14-қисм.
Бешинчи мактуб.
Уч кун касалхонада қолдим. Онамнинг анализлари ва эндоскоп ҳулосаси чиққач, ўша машъум ташҳисни ўз қулоқларим билан эшитарканман, оёқларимдан жоним чиқиб кетгудек бўлди. Албатта буни кўтариш менга осон бўлмади. Докторлар аввалига ошқозонда яра бор дейишди, онколог кўрувидан кейин билсак, ойим ошқозон ракига чалинган экан...
Докторлар ёнимга келиб, шароитимни сўрашди: мен уларга ўша пайтда ичимга ғул-ғула тушгани ва ўзимда бўлмаганим туфайли нима деб жавоб берганимни эслолмайман. Кимёвий муолажаларга бизнинг пулимиз етмаслигини англатганимни биламан ҳолос. Бўйи узун бир яхши доктор бор экан, шу ҳаммасини менга бир бошдан тушинтирмоқчи бўлди, қулоғимга ҳеч нарса кирмади...
-Ойимни уйга олиб кетаман!-дедим қатъий, чунки энди қанча умри қолган бўлса ҳам, биргаликда ҳамма нарсани унутиб, хатто бунгача бўлган касалини ҳам эсдан чиқариб, иложи борича яхши яшамоқчийдим. Ҳамма менга ачиниб қарарди. Ойимга эса мен!
Улар тутқазган хужжатларга қўл қўйиб бердим. Бояги доктор оғриқ қолдирадиган дориларнинг энг арзонларини рўйҳат қилиб ёзиб берди. Ғижим пулимни кимга тутқазишни билмасдим. Пул бераман десам, ҳамма юзимга ажабланиб қарайди. Рентген хонасида ойимга нимадир ичиришган экан, шунга тўлов қилдим.
Уйга қайтдик.
Тўғрисини айтсам, энди мениям яшагим келмаётганди. Ойимни олиб кириб-бувимнинг жойига ётқиздим. Бир нуқтага тикилиб, жим қотдилар. Ўзим эса айвонга чиқиб, ўша жойда узоқ ўй суриб ўтирдим. Бундан бу ёғи нима қилишни билмас, жудаям ноилож аҳволда эдим. Қўлимдаги билак узукнинг изи чиқиб қолганини кўриб, ечдиму не бир хаёлда ичига мўраладим. Орқамдаги токчада тиралганча турган лаган- жон киргандек ғийқиллаб, чўчитиб юборди. Кўксимга туфлаб, яна қўлимдаги билак узукни айлантирдим.
Ҳа, дарҳақиқат ичида ёзуви бор экан. Атига бешта дона арабча ҳарф ўйиб ёзиб ишланибди. Роҳила отиндан ўрганганларимни эслаб, ўша ҳарфларни ўқидим. Биринчиси "кааф" деб аталувчи "к" ҳарфи, кейингиси ғунча баргини эслатувчи ҳойи ҳавваздаги "ҳ" эди, ундан кейингисини “ўқийман” деб чамалаб турганимда яна нимадир "шип" этиб ёнимдан ўтгандек бўлди, худди "дом"имиздагидек...
Қўрқиб кетиб, билак узукни дарров қўлимга тақдим. Аввалига ойим ўрниларидан турган бўлсалар керак деб ўйладим. Йўқ, жимжитлик, уларнинг борлиги ҳам йўқлиги ҳам билинмайди. Ўрнимдан туриб, шом қуйқаси тўқлашиб қолган ҳовлига чиқдим. Неча кундан бери овқатни ўчоқда қилаётгандим. Ўтган йилги саримсоқ устига тортилган елим қоғозларни-суқма чўпига қўшиб ёқаман, пов-пов этиб, қўланса ҳид чиқариб ёнади. Унини камроқ қовуриб, яна атала қилдим. Ойим олдингидек атига уч қошиқ ича олдилар. Докторлар “иложи борича сархил мевалардан шарбатини сиқиб бер!” дейишганди. Индамай “ҳўп” деб бош силкигандим. Ўзимнинг ҳам тарвуз егим келар, афсуски айни пишиқчилик бўлган август охирларида-шуни сотиб олишга ҳам пул масаласи...
Аталани қошиқ билан ўйнаб ўтирарканман, хаёлимга хатто Ойша холам сотмагин деб берган бўритош кўзли тилла узукни сотиш фикри ҳам келди. "Барибир тақмаганимдан кейин..." -деб ўйладим.
Кейинги ўйлаганим ҳаммасидан ҳам ғалати режа эди. Аввалига ўзимни ойимдек ақлдан оздим шекилли деб ўйладим, секин аста бу фикрда ҳам жон бордек туюлаверди...
Эрталабгача шуни ўйлаб чиқдим. Хатто кўзимга қилт этган уйқу ҳам келмади. Букчайганча ухлаб ётган онамнинг қаршисида қўл қовуштириб ўтирарканман, то тонггача фақат ўша аҳмоқона ўйни хаёлимда пишитавердим.
Ғира ширада ўрнимдан туриб, бувим ўлганда кийганим-эски маҳси ва йиртиқ кавушни омбордан топиб чиқдим. Яна ўшанда кийган қора плашимни ҳам, узун бувим бошига ташлаб оладиган эркак кишиларнинг юпқа тўнини ҳам олдим. Ойимни бу кеча оғриқлари безовта қилмагани учунми ёки докторлар ухлатадиган нимадир қилганмиди, уйқуси бузилмасдан ухларди. Ўрнимдан туриб ўша тайёрлаб қўйган кийимларимни, яъни ойимнинг киймай қўйган узун кўйлаги устидан, бувимнинг эски плашини кийдим. Бошимга эса раҳматли тириклигида ёпиниб юрган ўша эркакча юпқа чопонни ташлаб, юзимни чит рўмолда паранжиникидек қилиб ёпиб олдим. Энди кўринишим қандайлигини билишга қизиқардим. Айвондаги бош оёқ кўрсатадиган эски трюмо ойнасига қарадим. Қарадиму ичим бирдан “шиғ” этиб кетди: мен ўз аксимда ўша тушларимга кирадиган маликани айнан ўзини кўриб турардим. Бу сафар тақинчоқларсиз, бу сафар жулдур кийимда! Дарров юзимни чит рўмолда ёпдим-у, шошиб ташқарига чиқдим.
Орқа маҳалладан юриб, бозор кўчасига беш-ўн дақиқа ичида чиқсам бўларди. Охирги муюлишдан сўнг, букчайиброқ юришни бошладим. Тўғриси шу жойгача ўша ойнадаги аксимни ўйлаб, қандай етиб келдим, билмайман. Машинадан юк тушираётган деҳқонлар ёнидан ўтдим, бурчакда бозорга кирувчи -ўтиш йўлаги бор эди. Ерда ётган қоғоз қутининг икки бўлак қапишган парчасини мункайиб туриб олдим. Кўзимга маъқулроқ кўринган жойга ўтирдим. Қўлимни бошимдаги халатга танғиб-ўраб, олдинга чўзганча тиламчилик қилишни бошладим. Даставвал овозим бироз чийиллаб чиқди, ўтган кетган аравакашлар йўлга ўтириб олганим сабабли минғирлай бошлашди. Инқиллаб юриб, жойимни берироққа сурдим. Шундай кейин-ўша инқиллаганим сабаб бўлдими, овозимга ҳирқироқ қўшилди:
-Худо йўлига садақа, Олло йўлига садақа, атаганлариз бўлса ташлаб кетинг, Олло ризқингизга барака берсин, ками кўстчилик кўрманглар...
Хаёлимга Ойша холанинг сўзлари келар, баъзан бувимнинг намоз охирида айтадиган дуоларини-гапларимга улаб кетардим. Ўн дақиқача ўтирдим, бир иш чиқмади, тонг анча отиб қолган, энди ойимдан ҳавотир ола бошлагандим. Яна мункайиб туриб- бозор эшигининг у ёғига ўтдим. Ерда қанақадир эски кўк халта ётарди. Шуни энгашиб олдим. Бироз оғзини ҳимариб, ушлаб олганча мункайиб туриб, тиламчилик қила бошладим. Биринчи эҳсонни қўлидаги телефонида гаплашганча бозорга кираётган йигит қилди. У уст боши мендек рўдапо кампирга бироз раҳми келгандек қараб турди, сўнг чўнтагидан пул олиб, халтамга ташлади. Ортидан роса дуолар атадим. Шундан кейин иш тезлашиб кетди.
Букчайиброқ турганим учун белим оғрий бошлади, ўтириб олдим. Ҳалтамга анча пул тушди. Кун аста секин исиётган, устимдаги кийимларим ичида терга пишиб бораётгандим. Тушган пулнинг оғзини ёпиб, қўлтиғимга қистирдиму, уйга қайтдим. Уйга келиб, эшикни очгунимча юрагим ҳапқириб кетди. Кирсам, онам уйғониб, бир нуқтага қараганча ўтирибди. Тезда кийимларимни алмаштириб, ойимнинг юзини ювдим, ёнларига дастурхон ёзиб, чой дамлаб бердим. Ўзимнинг ҳам қорним роса очганди, ҳалтадаги пулларни санарканман қувониб кетдим. Яна кўчага югурдим. Тўрт уй наридаги дўкондан тарвуз ва ўша пайтда ғарқ пишган оқ олмадан олдим.
Ойим ҳам менга ўхшаб, шу куни маза қилиб тарвуз едилар. Олмадан олмачой қилиб бердим. Шу зайлда ҳар куни тонг саҳарда ўша ишни қилиш учун отланадиган бўлдим. Куз келиб, кунлар совуган сари ичимдан ўзимнинг кийимларимни кийиб кета бошладим. Қўлтимғимдаги пул халтамга эрталаблари шиппагимни солиб олардим.
Атига икки соат бозор йўлагида ўтираман, кетар вақтимда эса бозор ичидаги ҳожатхонага кираман-у, ўша ерда устимдаги рўдапо кийимларни ечиб- оёғимга шиппагимни иламан, кейин эса бироз кутиб тураман. Ҳожатхонага бирон аёл кириши билан ўзимни ташқарига ураман. Сўнг бозорга қайтиб кириб, ойим учун сархил нарсаларни пулим етганча ҳарид қиламан. Бора бора бу ишимдан уялмайдиган ҳолатга кириб борардим: "Фақат юзимни биров кўрмаса бўлди!" бўлиб қолди. Бозор йўлагида ўтириб, ҳаммани чит дурра ортидан кузатиб ўтирардим. Кўпроқ ёши катта одамлар, қишлоқироқ аёллар эҳсон қиларди.
Ёш ўзим тенги қиз- йигитлардан умид қилмаса ҳам бўлади. Менга ҳар сафар пул ташлаб ўтишни канда қилмайдиганлар ҳам бор эди. Булар бозор ичида ҳолва сотадиган бир киши ва семизроқ бир амаки эди. Бир йигит эса доим менга ажабланиб қарар, ўзича ҳар хил саволлар бериб, шундан кейингина чўнтагини кавларди. "Хола, ҳар сафар ўтираркансиз-а, тавба қилдим, ўғлингиз йўқми-боқадиган?!", "тиланчиликни тирикчилик манбаи қилиб олманг унақа!", "майли аммо, Аллоҳ "билади-да, бу ишингиз тўғрими ё йўқми?! "
Мен унинг бозорга кираётганини кўриб, жим бўлиб олардим: "кошки кўрмай ўтиб кетса, қуриб кетсин ўша берган пули, саволга тутмаса бас!
Кунлар совуши билан бозорни лўлилар босиб кетди. Уч тўрттаси келиб, менга ҳам дағ-даға қилишни бошлади. Шу куни уйга тарвузим қўлтиғимдан тушиб қайтдим. "Яна бир ҳафта чиқаман, кейин йиғиштираман!" дердим-у, яна шу бозорда лак-лак бўлиб юрадиган лўлиларга рўпара келгим келмасди. Кўзимга айни тобда менга суқланиб қараган, қоп-қоп ваъдалар бериб, ёрдам пулини-барибир бермаган янги маҳалла раиси жуда хунук кўриниб кетди.
Шу куни узоқ ўйладим: ҳамма йўлларни ўйлаб чиқдим. Бозордаги шу паст касбни қилишимнинг бир яхши тарафи бор ҳолос: ойимни атига икки, уч соат ёлғиз қолдира олардим. Агар бошқа иш топгудек бўлсам, кун бўйи онам ўзи билан ўзи-ёлғиз қолиб кетади. Ўйлаб ўтириб, ўзим сал пал эпақага келтириб қўйганим ўша "дом" имизни сотишни ҳам режа қилиб кўрдим. Қорлар ёғиб, излар босилган бўлса, жин хона-ю, қўшмачихона бўлганига ҳам қарамай албатта кимдир сотиб олади деб ўйлардим.
"Эртага бозордан эртароқ қайтишимда уйфурушларнинг олдига кириб ўтарман".
Кечаси билан уйқум келмади. " Эртага нима бўлади?! Лўлилар келиб, бошимдаги ёпиниб ўтирганимни тортқилаб кетса-чи?!, шарманда бўлмайман-ми?!" тинимсиз шу ҳақида ўйладим. Қўлимда кеча кайфиятим бузилгани учун ҳаражат қилолмаганим, бир сиқимгина пулимдан бошқаси йўқ эди! Соатга қарадим: эндигина уч ярим бўлибди. Шу пайт хаёлимга бошқа бир фикр келиб қолди. Шошиб кийиндиму, онамнинг устидан кўча дарвозани қулфлаб, бошқа йўналишга қараб йўл олдим. Етиб келган манзилим туманимиздаги энг катта масжидлардан бири эди. Ҳали бомдод намозига азон чақирилмаган экан. Қўлтиғимдаги шиппагимни ерга қўйиб, устига ўтириб олиб, одамлар келишини кута бошладим. Ҳаво анча совуб қолган, энди бу қўшма-қўш кийимларда ҳам этим роса жунжикаётганди.
Узоқдан бир икки одамнинг қораси кўринди. Шошиб етиб келган бириси менга қараб туриб, масжид эшигини катта қилиб очиб, ичкарига кириб кетди.
Мен уни қоронғуда ким эканлигини англамадим ҳам. Бироздан сўнг ўша одам яна қайтиб чиқиб, ёнимга келди. Мен уни "нимадир деса керак" дея илҳақ кутиб турардим.
-Хола, сиз бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?!
Бу одамнинг саволига жавоб бермадим. У бироз иягини қашлаб туриб, мендан жавоб кутди. Индамаганимдан кейин, ортига бир қадам чекинди-ю, "кетаётганингизда бир "ҳой, ўғлим" деворинг! " деб яна масжидга кириб кетди.
Намозга ўн-ўн бештача чол келди, улардан бири менга анча савол бериб, бир икки минг сўм чиқариб, сўнг нари кетди. Ишим бу ерда юрмагани учун энди бозорга қайтишни ўйлай бошладим. "Ҳозир тўғри у ёққа кетсам бўлади: тўққиз, ўнгача бир амаллайман-да" деб ўрнимдан энди турган ҳам эдим-ки, ўша ним қоронғуда менга биринчи келиб савол берган одамга ўхшаш- биров ёнимга юриб кела бошлади. Чит дурра ичидан унинг фақат гавдасинигина кўриб турардим.
-Хола кетаяпсизми? Юринг уйингизга ташлаб қўяман!-деди у юрагимни ёргудек қилиб.
-Йўқ, ўзим кетаман!- дедим шошиб. Овозим ўз овозимга яқин чиққани учун у ҳайрон бўлди.
-Ие...
Мен қовун туширганимни сезиб, тилимни тишладим. У бироз ҳайрон қотди:
-Мусулмончиликда биродарига ёрдам қилиш жуда савобли иш, иншааллоҳ эҳсонга лойиқ инсон бўлсангиз, сизни бу аҳволдан олиб чиқишни, ёрдам қилишни албатта истаймиз...
Мен унинг гапларини жим туриб эшитдим. У ниманидир ўйлаб олдими, кейин паст овозда қўшимча қилди:
-Юринг, "хола" уйингизга олиб бориб, шу билан бирга шароитингизни кўриб ҳам келаман, кетдик ана машина тайёр!
Дарҳақиқат, сал нарироқда рулида бошқа бир одам ўтирган машина турарди. Иложсиз қолдим, қанот чиқариб учиб кетолмасдим. Индамай, бир икки қадам қўйдим, шунда ҳам- ролимдан чиқиб, бор кучимда қочишни режа қилаётгандим. Ичимда бир нарса "барибир уларда машина бор, ортингдан боришади, нима бўлса бўлди, энди индамай машинага чиқ!" дегандек бўлди. Очиқ турган орқа эшикдан машинага имиллаб чиқиб ўтирдим, олдинга ўтирган бояги одам сал ўгирилиб мендан уйим адресини сўради. Айтдим. Энди орқада тилимни тишлаганча жим кетардим. Олдиндагилар ҳам худди мендек гап-сўзсиз сукутда эдилар. Ваниҳоят уйимизга элтадиган охирги бурилишдан ҳам қайрилганимизни ҳис қилдим.
-Мана бу эшикми?-сал ўгирилиб-мендан етиб келган манзилимиз тўғрилигини тасдиқлашимни сўрашди. Чит рўмолни қиялатиб қарадиму, дарвозамизни таниб бош силкидим.
-Тушдик, бўлмаса!
Улар мендан олдинроқ тушиб, дарвозага яқин боришди. Ҳайдовчининг бел ушлаб туришидан ичим зил кетиб, секин бориб, дарвозамизни калитимда очдим.
-Тўхтанг, уйингизда ҳеч ким йўқмиди?
Масжиддаги одам эшикка калит солганимдан ҳайратга тушганди. Менинг хаёлим онамга кетди: "уйғонганмиканлар, нима қилаётган эканлар?" Ичкарига кирдим, онам ташқарига чиқиб, пастак зинамизда устунга суяниб ўтирган эканлар.
"Бугун эрта турибдилар!" деган фикр хаёлимдан ўтди. Мени бу рўдапо кийимларда кўрса-кўрмаса онамга фарқи йўқдек эди. Фақат негадир ҳар сафар бир ғалати қараб қўяр, кўзлари янаям катта-катта бўлиб кетарди. Ёнларига яқинлашгачгина тушундимки, онам ҳозир-бошқа томонга анграйиб қараб турибдилар. Ортимга ўгирилдим. Дарвозамиздан икки хатлаб ичкарига кирган бояги одам ҳам-бизга ҳайрон кузатиб турарди.
-Ассалому алайкум!
Табиийки, онам бу саломга алик олар ҳолатда эмасди. Мен ҳам ҳеч нарса дея олмасдим. Ўртага бироз жимжитлик чўкди, қистамаганимизга у одам ҳам ичкарига бошқа қадам босмади. Кимлигимни ҳам тўла англаб етмади-ю, ортига бурилганча чиқиб кетди. Шу куни онам уйғониб қолганлиги туфайли бозорга ҳам бормадим. Тушга яқин уйимиз олдига оқ машина келиб тўхтади.
Ташқарида атала пишираётгандим, ўзимни панага уришни ҳам, урмасликни ҳам билмай турганимда-дарвозамиз очилиб, ундан оқ юзли, озгина соқоли чаккасига из солиб турган ёши ўттиз-ўттиз бешлар атрофидаги бир одам қўлида бир талай сумка билан ичкарига кириб келди. У менга ажабланиб қаради-ю, яна ортига қайтиб, дарвозамиздан уй рақамига бошқатдан бир қараб олди.
-Ассалому алайкум!
Мен бу овозни танигандек бўлдим ва паст овозда ўзим ҳам салом бердим.
-Ичинг буни, ўзим у ёқда Шерзод билан ичиб келяпман, роса ҳазилкаш-ку, "кайфиятимни ерга туширвордим!" десам, бир соат кулдирди, ана энди бир нарса ёза оламан, сизга қайноққина қилиб келдим, Зарифа опа бўлинг, тагига чўкиб қоляпти!
Зарифа тепасида кайфияти минг бўлиб, чашка тутиб турган Шоирага қаради: "ҳа-я, у боя қайноқ шоколад тайёрлатгани кетганди!" Фақат у қайси Шерзод ҳақида гапираётганини англамади:
-Ким у Шерзод?- хаёли айқаш-уйқаш бўлиб кетган Зарифа Шоирага ажабланиб қаради.
-Вой Зарифа опа, айтганча у томондагиларни танимайсизку-а, эсимда йўқ! Кейинроқ бир кўрсатиб қўяман, ичинг, сал...- Шоира бўш қўли билан "кайфиятингиз кўтарилади!" дегандек ишора қилди.
-Ҳа, раҳмат, барака топ!
Иссиқ какао Зарифанинг томоғига ҳуш ёқиб ўтди. Бироз яримлатгач, Шоира томонга қаради: у иштиёқ билан ёзаётган ишига киришганди. Зарифа унга айни чоғда Маҳбубанинг олтинчи мактубидаги воқеалар ҳақида, уни хатто тиланчилик қилишгача борганини айтмоқчи эди, кейин эса фикридан қайтди. "Майли унга ҳозирча ҳалақит қилмай, тезроқ бошки ўн қисмни ёзиб олишимиз керак!"
Кейин яна телефонига тикилди, "ҳа, мана бу ерга келгандим":
-Дадангиз ё ака-укангиз борми?
Индамай бош чайқадим. У ҳам ҳайрон бўлиб қараб турди-да, қўлидаги нарсаларини қўйиш учун жой қидирди, шундагина ўзимга келгандек бўлдим ва унга ёрдамлашиш учун ёнига бордим. У қўлидаги сумкаларни менга бермади. Шошиб бориб, равонли уй эшигини очдим. Остонага авайлаб қўйган ўша бир талай сумкасини битталаб ичкарига олишни бошладим.
-Тухум бор, эҳтиёт бўлинг, синиб қолмасин!- деди юзимга қарамасликка ҳаракат қилиб. Паст овозда ўзимгагина эшитилгудек қилиб, унга раҳмат айтдим.
-Бояги хола қаёғдалар?- деди юзини чўнтагидан чиқарган рўмолчасида артиб атрофга аланглаб қараркан. Ичкарига кириб, зўрға юрадиган бўлиб қолган ойимни етаклаб чиқдим. У бир ойимга, бир менга ҳайрон бўлиб қаради. Туришидан-ичида саволлари жудаям кўп-у, лекин бизни бу саволларни бериб озорлантиргиси келмаётгандек эди. Ортига юриб, "хайр" деди-ю уйимиздан қайтиб чиқиб кетди. У қолдириб кетган халталарни қарадим: нон, гўшт, тухум, ун, гурунч, сабзи, макарон, ёғ, помидор, чой... Мевалардан: анор, олма, нок... Ва бир қути қуритилган-ҳурмо ёнида озроқ пули билан...
Шундай қилиб, ўша одам ҳар якшанба куни бизга бозорлик ташлаб кетадиган бўлди. Уни хаттоки исмини ҳам билмасдим. Уйимизга кирган пайтида ҳар сафар-қўлидаги оғир ҳалталарга қўл чўзардим, у эса менга ҳеч бирини бермасдан то равон эшигигача юриб келарди, кейин ойимни сўрашини билиб, уларни юргизиб, қаршисига олиб чиқардим. Бошқа гап сўз йўқ, у онамга салом бериб, бироз қараб турарди-да, сўнг яна ортига қайтиб чиқиб кетарди. Ташқаридаги машинасини ўт олдиргачгина қўлимни очиб, уни исмини билмасам-да, дуо қиладиган бўлдим.
Минг чиғириқлари билан ҳаётимизга қиш кириб келди. "Яхши одам" олиб келадиган ҳаражатлар ўша-ўша, фақат пул миқдори бироз кўпайгандек эди. Шу сабабли ўша пулларга яна онамни машинага ўтказиб, текширувга олиб боргим келди. Докторлар эса яна юзимга қарамай, аҳвол ўша-ўшалигини, барибир ҳаммаси Аллоҳнинг иродасига боғлиқлигини айтишди. Онамни бу пайтга келиб, вақти-вақти билан бўлиб турадиган оғриқлар ўз исканжасига олган, емишлари ҳам камайиб, янада озиб кетгандилар. Уларга тез-тез семирянка олмани қириб, ўшандан чой тайёрлаб берардим. Бир икки қошиқ ичиб, яна букчайиб ётиб олардилар. Барибир докторлар айтган- ёмон аломатларнинг ҳали биронтаси кўриниш бермаганидан- ойимнинг яшаб кетишига умидлана бошладим. Чунки улар айтган вақтнинг катта қисми ўтиб бўлганди.
Декабрнинг иккинчи ҳафтаси кирди: энди онамнинг қусуқларида қизил ипчалар пайдо бўла бошлади. Қоринлари ҳам кўп дам бўлганиданми, кўзимга шишгандек туюлди. Бу сафар уларни бу аҳволда докторга олиб бора олмасдим. Ўйланиб қолдим, нима қилсам экан?
Ўша куни якшанба эканлиги хаёлимда йўқ эди. Қировдан заранг ҳолатга келган дарвозамиз очилганда-севиниб кетдим. Остонада ўша-ўша икки қўли тўла ҳалталар билан "яхши одам" турарди. Саломлашдик. Ичкарига кирмай яна равон остонасига сумкаларни қўя бошлади. Мен эса энди унинг олдига онамни олиб чиқолмаслигимни билганим учун жим ерга қараб турардим. У ҳам тўхтаб қолди: кетишини ҳам кетмаслигини билмай тараддудда эканлигини кўриб, гап бошладим.
Онамни докторга олиб боришим кераклигини, аҳволи ёмонлигини айтдим. У шундан кейингина оёғини ечиб, маҳсичан бўлиб ичкарига кирди. Онам бир бўлаккина бўлиб, бувимнинг жойида ётарди. Шу куни ўша одамнинг кўп саволларига жавоб бердим. Дадам ёшлигимда вафот этгани, онамнинг бундан олдинги касали, кейингиси...
Тиланчилик қилиб яшаган пайтимни айтгим келмади, у ҳам бу мавзуда савол бермади.
-Эртага эртароқ келаман, докторга ўзим олиб бораман!-деди у ўрнидан туриш учун қўзғоларкан...
Айтаганидек, эртаси куни уйимиз ёнига тез ёрдам машинаси келиб тўхтади. Ойимни фельдшерлар замбилга солиб олиб чиқишаётганида-тез ёрдам машинасининг ҳайдовчиси билан гаплашиб турган ўша одамни кўриб, салом бердим. Биз билан изма-из ортимиздаги машинада марказдаги онкология бўлимига- у ҳам борди. Бу ерга олдин келмагандик, ҳамма нарса жуда қатъий тартибдалиги бир қарашда сезилиб турарди. Узоқ ойимнинг дафтарини ва унга бириктирилган таҳлилларни қабулхонадагилар кўздан кечиришди. Бу ерда касал мен ўйлаганимдан-да кўп экан. Ҳамманинг рангидан лак-лак бўлиб изтироб ёғилади. Кўплашиб келганлар бор, ёлғиз ота-оналар бор...
Ойимни ичкарига олиб кириб кетишгачгина йўлакда ўша одам билан ҳоли қолдим. У девордаги плакатни қош чимириб, анча ўқиётгандек турди. Мен эса унинг ёнидаги энг яқин кутувчилар учун қўйилган скамейкада ўтирардим. "Қандай яхши одам экан!"- унга қараганимда хаёлимдан фақат шу фикр ўтди. Бир пайт ичкаридан ўзимгагина таниш бўлган онамнинг инграши эшитилгандек бўлди. Ўтиролмай қолдим. Жоним худди чиқиб кетадигандек, оғзимни қўлларим билан ёпиб, кўзларимни ҳам чирт юмганча ўтирардим.
Бир пайт кўзимни очсам, у рўпарамда менга ҳайрон бўлиб қараб турган экан, дарров кўзини бошқа ёққа олиб қочди. Ичкаридан бу сафар ёши катта бир одам чиқди, фамилиямизни айтиб чақирганида ўрнимдан турдим, менинг сергакланганимни кўрган ҳамроҳим ўша ёши улуғ докторнинг қаршисига ўзи чиқди.
-Сизларми, Юсуповага келганлар?!
У менга сал кўз қирини ташлаб, "ҳа" деб жавоб берди. Ортига ўтдим. Икки хаёлим-ҳозир докторнинг оғзидан чиқадиган гапларда эди.
-Тасаввур қилинг, мана бу ошқозон бўлса, рак хўжайралари мана бу ерда авж олган, аввалроқ уни ёнида яра ҳосил бўлган, инфекция эса мана бунинг қўзғотувчиси вазифасини ўтаб, ҳозир ракнинг учинчи босқичига олиб келиб бўлган. Энди камдан кам...
Докторнинг гапларини у ёғини эшитишимга қулоғимда турган ғалати чийиллоқ товуш ҳалақит қилди, миям ичида гўёки кўпикли нимадир вижирлаб кўпираётгандек бўлди-ю, кўз олдим қоронғулашиб- ерга ёнбош йиқилдим...
Қоронғу уй...
У ерда адашмасам кимдир узун бўлиб ерга ётиб олганди. Авайлаб қадам босяпман: яна кимдир ётибди, кейинги қадамимда яна бошқа биров...Қўрқиб кетдим, чунки англашимча: мен аста-секин одимлаётган бу уйда- ер тўла кафанга ўралган ўликлар эди!
Қоқ пешонамда чироқ ёнгандек бўлди, кейин ўша чироқ ўнгга-чапга бориб келганини сездим. Икки чеккамда оғриқ турди:
-Ўзига келяпти!
Шу овозни рўй рост эшитдим-у, кўзларимни очмоқчи бўлдим, назаримда қовоқларимга биров тош осиб қўйгандек эди. Ўнг қўлим тирсак қисмимда нимадир "чим" этди. Кейин яна қулоғимга ҳамма овоз акс садо билан эшитила бошлаганини ҳис қилдим. Кўзимни очганимда нотаниш бир уйда ётардим. Ҳали атрофни тўла англаб улгурмасимдан, бош томонимдан сал нарироқда бир аёлнинг овози эшитилди:
-Ўйлаб иш қилсинлар, Ҳуршидапошшо майлику-я, эшитар қулоқлар бунга нима дейишади, айтдим, қўйдим! Ўзлари биладилар янаям...
Шу пайтда мен таниган овоз эгаси ҳам гапга аралашди:
-Офтобим, шу бандаларини "нима деркинлар" деб ўтиришимиз ғалатимасми?
Бошимнинг чакка қисми сал оғриб турса-да, қайрилиб ўша суҳбатлашаётганларга қарагим келди, бироқ ўзимга оид гапни эшитарканман, тўхтаб қолдим.
-Уйларини кўрганман, аҳволларини биламан. Оналари касал, ўзлари ҳам мана камқонликка йўлиқибдилар, энди имконимиз бор экан ёрдам беряпмиз. Майли Аллоҳ билсин. Бизга фотиҳа!- кимнингдир кетишга тараддуди сезилди. "Демак эшик нариги томонда экан-да"-деб хаёл қилаканман, бироздан сўнг тепамга узун бўйли, ҳушбичимгина, чиройли бир аёл келди. Бу аёлнинг ранги жуда тоза ва истараси иссиқ эди.
-Вой уйғондиларми? Ётаверсинлар, бемалол, ҳижолатчилиги йўқ! Ман ҳозир Ибратхонга хабар берай!
Аёл тепамда қандай тез пайдо бўлган бўлса, шу тариқа тезда ғойиб бўлди. Ташқаридан аввал кимнингдир томоқ қириб, қисқа йўталгани эшитилди, кейин менга эшитилмайдиган паст овозда нимадир дегани...
Салдан кейин бояги аёл яна тепамга хиёл жилмайганча эгилганини кўрдим.
-Ҳожатга чиқмайдиларми? Бошлари айланмаяптими?
Шу ерда салом беришим кераклигини англаб, салом бердим (ҳартугул овозим ўзимга эшитилди) Ўрнимдан турганимда сочларим тўзғиб кетгандек туюлди-ю, қўлим билан силаб, сал тартибга солгандек бўлдим. Аёл менга кулиб қараб турарди. Бир амаллаб оёққа қалқидим, у келиб қўлимдан ушлади. Оёқларим бироз ўзимга бўйсунмаётгандек туюлар, юришга ҳолим йўқ эди. Секин аста ташқарига аёл етовида юриб чиқа бошладим. Уй ўймакор эшикли, узун йўлакдан чапга қайрилса катта очиқлиққа чиқадиган, сал нарида ташқи зинаси бор, кўринишидан икки қаватли хонадон экан. Оралиқдаги кичик эшик ёнида аёл тўхтади, назаримда таҳоратхона шу ер шекилли бошқа эшикларга ўхшамаган жигарранг пластикдан ҳира ойнаванд эшик қилиниб, унга кичик ёшдаги болалар учун "ҳожатхонага кириш олдидан ўқиладиган дуо" деб ёзилган қоғоз ёпиштирилганди. Мен ҳам бу дуога бир кўз ташлаб олиб, ичкарига кирдим. У ердаги озодагарчиликка рости-жуда ҳавасим келди. Чиқишимда бояги аёл сочиқ ушлаб турган экан, бундан бироз ҳижолат тортдим. Нима дейишни билмасдим.
-Онамдан хабар олишим керак, пальтойим қаерда, кетсам бўладими?- дедим ваниҳоят кетишим кераклиги эсимга тушиб.
-Ҳа, бугунча бизникида озгина ўзларига келиб олсинлар, ойиларидан ҳам укамиз хабар олиб турибдилар- аёл шу гапларни айтаркан, яна ёқимли табассум қилди. Бояги ўзим ётган уйга кирдик, аланглаб устки кийимларимни қидирдим
-Озгина ётиб дам ола турсинлар, ўғилларимиз бироз кечикишди, мактабларида янги йилга репитициялари бор эди шекилли, улар келгунча бирга овқатланиб оламиз!
Ўрнимдан секин яна қайтиб турдим:
-Тўхтанг, мен ҳам сизга қаралашиб юбораман, тўғриси чўзилиб ётиш унчаям ёқмайди!- дедим унга эргашарган киши бўлиб. У бошдан оёқ аҳволимга кўз ташлаб олди:
-Кўз тегмасин, анча яхшилар, майли...
Уч тўрт қадам юриб, кўзим яна тиниб кетди. Деворни ушлаб қолдим. Аёл тез-тез юриб чап томонга бурилганини кўрдим-у, аста секин ўша томонга деворни ушлаб кетавердим. Эшиги очиқ уй ёнидан ўтаётганимда назаримда ичкарида Қуръон ўқиётган биров бор эди. Қарамай секин ўтдим. Ўша одам ортимдан чиқди:
-Тинчликми?
Овозни таниб, жойимда тўхтаб қолдим. У эса ёнимга келиб- юзимга қаради. Рангим жуда оқариб кетган бўлса керак, атрофга олазарак бояги аёлни қидираётгандек қаради.
-Қани, мана бу ёққа диванга ўтирсинлар-чи!
Айтилаётган жой ортимдаги хонада эди, базўр деворни ушлаб, тўхтаб-тўхтаб қайтдим. Тўқ жигарранг диванга ўтирарканман, танамдан совуқ тер чиқиб кетганини ҳис қилдим. Бояги лавҳ устидаги китоб ростдан ҳам Қуръон китоби экан. Орасида узун ёғоч хатчўп кўринди. "Яхши одам" қўл чўзиб, китобини қўлига олди ва қироатини давом этказа бошлади. Унинг ўқишига маҳлиё бўлиб қараб қолганимни бошида ўзим сезмадим. Эшик олдида бояги аёл яна кўриниш бериб, "ҳой қиз, йўқолиб қолдингиз-ку!" деганида- шу сабаб чўчиб еетдим ва бу ўтиришимдан бироз ҳижолат тортгандек бўлдим. Хатчўпни яна китоб орасига қўйиб, ёпгач, "яхши одам" аёлга юзланди.
-Офтоб, булар ҳалиям йўлида юролмаяптилар, турмасалар яхшимасмиди?
Аёл ажабланиб менга қаради. Мен жуда ҳижолат бўлганимдан- ўрнимдан туриб яна ташқарига чиқмоқчи бўлдим. “Яхши одам” “офтоб” деб чақираётган аёл секин келиб- қўлимдан тутди. Биргалашиб ошхона томонга чиқиб кета бошладик.
-Опа, исмингиз Офтобми?- дедим бояги вазиятни ўнгламоқчи бўлиб...
-Йўқ, бизда опани шунақа чақирилади, исмим Раънохон. Сизники нима? Танишиб ҳам олмабмиз-а!
Аёлнинг ёқимли атири димоғимга урилиб, унга яқинроқ юргим келди:
-Исмим Маҳбуба! Сизларни ҳам роса оввора қилиб қўйдим. "У"лар жуда яхши одам эканлар, бизга кўп ёрдам бердилар, ҳали бирон марта раҳмат айтолмадим, лекин доим орқаларидан дуо қиламан!- шу жойда овозим қалтираб, йиғлаб юбордим...
Аёл йўлида тўхтаб- юзимга ажабланиб қаради, унинг жуда раҳмдил аёллиги юз кўзидаги ҳозирги маънолардан сезилиб турарди.
-Ҳеч қиси йўқ, улар шунақалар, ўғилларим ҳам тоғаларига ўхшашларини истайман! Бунақа ҳижолат бўлавермасинлар, ҳаётда ҳамма нарса бўлади...
Кўз ёшларимни жемпферим енгига артдим. Раъно опа елкамни силаб, жилмайди. Ошхонага кирдик, кенг ва ёруғ хонада катта стол ва олти дона курси бор эди. Аёл мени шулардан бирига ўтқазди. Ёнимиздаги тоғорачада усти ёпиғлиқ нарса турган экан, шундан бир тарелкага икки дона карамли, икки дона ток баргили дўлмадан солиб, қозондан устига қуйилган сайи билан ёнимга қўйдилар.
-Беморимиз нима овқат ичардилар, биз эрталаб уларга товуқ шўрва жўнатдик.
Мен бу гапга анграйиб қолдим. "Товуқ шўрва! Ажабо улар ойим учун алоҳида овқат тайёрлашибди!"
-Ойимда... Ошқозонларида...-У ёғини гапиролмадим. Кўзимдаги ёш-тарелка устидаги овқатимга томди.
-Майли, бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз, ҳозир тортинмай овқатларини еб олсинлар!
Аёл ўзига овқат сузмади, бироз газининг атрофини артиб юрган киши бўлди-ю, хонадан секин суғурилиб чиқиб кетди. Овқат жуда маззали экан. Туриб идишимни бир амаллаб ювиб қўйдим. Энди эса кетишни ўйлаётгандим. Раъно опа хонага қайтиб кирганида, негадир ўта жиддий қиёфада эди:
-Маҳбубахон, беморимизни онкологияга бир ҳафта муддатга ётқизадиган бўлдик. Фақат докторлар керакли муҳитда ушлаб туришлари учунгина ҳолос, шунгача, яъни улар у ердан чиққунларича, ўзлари меникида яшаб турсалар, қандоқ бўларкан?
Раъно опа келганимдан бери кўплик маъносида менга мурожаат қилаётганларига тушунолмай ҳайрон бўлаётгандим, ҳозир гап ойим ҳақидами ёки ўзим ҳақимдами-англолмай қолдим. “Менми?” деб сўраган саволимга бош ирғадилар. Хаёлимга “лоп” этиб, "бу уйнинг эркаги бормикан?" деган савол келди.
-Ҳўжайинингиз индамайдиларми?- дедим иккиланиброқ.
-Улар эртага кечки рейс билан Пекинга кетадилар. Қайтгунларича-бемалол бизникида яшаб турсалар бўлади...
Бу мен учун ҳам, ойим учун ҳам жуда яхши хабар эди, ҳурсанд бўлиб кетдим.
-Ибратхон беморимиздан хабар олиб турадилар, улар билан ҳам маслаҳатлашдик. Хўжайинимлар билан ҳам ўзлари гаплашадиган бўлдилар.
Шу гапдан сўнг "у"ларнинг исми Ибратхон эканлигини билиб олдим. Бир соатлардан кейин Раъно опанинг ўғиллари мактабдан қайтишди. Бири ўн уч ёш, бири ўн ёш атрофида экан. Раъно опа шу йили биринчи фарзандлари бўлган қизларини турмушга берган эканлар, "Захропошшо қўлимдан ҳамма ишимни олгандилар, уларни ҳам ўз эгаларига топшириб, уч эркакка яна овқат, ош-озиқ тайёрлайдиган бўлдик" деб гапирганларидан сўнг бироз ҳайратландим, чунки Раъно опа кўринишларидан жуда ёш кўринардилар. Кечки пайт ўғиллар ташқарида бироз шовқин солиб ўйнашди. Ибратхон ака ҳовлида қайтиб кўринмадилар. Шомдан кейинроқ ҳовли негадир сув қуйгандек жимиб қолди. Бу бежизга эмас экан. Раъно опанинг турмуш ўртоғларини деярли кўрмадим, уйнинг ёнбошидаги гаражга бир машинанинг кириб келгани сезилди, лекин ундан биров чиққанини илғаб бўлмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |