган бировга машинасини тўхтатиб, ундан бояги кичик жуссали йигит ирғиб тушди. То ёнларига етиб боргунимча- иккисининг кўзи ҳам менда эди:
-Маҳалламизда қаттан пайдо бўлиб қоляпти-бунақа қизлар, Улуқ билмайсанми?!
Бояги Тикодан тушган- ўзича гап ташлаётганди. Ёнидаги йигит эса негадир кўзимга бошқачароқ кўринди:
-Уйиздаги ҳалолингизни ўйловринг, акахон!
Жим ўтиб, Нусрат опоқининг уйига яқинлашдим. Дарвозага етганимда, ортимдан уларнинг "э, ҳа!" деб кулишгани эшитилди. Ичкаридан Қосим ака ўйланиб чиқаётган экан, "Бону, тўхта!" деди, салом бериб ёнидан ўтишим билан. Тўхтадим.
-Нега кийиб юрганинг ҳалиям шу тапичка?!- деди оёғимга кўз қирини ташлаб туриб- Нимага шу пайтгача бирон нарса олмадинг?!
Пулни йўқотганимни айтишни ҳам, айтмаслигимни ҳам билмасдим. Дарҳақиқат, шиппагимнинг ўшандан бери таг чарми ҳам анча емирилиб кетди.
-Неччи киясан?! Ўзим олиб келиб бераман!
Қосим аканинг бу сўроғига жавоб бердим.
-Ишдан қайтишимда олиб келаман!
Дарвозанинг ёпилган овозини эшитганимдан сўнг ичкарига, Ойша холанинг ёнига кирдим. Кечаги маросимдан ортган нонларни суви қочмасидан тўғраб қўяётган эканлар, олдиларига ўтирдим. Барно келинойининг уйи томондан ҳиринглаган кулгу овози эшитилди. Чамамда янги келин ҳам ўша ёқда! Ойша холанинг баъзи саволларига жавоб бериб-бирга нон тўғрашдим.
-Овқатни бугунча янги келин қилсин-а?! Кейин эртадан-кўрамиз...
Гилам устидаги соатга секин кўз ташладим: тўрт ярим бўлибди! Бу пайтда кечки овқатга қозон аллақачон осиб бўлинган бўларди. Ойша холанинг гапига кириб, Зиёда опанинг уйига кирдим. Тирноқларига лак қўяётган эканлар, "овқатни соларкансиз!" деган гапимга жилмайиб:
-Ҳўп-да, асал!-деди.
Чиқиб кетдим. Кечки овқатдан сўнг-Қосим ака бир қоп пиёзни кўтариб, ёнимга келдилар. Дарров арчиб, тўғрашга ўтирмоқчи бўлдим.
-Бону, буни кийиб кўрчи!- Қосим ака пиёзнинг тўр ҳалтаси ичидан қовзоғлар орасига яширилган-чиройли оёқ кийимни олиб менга узатди. Ҳижолат бўлиб кетдим.
-Кейин киярман...-дедим қизариб кетаётганим ўзимга ҳам сезилиб.
-Тескари қараб тураман, аввал кийиб кўрсат!
Қосим ака ростдан эшик томонга ўгирилиб турдилар. Оёғимни ёнбошлатиб, туфлини кийдим-бунақа фасон туфлига мос кийимим йўқлигини билиб, ичим ачиди, буни қандай тушинтиришни билмаётгандим.
-Мана!
Овозимни эшитиб, Қосим ака дарров оёғимга қарадилар. Кейин яна- пиёз ичига қўл суқдилар-у ичидан яна бошқа бир янги- пошнаси паст шиппакни олдилар.
-Энди бунисини кий!
Қосим ака тутқазган иккинчи оёқ кийим ўртамиёна эди, ҳурсанд бўлиб, эсимда йўқ оёғимдан туфлини чиқардиму-шиппакни кийдим. Лоппа-лойиқ экан!
Қосим акага қарадим. Унинг аҳволи биров роса уриб ташлаб кетган-ташландиқнинг ҳолига ўхшарди. Аввал оёғимга сўнг юзимга қараб туриб, ғалати ютинди-ю, шошиб ташқарига чиқиб кетди. Раҳмат айтишга ҳам улгуролмай қолдим. Оёқ кийимларни яшириб, сўнг ўтириб-пиёз тўғрарканман, ўзимни бир айбли иш қилиб қўйган одамдек ҳис қилар, тинмай ичимда кимдандир кечирим сўраётгандек эдим. Қандай бир қоп пиёзни ростмона йиғлаб-сиқтаб тўғраганимни бир ўзим, бир Худо билди...
8-қисм.
Кечки овқатга янги келин шўрва қилган экан, тузи сал пастлигига Қосим аканинг яна авзойи бузилгандек бўлди. Ойша хола эса вазиятни силлиқлаб халак эди. Шу лаҳзаларда қандай қилиб бўлмасин, бу уйдан тезроқ кетишим кераклигини янаям теранроқ ҳис эта бошладим.
"Иншааллоҳ эртагаёқ бувимникига кетаман, ёлғиз бўлсам-да бир амаллаб яшай оламан! Йўқса, бу сафар мен сабаб- Қосим аканинг уйи яна аччиқ бўлади!"
Тонг отди. Гапирадиган гапларимни ипга тизиб олиб, Ойша холанинг ёнига кирдим. Жуда узоқдан гап бошлаб келганимдан ажабланган Ойша хола мақсадимни англамай- юзимга тикилиб турарди. Охирида шарт айтиб қўя қолдим:

-Энди уйимизга борсам дейман, ҳамма нарса талон-тарож бўлиб кетади, хола! Илтимос, кетай!

Ойша хола бошини сарак-сарак қилди:

-Хаёлингга ҳам келтирма, битта ғўр қиз кенг ҳовлида қанақа қилиб турасан, ёмонни дарров кўзи сенга тушади! Ойинг тузалиб чиқсин, ана ундан кейин кетишингга руҳсат бераман!

Яна кўп важлар келтирдим, ҳаммаси Ойша холанинг бош сараклатиши олдида чиппакка чиқаверди. Охири униқиб кетган кўйлагимга қаради-да, ўрнидан эзмаланиб туриб- нариги хонага кириб кетди. Гап нимадалигини билмай жим кутдим. Бир бўхча кўтариб чиқиб, икки-уч эн матони ёнимга ташладилар:

-Тиктириб кийиб ол! Мана "мунақа" нарсаларинг борми?

Холанинг икки кўксини кўрсатиб қилган қилиғига уялиб, бош ирғарканман-"ҳа" деб жавоб бердим. Ўзлари ҳам кулиб юбордилару пичирлаб яна бир гап айтдилар: "Сангаям йовчи чиқяпти, кечаги тўйда нақ тўртта одам-четга чақириб, дараклатди-я, эрга бериб юбораманмикан, мунақада?!"
Жим бўлиб қолдим: "онамни ақлдан озганлигини, отам йўқ етимчалигимни билиб туриб, ким ҳам оғиз очарди?!" Ичимда шуларни ўйларканман, Ойша хола берган матоларни секин бир четга суриб қўйдим.

-Ие, нима бўлди!- хола ичимдан ўтаётган ўйларни билмай, буни нозга йўйиб ажабландилар, -Ўйлама, ичидан пичоққа соп бўладиганини- маҳкам ушлаймиз-да! Энди эса бор, обедга овқатни ўзинг сола қолгин, ҳадемай ҳамма йиғилиб кела бошлайди. Келин томондан ҳам келадиганлар бор, майда-майда қилиб, ичига чучвара тугиб соларсан...

Янги шиппагимни кийганимни фақат Қосим ака сезди. Иложи борича кўпроқ Ойша холанинг ёнидан жилмасликка ҳаракат қилар, овқатни ҳам энди улардан тортиниб, ошхонада болалар олдида ичаётгандим. Ноябрь ойи яқинлашаётганда-уйда бир янгилик тарқалди: Нусрат опоқининг иккала ўғли ҳам Россиядан қайтишаётган экан. Эшитиб маъюс тортиб қолдим. Йигирма уч сотих ҳовлининг ички томонида бошқа бир ўғли турса-да, энди улар қайтгач, Барно опанинг эри ҳам шу эшикдан кириб-чиқишини ўйлаб ҳалитдан ичим ҳижил торта бошлади. Ўтган бир ой ичида Қосим аканинг аёлига кўнгилсизлиги ҳаммага сезилиб бўлган ва барча Зиёда опага ачина бошлаганди. Жумладан айбдор сифатида-ўзим ҳам. Қосим ака сомсахонадан жуда кеч қайтар, унгача ўзим омбордан тоғорага пиёз солиб чиқиб, тўғраб қўярдим. Беш тоғора пиёз-бир қоп бўларди. Кўпинча Ойша хола ажратиб берган гўштни тўғраётганимдагина дарвоза эшиги очилар ва шу пайтда кенжа ўғил уйга қайтарди.
Ўтакамни ёрган гапни Ойша хола ўзи сезмаган ҳолда бир куни айтиб қўйди:

-Қосим бировга илакишган экан-да, билмаган эканман! Зиёда келинни эса аҳволи-“ранг кўр-ҳол сўр” бўлиб ётибди. Шунчалик экан бошида айтмайсанми? “Уйлангим келяпти, хотин керак” деса оёғимни қўлимга олиб шу жувонникига чопибман-а...

Кутилганидек, ноябрь ўрталарида уйга ўғиллар қайтишди. Ҳамма ёқ қий чув ва ҳурсандчиликка тўлди. Ҳали-Моҳича турли шоколадларни менга олиб келиб тутқазар, ҳали- кўчадаги дугоналарини севинтириб тошқиларди. Катта ўғил- Нурмат ака ярим соат ўтириб, кейин уйига ғизиллади. У билан қисқагина кўп қатори салом алик қилдим. Кейингиси Ҳамдам ака эса парво ҳам қилмай-гапга берилган, тўлиб тошиб, ўз таассуротларини гапираётганди.
Енгил тортдим: "беҳудага ташвишланибман" деб қўйдим ўзимга-ўзим. Қосим ака шу куни яна ошхонадалигимда ёнимга кирдилар, қиладиган бир иши йўқ- деразага орқа қилиб-жим турди. У ҳам ҳеч нарса демади, мен ҳам.

-Энди мен Россияга кетаман!- дедилар охири.

-Яхши!-дедим-у, шу билан хонадан чиқиб кетдим, энди биров кўрса-дарров ҳаёлига ёмон фикр келадигандек қўрқаётгандим. Бу гапни Қосим ака "шунчаки" айтди деб ўйлаётгандим, йўқ чинини айтган экан: икки ҳафтадан кейин ҳамманинг "ҳай-ҳай" лашига ҳам қарамай, самалётга кетиш учун билет олиб келди. Акалари бири қўйиб- бири унга ақл ўргатар, ўша икки ҳафта ичидаги тортишувларга бу сабабсиз "кетиш" қарори-сабаб бўлаётганди. Кенжа ўғил ҳеч кимнинг гапини қулоғига илмади. Кетадиган куни у яна ошхонага овқат қилаётган пайтимда кирди, ёнимда Моҳича бор эди!

-Моққи, бувингнинг олдидаги чойнакдан бир пиёла совуқ чой олиб чиққин!

Моҳича лаб буриб ошхонадан чиқиб кетиши билан Қосим ака ёнимга яқин келди:

-Келгунимча-эрга тегиб кет Бону! Бир йилдан кейин қайтаман... Қийналсанг, тўйингга пул жўнатаман, ярашадиган нарсалар ол! Чиройли келин бўл, ҳўпми?!

У чиқиб кетган пайтда ўйлардим: "бир йил ичида турмушга чиқишга улгуролмасам-чи?!"

Қосим ака кетди.


Энди янада енгил нафас олдим. Умримнинг ўтган беш ойининг тенг ярми-тун кирса чўчиб, бомдод пайтида обдаста овозини эшитибгина ҳотиржам тортадиган кунларимга тўла эди. Кейинги тенг ярмини эса-Қосим аканинг бу ҳиссиётларини биров сезиб қолишидан чўчиб, гўё игна устида ўтиргандек ҳавотир билан ўтказибман. Кўпчилик пиёз тўғраб, йиғлаб ўтирганимни кўрса- "пичоқни сувга тиқиб-тиқиб тўғра, шунда кўзинг ачимайди!" деб ўзича менга ақл ўргатарди. Аслида эса- доим менинг юрагим ачирди. Вақт ўтгани сари бир нарсани сезиб қола бошладим: буниси ҳам ўта ҳавотирли!
Ўн саккиз ёшли қиз сифатида камолотга тўлиб борарканман- деярли йўлимда учраган ҳамма эркакларни негадир "фитна" га солардим. Қосим ака кетганидан сўнг орадан атига йигирма кун ўтиб ўтмасидан-иккинчи воқеа содир бўлди...
Янги йил оқшоми эди. "Ювиниб, тоза кийимларимни кияман" деб ҳаммомга кирдим. Кичкинагина ювиниш хонаси-қўлбола буржуй печкасидан гўёки мисдек бўлиб исибди. Назаримда кимдир "чўмилиш" учун уни тобига келтириб қўйгандек туюлди-ю, хаёлим чалғиб- шошиб уст бошимни ечдим. Елкамдан эндигина "бир чўмич сув қуяман" деб эргашишим билан- ҳаммом эшиги бирдан куч билан очилиб, чўчиб тушдим. Салга лўкидони кўтарилиб кетадиган эшик-бу шиддатли харакатга мени ортиқ тўсиб қололмади.
Остонада-ўртанча ўғил Ҳамдам ака анграйганча турарди! Кейин "Ий!" деди-ю, ортига тезда бурилиб чиқиб кетди. Уятдан ерга кирганимча қолдим. Кўзимга эшикдан сал бирида турган кунда ҳам -энди уни ичкаридан тираб қўймаганим учун таъна-дашном бераётгандек кўриниб кетди.
Хамдам ака ҳаммомдаги печкани ўчириш ёддан чиққани учун-шу зайлда отилиб кирганини мана энди яхши англаб турардим. Ҳижолатдан янада ақлдан озар аҳволга тушдим...
Шу аҳмоқона воқеадан сўнг ўз-ўзидан Ҳамдам аканинг қилиқлари бошланиб кетди."Кетай" десам, қишнинг ўртаси- Ойша хола яна қўймадилар. "Кетмай" десам-бу ёқда Ҳамдам ака! Ошхонада икки маҳал овқат соламан, улар эса баҳона қилиб, ёнимга кирадилар. Икки кўзи менда ва бу кўзларда-энди журъатсиз Қосим аканинг кўзидаги каби маънолар йўқ эди!
Мен фақат Барно опа сезиб қолишидан ваҳимага тушиб, шу хадикдан ўлгудек бўлардим. Кечалари яна йиғлаб чиқишлар, ухламай тонг оттиришларим бошланди. Тинмасдан дуо қилардим-тезроқ онамга жавоб бўлса, қани улар тезроқ соғайсалар! Майли буткул соғаймасалар-да-бирга яшасак, "энди ўла қолсам ҳам бировнинг гапига кириб улардан ажралмайман" деб қайтараверардим.
Баъзи кунлари Ойша хола ва Нусрат опоқига тикиларканман-хаёлимга ёмон фикрлар кела бошларди! "Нега бу мусичадек беозор одамлардан бундай нафсига берилганлар дунёга келган экан?!" деб ўйлайверардим. Ҳамдам ака Моҳичага бир нарсани айтишни баҳона қилиб, икки марта кўрпа солиб қўйган пайтимизда хонага кириб келди, бир марта эски шкафдан қишлик кийимини қидирмоқчидай бўлиб, роса ивирсиди. Ора-чорада у онам ҳақида менга гапирар, шу уйга келиб яшаётганим жуда тўғри иш бўлганини тинмай қайтараверарди.

-Неччи ёшсан Маҳбуба?!

Ёшимни айтдим.

-Айни...- дедию, давомини айтмади. Қизариб бир Моҳичага, бир дераза томонга қараб қўйдим.

