11-қисм.
Шу билан азанинг оғир сониялари бошланди. Қосим аканинг қилган ҳамма яхшиликларини эслаб, дераза олдида йиғлаб ўтирардим. Ташқарида эса-ҳовлига одамлар оёқ учида кириб келишар, юзада турган нарсаларни иложи борича- четроққа овозсиз ташиб ўтишарди. Ҳар эҳтимолга қарши Ҳамдам ака чақирган тез ёрдам ҳам тезгина кирди-ю, яна тез "сабр берсин"лаб изига қайтди. Оёқ қўлларим банд-бандидан бўшаб кетгандек оғриб, шалвираб уларнинг кетидан эргашиб чиқдим. Хаёлим ўзимдамас эди.
Қосим аканинг жанозасига жуда кўп одам йиғилди. Эшик олдида тўн кийган, қийиқ боғлаганларнинг сон-саноғи йўқ, аёллар-у, ҳотин-ҳалаж ҳам кўпайиб кетган, уларнинг кўпи- мени имлаб, кўрсатиб бир-бирларига нималарнидир гапириб ўтиришарди...
Зарифа опа, сизни ҳам дилингизни бу аза тафсилотларини батафсил ёзиб, анча сиёҳ қилиб қўйдим шекилли, ёзмай жим кета олмасдим. Чунки бу воқеалар гўёки ҳаётимнинг бир бўлагидек гап! Қосим акани ҳозир ҳам деярли ҳар куни эслайман, ҳаққига тинимсиз дуолар қиламан. Ўша таъмир ишлари деб-тилла занжирни сотиб ишлатганим учун ҳам кейинчалик жуда кўп афсус қилдим. Қосим акадан менга эсталик бўлиб биронта ҳам сурат қолмаган. Ойша хола оламдан ўтмасидан олдин бориб сўрашга ўзим истиҳола қилдим. Улар оламдан ўтгач эса, Барно опа ҳовлининг бекасига айланди, табиийки ҳаётимда кейинроқ содир бўлган воқеалар сабаб у ҳовлидан ҳам қадамим узилиб кетди.
Ҳозир тушларимда Қосим акани жуда кам кўрадиган бўлиб кетганман, лекин ҳаётимнинг нимасидир ҳал бўлиши керак бўлган қийин лаҳзаларида улар доим тушимга киришади ва жуда ҳурсанд қиёфада гавдаланадилар. Балки, чин дунёда ҳузур ҳаловат топгани-шудир...
Энди ўша аза тафсилотларидан узоқлашмай туриб, бир қалбимга оғриқ берган нарсани ёзиб ўтмоқчиман. Қосим аканинг жанозасида мени ажаблантирган нарса шу бўлдики - Нусрат опоқининг ҳам, Ойша ҳоланинг ҳам бир азахонани лим тўлдирадиган даражада жуда кўп қариндошлари борлиги, лекин бу яқинлар фақат азада ёки тўй тўрт-кунда келиб, савлат тўкиб туришини кўриш- одамга жуда ғалати таъсир қиларкан.
Бу нима? Юзаки "оқибат борми-бор" дейишимиз учунми? Ёки эл кўзига қилинган сийлаи-раҳмми? Нега бундай? Тўйда-тўйиб ейишимиз, ичишимиз учун, азада эса-бир шоҳ кесилиб, ёки бир барг биз турган банддан узилганини ҳис қилганимиз учун- келишимиз, шунчаки қўл қовуштириб, одамлар кўзига бел боғлаб, туриб беришимиз тўғримикан?
Нега бу гапларни ёзяпман: чунки ўша одамларнинг суриштириб келсам, ярми-менга, онамга, бувимга ҳам қариндош бўлиб чиқишларини биламан-у, лекин уларнинг биронтасини хатто танимайман ҳам...
Онам касал бўлгач, биргина Нусрат опоқиникидан бошқа-ўзим сиғишим мумкин бўлган бирор жойни кўрмадим. Тасаввур қилинг: кенг ҳовли ва икки хонали уйимиз бор, лекин- ҳеч кимимиз йўқ! Одамларга ташналигим сабаб, Рисолат бувига ўхшаган таъмагир, бировнинг ҳаққидан қўрқмайдиганларга бағримни очдим, оқибати нима бўлганини эса ўзингиз- ўқиб билдингиз...
Қадрли Зарифа опа, агар яна яқин орада биронта сериал ёки фильм олмоқчи бўлсангиз- илтимос, охирги пайтлар жигарлар ўртасидан кўтарилаётган оқибат ҳақида, эскиларнинг бетаъма, Аллоҳ йўлида ҳолис қўл чўзишлари, яхшиликлар қилишлари, етимларга мурувват ҳақида фильм олинг!
Бир уйда туриб, юз кўрмас бўлганлар, Ҳамдам акага ўхшаб, оғир-аччиғидан қочиб, жигарини ўлмасидан бурун ўзи учун ўлдириб қўйганлар ҳақида ибратли нарсалар яратинг!
Оға-ини, опа-сингил...
Улар бир қориндан талашиб тушиб туғилишгану- кейин арзимас нарса сабабидан бир-биридан узоқлашиб кетишган. Биз инсонмиз, кўзимиз олдида ҳозиргина жони гупиллаб уриб турган одам-тупроққа топширар даражада ҳиссиз ўликка айланишини кўриб турамиз-у, қалб кўзимиз барибир очилмайди...
Онамнинг мендан бошқа фарзанди йўқ, ёлғизлик аввалдан қисматимга битилган эканлигини билардим, лекин агарда биронта укам ёки синглим бўлганда-мен унга ҳар куни оқибат ҳақида эртаклар айтиб берувчи опа бўлардим!”
Зарифа ўқиганлари таъсирида бир нуқтага қараганча қотиб қолди. Узоқ чўзилган ушбу тўртинчи мактуб- Зарифани жуда тушкун аҳволга солиб қўйганди. Хонада Шоира борлигини ҳам унутган экан. У ҳам жимгина ўқиб ўтирган китобини ёпиб, ўзига термулиб қолган бошлиғига қаради:
-Телефонингиз билан ҳеч бунчалик банд бўлмасдингиз, нима бўлди? Боядан бери қарайман, кўз узмай нималарни ўқидингиз, Зарифа опа?
Зарифа чуқур ҳўрсинди, гапириб берай деса-гап кўп. Қайси биридан бошлаб гапиришни ҳам билмайди!
-Бир қиз мессенжердан менга ўз қисматини ёзаётганди... Жуда аччиқ қисмат! Қара, Шоир- нақ қирқ олтита хабар- бугунни ўзида! Ёзганларини ўқисанг, жонинг ачиб, "эҳ" деб юборасан...
Шоира ёнига яқин келиб, Зарифанинг телефонига қараб ажабланди:
-Ҳўп, нималарни ёзибди, шунақа узун "роман" қилиб? Қани кўрай-чи!
Зарифанинг ўз шаҳсий буюмини ёрдамчисининг қўлига тутқазиб қўйишга унчалик раъйи йўқ эди.
-Тўхта! Мана ҳозир- компьютерга битта "вордский" файл очиб, ҳаммасини ўшанга ташлаб бераман, вақтинг бўлганида битта-битта ўқиб ўтираверасан!
Шоира "тушунарли" деб, ўз столи томонга кетди. Зарифанинг боши ғувиллаётган, чамаси қон босими анча пастлаб кетгандек эди:
- Кофе тайёрласин, Диёрага айтасанми? Худди бошим ўзимникимасдай-а? Айтганча, сен анави Дилрабони кастинг пайтида бир эсимга солиб қўйгин, ҳўпми? Яна эсимиздан чиқиб кетмасин! Пробага келади, Юнус акага эса алоҳида тайинлаб ҳам қўйишимиз керак...
Зарифа саноғи юздан ошиб кетган мессенжер хабарларини битталаб белгилаб ўтиришга эринди, Шоирага керакли кўрсатмаларни бериб, ўзи боққа айлангани чиқиб кетди.
"Қиз тушмагур, ёзди-ёзди... Менинг дардимниям қўшиб "ёзди-я!" Ака укачилик ўртасидаги оқибат нима бўпти? Хотинлар ўртага тушгач, мол-мулк, меърос ўртага тушгач, камдан-кам жигарларнинг ўртасида оқибат қолади!
Она билан ўғил ўртасидаги оқибатчи?! Темур билан ўртамда нима тушунмовчилик бор ўзи? Нега ўғлим бунчалик қайсар, бунчалик гумроҳ! Ўлсам, кейин қадримга етармикан?
Дарҳақиқат, Маҳбуба жуда тўғри ёзибди: кўз олдимизда ўнлаб майитларимизни бирма-бир тупроққа топширамизу, бир неча соатдан сўнг яна ўша эски "тутум" имизда яшашни давом эттираверамиз. Ўлим ўзи биз учун энг яхши насиҳат эмасмиди? "
Студиянинг ўтиргичлари анчадан бери кимсасиз ҳувиллаб ётибди. Зарифа ишга келган пайтлар бу ерда кастингга санъат институтидан кўплаб ёш-яланглар келиб, ўтиргани жой ҳам қолмасди. У пайтлар кинода талаблар ҳам қаттиқ эди. Асарнинг бадиий қисмига кўпроқ эътибор бериларди. Ҳозир хатто-ки, бир фильмда бош қаҳрамон образи чала ярим очилганча қолади. Зарифа бармоқларидан тўртбурчак ясаб, манзарани унга жойлаб тикилди.
Ишлашни соғинибди.
Суратга олиш лаҳзаларини, ўша ширин ташвишли жараёнларнинг ҳар бирини у жуда қаттиқ соғинибди!
Кечки овқат пайтига-йўлдан суши олди. Уйга кириб бораркан, яна Темурнинг ҳалиям кўчадан келмаганини билиб, таъби тирриқ бўлди.
"Қачон бу боланинг эси кираркан?! Унга нима етмаяпти ўзи?!"
Бир ўзи овқатланди. Мушугини силаб овутди. У ҳам ҳуриллаб, биқинига кириб-ёстиқча бўлиб ётиб олди. Хаёлига Маҳбубанинг ёзганлари келди. Тавба, ҳар йили юзлаб қизларнинг номусига тажовузлар бўлади. Яна аллақанчаси ўз ихтиёри билан...
“Аллоҳ асрасин, "қиз асрагунча-туз асра!" деган эскилар...”
Шу пайтда жиринглаб кетган телефон- Зарифани чўчитиб юборди. Қаради: Шоира телефон қилаётган экан, "тинчликмикан?" деган фикр хаёлидан ўтди-ю, ичида ҳавотир уйғонди.
-Шоир, қандоқсан? Тинчмисан?
Нариги ёқдан Шоиранинг оғир ҳўрсингани эшитилди:
-Зарифа опа, Маҳбубани ёзганларини ҳозиргина ўқиб тугатдим...
Ўртага сукунат чўмди.
- Соат неча бўлди ўзи? Ҳалиям ишхонадамисан?
-Йўқ, уйимдаман, сиз айтган вордга кўчириб ўтирмадим, телефонимга ўтказиб ола қолганим менга осонроқдек туюлди. Йўлда келгунча- ўқиб келдим, қолганини эса уйимда ўқидим...
Зарифа жим бўлиб қолди, ёрдамчисининг ҳам кайфияти тушкунлиги унга сезилиб турарди.
-Ҳўш нима дейсан?!
-Нима дейман... Ўша сиз айтганингиздек- аччиқ қисмат! Телефон қилганим- у яна ёздими, йўқми-мана шуни билмоқчи эдим. Қосимнинг ўлимидан кейин ҳам- бу қизнинг ҳаёти текис кетмаган кўринади! Унинг тақдири нима билан тугаганини жудаям билишни хоҳлайман...
Зарифанинг лабларига табассум югурди. Айнан- ўзи ҳам Маҳбубанинг қисмати қай ўзанга бурилишига жуда қизиқаётганди.
-Ҳали ёзмади, лекин агар бирон хабар жўнатгудек бўлса, сени ҳам хабардор қиламан, майли, яхши дам ол, Шоира!
Мессенжер орқали Маҳбубадан навбатдаги мактуб негадир эртаси куни ҳам келмади. Энди Зарифага қўшилиб, Шоира ҳам бу хабарларни кутар, ора-чорада "яна келдими?" деб сўраб ҳам турарди. Уч кун шу таҳлит ўтди. Зарифани дирекцияга чақиришди. Ҳалиям эски гаплар, эски талаблар, Зарифа эса-ёлғондан сценарийлар танлови ўтказганини рўкач қилиб вазиятдан чиқишга мажбур бўлди. Кайфияти тушиб, асабий ҳолатда бинодан чиқаркан, клатчи ичидаги телефони ғинғиллаб товуш берди. Зарифа боя мажлисда унинг овозини ўчириб қўйганди. Қўлига олиб қаради-ю, экран четидаги думалоқ белгини кўриб-ичи ёришиб кетгандек бўлди:
"Қуюшқондаги аёл" дан унга яна жуда кўп матнли хабарлар келибди. То студиягача бир хаёли шунда бўлиб, етиб келди.
"Маҳбуба энди нималар ҳақида ёзди экан?"
Йўлакдаёқ Шоира қаршисидан чиқди, унинг жуда авзойи бузуқ:
-Юнусали ака билан роса тортишдим. Ҳозир "эшитув" дан келяпман. Қайнона-келин мавзусида "шедевр" ёзибдилар. "Саид Асрор кино олишга шу сценарийимга ҳаридор бўляпти!" деб кўзларимга тик қараб, ёлғонни сувдек ичиб турибдилар-да. "Портлаб кетай" дедим Зарифа опа, ўзингиз бир гаплашиб кўрасизми?
Бу хабардан Зарифанинг ҳам қовоғи уча бошлади: "асабимга таъсир қилди шекилли..." деб ўйлади:
-Йўқ, Юнусали акадан буни кутмагандим. Ҳозир дирекцияда роса эшитадиганимни эшитдим-а... Уни кутиб ўтирган-мана мен аҳмоқ! Бундай қиламиз, Ферузаникини музокарага бер! Нима бўлса бўлар, шуни оламиз...
Бу кутилмаган қарорни эшитаркан, Шоира ортига тистарилганча тўхтаб қолди.
-Ферузаники... Зарифа опа... Жуда саёз!
Зарифа энди ортиқ жим туролмасди:
-Падарига лаънат! Нимага қўл урсам, ҳамма ишимнинг боши шунақа тўсиқ-а? Уни қилсам-У! Буни қилсам-бу!
Бошини чангаллаганча ўтириб қолди:
-Йўқ, Шоира ўзинг тушуняпсанми? Омад деганлариям одамдан шунчалик қайтадими-а? Онам ўлганидан бери- ҳеч нарса суратга олмабман! Ҳеч нарса-я! Мана неча ойдан бери атига битта қадам олдинга қўёлмадим...
Шоира уни юпатиш учун секин-аста ёнига яқинлашди:
-Бўлди, ўзингизни куюктирманг, бунда менинг ҳам айбим бор! Юнусали акага ишониб қолдим, бўш гапирдим...
Шу пайтда стол устидаги Зарифанинг телефони экрани ёниб ўчди, унга кўзи тушаркан, Шоира тўхтаб қолди:
-Опа, анави қиздан хабар келибди-ку, кўрдингизми?!
Сценарий ташвишлари юзага қалқиб чиққач, мессенжердаги хабар- Зарифанинг ҳаёлидан кўтарилиб қолганди.
-Ҳа, боя дирекциядан чиқаётганимда ёзган экан, лекин ҳали ўқишга улгурмадим...
Шоира унинг кўзларига маъноли тикилиб қолди:
-Зарифа опа, шу қизнинг ёзганлари асосида сериал олсак-чи? "Одамларнинг ҳаётидан олинган воқеалар ҳаётийлиги билан ҳаммани ўзига жалб қилади"- деб ўзингиз айтардингиз-ку!
Бу гапларга Зарифанинг ҳам хаёлида бир нима "ярқ" этгандек бўлди. Олдин ҳам бу фикр Зарифанинг хаёлига келган. Шоиранинг гапидан кейин, жиддий тусда ўйланиб қолди:
"Балки ростдан ҳам сериал қилиб ишланса- тўғрироқ бўлар, дунёда бу каби аччиқ тақдир эгалари озмунчами?"
-Ҳа, лекин буни "мактуб" ҳолатидан- сценарийга айлантириб олишимиз анча қўлимизни банд қилиб қўяди, вақтимиз эса биласан-ку, жудаям оз қолди...
Шоира бошлиғининг бу сўзларидан ҳудди ниманидир айтмоқчидек оғиз жуфтлади:
-Биласизми?... Зарифа опа, ҳалиги...
Зарифа у томонга қараб, диққатини жамлади:
-Ҳўш, нима демоқчисан, очиқ-ойдин гапиравер!
Шоира унинг ёнига яқинроқ келди, унинг кўз қарашларида журъат ва қатъият сезилиб турар, туришидан муҳимроқ гап айтадиган шахти ҳам бор эди.
-Бу қизнинг ёзганлари- деярли тайёр сценарий! Ҳиссиётларни, харакатларни анча равон тушунтирган. Ўқишинг биланоқ воқеалар-кўз олдингда-жонлана бошлайди!
Буни сиз ҳам сезган бўлсангиз керак! Сценарийни шу мактублар асосида-иккаламиз биргалашиб ёзсак, дегандим! Агар сизда вақт масаласи муаммо бўлса, мен-ўзим уриниб кўрсам, нима дейсиз? Иложи борича- вақтдан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Тўғрисини айтсам, ё шартномани ёки яхши сериал яратиш имкониятни бой беришимизни мутлақо истамайман!
Бу қарор- Зарифа учун кутилмаган янгилик бўлганди. Юзи бирдан ёришиб кетди:
-Қанийди, уддалай олсак, албатта жон дейман! Ҳозир деярли-хаёлимдан кечган фикрларни айтдинг! Майли, агар қўлингдан келса-бу ишни сенга ишониб топширганим бўлсин!
Албатта бўш пайтларимда ўзим ҳам сенга қарашиб юбораман!
Фақат бир гап: ёзадиганларинг одамларни жуда тушкун ҳолатга солиб қўядиган даражада ғамгин бўлмасин, ҳаммага яшаш умидини берадиган- ҳаётий бир асар бўлсин! Қаҳрамон қизнинг сабрини, қатъиятини юттириб, йўққа чиқариб юборма, муболағали тарзда бўрттириб ҳам ташлама! Агар буни айнан шундай ёза олсанггина- мен ёзишингга умуман қарши эмасман. Бу борада етарлича тажрибанг бор, яна таъсирчан қалбинг! Сенга ишонаман!
Шоира ўзига жиддий юкни қабул қилиб олгандай, дарров компьютери қаршисига бориб ўтирди.
-Тўхта Шоира! Аввал "бисмиллоҳ" билан бошла! Илоҳо, омин: шу асарингни илоҳим чиройли бошлаб, жуда бир чиройли тарзда тугатиб ол!
Шоира Зарифага қўшилиб, юзига фотиҳа тортаркан, секингина жилмайиб қўйди. Зарифа эса Маҳбубадан келган хабарларни ўқиш учун телефонини қўлига олди:
"Тўртинчи мактуб.
Ассалому алайкум Зарифа опа, бугунги мактубимда сизга ҳаётимдаги яна баъзи бир воқеаларни ёзиб юбормоқчиман. Бу воқеаларнинг кўпи онам билан боғлиқ воқеалардир. Қосим аканинг вафотидан сўнг Ойша холанинг бироз тоблари қочди. Кўпчилик "онаизорнинг-боласига юрак-бағри доғ бўлди!" деб раҳми келиб, кўргани кирар, ҳол сўрагувчи ҳам, тасалли бергувчи ҳам гапни-Қосим аканинг мўмин-қобиллигидан бошлаб келар, бунга сари ҳоланинг юраги сел бўлиб кўзларидан ҳасрат ёши қуйилаверарди. Шу сабаб яна маълум бир пайт шу уйда, қадрдон Ойша ҳоламнинг ёнларида қолдим. Бечорагинанинг кўп гапирадиган иккита мавзуси бор эди, бири-Қосим аканинг қандай вафот топгани, иймонда бўлиб, кулиб туриб жон бергани бўлса, иккинчиси эса-менинг "поҳ" демай беш ой касал қараганим, дуолар олганим ва мендан абадул- абад рози эканликлари ҳақидаги гаплар эди.
Чой ташиб ичкарига кириб-чиқиб юрарканман, келгувчилар менга зимдан кўз ташлашар, баъзи-бирлари бир-икки илмоқли гап ҳам гапириб кўришарди.
Шундай кунларнинг бирида ҳовлига икки аёл кириб келди, уларнинг бири узун бўйли, ҳол-ҳол кўйлакли, ўрта ёш бўлсада қаримсиқ юзли, иккинчиси эса дўмбоқроқ, башанг кийинган, қош-кўзлари жуда истарали бир аёл эди. Уларни ўзим кутиб олдим. Эгнимдаги кўк тусли кўйлагимга ва иссиқда ҳам ечмаганим-оёғимдаги кавуш маҳсимга бир қур кўз ташлаб олган бу икки аёл- Ойша холанинг ёнларига яқинроқ сурилиб, бир нималарни улардан суриштиргандек бўлишди. Холам эса бу пайтда жуда қийналиб юрадиган бўлиб қолгандилар, қўлтиқларидан олиб, ичкарига бошларканман, аёлларни ҳам равонга таклиф қилдим. Ичкаридаги пиёлаларни алмаштираётган пайтимда улардан дўмбоқроғи мени кўзлари билан кузатиб, гап бошлади:
- Ўғлим дўконни эрталабданоқ беркитиб кирганда, ҳайрон бўлиб, " ҳа Улуғбек, тинчликми? " дебман, "шунақа ая, ичкари маҳалладаги Қосим ака ўтиб қолибдилар! " деб айтганида эса- умуман хаёлимда бу сизнинг ўғлингиз эканлиги келмабди. Туппа-тузук маҳалладан ўтиб юрардилару, эшитмаган эканман, Россияга кетган эканларда-а?!
Шу гапларни гапираётиб ўша истарали аёл менга бир кўз ташлаб олиб, сўнг Ойша холага нигоҳини қаратди.Холамнинг яна хасрати тилга кўчди, кўзларидан шунча кунлардан бери тинмаган ёшлари тағин сел каби оқиб, ғижим рўмолчасига уни шимдириб-шимдириб йиғлайвердилар. Чойнак олиб кирган пайтим-дастурхон устида менинг сифатларим гапирилаётган экан:
-Боламни поҳ демай қараган мана шу қиз бўлади, кўзим очиқлигида илоҳим бахтини кўрай деб қўлим толгунча бахт сўраяпман. Мана уйига ҳам кетмасдан "сиздан ҳавотирман, холажон!" деб ёнимда ўтирибди, Худойла қолгур!
Ортимга қайтиб чиқиб кетдим. Аёллар сал ўтириб, кейин кетишди. Уч кундан кейин Ойша хола менга ўзлари руҳсат бердилар, кетишим олдидан эса катта бир тугунни қўлимга тутқаздилар. Унда уч-тўрт хил чиройли матолар ва бир катта қадимги шоҳанак тилла узук ва кумуш билакузук чандиб тугилган рўмолча бор эди.
-Бу узук менга раҳматли қайнонамдан қолган, яъни сенинг катта бувингдан. Ҳизматларингга бундан муносиб раҳмат айтиш қўлимдан келмайди. Шу узукнинг кўзини "бўритош" дейишади. Қанақадир ҳислати бор тош экан-бу! Кумуш билакузукни эса ёшлигимда Самарқандга борганимда, бир одамдан сотиб олганман. Унинг ичига нимадир ёзилган, у пайтлар арабча имло билмасдим. Кейинчалик эса кўзим ўтмай қолди. Ҳеч қайсисини бир марта бўлса ҳам тақмаганман. Қўлингга узук катта келса керак. Бир тақиб кўриб, айтарсан...
Мен бу қалин узукни олиб, гардишидаги сарғимтир тошга ажабланиб қарадим. Узук бармоғимга катта келди. Билакузукни эса тақиш олдидан ичидаги ёзувни кўриш учун орқасига мўраладим. Дарҳақиқат арабий ёзувда нимадир ёзилган экан. Салгина қисиб қўйгандим, катталиги билинмай кетди.
-Бўлди, билакузукни доим тақиб юраман!- дедим ҳалиям кўзлари ёшланиб турган Ойша холамни қучоқларканман.
-Ҳа, тақиб юр! Узукни ҳам билакузукни ҳам ҳеч қачон сотма! Назирага ҳам Барнога ҳам буларни бирон марта ҳам кўрсатмаганман, сенда кўришса ҳам билишмайди...
Шу тариқа тугунни кўтариб, кетиш учун ўрнимдан турдим, бошим бир айланиб ерга ўтириб қолибман. Ойша хола қўярда қўймай қуюқ наввот чой ичириб, шундан кейин уйимга кетишимга йўл бердилар. Маҳалладан ўтиб борарканман, ўз дарвозаси олдида гаплашиб турган аёллар-кўзим тушиши билан саломлашгандек бош ирғар, Ойша холанинг мақтовлари сабаб- мени ҳамма танийдиган бўлиб қолганди. Биров ортимдан яна чақириб қолди. Кимлигини билиб туриб- ўгирилдим. Улуғбек юзига жиддий тус берганча юриб келди. Мен сал нарида бизга қараб турган аёллардан ҳижолат тортганча, унинг саломига паст овозда алик олдим.
-Яхши юрибсизми? Қосим аканинг ҳам жойлари жаннатдан бўлсин! Ёшлигимизда латталарни ёрилган тўп ичига тиқиб ўйнаб юрсак, Қосим ака бизга янги тўп олиб бергандилар. У пайтлар магазин ҳам очмасдик. Жуда яхши кўрардим раҳматлини! Жойлари жаннатдан бўлсин, яхши одам эдилар...
Унинг гапларига бош ирғаб, яна бизни кузатиб турган аёлларга қарадим. Буни дарров илғаган Улуғбек ўртамизни яна бир қадамга узоқлаштириб туриб олди.
-Ҳамма сизни роса гапиряпти! Аям ҳам уч кун олдин сизни роса мақтаб чиқдилар: "бир қиз Ойша холанинг қариндоши бўлатуриб, беш ой Қосимжонни қарабди- дедилар. Қосим акани қараб, яхши иш қилибсиз, Маҳбубахон! Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Эшитган одам ишонмайди ҳам. Устарани Қосим ака учун олганингизни билардим.
" Ҳа, демак ростдан ҳам уч-тўрт кун олдин таъзияга чиққан аёллардан бири унинг онаси экан-да" деган ўй хаёлимдан ўтди. Кетишга жазм қилиб, Улуғбекка "хайр!" дедим. У ҳам "хайр!" дейишга деди-ю, суҳбатимиз тез тугашига таъсир қилган аёллар томонга бир қараб қўйиб, ортига қайтди.
Уйга келдим, охирги марта Қосим ака ўлмасидан олдин бирровга келиб, уй ичидан ҳабар олиб кетгандим. Кўзим кўча деворнинг сидирилган жойига тушиб ҳайрон бўлиб, дарвозани очдим. Ўша ташқи тарафдан сидирилган жойга ичкаридан ёғоч "эшак" тираб қўйилибди. Жон-поним чиқиб ичкарига қараб югурдим. Кўрпа-тўшаклар яна ер билан битта бўлиб ётибди, эски сандиқнинг қулфи қўлбола асбобда бузилган, унда сақланадиган эски тускилар ташқарига чуваб ташланганди. Назаримда уйимизга ўғри тушгану- ҳеч нарса тополмаганидан, ҳамма ёқни шунақа айқаш-уйқаш қилиб ташлагандек эди. Уйни бир бошдан кўздан кечирдим. Ошхонадаги қозонимиз, манти қозон, альюмин ун солиб қўядиган идишимиз йўқолибди. Яна ўрта уйдаги кичкина гилам ҳам жойида йўқ!
Шу куни аламимдан ҳамма қўлга кирадиган нарсаларни йиғдим, уй ўртасига тўплаб, аравачамиз йўқолгани сабабли-қўшни Содиқ амакидан аравача олиб чиқиб, нарсаларни юкладим-у, "дом"имизга қараб кетдим.
"Дом" га келмаганимга эса беш ойдан кўп вақт бўлганди. Эшикни очиб кирарканман, димоғимга дарров моғор иси урилди. Деразалар ёпиқ бўлгани учун ҳаво айланмай, чала қуриган деворларимиз қора-яшил тусли хол-хол моғорларга тўлиб тошибди. Қилган меҳнатимга ачиниб, ўзим ҳамма юзаларни қуруқ латтада артиб чиқдим. Моғорни йўқотиб, удда қилиб бўлмасди. Шу сабаб- яна қайтадан оҳаклашни дилимга тугиб қўйдим. Бувимникидан олиб келган нарсаларимни эса ухлайдиган хонамизга босиб таҳлайвердим.
Шу куни кечгача ўртада уч марта қатнаб, нарсаларни ташиб, кунни кеч қилибман. "Ана, қўлингдан келса- шуларни ташиб кет!" дедим оғир сандиқ жавонлару, қуруқ шкаф-каравотларнинг ўзигина қолган уйни қулфлаб чиқарканман...
Do'stlaringiz bilan baham: |