22-қисм.
Пешиндан кейин Ойша холамникига кетдик. Менга олиб берилган чиройли кўйлаклардан қизил ранглисини кийдим. Бир қаноти очиқ турган дарвоза ёнида машинадан тушдим, ўзлари яна қаёққадир кетдилар.
Ҳамма жойга бир хилда-“шакарсепди” қилиб, сув сепилган ва учига қизил қийиқ боғланган чўп- челак ичига солиниб, сал нарига “тўй” аломатини билдириш учун қўйиб қўйилганди. Ойша холамнинг анчадан бери оғир ётганидан хабардор одамлар-бу тайёргарликни бошқача тушунмасликлари учун ҳозир бу белгига албатта эҳтиёж бор эди. Қосим аканинг вафотидан кейин бу уйда ҳали ҳеч ким аза кайфиятидан чиқиб кетолганича йўқ, айниқса Нусрат опоқим.
Эшик олдида Муборакка дуч келдим: у менинг кийимларимга бироз анграйиб турди-да, таниб қолганидан сўнг-ёнимга келиб саломлашди. Ичкарига-Назира ва Барно келинойи ва уларнинг бир қанча амма-холалари билан тўлиб тошган уйга-биргалашиб кириб бордик.
-Шуми, келин қизим?-дея, бир нечтаси ёнимга келиб саломлашди, ичларида қучоқлаб, силаб-сийпаб қўйганлари ҳам кўп бўлди. Эркаклар учун маросим еттида ўтказилибди. Секин ўрнимдан туриб, Ойша холам ётган хонага кирдим. Ҳалиям ҳолатларида ўзгариш йўқ. Бир текис нафас олиб, кўзлари юмуқ ётибдилар.
-Ойша хола!-овозим шикаста бир оҳангга йўғрилиб чиқди. Энгашиб уларнинг териси-хилвираб турган кафтларини ўпдим:
-Холажоним...Кўзингизни очсангиз бўларди, кийимларимни бир кўрсангиз...
Энди негадир титраб, йиғлай бошлагандим. Ичимда тўлиб тошиб келаётган сўзларни аранг шивирлаб, уларнинг қулоқлари остида айта бошладим...
-Мени кечиришингизни истайман! Қосим аканинг-Россияга кетишларига аслида мен сабабчиман, Зиёда келинойига шошилинч уйланишларига ҳам... Улар сиз айтганингиздек, ҳеч кимга илакишиб қолмаганлар! Бу дунёдан пок ҳолларида кетди! Айбимни ювишга жуда кўп уриндим, уларнинг касалларини не изтиробларда қараганимни ҳам ўзим биламан. Менга ўз оёқларида юрганлари-яхшийди, ўлмаганлари, Зиёда келинойи билан бахтли яшаб кетганлари-яхшийди! Балки ўшанда ҳаммаси бошқача бўлган, сиз ҳам ҳозир бахтли кунларимда ёнимда турган бўлармидингиз...
Холамнинг киприклари анча тулаб қолган мижжаларига тикилдим. Нимадир уларни салгина намлаб ўтгандек бўлди.
-Маҳбуба!
Мени ташқарида чақираётган бу-Барно келинойи эди! Кўз ёшларимни артиб ёнларига чиқдим.
-Бўл тез, ҳаммомга киришимиз керак, ҳали замон куёвникига кетамиз-а?
Анграйганча туриб қолдим. Барно келинойи ичкарига мўралаши билан Муборак иккита катта сумкани олиб чиқиб қўлимизга берди. Бир пайтлар Ҳамдам ака устимга кириб қолган ҳаммом яна мисдек бўлиб қизибди. Барно опа насиҳат қила-қила шу куни мени янги ҳаётга тайёрладилар.
“Эринг нима десалар дарров “хўп, хўжайин!” дегин, қўлинг доим кўксингда бўлсин! Ёнига чақирсалар, индамай бор, бу кишим тўра-тақсирлардан экан-а, эҳтиёт бўлиб гаплашгин! Тағин назарларидан қолиб ўтирма... Ҳар оқшом -оёқларини ювиб, иззатларини жойига қўй! Бир нарса сўрасалар-раъйларини қайтарма! Қаттиқ гапирсалар, дарров қўлларини ўп, сендан ҳафа бўлиб қолгудек бўлсалар, биринчи бўлиб-ўзинг кечирим сўраб, ёнларига ялиниб бор!”
Мен эса иссиқ жойда ҳам худди муз ичида тургандек дағ-дағ қалтираётган эдим.
“Ҳеч қаерингдан нохуш ҳид келмасин, кўнглини ҳира қиладиган нарсалар умуман уйингда турмасин, эринг сени қанақа холатда кўришни исташини-бир ойга қолмасдан билиб ол ва унга ўшандай рўпара бўлишга ўрган!”
Барно келинойи нақ бир ярим соат тинмай менга насиҳат қилдилар. Ўзимни худди султон ҳарамига тайёрланаётган жориядек ҳис қилдим.
“Ҳозир чиройлисан, аммо барибир ёнларида ўзингга қараб юр, чиройли кийимлар кий, овқатини ширин тайёрлашга харакат қил! Керак бўлса, биринчи қошиқни меҳр билан ўзинг едириб қўйишга ўрган!”
Ҳаммомдан чиққанимиздан сўнг қаршимда мени ясантириш учун тахт турган Муборакни кўрдим. Ҳуллас, ҳақиқий келинчакдек ўзимга оро бериб, тайёр ҳолга келганимда-вақт асрга яқинлашиб қолганди. Намозни ўқиб бўлишимга-Назира келинойи кириб, бошимга паранжи ташладилар. Оёғимга махси кийдиришаётганларида эса йиғлаб юбордим: шу кунгача уларни фақат аза учун кийган эканман!
Олтита хотин мени етаклаб, Ойша холам ётган хонага олиб кирдилар. Бу ерда энди кўзлари ёшланиб-Нусрат опоқим ўтирарди. Сал наридаги Нурмат ака ва Ҳамдам акаларни-анчадан кейин пайқабман.
-Омийн! Бахтинг бутун бўлсин, этагинг фарзандга тўлиб, қўшганинг билан қўша қари! Энг ками биздақа яша болам! Ҳозир шу кампирим билан битта гўрга кўмишса ҳам рози бўладиган аҳволдаман. Хотин бўлиб ранжитмади, инжитмади, кўнглимга қараса қаради-ки, қўлимга қарамади! Борлигимдаям, йўқлигимдаям-ёнимда бўлди! Илоҳим, сизлар ҳам шунақа чиройли яшанглар! Шу эшикка биздан кейин ҳам тез-тез келиб тургин, хўпми?!
Бўғзимдан фарёд отилиб чиқди. Худди шуни кутиб тургандек, янгалар биқинимга кириб, мени Нусрат опоқимнинг пойига тиз чўктиришди:
-Шу уйда қилган меҳнатларингга рози бўл, биз ҳам берган тузимизга мингдан- минг розимиз! Парвардигор бахтли ва саодатли турмуш берсин! Омийн, Аллоҳу акбар!!!
Ҳамдам ака ва бошқаларнинг “омийн!” деганлари қулоғимга кирди. Янгалар етовида ташқарига чиқдик. Дарвоза ёнига етдик шекилли...
Паранжи ичидан фақат кавушимнигина кўряпман. Ичим ўртаниб йиғлай бошладим. Қосим аканинг жилмайганча сал бўйинларини эгкандек ёнлаб туришлари -кўз олдимдан ўтди. Ана энди баралла йиғлаб юбордим. Йиғимни ёр-ёр айтаётган аёлларнинг овози босиб кетди. Кичкинагина микроавтобус биз ўтиришимиз билан-ўрнидан қўзғолди.
Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлана,
Ўланчи қиз ёр-ёр-а, ўланчи қиз...
Ваъдасида турмагано,
Ёлғончи қиз...
Ёр-ёра ёлғончи қиз...
Оқ милтиқ-қора милтиғ-о,
Отган отам...
Ёр-ёра, отган отам...
Ўз қизини-ёт қилибо,
Сотган отам...
Ёр-ёра сотган отам...
Ўз қизининг ўринга-ё,
Бодом эгсин,
Ёр-ёра бодом эксин,
Бодом шоҳи қайрилганда-
“Болам” десин...
Ёр-ёра болам десин...
Ўзим икки кундан бери тунаётган уйга бир тўп хотин-халаж ва ҳали қиздиришга ҳам улгурилмаган чилдирманинг дўпиллаган оҳанги остида чиқиб боряпман.
Биринчи қаватдаги қўшниларнинг ғийқиллатиб, эшик очганини ва бизни кузатаётганини-паранжи остидан ҳам илғаяпман. Ва ниҳоят чилдирма товуши тинди. Остонада Раъно опа ва қизлари Заҳро пошшо— келувчиларга пешвоз чиқишди.
—Биринчи сиз киринг, опа! Ёшингиз улуғ!
Сафимиздаги кекса онахоннинг ортидан мени ичкарига олишди.
—Чимилдиқ қайси хонада?!
Эрталаб кийим алмаштириб чиқиб кетган уйим—яъни ётоқхонага кирдик. Чимилдиқ ҳали тутилмаган экан, дарров бурчакка кўрпача солишиб, мени ўшанга ўтқазиб қўйишди.
—Келин нимадир еб олсин! У ёқда ҳам ҳеч нарса емаганди!-Барно келинойининг гапидан сўнг олдимга дастурхон солинди. Хотин-халаж ҳаммалари мехмонхонада, фақат мен Барно келинойи билан шу хонада ўтирибман. Шом намозини ўқиш учун қўзғолганимда улар менга ажабланиб қараб қўйдилар. Зиёфат бир соатча давом эди, кейин ҳамма бирин-кетин хайрлашиш учун мен ўтирган хонага кириб кела бошлади.
—Ҳалиги гаплар доим қулоғингда бўлсин-а, зиракдек қилиб тақиб ол! –Барно келинойи шундан сўнг бир нарса ёдига тушиб қолдими, ёнимга шошиб келди.
—Қулоғингни тут!
Улар томонга энгашиб, қулоғимни тутдим:
—Секин-секин эркалаб-эркаланиб тилла-пилла, тақинчоқ-мақинчоқлар қилдириб ол! Хўпми? Эркак киши эриб турмаса, тўнгиб қолади. Эритишни бил... Бекорга “эркак” дейилмаган, нима эркалигинг бўлса, энди шу одам кўтаради! Уқдингми?
Барно келинойи ваниҳоят ўзларидан келиб чиқиб-мана шу биттагина насиҳатни қилганларини тушуниб етдим, шу пайтгача айтганларини эшитарканман, “нега ўзлари ҳам шу маслаҳатларга амал қилмас эканлар!” дея ҳайрон бўлаётгандим.
Улар кетишганидан сўнг, Раъно опа ва уларнинг қизлари яна бироз нималар биландир машғул бўлишди. Орада менга вақтинча меҳмонхонага чиқиб туришимни ҳам илтимос қилишди. Зиёфат асоратларидан тозаланган хонада ўтирарканман, бот-бот қулоғимга пошшо опанинг гаплари эшитилиб турарди. Улар “ҳамма гап шу ерда қолиши керак”лигини эслатиб, Заҳро пошшонинг оғизларини махкамлашга уринардилар:
“Яна билмасдан-а? Оғзимиздан лоп этиб чиқиб кетмасин, хўп!”
Ваниҳоят эшик очилгани эшитилди.
—Ана! Ибратхон келдилар! Яхши келдиларми? Ҳозир-а, Ибратхон бир дақиқа!
Ёнимга шошиб кирган Раъно опа худди хайрлашаётгандек келиб, мени қучоқладилар:
—Пошшо- биз сизни уларга ҳозир топширамиз-у, кетамиз, жуда қоронғу бўлиб кетмасин! Захро пошшо ҳам уйларига кетишлари керак!
Биринчи марта менга “пошшо” деб мурожаат қилинганини эшитиб, алланечук ғалати холатга тушдим. Энди эшик олдигача уларни кузатиб қўйишим керак.
—Чиқмасинлар, қолаверсинлар, шу ерда...
Йўлакда Ибратхон акани пайқаб, яна ичимга ҳаяжон тушди. Улар пастга опаларини ва жиянларини кузатиб қўйиш учун тушиб кетдилар. Вақт имиллаб ўтар, негадир уларнинг қайтишлари-мен учун узоқ чўзилиб кетаётгандек туюларди. Секин оёқ учида-боя ўзим ўтирган ётоқхонага кирдим. Раъно опа ва уларнинг қизлари тез фурсатда-уйни тартибга келтириб, бир четга қалин қилиб кўрпа тўшаб қўйишганини кўрарканман, ичим шувиллаб кетди. Аввал бу уйда бунақа пар болишларни ҳам кўрмагандим, назаримда пошшо опа уларни уйларидан келтирган шекилли...
Эшик шириқлаб очилди: юрагим яна беҳаловат уришни бошлади.
—Ассалому алайкум...
Бу сафар “эрингиз келди!” деган сўз янграмади. Йўлакка чиқдим. Ибратхон ака ясаниб олган, эгнидаги кийимлари ўзига беҳад ярашиб турар, хатто кийган пойафзаллари ҳам эрталабки эмасди. Мен ҳам секингина уларга салом бердим. Ёнимга жилмайганча юриб келдилар ва бироз пардоз қилинган чеҳрамга тикилиб турдилар.
—Хуфтонни ўқиб оламизми? “Масжидга кириб келай” десам, Офтоб роса шоширдилар...
Ҳаммаси одатий тарзда давом этаётган эди. Биргалашиб, олдинма-кетин хуфтон намозини адо этдик. Улар бугун ҳам-Қуръон очиб, анчагина қироат қилдилар. Мен ҳалиям жойнамоз четида ўтирар, ўрнимдан туриб, чиқиб кетишни ҳам-кетмасликни ҳам билмасдим. Ваниҳоят, Ибратхон ака мусҳафни ёпиб, ўрниларидан турдилар.
—Бугун ҳаммаси-чиройли ўтдими?
Бош ирғадим. Ёнларига, яъни ўзлари ҳозиргина бориб ўтирган жой-диванга келиб ўтиришимни сўрадилар.
—Махси иссиқ эмасми?
Шундагина оёғимни боядан бери нима сиқаётганини кўрибман. “Келинг, ечиб қўяман!” деб оёғимга узанишларини эса мутлақо кутмагандим. Махси болдиримдан сира чиққиси келмай турар, мен эса Барно келинойим томонидан бугун айтилган сўзларнинг ҳаммасини хотирамда бошқатдан тиклашга уринаётгандим.
—Йўқ, сиз тўралардансиз-ку! Сизга қандай оёғимни узатаман!-дедим шоша-пиша!
Ибратхон ака кулдилар. Анграйганча қараб қолдим: чунки мен ҳам уларнинг ҳозиргидек ёйилиб кулишларини-умримда биринчи марта кўриб тургандим.
Шу куни улар ҳаётимга худди шундай меҳрибон, художўй, иймонимнинг ярми бўлишга қодир-бир инсондай кириб келдилар. Яна биргаликда намозга уйғондик. Ундан сўнг эса улар ўз совғалари зумрад кўзли узукни бармоғимга тақиб қўйдилар.
—Пошшохон! Муборак бўлсин!
Зарифа опа, Ибратхон ака билан ҳаётимиз ана шундай жуда чиройли бошланди. Улар жуда меҳрибон, саҳий, қўли очиқ, иймонли ва художўй одам эдилар. Юқоридаги воқеаларни нега ёздим: сабаби бу лаҳзалар умримнинг энг гўзал кунларида кечган олтин лаҳзаларим. Агар ҳикоямга ушбу кунларнинг ёрқин бўёқларини қўшмаганимда, сиз менинг бундан кейинги ҳаётимни ҳам сиқиқ рангларда кўрган бўлардингиз.
Бирга яшаш давомида мен Ибратхон аканинг аввалги аёлларини ҳам бироз тушунгандек бўлдим: сабаби-жуфти ҳалолим бўлган инсон юқоридаги фазилатлар билан бирга жуда рашкчи, аёлини бошқалардан қаттиқ қизғонадиган даражада ғоюр инсон эдилар. Никоҳдан кейинги бир ой ичида шу тўрт девор ичидан атига бир марта уйимизга бориш учун ташқарига чиқдим. Хатто уйдаги йиғилиб қолган сабзавотлар пўчоғини уйма-уй чорваси учун йиғиб юрадиган чолга бериш учун ҳам эшик ташқарисига чиқмасдим. Чунки буни менга қаттиқ тайинлаб кетишга одатлангандилар. Бошида сабр қилишим бироз қийин бўлди, кейинчалик эса жуда тез кўникиб кетдим.
—Аёл кишининг жаннатга киришини нима осонлаштиради?-Ибратхон ака ҳар куни мен билан суҳбатлашаркан, шунга ўхшаш саволлар бериб, нима деб жавоб беришимни кутардилар.
—Эрини рози қилса!
Бу жавобга улар хаддан зиёд севинардилар. Яшаш давомида мен Ибратхон акани ҳам яхшироқ тушуниб борардим:
"Демак уларга йўриқларидан сираям чиқмайдиган аёл керак бўлган экан!"
Турмуш ўртоғимнинг аёлини худди "ҳовучида беркитган" дек бу тутуми-бошқа аёлнинг албатта силласини қуритган бўларди, лекин мени эмас! Улар қанчалик бир тарафдан қиссалар, бошқа тарафни дарёдек ташлаб қўйгандилар. Ҳар куни дўконлардаги энг сарҳил нарсаларни олиб келар, яна нима исташимни ўзимдан бот-бот сўраб турардилар. Совғалар асосан- китоб ёки нафл намозларини ўқисам, улар берган топшириқни бажарсамгина бериларди. Бир куни уларга савол бердим:
"Эркалаб кетишимдан қўрқмайсизми, сабрсиз бўлиб қолсам-чи?!"
Уларнинг жавоби мени ҳам жуда қувонтирди:
"Қаноатли эканингизни билиб, кейин уйланганман!"
“Қандай билгансиз?!”
“Озгина нарсага ҳам кўп раҳмат айтишингиздан, кам нарсаларни тежаб-тергаб ишлатиб, мени ҳа деганда безовта қилавермаганингиздан, қазойи-қадарга исён қилмай-чидаб яшаганингиздан! Қайтангга мен-бу тоғдек қаноатингизни суистеъмол қилиб қўйишдан қўрқаман!”
Ҳар оқшом уларни кутаман, ичимда эса ҳадик бор: ишқилиб қайнонам сезиб қолмасайдилар!
Тўрамдан ҳар куни “бугун келасизми?” деб сўрайман. “Пошшойим у ерда тунамаётганингизни билиб, ҳеч нарса демаяптиларми?!” деб сўрашга эса истиҳола қиламан. Бир куни тил келиб сўрашга мажбур бўлдим. “Ойим-Сафохон акамникида яшаяптилар, уйга қоровул тайин қилганман!” деган жавобни олдим. Барибир ҳавотирим тарқай демасди.
Ойша холам августнинг охирларида оламдан ўтдилар, Ибратхон ака билан таъзия билдиргани бориб келдик. Мен Нусрат опоқимга жуда-жуда ачиндим. Бечора ўғлидан кейин аёлидан ҳам айрилиб, жуда нўйиб қолган, ҳовли бурчагида ҳассасини айлантирганча йиғлаб ўтиргани- анча пайт кўз олдимдан кетмади.
Ибратхон ака менга Роҳила отиндан сўнг чала қолиб кетган дарсларни ўзлари ўта бошладилар. Ҳар куни уйда дарс қилиб, келишларига овқат тайёрлардим. Улар менга совға сифатида-кичкинагина ноутбук олиб бердилар. Сабаби уйимизда телевизор йўқ эди, бўлишини ҳам бошида истамадилар. Секин-секин дарсларимни вақтида бажариб ҳурсанд қилаётганим учун уйга интернет улатиб бердилар. Фақат бир шарти билан- "бекорчи нарсаларга чалғимаслигим керак!"
Айтганларидек, интернетдан фақат улар учун турли таомлар тайёрлашни ўрганиш мақсадида фойдаланиб юрдим. Барно келинойимнинг деярли ҳамма маслаҳатларига қатъий амал қилдим. Тўрам доимо хушчақчақ ва кулиб юрадиган, янаям кўнглимга кўп қарайдиган бўлдилар. Уйимизга тез-тез Раъно опа келиб турарди. Муносабатларимизни четдан кузатар, укаларини беҳад бошга кўтаришимни кўриб, ажаблансалар-да, ўзларини сир бой бермаётгандек тутардилар.
Тўрам кўчадан келишлари билан пойафзалларини артиб, четга олиб қўярдим. Овқатларини санъат даражасида тайёрлаб, то ювиниб чиққунларича дастурхон ясатиб кутиб ўтирардим. Биринчи қошиқни ўзим егизиб қўйишимни-Раъно опа тасоддифан кўриб қолдилар. Буни эркаликка йўйдиларми, бироз таажжубланганликларини сездим.
Сентябрнинг охирларидан Қуръонни ҳижжалаб, оз-оздан хатм қила бошладим. Тўрам бира тўла маънолари билан ўқиб-ўрганишимни буюрдилар. Ҳалиям қайнонамнинг уйга қайтмаганликлари-сабаби нимада эканлигини таҳмин қилишни бошласам-сиқилиб қолардим, худдики улар бизни биладигандек...
Боз устига тўрам ҳам тез-тез суҳбатлашдик дегунча ҳовлига қайтишимиз кераклигини гапирадиган бўлиб қолдилар. Офтобим меҳмонга келган кунларда ҳам бу мавзу очилар, иккимиз бир тараф, тўрам эса ўзлари бир тараф бўлиб олиб, биз билан тортишишни бошлардилар.
—Никоҳ бор, эл-юрт билади, энди нега буни оямдан яширишимиз керак?!
—Оям буни кўтаролмайдилар, Ибратхон!
Баъзан пошшо опанинг гапларидан ўзимни камситилгандек ҳис қилсам, баъзан уларнинг барибир ҳақ эканликларини ич-ичимдан ҳис қилиб турардим:
—Тўрам, келинг энди, билдирмай тура қолайлик!
Тўрт ойни биз фақат шу дилхираликни ҳисобга олмаганда- жуда ҳавас қиларли даражада ўтказдик. Ноябрнинг иккинчи ҳафтаси эди. Ибратхон ака сал жиззакироқ бўлиб қолишларига менинг бир айбим сабабчи бўлди. Асабларим чарчадими, арзимаган нарсадан уларга гап қайтариб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.
Юзимга тикилиб туриб: "Кетдим, айбингизни тушунганингизда қайтаман!" дедилар. Ичимда аллақачон афсус чекиб турган бўлсам-да, уларни тўхтатиб қолишга уриниб ҳам кўрмадим. Нега бундай тош бўлиб, қотиб қолганимни –хаттоки ўзим билмасдим. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, лекин уларнинг қайтишларидан ҳали ҳам дарак йўқ эди. Эрталабгача уларни кутиб, қайтганларида мен жойнамоз устида ухлаб қолган эканман. Бу "қайтиш"ни ҳам тушимда бўляпти деб ўйлабман: мени ердан кўтарганларида уларга-"айбимни тушундим!" дея бир неча марта айтиб, яна ухлайверибман. Эртаси куни ўзлари бу воқеани кулиб айтиб бердилар. Олдинги араз-у дилхираликдан- асар ҳам қолмади.
—Кетдик, ҳовлига кетамиз!-бу навбатдаги кетиш ҳақидаги гап эди.
—Қайси ҳовлига?! -деб тушунмагандай сўрадим. "
—Бу ерда яшириниб яшашдан зерикмадиларми, пошшо?!
—Уларнинг юзларига қандай қарайман аҳир?!
Кейинги ой тўрам менга янгиликни етказдилар: "Хуршида пошшо билан никоҳ ажрими- ўртада фарзанд йўқлигига дарров қийилибди!"
Фақат шунинг ўзинигина айтдилар. Мен эса у ёғини ҳулоса қилдим: демак энди келин қидиришлар бошланиб кетаркан-да...
—Уйланасизми, пошша қизлардан топишса?- деб сўрадим, дарди-дунёйим бу хабардан қоронғулашиб.
—Шунинг учун ўша ёққа боришимиз керак-да, пошшо!
У ерга бориш ҳақида ўйласам, лабимга учуқ тошади. Эндиям “биз олти ой олдин никоҳланган эр-хотинлармиз!” дея Пошшо хола қаршисида бош эгиб туриш-менга осон бўлмаса керак? Шуларни ўйларканман, яна уларга ялиндим:
—Доим айтганингизни қилганман, бир нарсани тайинлаб кетсангиз-ўша ишни қилмагунча бошқасининг бошини тутмаганман, буни биласиз-а?, сиз ҳам бир мартагина айтганимни қилинг, кўп нарса сўрамайман: ҳозир уларга мени рўпара қилмай туринг, илтимос!.
Худди опаларидан ранжигандек, мендан ҳам ранжиб, юз бурдилар.
—Эҳ, аёллар, аёллар...
Қиш ичи ҳам уйдан чиқмадим, энди кун бўйи ҳар хил пишириқлар пишириб ўтирардим. Кейин интернетдан Корфиатининг бичишга оид курсларини ўргана бошладим. Дарсларим сал чала қолиб кетди, чунки рангим сарғайиб матолардан қўлда буюм тикиб-жуда берилиб кетганимни ўзим ҳам сезмай қолибман. Февраль ярмида Ибратхон ака менга шу сабаб қаттиқ дакки бердилар:
—Қуръондан кунига ҳеч йўқ битта сура ёдланмаса, интернет ўчади!
Ҳамма ишимни вақтинчалик йиғиштириб, сураларни ёдлай бошладим. Келганларида худди мактаб ўқувчисидек уларга айтиб бериб кейин енгил тортадиган бўлдим. Ибратхон ака ёдлаганларимга шунчалик севинганларидан уйга телевизор ўрнатдилар, унда фақат Ўзбекистон каналларининг ўзигина кўрсатарди. Шу телевизорда мен ўша сизнинг сериалларингизни кўришни бошладим.
Март кириб келди, ваниҳоят Ибратхон ака пишлоқ цехи линиясини ишга туширганликлари муносабати билан қайнонам ҳам Сафохон аканикидан бу ҳовлига қайтдилар. Ичим янада ғаш тортди: чунки энди бу ҳовлида ҳизматларини қиладиган Муҳаббат пошшо каби келинлар йўқ, қайнонам тўрамни катта эхтимол билан тез орада уйлантириш харакатларига тушиб қолишлари мумкин эди. Ҳалиям шунча пайт кутдилар, “уйлайман” деганлари қачонийди?
Бир тарафи-ёнимга худди жазманиникига ўғринча қатнаётган одамдек келиб-кетишдан тўрам ҳам жуда қаттиқ чарчагандилар. Никоҳланганимиздан бери кечаси ёлғизлик нималигини сездирмаган Ибратхон ака-энди фақат кундуз кунлари келиб-кетиб юрадиган бўлдилар. Ҳалитдан йўқ-кундошим билан худди кунларимни бўлишаётгандек сиқила бошладим. Узун кечалар тўрам гўёки мендан кетиб, янги келинчакнинг ёнида ётгандек тўлғониб, ухлолмай чиқардим.
—Шунинг учун бошидаёқ кетиш керак эди. Ўйлайдилар-ки, менга осон бўляптими?
Бошимни қайси тошга уришни билмай қолдим. Бу мавзуда иккинчи бор қаттиқ тортишиб қолдик. Бу сафар “кетмасалар керак” деб ўйлагандим, чунки ўтган гал аччиқ қилиб кетганлари билан-мендан баттар қийналганликларини ўзлари сездириб қўйгандилар. Лекин энди "кетдим!" демасдан шундоққина чиқиб кетдилар. Яна "яхши ўтиринг, келгунимча уйдан қимирламанг!" деб қўйганликлари учун аввал боши аразлатиб қўйганимни ўзим ҳам сезмадим. Эртаси куни кундузи “келади” дея кутдим: Соат илгарилагани сари диққатим ошаверди. Кеч кирди, улардан дарак йўқ! Бошдан оёқ чўмилиб чиқиб, яна жойнамозимни солиб-намоз бошладим. Юз ракаатдан сўнг чарчоғим сезилди, ҳар кафт очганимда худойимга ёлбораман:
"Уларни хафа қилиб қўйдим шекилли, мен уларни кутиб, сабр қилиб- саккиз ойни ўтказдим, улар яна озгина сабр қилсалар бўлмасмикан?! Пошшо опа ҳам мавридини кутаётгандирлар, оналари ҳам анча кексайиб қолдилар-ку!", "Ишқилиб, Аллоҳим кўнгилларига солгин, орқага-ёнимга қайтсинлар!"
Тонг отганидан сўнг чарчаб, кўзим кетиб-ухлабман.
Do'stlaringiz bilan baham: |