-Ҳа майли, эртага Барнош ўзи қараб қўяди, сизларни ҳам безовта қилмай қўя қолай!- у хонага бошқатдан қараб чиқди.

-Моққи, шу сани жойингми?! Кечаси "кўли қуббон" ишлаб кетмаяптими?

Кап-катта қиз Моҳича - отасининг бу бефаросат гапидан уялиб кетди. Ҳамдам ака худди ўз қизига гапиргандек менга қош чимириб яқинлашди:

-Кечаси "тур Моқи" десанг, дик этиб туради, ўзи сен хушёр ухлайсанми?

Индамай бош силкиб қўя қолдим. "Бало келса-шунақа қўш-қўш келаркан!" дедим ичимда, буниси ҳайиқадиганга ҳам ўхшамасди. Ҳавотирда яшаётган кунларимнинг бирида бувимларникига кетаётиб, муюлишдаги дўконга кирдим: қулф сотаётган бўлса- олмоқчи ва охирги пайтлар янада камайиб бораётган идиш-тавоқларни ошхона ичига йиғиб, ўша хонамизни қулф-калит қилмоқчи эдим. Дўкондор йигит негадир кўзимга иссиқ кўринди.

-Биз қулф сотмаймиз, жуда зарур бўлса "центр"дан олиб келиб берамиз, индинга хабар олинг!-у юзимга тикилиб туриб, жилмайганча шу гапларни айтди. "Ҳўп, индинга келаман!" деб чиқиб кетдим. То бувимникига боргунча эсладим, бу болани қаердадир кўргандек эдим. Ўзи менда шунақа ҳолатлар кўп бўлади. Кўзимга иссиқ кўринади, лекин сираям қаерда кўрганимни эслолмайман. Дўкондан чиқиб, шу хаёлларда уйга қайтдим, дарвозадан киришим билан қулоғимга чалингани Нусрат опоқининг баланд оҳангда эшитилаётган овози бўлди:

"Ҳа ўзинг яхшимисан? Аянгам опоқ, манам юрибман, болам... Хотининг кетди! Аялингни уйларига жўнатгандик, деяпман! Дом-дараги йўқ, ўғлим... Эшитяпсанми? Ҳа... Ўзинг айтганмидинг?! Билмабмиз-даа... Ҳа, тинчликка бўлса-бўптида, болам! Сен бўлмасанг-нима қилади, бу ерда юриб?! Эна-отасини ёнида бўлаверсин... Биз ҳам яхшимиз! Аянгга берайми?! Ҳа, овозини ванғиллатмай гаплашяпман, айтдинг-ку, ўзинг: “манга эхо бўлиб келади” деб... Ўчирдик, шунга! Ҳа, аканг ўчириб берди! Бўлдими?! Аянгга бераверайми?"
Кириб бораётиб, очиқ деразада суяниброқ турган Ҳамдам акага кўзим тушди: "Қосим ака акасига телефон қилиб, ота-онаси билан гаплашяпти шекилли" деб ўйладим. Ойша хола йиғлаб-сиқтаб анча гаплашди, гапларини охирида сомсахона ҳақида ҳам гап очилиб қолди шекилли, дўкондан анчадан бери хабар олишмаётганини гапириб қолдилар.

"Нима дейсан? Ҳа...Маҳбубага берайми?!"


Ўз исмимни эшитиб рангим дув оқариб кетди. Деразага суяниб турган Ҳамдам аканинг чорлови билан ичкарига зўрға қадам босиб кирдим. Ажабланиб турганимни кўриб, Ойша хола қўлини силкиб- ёнига чақирдилар:

-"Бонуни чақиринг, дўконни бориб, супириб-тозалаб қўйсин-"пирли жой" деяпти! Нарсаларини тартиблаб қўйишингни ўзингга тайинларкан, кел яқинроқ!"

"Ҳа, ҳўп!" дедим телефонга қўл чўзгим келмай.

-Ол! Военный билет, Сэс-пэс... Яна бир нарсаларини топиб, уйга олиб келиб қўяркансан, жойини ўзи айтаркан санга!

Ноилож телефонни қулоғимга тутдим, овозим ўзимга ҳам нотанишдек туюлди: "Алло!"
Беш сонияча у томондан овоз келмади, иккинчи бора "Алло! " деганимдан сўнг, сал ўтиб-у ёқдан Қосим аканинг овози эшитилди: "Бону! Яхшимисан?! Яхши юрибсанми?! Соғлиқларинг яхшими?! Қийналмаяпсанми?!"
"Ҳа" дедим паст овозда.
"Микрофони ўчиқми?!"
Яна маъқулладим.
"Тўхтасиннинг дўконидан ўтганингда- Шоввоз деган кабобпаз бор, биласанми?! Қорача, паст бўйли?!"
"Ҳа, биламан, кўргандим шекилли!" дедим.
"Билсанг яхши, ўшанинг олдига борасан, гапимни эшитиб тур- оҳиригача!"
Индамай "ҳўп" деб, гапининг давомини кута бошладим.
"Шоввознинг олдига бориб, "Қосим акамнинг жияниман, Бонуман!" дейсан! Юз доллар беради... Янаги ой ўн бешинчига борсанг, яна шунча беради, тушундингми?!"
"Ҳа, тушундим" дедим қўрқа-писа атрофга кўз ташларканман.Телефондан Қосим аканинг охирги сўзлари янгради:
"Хоҳласанг, гаплаштиради... Хоҳласанг-да! Майли, аямга беравер, соғ-саломат кўришгунимизча, Бону!"
Телефонни Ойша холага бериб, секин айвондан чиқиб кетдим. Ортимдан ҳар бир қадамимни зимдан кузатаётган-Ҳамдам аканинг назарини сезиб турардим. Суҳбат яна озроқ чўзилди. Ана ундан кейин ичкари уйдалигимда Ойша холанинг исмимни айтиб чақиргани эшитилди.

-Ҳамдам, калитни тепадан олиб бер, "бу" бориб, бугуноқ саранжомлаб келсин сомсахонани!

Ҳамдам ака айтилган жойдан калитни олиб, қўлимга тутқазди.

-Жадал йиғиштирасан-а, онам?! Ўша айтилган хужжатларни ҳам топиб уйга олиб келиб қўй, аканг сўрайди-да, келса... Қани борақол, кун ботмасидан-битириб кел, сув сепиб юрма, ичкари заҳ тортиб қолмасин!

Ойша холамга "Ҳўп" деб, кийиндим-у сомсахонага жўнадим. Кун ботишига бир ёки икки соатча бор эди. У ер-анча файзсиз бўлиб қолибди, ташқари ҳам ивирсиган. Эшикни очиб, ичкарига кирдим: кетишидан олдин Қосим аканинг ўзи- қўл учида йиғиштирган экан. Пиёлада қолиб кетган ёғни ташқаридаги тол остига тўкиб келдим. Сўнг уйга боргач, иссиқ сувда ювишим учун-ювуқсиз идишларни бир четга дасталай бошладим. Бирдан эсимга хужжатлар тушиб қолди. Ойша холага қайтгач, нимадир беришим керак эди: ҳамма ёқни қидира бошладим. СЭС руҳсатномалари турадиган девордаги жилд ичида ҳаммаси турган экан, олиб кетадиган буюмларим ёнига, супа четига қўйдим. Шу пайтда- эшик ғийқиллаб очилиб, остонада Ҳамдам ака пайдо бўлдилар. Аъзойи баданимдаги тукларим тикка бўлиб, қаттиқ қўрқиб кетдим. Сал бошини бир томонга қийшайтириб, ёнимга яқинлаша бошлади. "Нега бу ерга келди экан?!" деган фикр яшин тезлигида ҳаёлимдан ўтди. Унинг нияти яхши эмаслигини деярли сезиб турардим.

-Йиғиштириб бўлмадингми, ҳалиям?! Бунча имилламасанг!

У ёнимга қадам босиб яқинлашаётгани сари - мен секин-аста ортимга чекина бошладим.

-Нега қўрқасан, нима еб қўярмидим, сани?!

Индамадим. Қанақадир тез харакат билан у олдинга ташланганида- деярли деворга қапишгудек бўлиб қолдим. Фурсатдан фойдаланиб, икки қўлини деворга тираб, ўзича атрофимда-қафас ясади:

- Мана энди бир бошдан гаплашиб олайлик!- унинг кўзларида масҳаралашга ўхшаш маъно зоҳир бўлди:


- Сен қиз, Қосимни нима қилдинг?Нима қилдиларинг-а, икковларинг бир бўлиб? Шакаргуфторлик қиладиган жойларинг-мана шу ер эди! Топдимми?!
Бу савол маъносини то тушуниб етгунимча, хаёлларим ҳар кўчага кириб, жудаям чалкашиб кетдим. Ғалати назари билан яқин масофадан бутун танамга кўз югуртириб чиқаётган бу маразга дабдурустдан ҳеч нарса деёлмай, беҳолгина бош қимирлатишга мажбур эдим.
-Укам "хотин олиб ҳам, хотинига қарамабди" деб эшитдим, Қосим нега бундай қилади? Балки сабабини ўзинг бир бошдан айтиб берарсан?
-Мен бунинг сабабини қаердан биламан?- дедим, урилаётган нафасидан жирканиб, четга юзимни бурарканман.
-Сен ўзи-кимни "алдайман" деяпсан?! Ёш бола қилма, ҳаммасини жуда яхши тушуниб турибсан! Мен ер тагида илон қимирласа биламан-а!
-Билсангиз, яхши бўлибди, сиз билган нарсани-мен билмайман! Гапингизниям тушунаётганим йўқ!
Нафасим бўғзимга тиқилиб, аранг шу гапларни айтишга ўзимда куч топдим.
-Хўп, янаям очиқроқ айтаман, қани шундан кейин ҳам ўзингни овсарликка солиб кўр-чи! Хўўшшш... Қосимни йўлдан урдинг, қўйнига кирдинг...
Чидаб туролмадим: -Туҳмат қиляпсиз, бу қип-қизил туҳмат! Қосим ака менга ҳеч қачон ёмон муносабатда бўлмаганлар...
-Ҳа... Лекин, ўрталарингда нимадир бўлгани аниқ!
Юзимга унинг бармоғи теккан пайтда-нафратим қонимни қиздириб, ғазаб-аллақачон миямга чиқиб бўлганди.
-Энди бундай қиламиз...-гапининг оҳангини секинлаштириб, менга яна ёқимсиз нигоҳларини тикди. Кўксимни қаттиқ тўсиб турган қўлларим- зинғиллаб тортиша бошлаганди. Ичимда бир ёввойи қичқириқ пайдо бўлди-ю, бор овозимда қичқирдим. Ҳамдам ака чўчиб, дарров оғзимни кафти билан ёпди, кўзи олазарак бўлиб-эшик томонга ўгирилган пайтида, тиззамни куч билан кўтардим. Нозик жойига тиззам тегиб, бирдан у букчайиб қолди. Шунда ҳам оғзидан ҳар хил уят сўзлар чиқар ва мени амаллаб чалиб тўхтатишга уринаётганди. Оралаб ўтиб, тапчан четидаги ҳужжатлар папкасини тез юлқиб олдим-у, дарров эшикка ўзимни урдим.
Уйгача йиғлаб келдим. Аҳволимни кўриб-Ойша холанинг капалаги учиб кетди. Айвонга олиб кириб "гапир, тинчликми?!" деб сўради. "Бу ер бўлмайди, ичкари уйга кирайлик!" дедим. Айтилган хонага киргач, Ойша холага ҳаммом воқеасидан бошлаб гапириб бердим.

-Ҳа, овлоқ-а!- Ойша хола бироз бош чайқаб тургач, барибир ишонмаётгандек гап бошлади: -Сен ўзи нотўғри тушунмадингми ишқилиб, жуда унчаликка бормагандир?

Кейин бошини эгиб, оғзини тўсганча шивирлади: -Зиёда келинойингга Қосим аканг "кетаверинг, уйингизга" деб айтганига-ҳамма ҳар гапни ўйлаяпти-да, ҳозир! Бир тузук жувон бўлса, нимага Қосим акангнинг ундан ичи чиқмади билмаймиз?! Шунга- буям ўзича бир таҳмин қилган-да, Қосим жинни эмас-ку, сенга ёмон кўз билан қарармиди, келиб-келиб?
Энди Ҳамдамнинг ўзига келадиган бўлсак, хаммомга атай сени пойлаб кирмагандир?
Ойша холанинг юзига тикилиб қолдим: "Оналар ҳеч ўз боласини ёмон демас экан-да...Мен нима деяпману, булар нима деяптилар..." Ҳозир қанча гапирсам ҳам, бу онаизор ўша ёмон сифатни ўз боласида кўрмаслигини тушунарканман, энди бошқача йўл тутишим кераклигини англадим.

-Ойша хола, бу ерда ортиқ туролмайман! Ҳамдам аканинг бу ишидан кейин айниқса... Шунга бориб, ўша ёнғин чиққан уйимизни-ўзим бир тартибга солсам, оқлайдиган жойларини оқлаб, куйган нарсаларини чиқариб ташлаб, бир яшаса бўладиган аҳволга келтирмоқчиман. Ҳовлидан кўра беҳавотирроқ бўлади, бир ўзим яшашим учун, тўғрими?

Ойша хола гапларимга ҳайрон бўлиб, жим қараб қолдилар. Айтиб турган ишларим –менинг ёшимдаги қизларнинг қиладиган иши эмасди! Лекин начора, ҳамма ҳар хил ёшда улғаяди! Бироздан кейин Ойша холам менга анча ўрганиб қолганликларигами, бағирларига босиб, озроқ йиғлаб ҳам олдилар.

-Эндиям ҳеч нарса деёлмайман, болам! Агар шу иш маъқул келаётган бўлса-"майли" дейман. Дуойи жонингни қилиб ўтираман, қўлимдан келган ёрдамни бераман. Ҳали келсин, анави ер юткурни ҳам яхшилаб адабини бериб қўямиз. Нусрат опоқинг билса-нақ тилгинасини кесиб ташлайди-я бу ифлосни! Лекин ёмон хаёлга борма, жон болам! Менга ишон, сенга нисбатан кўнглида ёмон фикр бўлмаган бу акангни, туҳмат қилаётганига эса- ҳали жазосини тортади, тек қўявер!


Бояги папкани Ойша холанинг ёнига сурдим:

-Шулар бўлиб, ишим чала қолди. Бир кун ҳеч кимга билдирмай, калитини берсангиз-бориб сомсахонани йиғиштириб қўяман...

Зарифа телефонидан бош кўтарди, мактубнинг шу еригача жуда тез суръатда ўқиб келганди. Ҳар тугул қизнинг- анави ифлос одамнинг чангалидан омон қутулганини билгач, анча енгил нафас олди. Шоира хонага кириб келиб, ҳалиям сирли жилмайиб ўтирган- Зарифага ажабланиб қараркан, қизиқиб савол берди:

-Тинчликми Зарифа опа?!

Зарифа жавоб ўрнига бош силкиб қўйди: у ҳалиям ўқиганлари таъсиридан чиқиб кетолмаганди. "Қуюшқондаги аёл"- дарвоқе унинг исми" Маҳбуба" эканлигини ҳам мана яқиндагина билиб олди! "Аёл!"деб ёзибдими, демак- айни кунларда у она ёки кимгадир аллақачон жуфт бўлиб улгурган бўлса керак...
Лекин, "қуюшқондаги қиз" бўлиб номлаганида унақа маъноли янграмаган бўларди. Балки ҳалиям...
У ўтириб, Маҳбубанинг илк ёзганларидаги жумлаларни эслади: “Ёлғиз аёлларнинг ўз аччиқ ҳаёти бор. Бу мактубларни сизга ўша ёлғизлар оламида жуда кўп вақтини ўтказган бир инсон ёзмоқда! Кеча телевизорда таниқли эркак хонандамизнинг концертини кўриб қолдим, атрофида ёшгина йигирматача қиз -"қорин рақси" га тушишяпти экан, негадир ҳазм қилолмай телевизорни ўчирдим. Аёллар –“кўнгилхушлик бирлиги” бўлиб қолгани жуда ачинарли!”
Зарифа бироз кўзларига дам бергач, ўзини кузатиб ўтирган-Шоирага эътибор ҳам бермай, мактубнинг давомини ўқишга тутинди:

"Ойша хола овозсиз бир нуқтага қараганча, бош ирғаб қолдилар, ўрнимдан туриб хонадан чиқиб кетдим. Атрофга ғира-шира инаётган пайтда, мен ўша- ўзим шунча пайт ҳавотир билан яшаган уйда кетиш учун нарсаларимни йиғиштираётгандим. Кўча эшикнинг очилгани ва Ойша холанинг кимнидир чақиргани эшитилди. Эшик ёнига бориб қарадим. Айвон олдида тўхтаган гавда-Ҳамдам аканики эди: демак-ки, қайтибди!


Ичимдан бир ўксиниш қалқди:"Етимнинг кўрган куни қурсин, экан-да!"
Нарсаларим унча кўп эмас эди: ёзги кўйлакларимни аллақачон бувимникига ташлаб келганман, ҳар борганда иккита-иккита қилиб дегандай. Қосим ака берган-оёқ кийимларни, Ойша хола саҳоват қилган, лекин ҳали тиктиришга улгурмаган матоларимни олдим. Тилла занжирни игна тўғноғичдан ўтказиб, ичимга кўринмайдиган қилиб маҳкамладим. Шу пайтда Ойша ҳоланинг яна чақируви эшитилди: улар энди мени чақираётгандилар. Ҳайиқиб, айвонга аранг кириб бордим. Ҳамдам ака бошини экканча-чордона қуриб ўтирибди. Ойша хола эса –гўёки сал олдин йиғлагандек. Киришим билан озгина сукунат ўзини сездирди. Бироздан сўнг Ҳамдам ака бош кўтариб, гап бошлади:

-Маҳбубахон, мени нотўғри тушунибсан, ўлай агар ичганимда- нима деганимни биладиган аҳволда бўлмайман. Биласан, совуқ ерларда ишлаганмиз, "эллик-эллик уриш" одат бўлиб қолган...

Билардим, у ўша пайтда ичмаган эди! Шу билан Ҳамдам ака қуруқ аравани -Россия томонларга қараб олиб қоча бошлади, ора-орада ўхшамаган қасамлари билан...

-Барно билмасин, ая! Хотин зоти ўла қолса, тўғри тушунмайди! Ая, раҳмат сизга, бировга билдирмай бошидаёқ ўзимга айтдингиз...


Маҳбуба, сен- қизим қаторисан-а?! Мубор опангми ё синглингми? "Неччига кирдим" дегандинг?

Яна ёшимни айтдим.

-Ҳа, жиндек каттароқ экансан, армияга бормаганимда- қизим албатта сен қатори бўларди! Болам қатори қизга- ёмон кўз билан қарасам, кўзим оқиб тушгани яхшимасми, қани ўзинг айт?!

Ҳамдам ака тинмай гапирар, бу ижрога Ойша хола маҳлиё бўлиб, ишониб- ўғлига термулганча ўтирарди.

-Маҳбуб, эшитвол-икки қулоғинг билан! Ҳозир қўлингга-болтани олиб чиқиб бераман, чопасан қўлимни ҳўпми? Кўзимни ўйиб олсанг ҳам, ғинг деган номард!

Индамай ўрнимдан туриб, чиқиб кетдим. Тайёрлаб қўйган сумкаларимни кўтариб, энди батамом кетиш учун у ердан чиқдим. Айвонга кириб юрмасдан, эшик олдидаёқ Ойша холага "кетяпман!" ишорасини қиларканман, хола қичқирдилар:

-Ҳой, бу ёққа қара! Маҳбуба?

Ҳамдам ака ҳам у ёқдан шошиб чиқди:

-Яхшимас, бувинг тенги одам чақирганида, "гапинг бир тийин" дегандек шунақа кетаверишинг, мана шу эшикдан туз егансан-а?Қани, кир- ичкарига!
Гапларига ғашим келиб, яна ичкарига кирдим. Ойша хола ялингансимон зорлана бошлади:

-Ҳай, бир кеча- минг кечамас-а, жон болам?! Қоронғуда қаёққа қўйиб юбораман, маҳалланинг итларини ҳамма ечиб юборадиган пайт-ку, ҳозир!

Индамай Ойша холанинг ёнларида бош эгиб туришимни кўриб, Ҳамдам ака яна авжига чиқдилар.

-Биз бегона эмасмиз, сан туғилмасингдан олдин катталар боғлаб кетган-ришталар бор! “Бир кун туз ичган жойингга минг йил салом қилгин!” деган эскилар...

Шу кеча Ойша холанинг қистови билан қоладиган бўлдим. Дарҳақиқат Ойша хола айтганидек бир кеча-минг кеча эмасди...
Эрталаб холанинг ўзи билан рози-ризочиликда ҳайрлашиб, бувимникига кетдим. Маҳалладан чиқаверишда биров "ҳой қиз!" деб чақирди, йигит кишининг овозилигини сезиб- қарамасдан қадамимни тезлаштирдим. "Ҳой Қосим аканинг жияни!" навбатдаги чақирувдан хушёр тортиб қарадим. Боя ариқ бўйидан ичкарида турган-икки уч одамни пайқамай ўтган эканман. Бири мени чақириб ортимдан келаётганди. Қарадим: бу кечаги кунги дўкончи йигит эди.

-Нимага чақирсам қарамайсиз? Қулф айтгандингиз, олиб келиб қўйдик. Шуни олиб кетишга келяпсизми?

Ҳа, хаёл билан бўлиб дўконга қулф айттириб юборганим эсимдан чиққанди. "Лекин шунча чиқимим турганда, униям олсам-қандоқ бўларкан?!" Шуларни ўйлаб, иккаланиб қолдим. "Майли, керак бўлиб қолар!" дея сумкамдаги пулимни кавлаштирган киши бўлдим. Йигит ёнимдан тез-тез юриб ўтиб, дўконининг эшигига тўсиб қўйган таёқни ва стулни четга олди.

-Кираверинг!

Изидан етиб бордим. Пештахта устидаги очиқ турган дафтар устига икки дона қулфни қўйди:

-Қайси бири ёқса, ишлатиб кўриб олаверасиз!

Қўлимга кичикроқ туюлган қулфни олиб, бураб кўрдим. Йигит эса пештахтадаги ортиқча буюмларни тартиблай бошлади.

-Боя тўғри айтдимми, Қосим акага жиян бўласиз-да, шунақами?! Бир икки кўрувдим, ўша эшикка кириб кетаётганингизни...

-Ҳа, жиянлариман!- дедим, иккинчи қулфни айлантириб, калитини халқалардан чиқармоқчи бўларканман.

-Беринг, ўзим сизга олиб бераман!

Йигит қўлимдан қулфни олиб, ҳалқалар бўйлаб калитлардан бирини чиқариб ола бошлади. Тикилиб қолдим: унинг қошлари жуда теккис, юзида қандайдир истараси бор эди. Калитларнинг бирини чиқариб, ўзи қулфни очиб, ёпиб кўриб, кейин менга узатди.

-Бўпти, сиз текшириб кўрган бўлсангиз бўпти-да!- дедим сумкамдан боя алоҳидалаб қўйган пулимни оларканман - неча пул тўлайман?

Йигит бироз жим бўлиб қолдида, кейин секин овоз берди:
-Олиб кетаверинг, сизга маъқул бўлган бўлса бўлди!

Ҳайрон бўлдим, шундай бўлса-да, индамай олиб чиқиб кетгим келмай, пештахта устига пулимни қўйдим.

-Мен сизга "олиб кетаверинг!" дедим, керакмас пулингиз, олинг!

Дўкондан тез чиқиб кетдим. Негадир енгилгина бўлиб, жуда тез юриб кетардим, хаёлим жуда паришондек туюлар, ҳозиргина рўй берган воқеанинг таъсирида учиб борардим. Бирдан қўлимга қарадим, нариги кўк халтам йўқ-унисининг ичида Қосим ака берган оёқ кийимларим бор эди! "Ҳаяжонландимми нима бало?!" Шошиб ортимга қарадим, айни шу дамда анча шитоб юрганим сабабли узоқлаб кетган жойимдан чиққан- дўкончи йигит мен томонга қараб қўл силкиди. Секин ўн қадам босиб боргунимча, у тез-тез юриб ёнимга етиб келди. Сумкамни у қўлидан бу қўлига олиб, мийиғида бир кулиб қўйди:

-Мабодо сиз бу томонга кетишингиз керакмасмиди?! Яна адашиб...-у қарама қарши томонни имлаб кўрсатди.

"Ҳа, Нусрат опоқимнинг уйи у томондалиги сабаб у энди яна мени боши айланиб қолди деб ўйлаяпти шекилли..." ҳижолат бўларканман, хаёлимдан шу фикрлар ўтди.

-Йўқ ўз уйимизга кетяпман, уйимиз эса бу томонда!- дедим.

-Ие, қайси маҳалладансиз?

-"Паст қудуқ"данман...

-Шунақами? "Паст қудуқ"да менинг бир туғишган холам борлар, сиз кимнинг қизисиз у ерда?! Уйлариз мактабдан кейинми ё олдинми?!

Худди қариялардек савол-жавоб қилаётган бу йигитга усиз ҳам кўп нарсаларни айтиб қўйгандим. Индамай халтамга қўл чўздим:

-Кетишим керак! Айтганим билан- уларни танимайсиз...

Йигит халтамни бергиси келмагандек пайсаллади.

-Хўп, ҳеч йўқ иккаламиз танишиб олайлик унда! Менинг исмим Улуғбек, сизникичи?!

Назаримда у исмимни билмагунча халтамни бермайдигандек туюлди. Чўзиб ўтирмай, исмимни айтдим.

-Маҳбубахон!

-Маҳбубахон, танишганимдан ҳурсандман! Яна қачон келасиз, биз томонларга?!

"Билмадим" дедим. У сумкамни шундан кейин берди. Раҳмат айтиб, тез ўгирилишим билан ортимдан яна унинг овози эшитилди.

"Холамникига борганимда кўришамиз унда!"

Худди хаёлимда биров икки оёғимга тош боғлаб қўйгандек эди. Юришга қийналиб-кетиб борардим. Агарда у қўлимдагини очиб кўрган бўлса- нималарга кўзи тушган бўлиши мумкинлигини таҳмин қилиб, халтамни очиб- қарадиму, бирдан ҳижолат аралаш ҳайратда қолдим. Айқаш-уйқаш ётган пойафзалларим устида- салафанга ўроғлиқ боя ўзим ташлаб чиқиб кетган пулим билан икки дона шоколад турарди. "Оббо!" дедим, унинг тезкорлигига ажабланарканман. Мен эса унинг олдида ўзимни йўқотиб қўйганимни шу тариқа аҳмоқларча ошкор бўлганидан уялардим.


Рисолат бувининг набираси энсаси қотганча уйимизнинг калитни берди. Томорқамиздаги айри чўп тиқилиб, устига целлофан ёпилган, уч тўрт қадамлик ерда- униб барра бўлган кўкатларнинг ярми ўрилиб камайибди, август охирларида экилган саримсоқ ҳам анча етилиб, пишиб қолибди. Ичкарига кирдим- бир пайтлар бувим ухлайдиган жойдаги кўрпачалар устида- сочилган карта доналари тартибсиз ётар, кимлардир бу ерда ўйин ўйнагани бир қарашдаёқ сезилиб турарди. Кўрпачалардаги оёқ изидан тушган тупроқни ташқарига олиб чиқиб, қоқиб тозаладим. Идишлар устига ёпиб кетганим-дастурхонни эса ташқаридаги сўри устидан олдим- анча ёмғирда қолиб кетган экан. Бу бетартиблик ва юзсизликни кўриб роса жаҳлим чиқди, уйни қулфладим-у Қосим ака айтган кабобпазнинг олдига кетдим.
9-қисм.
Шоввоз кабобпаз буруқсатиб кабоб пишираётган экан. Ёнига бориб- Қосим ака тайинлаган гапларни айтдим. У пишираётган кабобларининг тутунидан кўзини қисганча, анча елпиб турди. Сўнг бир қур сихларни айлантириб бўлгачгина мен томонга мурожаат билан ўгирилди:
-Сўмда берайми ё доллардами?
-Сўмда бераверинг!- дедим.
Дўрдоқ лабларида пичирлагансимон "бир минут деди-ю, чўнтагидан телефонини олиб, рақам терди. Узоқ қулоғига босиб, рақамни яна икки уч марта териб, кейин менга қараб гап бошлади:
-Аввал Қосимни ўзи билан гаплаштираман," ҳа шу менинг жияним деса" ундан сўнг пулни бераман. Кейинги сафарга синахта бўлиб қоласан-да, келсанг берворавераман!
У ёқдан гўшак кўтарилди шекилли, тез-тез салом-алик қилган киши бўлди, ана ундан кейин эса телефонни мен томонга узатди. Эшитилар эшитилмас- "аллё" дедим. Қосим ака иш устида эканми, сал ҳансирагандек турарди:
-Бону яхшимисан, келдингми?Яхшиям келибсан! Шоввоз ҳозир ўша пулни бериб юборади. Чарчамаяпсанми ўзинг?
Берилган саволларга жавоб бердим, назаримда Қосим аканинг худди менга гапирадиган гаплари жуда кўпдек эди.
-Менга қара... Бону эшитгин... Кейинги ой келганингдаям илтимос, менга телефон қил ҳўп, майлими?!
"Хўп!" дедим, кўнглини ҳотиржам қилиш учун. Қизил тугмани босишим билан кабобпаз ичкаридан олиб чиқиб, тайёрлаб турган уч боғлам пулни қўлларимга тутқазди.
-Кейинги ой пул олиб кетишга кечки пайт келгин, агар сенга сўм керак бўлса! Чунки эрталабда савдо бўлмаган бўлади, кутиб қоласан-да, бугун заказимни пули келиб қолди яхшиям бахтингга...
"Ҳўп!" деб, раҳмат айтиб ортимга қайтдим. Кейин қиладиган ишларимни ўтириб режалаштирдим. Қосим ака берган пулларга сувоқ учун асбоб-ускуна, қурилиш моллари олишим керак эди. Сувашни ҳам ўзим амаллашим керак, лекин бошлашга жуда чўчирдим. "Одам қилган ишни одам қилади, худо хоҳласа эплайман!" дедим. Ёнғиндан сўнг янада қўрқинчли тус олган уйимизга аср вақтида етиб бордим. Анча ҳаражат қилиб келгандим. Ишни нимадан бошлашни билмай қўрқа писа ҳамма хонага кириб чиқдим. Ленолиумнинг баъзи жойлари эриб, остидаги ер очилиб қолганди. Туки йўқ бўлиб кетган гиламнинг ярми эса сақичга айланиб қолган. Хуфтон маҳалигача уйдаги яроқсиз буюмларни аҳлатхонага ташидим. Бор-йўқ шу қилган ишимга ҳам қаттиқ чарчаб қолгандим. Оёғимни судраб юриб бувимникига қайтдим. Дарвозани қулфлаб, кундузи ўзим қоқиб, силкиб қўйган кўрпачаларимнинг бирини орасига кирибоқ ухлаб қолибман. Чўчиб кетдим, ярим кечаси биров дарвозамизни даранглатиб тепиб, сўкингандек бўлди. Уй ўта совуқ, худди томиримдаги қоним ҳам шамдек қотиб қолганга ўхшаб, оёқ-қўлим ғалати зинғилларди. Ташқарига зўрға оёқ босиб чиқдим. Бояги сўкинган-Рисолат бувининг кўпинча ичиб, чайқалиб юрадиган ўғли-Сафарбой ака экан.
Шундан кейин умуман ухлолмадим, бир амаллаб тонг отқиздим. Эрталаб чиқиб кўрган нарсам янада таъбимни тирриқ қилди. Тандир олдидаги ғўзапоялар тугагач, сўритокнинг икки-уч ходаси ҳам суғурилиб олинганини кеча сезмаган эканман. Уйда деярли “ўтин” деган нарса қолмабди. Роса Рисолат буви билан хаёлан урушдим. Ўзимни босмасам бўлмасди, калитни берган ўзим, бошимга чиқарган ҳам ўзим-энди бир "дўқ"имга шунча олганини қайтаришига сира ишониб бўлмасди. Индамай "дом" га келдим. Эшикни катта очиб қўйиб, ҳамма чиқиндиларни бир четдан яна катта-кичикка айира бошладим, майдасини аҳлат челакка солиб турганимда, нимадир ёнимдан ўтгандек бўлди. Худди бировнинг ҳилпираб ўтган этагининг учинигина кўриб қолгандек эдим. Қўрқиб, қўлимдаги куракни секин ерга қўйишим билан-эшик олдидан "тақ-тақ" этган овоз келди. Чўчиб қарадим: қанақадир кампир! Қўлидаги ҳассасини эшикка уриб таққилатяпди. Бошдан оёқ қават-қават кийим кийган, қорачароқ, қора қош-қора кўзликкина, сал мўйлаби борга ҳам ўхшайди, қулоғи олдидаги сочлари ҳам қалингина...
Тўғриси бу ёшдаги аёлларнинг бунақа сертук бўлишини олдинлари кўрмагандим.
-Кирсам бўладими?
Овози ҳам опера айтадиган эркакларникидек ўктам жаранглаган кампир ичкарига қийналибгина қадам қўйди.
-Бу уй олдин ёнган уйми?
Бир тўла кетма кет берилган икки саволга довдирабгина бош ирғадим. Кампир ҳассасининг учи билан ҳозиргина ўзим четга йиғиштириб қўйган ленолиум бўлакларининг қатини титиб, қараб ўтди.
-Эстикина! Ҳайф!
Унга ўтириш учун нимани таклиф қилишни билмасдим. Ўзи эса кутиб ўтирмай, мен "аҳлат солишда керак бўлар" дея қўйиб қўйган-темир челакларнинг бирини тўнтариб, устига имиллаброқ ўтириб олди. Остидаги челак уни кўтарганига ҳайрон қолдим. Шундан сўнг кампир менга жуда қаттиқ тикила бошлади. Мен эса бу кампир қўшниларданми, танишларданми ё бир оддий ўткинчими билолмасдим.
-Яқинроқ кел-чи! Юзингни яқиндан бир кўрай...
Кампирнинг ёнига чўчиб яқинлашдим, лекин ёнига боришим билан негадир ҳаяжонданми, қизий бошладим. Унинг кўзлари жуда ғалати, нимасидир одамда ваҳима уйғотарди.
-Ёнимга кел. Намунча чўчийсан!
Мен деярли унинг яқинида эдим, секин рўпарасига ўтирдим. У кўзларимга, пешонамга, хатто лабларимга ҳам алоҳида-алоҳида қараб, синчков назар солиб чиқди.
Кейин тез кўзини эшик томонга олди.
-Менга игна топиб бер, ипи билан!
Уйимизда бунақа нарсалар ҳозир топилмасди, негадир ўрнимдан туриб, қўшниларникига чиқиб кетдим. Қандай кейинги подъездга кирдим, Нигора опанинг эшигини қандай тақиллатиб ип ва игна сўрадим, бунисини эслолмайман. Ортимга ғизиллаб қайтганимда-уйимизда ҳеч ким йўқ эди. Ҳамма хоналарга бирма-бир кириб, кампирни қидириб чиқдим. У ҳеч қаерда йўқ!
Узоқ пайт уй ичида-қўлим ишга бормай ўтирдим. Қорним жуда оч ва кечаси ухламаганим сабабли- роса уйқум келаётганди. Бувимникига қайтиб келдим, уйқусираб юриб, ўзим учун бир ҳовуч мита босган оқшоғи кўп гуруч топиб, маставага ўхшаш овқат қилдим. Овқатимнинг сабзиси, кўкати ва гурунчи бор эди. Ичимга-иссиқ кириб шом пайтидаёқ ухлашга ётибман. Қизиғи, бугун "дом" имизга келган кампирни тушимда ҳам кўрдим. У бамисоли Клеопатрага ўхшаб- юзлаб қора қуллари кўтариб олган тахтиравонда виқор билан кўчамиздан ўтиб бораётганмиш. Тахтиравон пардасини сал кўтариб, бир четда турган бўлишимга қарамай, менга тикилиб-тикилиб қарабди. Худди ўнгимдаги каби бу нигоҳлар жуда қаттиқ эди. Мен эса игна ва ипни олиб ўша занжи қулларнинг ортидан чопибман. "Мана игна ҳам топдим, ип ҳам" дебман қичқириб. Овозимга бу сафар тахтиравоннинг орқа дарпардаси очилибди, ва қандайдир овоз...
"Қачонки, игнадан ип ўтса... Игнадан ип ўтса... Игнадан ип ўтса..." дея уч марта такрорлабди.
Шу овоз кетма-кет қулоғим остида жаранглаб турган ҳолатида уйғониб кетдим. Уй яна музхонага айланган, устимдаги кўрпа очилиб, пастга тушиб кетган экан. Вақт алламаҳал бўлиб қолибди. Ёлғизликнинг ваҳимаси одамни ич-ичидан қуритадиган бир дардга ўхшайди. Айвоннинг чироғини ёқиб, ҳовлига чиқдим. Юзимга томчи тушди, шитирлаб ёмғир бошлаганини сезиб, ичкарига кирдим. Фақат соатнинг чиққиллашигина эшитилиб турган сокин уйда вақт ўтказиш учун ғаладондан эски суратларни олиб томоша қила бошладим. Тоғамнинг тўйи, ойимники ва бувимнинг Ленинградга боргандаги суратларини кўриб бир зум ўша даврларга ўзим ҳам бориб қолгандек бўлдим. Тақдирни қарангки, бу уйимиздан ҳудди қирон келгандек ҳамма катталар- бувим ва тоғам у дунёга кетиб, ойим ҳам жиннихонага тушиб, кенг ҳовлининг ягона чироқ ёқиб ўтирувчиси бўлиб- биргина мен-ёшгина қиз қолибман. Менга ўша пайтда гўёки авлодимизга қарғиш теккандек туюларди. Ойим ва дадамнинг ЗАГС маросимида тушилган суратларига тикилиб қолдим. Ич-ичимдан ойимни соғинганимни ҳис қилиб турардим. Юзларига тикилдим, ҳозирги ойим билан -бу ўйчан нигоҳли чиройли келинчакнинг ер билан осмонча фарқи бор...
Ўша ҳамиша ғамгин жилмайиб турадиган ойимни-бошдан оёқ жуда қаттиқ соғингандим. Менинг онам олдинлари худди фариштага ўхшарди. Охирги пайтлар гарчи бувимга нисбатан меҳрсизликларини сезиб оғринган бўлсам-да, энди-энди уларнинг кечинмаларини ҳам яхшироқ тушунаётгандек эдим. Суратдаги дадамнинг норғуллиги, чиройли қошлари, ўткир нигоҳлари болалалик хотираларимдаги сиймога мутлақо ўхшамасди. Суратга тикилиб туриб, чўчиб кетдим. Дадамнинг ортида худди яна бошқа биров бордек - ғалати бир кўланка кўринди. Кўзларимни каттароқ очиб, суратга яқинроқ тикиларканман, айни чоғда айвон ташқарисидан эшитилаётган қадам товушларидан ўтакам ёрилгудек аҳволга тушдим.
Юрагим патирлаб урар, нафасим бўғзимга тиқилиб қолгандек эди. Хаёлимга Ҳамдам ака келди. Кичик сониялар ичида дарвозани қулфлаган ва қулфламаганимни яна бир карра эслашга ҳаракат қилиб кўрдим. Қадам товуши секинлаб- тинди. Овоз чиқармай энди ўша қадам эгасининг ичкарига киришини кутаётган, қўлимда эса-яқинимдаги синган стулнинг бир оёғи бор эди.
Йўқ, деярли беш дақиқа ўтса ҳам-ки, ҳеч ким ичкарига кирмади!
Кенг ҳовлида- ёлғиз ётишнинг азобини мана шу икки кечада анча тушуниб қолдим. Жуда тез равишда бундан кейин қилишим керак бўлган ишлар режасини туздим. Айни пайтда ичимда саволлар жуда кўп эди:
"Ойша холаникига қайтсаммикан?", ёки "дом" имизда амаллаб яшасаммикан?"...
Хаёлан дугоналаримдан қайсидир бирини уйимизга чақириб келишдан тортиб, Моҳичани ойисидан сўраб, бу уйга олиб келишгача- ҳаммасини ўйлаб чиқдим. Ўйлаганларимнинг барининг- бир "лекин"и бор эди!
Яна тўрт соатдан кейин тонг отишини чамалаб, мен қўрқувдан дағ-дағ титраб ўтирарканман: тинмай ўйлар ва ўзим эшитадиган даражада калима қайтарардим. Осмонда илк шуълалар кўрина бошлаганида, ташқаридаги ёмғир анча секинлашиб қолган, ҳавода қандайдир осойишта софлик бор эди. Тонг батамом отмасидан ўрнимдан туриб, " дом"имизга кетдим.
Тўрт кун вақтим-деворни теша билан чопиб чиқишлик билан ўтди. Ёнғиндан қорайган жойларни эса қиртишлаб, жилвирлаб чиқдим. Қўшнилардан қарироқ бир амаки-Сотволди тоға уй ичига бош суқиб, менга танбеҳ берди: "ремонтга ноқулай вақт танлаганмишман, ҳозир қилинган сувоқ- тез қуримас экан!"
Яна бошқа қўшни-Шуҳрат амаки кириб, шпателни қандай ишлатишни ўргатиб чиқиб кетди. Биринчи ва иккинчи қоришмаларим увол бўлгач, учинчисидан тўғри тайёрлашни ўрганиб олдим. Ўша тўрт кеча- ухламасдан "дом" да қолдим. Эрталаблари кўчада сутчилар овози эшитилаётган пайтдагина-мен ухлашга ётардим. Бу ерда ҳам кечаси шарпалар юрарди. Шундай пайтда овозимни борича қўшиқ айтардим. Иккинчи кеча- эшикка урилган ҳасса овозини ҳам рўй-рост эшитдим-у, кўзимни чирт юмганча ўтиравердим. Ҳар тугул бир оздан сўнг- ҳаммаси тинчиб қолди.
Сотволди тоға тўғри айтган экан, деворим ҳақиқатда жуда секин қуриётганди. Яна бир марта хабар олгани кирган Шуҳрат амаки-"ҳозир қиш, ёз бўлганда дарров қуриб кетарди, энди тек қўй!" деб айтди.
Кунига тўртта Ролтон сотиб олиб, Нигора опаникидан кострюлга дамлаб чиқардим. У яхши аёл эди, бир марта ўзи пишираётган шавладан ҳам идишимга солиб берди. Қурилиш ашёларим тугаганда, Қосим ака берган тилла занжирни сотиб ишлатдим. Кейинги пул келадиган санага эса- ҳали узоқ эди. Охирги тақсимлаб олган квадратим тугаётганида ишим-ҳақиқий сувоқчиларникидек чиққанини сездим. Энди жилвирлаш учун-девор яхши қуришини кутишим керак эди.
Уйимиз кулранг оқиш тус олиб, кўзларимга энди сал файз киргандек кўрина бошлади. Бувимникига қайтдим.
Дарвозани шириқлатиб очиб, ичкарига киришим билан ортимдан- "ис олиб улгурган" Рисолат бувининг пишпак набираси ҳам кириб келди: худди ўз уйидек томорқа томонга ўтиб, эгат узра- оёқ очганча, саримсоқлардан суғурди-ю, саломимга ҳам алик олмасдан яна қайтиб чиқиб кетди. Шу кеча бувимникида қолишга қарор қилдим. Кечаси билан кўкатлар ва саримсоққа боғ ўраб, тоғораларга териб чиқдим. Саҳар мардонда омборга кирсам-аравачамиз ҳам йўқ экан!
Задам қайнаб, бемаҳал бўлса-да, Рисолат бувининг эшигини қоқдим. Кечаги уйимизга кирган- набираси "ҳа!" деб хўшшайиб рўпарамга чиқди. Ундан аравачамизни қаердалигини сўрадим. Кўзини лўқ қилиб, "билмаслиги"ни айтди ва яна қайтиб ичкарига кириб кетди. Ортиқча тортишиб ўтирмай, икки тоғорани кўтариб, биқинимга тираганча яна иккитасини уйда қолдириб-бозорга йўл олдим. Кечаги ёмғир сабаб, йўлларнинг шилтаси чиққанди.
Кўкатларим бозорда дарров кўтарасига сотилиб кетди, жуфтланган тоғораларимга қайтишимда сотиб олган нарсаларим-ун, пиёз, томат ва уйда қолган кўкатларни тўғраб-тўғраб," бозор хоними" қилдим. Кечги бозорга кеч қолиб борсамда, олиб борган овқатим- кетганича кетди. Уйга ҳурсанд қайтдим. Қилган ишимдан- Рисолат холанинг жаҳли чиқди-ю, лекин деярли сездирмади. Набираси яна уйимизга "бесалом"ларча кириб, кўзлари ола-кула бўлиб- чиқиб кетганича, бошқа- қадам изи қилмади.
Уйимизни охакладим. Орастагина бўлиб қолган уйга қараб, қилган меҳнатимдан дилим яйради. Қўлларим совуқ таъсир қилиб ва оҳак ёрганидан титилиб-тирноқларим ҳам сарғайиб кетганди. Бозорда хоним сотарканман-шу қўлларимдан уялдим.
Тупроғи чиқиб қолган ерга линолеумнинг нарҳини ҳисоблаб чиққандим, гўё "чақиб олай" деди. Навбатдаги ойнинг ўн бешинчи санасини жуда орзиқиб кутардим. Шу куни Қосим ака пул жўнатган бўлса- кабабпаздан олиб, меҳмонхонамизга яраша линолеум сотиб олмоқчи эдим, унгача бўш турмай деб, бетон юзасини сидириб, эшикларни бўядим. Кутилган кун-кабобпазнинг гапига кўра кунни кечроқ қилиб, аср пайтига яқин ёнига бордим. Мени таниб турса ҳам-аввалгидек индамай, кабобини елпиб пишираверди. Унинг қаршисида музтарлигимдан нима қилишимни билмай, жимгина турардим.
-Менга қара, Қосимдан пул келмадику бу сафар...
Ниҳоят, у мен томонга ўгирилиб гап бошлади. Ҳайрон қолганим учун- унинг оғзига қараб тураверибман.
-Телефонини ҳам кўтармайди. Гаплашиб турардик, жим бўп кетди-я! Сан жиянисан-ку, ўзларинг ҳеч гаплашиб турибсизларми?
Унинг гапларига нима дейишни билмадим, тарвузим қўлтиғимдан тушиб уйга қайтдим: негадир кўнглимга ўша пайтда- "кабобпаз ёлғон гапирмаяптимикан?" деган шубҳа оралади. Эртаси куни кийиниб, Нусрат опоқиникига бордим. Кетганимдан бери-бирон марта хабар олгани келмаганимга жуда ҳижолат эдим, лекин мен кириб борган пайтда у ердаги ҳолат кутганимдек эмас экан. Ойша хола озиб, бир бурдадеккина бўлиб қолибди. Нусрат опоқининг ҳам соқоли ва сочлари янаям оқариб кетгандек. Ҳамма ёқда қандайдир мотамни эслатиб турадиган тушкунлик хукм сураётганди. Ойша хола менга ҳеч нарса демадилар. Ҳамма гапни чала-чулпа Барно келинойидан эшитдим. Ҳамдам ака ва катта ўғил Нурмат акалар- яна шошилинчда уч кун олдин Россияга кетишибди. Баланд қурилиш объектида ишлаётган- Қосим ака тўққиз қаватли бинонинг музлаб қолган темир ҳавозасидан сирғаниб пастга тушиб кетганмиш...

Download 1,79 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   17




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish