17-қисм.
Эртаси куни Ибратхон ака соат тўққизларда келдилар, хонани тартибга келтириб бўлиб, машиналарига чиқиб ўтирдим. Салом-аликдан бошқа гапни гаплашмадик. Уйимизга олиб келиб қўйдилар. Онамдан сўнг яна яқин бир нимамдан айрилгандек аҳволда эдим. Улар жўнаб кетдилар.
Эшик очиб қарасам: ҳамма нарса ўша-ўша, лекин уйимиз кўзимга жуда ғарибдек кўринди. У ёқ бу ёқни йиғиштириб турганимда-тоғамнинг ўғиллари Ойбек акам чақириб келиб қолдилар. Бир ҳафта уй нега қулф ётганини сўрадилар. "Касал эдим" деб жавоб бердим. Ортиқча савол бермай, салгина ўтириб кейин кетдилар. Нарсасини йўқотиб қўйган одамдек у уйдан бу уйга чиқиб юравердим. Қулоғим остида кечаги гаплар тинмай айланаверди.
"Мен индамай улар айтган одамга тегиб кета оламанми?! Ҳа, “ҳамма нарсага кўнган, чидаган бу нарсаларга ҳам кўнади!" деб ўйлашса керак-да...
Ич-ичимдан яна йиғи тошиб кела бошлади:
"Ҳа, яшайман. Қўлимдан келмаса ҳам ҳаракат қиламан!" ўзимга ўзим шу гапларни уқдириб, ҳамма жойни бир сидра йиғиштириб чиқдим.
Ўртада Рисолат бувининг ўғли Сафарбой ака ҳам гандираклаб уйимизга бир кириб-чиқиб кетди, чайналиб туриб, гапирган гапидан шуни уқдим-ки, бир ҳафта дарвоза очмаганимдан, онамни шунақа дарровда "унутган" имдан унинг ҳам "айтадиган гаплари" бор экан.
Тушлик вақтига яқинлашиб қолганда, кутилганидек Пошша опа эшикдан кириб келдилар. Юзимни ювиб, ёнларига келдим.
-"Ота-она ўлмоқ меърос!", кимда эрта-кимда кеч!-дедилар бағирларига босиб туриб. Эгнимда битта кўйлагу битта нимача бор эди:
-Қиз бола "ёрилмаган қовун!", бунақа юпун юрмасинлар, "қиш"нинг барибир ниши бор, шамоллаш ҳеч гапмас- Пошша опанинг бу гапларига кириб, ўзлари берган курткамни кийиб чиқиб ёнларига ўтирдим.
-Ибратхон бир гап айтдилар, "тўғри ўйлабсиз!" дедим, аза уч кун-мусулмончиликда Маҳбубахон! Биз ҳам “савобни қилсак, охиригача қилайлик!” деб юрибмиз.
Пошша опа юзимга қаттиқ тикилиб турардилар, биламан улар айни дамда мендан ўша Ибратхон ака айтган гапнинг жавобини кутяптилар...
-Мен... Ибратхон ака нима десалар "ҳўп" дейман, улар менга ҳали ёмонлик қилмаганлар- шу гапни зўрға тилимга кўчирдим...
-Йўқ, биз мажбурламаяпмиз, "бу одам нима деса розиман, менга ёмонлик қилмаганлар" деб ўзларини зўрлашлари сира тўғримас, кўнгилларига қарасинлар...
Пошша опага бошқа жавоб берадиган аҳволда эмасдим. Улар ҳам, мен ҳам-сукут сақлаб жим турдик, кейин яна улар савол бердилар:
-Кўнгиллари нима деяпти?
-Одамлар гапиришармикан, кеча онам ўлиб...
Пошша опа четга қараб туриб қолдилар:
-Бизни ўйламаган одамларни ўйлашимиз керакмикан? Майли, шошириш ярамайди, кўчалик кийимларини кийиб чиқсинлар, сиз билан ҳозир бир жойга борадиганмиз!
Улар равонда кутиб турдилар, тез кириб кийиниб чиқдим. Ташқарида бизни рулида нотаниш одам ўтирган кулранг машина кутиб турган экан. Айтилган манзилгача гаплашмасдан кетдик. Ёғоч эшикли муҳташам уй остонасини босиб ичкариладик. Қандайдир аппаратнинг ишлаётган овози қулоғимга кирди. Йўлакда парда тортиқлиқ турган экан, пошша опа мендан олдинроқ юриб, парда ортига ўтдилар.
Юриш-юрмаслигимни билмай тўхтаб қолдим. У тарафдан бироздан сўнг "Маҳбубахон!" деган пошша опанинг овозлари эшитилди. Шундан сўнг парданинг четидан ўтиш учун қадам босдим.
Кенг ҳовли, уй ўртасига чиройли шакл берилган кичик буталар экилган экан. Баланд зинанинг тепа қисмида пошшо опа тўлача бир аёл билан гаплашиб турардилар. Секин ўн қадам беридан салом бериб, уларнинг ёнига чиқиб бордим. Пошша опа ёнидаги аёлни менга таништирдилар:
-Бу киши Хуршида пошшо, уларни ҳам "пошшо опа" деб чақирсалар-мумкин! Қани, энди искарига юрсинлар!
Ўша таништирилган аёл менга бошдан оёқ назар ташлади:
"ҳм келсинлар!"
Улар узатган қўлга қўлимни тутдим, "эсон-омон" лашдик. Бу исмни қаерда эшитганимни салгина эслаётгандекман...
Пошша опа йўл бошлаб, ичкарига оёқ ечиб кирдим, ортимда ҳалиям мени кузатаётган Хуршидапошшо!
Ичкарида бир кўз ойнакли аёл-куймаланиб нимадирлар қилиб юрган экан. Пошша опа уларни "Оя!" деб чақирдилар-у, ўша ёши етмишларга бориб қолган аёл-биз томонга “ялт” этиб қаради. "Келаверсинлар, ҳозир қўлимни артиб олай!" улар шундай деб сочиққа обдон қўлларини артдилар. Кейин ёнимизга келиб, аввал пошша опа билан кейин эса юзимга кўз ойнаклари ортидан тикилганча- мен билан саломлашдилар.
-Бу ўша айтган қизимизми?
Мен ҳайрон бўлиб пошша опага қарадим.
-Ҳа, Маҳбубахон шу қиз бўладилар! Оналари кечагинда оламдан ўтдилар, жойлари жаннатдан бўлсин, илоҳим!
Сўнг пошша опа менга уларни таништирдилар:
-Маҳбубахон бу бизнинг-онамиз, Оямиз бўладилар. “Пошша хола” деб чақиришларига мумкин, ёшлари-улуғ бўлиб қолдилар, Аллоҳ бошимизда саломат қилсин!
Пошша хола қизларининг дуоларига ўзлари "омин" деб қўйдилар, сўнг ёнбошдаги уйга пилдираб кириб, уйнинг чироғини ёқди:-Ойимқизим бу ёққа келсинларчи!
Улар мени чақиришаётган экан, пошша опа имлагач, ўша ёққа тортинибгина қадам ташладим. Эшик олдида боядан бери бизни кузатиб турган-Хуршида пошшо "унда мен ичкарида бўламан!" деди-ю чиқиб кетди. Хона ёғоч мезанали, токчалар ўймакор ёғочдан ишланган экан. Бу уйда ҳам худди-Раъно опаникидек китоблар жуда кўп эди. Мендан олдин хонтахта тўрига ўтириб олган пошша хола-юзимга синчиклаб қараб туриб, рўпарасидан жой кўрсатдилар.
-Ойқизим менга "бу қизни танишларимиздан бири айтиб қолдилар, ҳаётлари жуда қийинчиликда экан, оналари касаллигида-қўлимиздан келганча ёрдамимизни бердик, оя" деб айтиб эдилар, жуда ҳурсанд бўлдим-да... Оллоҳ онангизни ҳам бу дунёда тортган дарду-азобларига ажру мукофотини ошиғи билан у дунёда берсин!- хола шу гапларни дона-дона, тўхтаб-тўхтаб гапираркан, мен уларнинг дуоларига қўшилиб, юзимга фотиҳа тортдим...
-Ўзи сизни бу ерга Ойқизим олиб келишларини бошида айтмаб эдилар, валлоҳи сабаб-Оллоҳдан экан, сиздака қизларимиздан кўпи-Сафохон ўғлимнинг қўлларида, кичигимиз Ибратхонда ишлаб келишади. Аммо, ҳаммаларини аввало ўзимиз бир суҳбатдан ўтказиб оламиз-да, энди!
Мен шундагина холанинг мақсадини рўй-рост тушундим: "Демак, пошшо опа мени бир танишлари орқали ўзлари топганликларини айтганлар, Ибратхон ака билан танишлигимизни улардан бошқа ҳеч ким билмайди! Ҳозир эса мени қайсидир цехларига ишчи сифатида ишга олишмоқчи!" Шуларни хаёлимдан ўтказарканман, ҳурсанд бўлиб кетдим. Хола эса ўрниларидан турмасдан пошша опани ҳам ёнимизга чорладилар:-Ойқиз, бир қарасинлар менга!
Раъно опа шу пайтгача эшик олдида турганмидилар, оналари чақириши билан жилмайганча тавозеъ билан хонага кирдилар.
-Менга бу қиз маъқул бўлди, камгапгина эканлар... Сафохонга ўтақолишсин!
Пошшо опага тез қараб олдим, кулиб оналари томонга ишора бердилар. Ўгирилиб, холага қўлимни кўксимга қўйганча, "раҳмат" айтдим.
-Айланиб кетай, эсли-ҳушлигина, борақолсинлар!
Биз бу хонадондан чиқиб борарканмиз, парда ортига ўтишимиз билан Раъно опа менинг елкамга қоқиб қўйдилар:
"Ҳаммаси яхши!"
Дарвозадан батамом чиқишимиз билан эса мен томонга энгашиб шипшидилар:
"Сафохон акамда озгина сабр билан ишлаб турасиз, улар сал инжиқроқлар, ишчи туриш бермайди уларга... Сизни сал ғамдан чалғийдилар деб шу ишни қилдик-да" дедилар. Машинада энди қарама қарши томонга кетиб борардик. Чамаси уч маҳалладан ўтдик: худди боя борган эшигимизнинг айни ўзи бўлган бошқа ўймакор дарвоза ёнида тўхтадик.
-Сайфуддин, сиз Ибратхонни ёнига қайтиб бораверинг!
Машинадан тушиб, биз дарвозани очишимиз билан ҳайдовчи бироз кутиб жўнаб кетди:
-Шафёр йигитга эътибор қилмадингиз-а?
Мен хаттоки унинг юзига ҳам қарамагандим. "Йўқ!" дедим, бош силкиб ажабланганча.
-Ибратхон айтишган йигит шулар! Фақат мендан илтимос қилиб эдилар: "илтимос пошшо опа, қизга билдирмай турсинлар" деб. Хафа бўлмадингизми, ишқилиб!
Мен минг тиришсам ҳам ҳайдовчининг юз кўринишини эслай олмадим. Фақат унинг "нотаниш" эканлигини билардим ҳолос! Бу дарвоза ортида ҳам уч қадамдан сўнг парда тортиғлиқ тураркан. Бу сафар пошшо опа олдинга юриб ўтиб кетмадилар. Ибратхон аканинг катта акалари Сафохон акада каттагина сметана цехи бор бўлиб, усти ёпиқ узун уйда-ўнтадан ошиқ аёл ва қиз биз борган пайтимизда катта қозонлар устида куймаланишиб сут қайнатишаётганди. Сафохон аканинг аёллари Муҳаббат пошшо деган ёшлари қирқ бешларга борган чиройликкина аёл жуда хушмуомалалик билан бизни кутиб олди.Раъно опа мени уларга таништириб бўлгач, Муҳаббатопа билан гаплашиб - ичкарига кириб кетдилар, қолган аёллар билан эса ўзим танишдим.
Сафохон акани сал кейинроқ кўрдим, улар жуда талабчан, рафиқаларига ҳам ишонмай, ҳар бир иш жараёнини ўзлари кузатиб турарканлар. Бу пайтда ҳеч қайси ишчи бекорчи ўтирмас, гўёки ҳамма тик оёқда туриши шартдек. Ишчиларнинг тартиб-интизомини-ю, ўз маҳсулотининг сифатини текшириб-тинмайдиган Сафохон ака тепаларида турганида- ҳеч ким зарурат туғилса-да бир-бири билан гаплашмайди!
Шу таҳлит мен шу цехда "дерманизатор" га бириктирилган ишчи бўлиб ишлай бошладим. Ишим айтарли оғир эмасди, фақат тик оёқда кун бўйи туришим ва ишга бир соат пиёда юриб қатнашимни ҳисобга олмаганда-ҳаммаси яхши эди. Ишдан қайтишда-ку чарчаган оёқларим баъзан ўзимга ҳам бўйсунмай қолаётгандек туюлади.
Ўн беш кун ичида бизга аванс беришди, яна кунлик маҳсулотдан икки донадан уйимизга олардик. Шу кунлар ичида Ибратхон акани ҳам икки мартагина узоқдан кўрдим...
Сайфуддин деганлари баъзида келиб турар, негадир ҳамма қизларга гап ташлаб, кейин менга синаётгандек қараб қўярди. Унинг кўринишига ҳам- биров исмини айтгачгина аҳамият бериб қарабман. Оқ сариқдан келган, доим оқ дўппи кийиб юрадиган бу йигитнинг кўзлари- негадир менга биринчи кўришимдаёқ мушукнинг чиғир қарашларини эслатиб юборди. Қизиғи, у гап ташлаганида- оғзи "битта ошиқ-мошуғи йўқ эшик"дек қийшайиб, ўзи "ликкиллаб" қоладиган қизлар бизнинг цехимизда талайгина эди...
Ўн беш кун ичида Сафохон ака мени бир мартагина койидилар, унда ҳам бўлса ускунани вақтида ўчирмаганим учун! Кейинчалик иш жараёнида у тез-тез ишимни кузатар, ортиқча бирон сўз демай, жим қўлини ортига чалмаштирганча нари кетадиган бўлди. Учинчи ҳафтам бошланганида, Раъно опа яна келдилар. Муҳаббат пошшо билан гаплашиб чиққач, акалари Сафохон акага қараб: "Оям айтдилар, Маҳбубахонни энди у ёққа оламиз экан, қатиққа одам етмаяпти, бу ёғи ўзларига аён- қатиқ кетадиган сезон! "-дедилар.
Бунга жавобан мен Сафохон аканинг норози овозини эшитдим: "Шу бир ишга қўймайсизларда, энди пишиб, қўллари келишганда, бошқа гап топиб келасизлар!"
Пошшо опа билан кетишга чоғланарканман, баъзи бировларнинг "э, шу қизни ўрнига мана мен кетсам бўларди!" деган пичирлашлари қулоғимга чалинди. Бироздан сўнг биз ўша улар менга куёв сифатида топишаётган- Сайфуддиннинг машинасида катта ҳовлига қараб кетиб борардик.
-Оптў, сиз ҳам битта цех очсангиз бўларкан!- йигит Раъно опага гапиряпти-ю, пеш ойнадан мени кузатаётганини сезиб, юзимни бошқа томонга бурдим. Пошшо опа жим.
-Кечаги куни аммам битта қиз топибдилар, "тўхтанг Ибратхон акамнинг олдиларидан бир ўтайлик!" дедим...
Пошшо опа бу гапга жавобан секингина "тўғри айтибсиз!" деб қўйдилар.
-Қиёматлик акам мени- Ибратхон ака!- йигит энди ён ойнадан мени кузатишни бошлади. Боргунимизча - ёстиқ билан биров мени роса димлаётгандек, нафасим қайтиб, базўр етиб бордим. Патирлаб машинадан тушаётганимда, Раъно опа менга қараб кулиб қўйдилар. Ўша биринчи кез келган эшигимиздан ичкарига кириб борарканмиз, улар энгашиб қулоғимга шипшидилар:
"Мунча бу болани кўрсангиз, Азроилни кўргандек бўляпсиз, тинчликми?!"
Нега бундай бўлаётганини ўзим ҳам тушунмасдим. Орқа ҳовли томонда худди Сафохон аканикидек узун усти ёпиқ жой ва бурчакда ертўлага тушиб кетиладиган зина бор экан. У ердаги ишчиларнинг сони эса-олдин ишлаган жойимдан икки баробар кўп эди. Бу ердаги иш бошқарувчи Саломат опа билан мени таништиришди. Бақувват билакли аёлнинг сал қўполлигини айтмаса, у анча ҳазилкаш эди.
- Келақол, бу қизимизни Малика деб чақирамиз, чунки худди маликаларга ўхшаб юраркан- деганида ичим титраб кетди. Нима дейишимни билмай турганимда эса у яна қўшимча қилди:
-Рост-да, ўла қолсам мен бунақа юролмайман, соним бир кунда арчилиб тушади!
Кимдир бу ҳазилга кулганича кулди, кимдир эса "ўлинг, хотин бўлмай!" деди, лекин у парво қилмай яна ҳазиллашишни давом эттираверди. Сезишимча, бу ерда ҳамма ўзини анча бемалол тута оларди.То пошшо хола уй ичидан чиққунича кўпчилик билан танишиб олишга улгурдим.
Ибратхон ака аср вақтидан сал ўтиб келдилар, Саломат опа менга бу пайтда ҳамма нарсани эринмай ўргатаётганди.
“Нима бўляпти ишлар, чарчамаяпсизларми?!”
Мен бу овозни эшитмаганимга йигирма кунча бўлганди, шошилиб ўгирилдим, буни кузатиб турган-Саломат опа эса ҳо-ҳолаб кулди:
-Вой мана бу қизни қаранглар, Сафохонакада озгина ишлаб, нақ юрагини олдириб қўйибди. Ибратхон гапирса-рангининг бўздек оқариб кетганини қаранглар, вой тавба?
Бу гаплардан сўнг бирдан дув қизариб кетдим шекилли, юзим оловдек ёна бошлагани ўзимга ҳам сезилди. Ибратхон ака ҳижолат тортгандек менга бир қарадилар-да, ўгирилиб нари кетдилар.
-Вой ўлай, хўжайинни аччиғини чиқариб қўйдим-а, тилим қурсин!
Шу-шу Ибратхон ака мен турган бўлсам, ўша ерга умуман яқин йўламайдиган бўлдилар. Ишлаб юрганимга энди беш кун бўлганида, цехда ғалати висир-висир гаплар тарқалди. Беихтиёр ўзим ҳам Саломат опанинг гапларини эшитиб қолдим:
"Вей, бу пошшахонга нима етмас экан, ҳайронман, эрка-да слишком!"
Англашимча, гап- ўша мен бу ҳовлига келганимда Раъно опа биринчилардан бўлиб таништирган Ибратхон аканинг аёли-Хуршида пошшо ҳақида кетаётганди.
Саломат опадан батафсил сўрашга истиҳола қилсам-да, кўпроқ нарса билишга жуда ичим қизиётганди...
Кейинчалик тушлик маҳали гапнинг бир учи яна чуваланиб чиқди:
-Ўн йилдан ортиқ яшадинг, сенга ҳеч ким аммамни қизи деб қаттиқ гапирмаса, эринг "тилло одам" бўлса, овсининг "хоҳласангиз туғиб-ўзингизга бола қилиб бераман" деса, ҳамма кўнглингга қараса-яшайвермайсанми, мазза қилиб-а, одамларгаям ҳайронсан?- Саломат опа қўлидаги нон бўлагини бир тишлаганича-шунча гапни биттада тахлаб гапириб ташлади. Унга рўпарама-рўпара столнинг нариги томонида ўтирган Муборак опа эса у билан кўз уриштириб, писмайганча-
"жим, келяпти!"
деди.
Шу пайтда Ибратхон ака биздан уч қадам наридан "Ёқимли иштаҳа!" деб ўтиб кетди. Саломат опа эса бурилиб, уларнинг ортидан қараркан "эссиз-эссиз-а!" деб минғирлади.
-Сенга нима? Булар тўра-тақсир, гапириб гуноҳкор бўлма, Салом!- Муборак опа Ибратхон аканинг уйга кириб кетганини билиб, Саломат опага саннади.
-Нима қилай, севаман Ибратхонни, жоним эриб оқиб кетади кўрсам, озгина мандан кичкинада, эрим бўлмаганида ўзим билардим. Липпа йўлдан урволардим, ана кўр кейин тариллатиб туғишни!
Кимлардир шу гапга ҳам ҳиринглаб кулди. Мен юрак ютиб, Саломат опага гап очдим:
-Нима бўлибди ўзи, пошшо опага?
Саломат опа лунжига нон солиб чайнаркан, минғирлади:
-Кетиб қопти-да яна... Бу мингинчиси, агар икки мингинчиси бўлмаса...
-Йўғ-ей? - дедим жим унинг юзига тикилганча...
Ибратхон аканинг кайфияти анча кун очилмади, лекин қайсидир куни бориб хотинини шарт яна ўзи қайтариб олиб келди. Хуршида пошшони шундан кейин ҳам ҳовлида кўрмадик. Бу орада Сайфуддин ҳақида ҳам баъзи маълумотларни эшитдим, буни ҳам Саломат опа айтдилар:
-Ибратхоннинг ёнларига кириб, қиниқиб олган- бу таъмагир бола! Ана тагига эскироқ бўлсаям машина миндириб қўйди-хўжайин! Раъно пошшани уёқ-бу ёққа олиб юргани учун. Жуда мингинг келса, Дамас мин гаранг, қишлоқлардан сут йиғиштириб келасан!, йўқ, бунга фақат олифтагарчилик керак-да...
Сайфуддинни ўзи эса бир марта яқинимга келиб, ниманидир баҳона қилиб сўради, гапирмаганимдан кейин "астағфируллоҳ" деб нари кетди. Қайсидир куни олд ҳовлида пошша холанинг қаттиқ жавранган овози янграб қолди, ҳаммамизнинг дамимиз чиқмай қолганини кўрган Саломат опа бизни койиб бердилар:
-Меъровланмасдан ишни қилинглар ойпарилар, бировни ғалвасига қулоқ солиб ўтирмасдан! Уришса, ўзини жиянини уришяпти, жуда анқайишларинг шартмас! "
Мен эса пошшо холадек юмшоқ табиатли одамларнинг жаҳли ҳам чиқиб туришини биринчи марта эшитаётганимдан ҳайратда эдим!
Шундан кейин бошқаларга одатий ҳол бўлиб улгургану, мен учун бироз ғалати туюлган иш яна содир бўлди. Ибратхон аканинг аёли яна кетиб қолганидан сўнг, ҳар куни эрталаб Раъно опа келадиган, улар билан тез-тез кириш йўлагида учрашиб қоладиган бўлдик.
-Пиёда қатнаш қийинмасми Маҳбубахон?-машинадан тушар экан пошшо опа мени шунга ўхшаш саволлар бериб, бироз тўхтатиб қолардилар. Уларга ҳаммаси жойидалигини айтиб орқа тарафга-цехга ўтиб кетардим. Учинчи куни ҳам худди шундай бўлди: пошшо опа мени эшик олдидаги пардагача бўлган ерда тўхтатиб қолдилар:
-Сайфуддин бўлмади-а? Бу сафар куёвни сизга ўзим топаман. Хожамнинг қўлларида ишлайдиган-савдодаги йигитлардан! Яқин кунларда шу ерга келишиб, ўзлари сизни кўриб кетишади, эшитяпсизми?
Гап яна ўша мавзуга бурилганига ичим ҳижил бўлиб турган бўлса-да, бош силкиб "ҳўп" дедим. Тушлик пайтида Раъно опа мени олд ҳовлидаги ўша биринчи кирган уйимизга чорладилар. Қўлимни ювиб, чала артганча югуриб бордим. Кирсам, Пошшо опа кир дазмол қилаётган эканлар, қанақадир чойшаблар, дастурхонлар.
-Ёнимда турсинлар, гаплашиб иш қиламиз. Сал дамим қайтиб кетди, бир ўзим зерикарканман-дедилар. Биргалашиб иш қилиш баробарида, у ёқ- бу ёқдан гаплашдик, баъзи саволлар онам ҳақида бўлди. Кутилмаганда хонага уларнинг оналари пошшо хола кириб келдилар. Кўринишларидан лабларини қаттиқ қимтиб олгандек, нимадандир норози қовоқ солиб олгандилар. Мен ювилган кирларга дазмол ураётган, пошшо опа эса уларни ичкари уйга кириб-жойлаб чиқаётган эдилар, оналари киргач, суҳбатимизга чек қўйилди.
Пошшо хола бироз дазмол қилишимни кузатиб турдилар, сўнг қизлари томонга ўгирилди:
-Кирсинлар, Ибратхонни кийимларини олиб чиқсинлар, Ойқиз! Хотиннинг жаззасини менинг ўғлим тортишлари-ҳеч бўлмабди, ўзларининг кийимларини ўзлари дазмол қилиб юрибдилар не кунлардан бери...
Раъно опа қўшни хона томон иккилангандек чиқиб кетдилар, қайтишда қўлларида икки дона кўйлак бор эди.
-Оя, жуда ҳижолатли иш айтдилар-да, эшик ёнидан курсига ташлаб қўйилган шу икки кўйлакларини олдим ҳолос! Лекин олдин ювиш керак экан буларни...
Раъно опа шуларни айтиб, ичкари йўлакка кириб кетдилар. Биз пошшо хола билан ёлғиз қолдик.
-Ойим қизим, пухтагина экансиз яшанг! Энди сизга бу ишларни қилдиришга жуда ҳижолат бўляпмизу, иложимиз ҳам шунгача экан-да, Ойқизимни ҳам рўзғорлари бўлак, бир "имо" йимизга келиб кетадилар Аллоҳ сийласин! Куда кўрган холларида... Майли, ҳаммамизга инсоф берсин, Роббим дейман-да...
Мен холанинг гапларига гап қўшмай, дазмол ишимни якунладим:
-Пошшохола, яна нима иш бўлса қилиб бераман, овқат-озиқ дегандай...-дедим.
Бу гапимга уларнинг кўз ойнаклари ичидан йирик кўриниб турган кўзлари порлаб кетди, яқин келиб, оғизларини қўлларида тўсиб пичирладилар:
-Ибратхонга айтдим, "битта ишчингиз ошхонага қарасинлар, ойқиз келиб оввора бўлмасинлар" дедим, айланай, қўймайдилар, ҳеч қўймайдилар-да шунга!
-Ҳижолатчилиги йўқ, жон деб сизга ёрдам бераман- дедим дазмолланган кирларни дазмол тахта устига қўярканман...
-Вой айланиб кетай, онамни қўйсунла!
Шундан кейин улар менинг қўлларимни ушлаб баланд зинадан тушдилар:
"Баландлик қилиб қолди, шу ер ҳам, Ибратхонга пастроққа-бир уйча қуриб берсинлар, деяпман, бўлиб қолар, ин шаа Аллоҳ!"
Ошхонага ҳам пошшо холанинг қўлларидан ушлаб кирдим:
-Мана бу ерда мой туради, ойим, буни ичида гўшт борми, сабзи, балғари, рўзғоримиз расамад-Аллоҳга шукр!
Пошшо хола мени ошхона билан таништирди, жуда озода уй тутар эканлар, баъзи нарсаларга ўта инжиқ: сочиқларнинг четига ипда белги қўйилган, оғиз артишга, қўл артишга, стол устига ёпишга, ювилган идиш тавоқларни қуритадигану, стол устини артишга, алоҳида-алоҳида белгили сочиқлар бор экан. Бирини бирига ишлатиб бўлмас экан. Хатто ювганда ҳам алоҳидаланиб ювиларкан. Кўриб туриб, бу тутумга жуда ҳавасим келди.
-Ошхона сизга ойим, илоҳим қўллари ҳам ўзларидек ширин бўлсин!-пошшо холанинг туришидан елкасидан оғир бир тоғ қулагандек ҳурсандчилиги сезиларди. Овқатни номини сўраб, пиёз, сабзини тозалай бошладим. Пошша хола тепамда ҳамма ишимни кузатиб турдилару, сўнг кўнгли тўлгандек жилмайиб, чиқиб кетдилар. Маставам ўнларга тайёр бўлиши керак эди, шошиб ишлаб турган жойимдан ошхонага қайтиб кирсам, пошшо хола қозон бошида турган эканлар:
-Бўлди, оловини ўчирдим, чиройли овқат бўлибди, Аллоҳимга беҳисоб шукр!
Чиқиб кетаётганимда, пошша хола мени яна чақириб қолдилар:
-Цехни ўзлари эплашади, сиз рўзғоримга керак экансиз қизим, маошларини ҳам-мана ўзим нафақамдан бераман!
Мен бу гапни умуман кутмагандим. Шу таҳлит бу хонадонда мазкур рўзғор ишлари менга топширилди. Ибратхон ака буни билдилару, индамадилар. Раъно опа эса ҳар куни катта ҳовлига қатнашдан фориғ бўлди. Уч кунча кечки овқатни тайёрлаб қўйиб, уйимга кетиб юрдим. Тўртинчи кундан пошша хола "қатнаб оввора бўлмасинлар, уйингизни саранжомлаб, қулф-калит қилиб келинг, шу ерда ёнимда ётаверасиз!" деб уйимга бориб келишимга бира тўла руҳсат бериб юбордилар. Айтганларини қилиб уйимизни маҳкамлаб, уйлик кийимларимни олиб, ортимга қайтдим. Чунки ўзим ҳам катта, кимсасиз ҳовлида тунашлик машаққатидан ҳалос бўлаётганимга жуда ҳурсанд эдим. Пошшо холанинг асл исмлари Мукаррамхон экан, айтишларича Ўшлик машҳур дуоси мустажоб тўралардан бири- Имронхон тўранинг кенжа қизлари бўлган эканлар. Улар билан тунаган биринчи кечамда- пошшо хола ухлаш олдидан таҳорат олиб ётишим ва албатта таҳажжудга туришни ният қилишим кераклигини ўргатдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |