19-қисм.
Зарифа маҳзун кайфият билан охирги сатрларни ўқиб бўлгач, бир нуқтага тикилганча ўйланиб қолди. Шуми- у кутган хотима ёки бунинг яна давоми борми?
Ич-ичидан Ибратхонни Маҳбубага лойиқ сайлаб бўлганди, афсуски бу инсоннинг оиласига даҳл қилиб, худбинларча йўл тутиш Маҳбубага нақадар ёт эканлигини у- олтинчи мактуб интиҳосида тушуниб етди!
Йилига қанчадан-қанча оилалар енгилтак аёллар сабабли инқирозга юз тутади, этак-этак болалар- ота меҳридан мосуво, айрилиқ зарбасини тотиб кўради...
Бундай аёллар на ўша-ўзи илакишган инсоннинг оиласини, на унинг-келажаги сўроқ остида қолган зурриёдларининг юз хотирини қилиб ўтиришади.
Бу ҳолатлар жамиятда юқумли бир касалликдек урчигандан-урчиб кетди...
Ёшлиги ва чиройидан фойдаланган ҳолда, раҳм-шафқатли, оиласи билан муносабатлари усиз ҳам жар ёқасида турган бефарзанд Ибратхоннинг ҳаётига худбинларча кириб келишдан юз бурган Маҳбубага- айнан ҳозир Зарифа қойил қолди...
Бир оддий харакатнинг ўзигина-унинг барча қийинчиликларига нуқта қўйиш учун етарли эди. Бундай шароитда виждонига қараб иш тутиш-ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди!
Бир оздан сўнг Зарифанинг телефони жиринглади, бу қўнғироқ Мукаррама опадан эди:
-Зарифахон! Бормисиз?
Зарифанинг ҳаёли Шоирага қўшиб у ёққа юборгани янги қизчага кетди:
"Мукаррама опага қизимиз маъқул келмадимикан?"
Опа гап бошидан обдон сценарийга тўхталиб ўтди, унинг сўзларига қараганда- бу ролни маҳоратли актрисалардан бири ўйнагани тўғрироқ бўларкан. Зарифа бу гапларни бош ирғаб тингларкан, жавобан- топшириқ юқоридан айнан шундай бўлганини опага тушунтирди.
-Сценарийни ўқиб чиқдим, майли-куя, лекин она сутингизни нақ оғзингизга келтириб юборади бу дебютантлар!
-Начора, Мукаррама опа! Нимаям қила оламиз...
Суҳбат шундан сўнг калта бўлди. "Қизча уларга ёқмаган кўринади!" хаёлидан ўтди Зарифанинг...
Кейин ўз-ўзидан Маҳбубани ўйлай бошлади: охирги мактубга реквизитларнинг ўзинигина киритишса бўлди, унинг ўзи- етмиш фоиз туйғуларни акс эттириб, уларга тайёр "подача" бергани- Шоиранинг ишини анча енгиллаштиради.
"Унинг тақдири нима бўларкан? Қачон бу қиз ўз бахтини топади?"
Кейинги икки кун-"қуюшқондаги аёл" уни яна бироз ҳоли қўйди:
"Маҳбуба саккизинчи мактубини ёзаётган бўлса керак"- деб ўйларди Зарифа бот-бот қиз ҳаёлига келиб қолганида. Шу ўтган икки кун ичида Шоира сценарийдан яна бир қисм ёзишга эришди. Зарифа эса съёмка учун объектларни суриштиришни Инобат опага тайинлаб, ўзи ғарам бўлиб ётган- ташкилий ишларга боши билан шўнғиб кетди.
Жума куни у ҳаддан зиёд чарчаб уйга қайтаркан, гараждан чиқаётганидаёқ, сумкасидаги телефонининг ғинғиллаганини эшитди:
Мана- у кутган ҳабар! "Маҳбубадан- еттинчи мактуб!"
Қадамини тезлатиб, Зарифа уйига шошди...
Еттинчи мактуб!
"Ассалому алайкум Зарифа опа, илк мактубимда сизга ўз ҳолимни ифодаларканман- " Ёлғиз аёлларнинг ўз аччиқ ҳаёти бор. Бу мактубларни сизга ўша ёлғизлар оламида жуда кўп вақтини ўтказган бир инсон ёзмоқда!” деган иборани ишлатгандим...
Бугунги ёзадиганларим айнан шу ҳолатнинг менда кечган энг авж нуқтаси ҳақида! Мен бувимдан меърос сифатида қолган уйдан қай тарзда чиқиб кетганимни сизга олтинчи мактубимнинг сўнггида ёзиб ўтгандим.
Қўлимда катта кичик сумкалар билан- "дом”имиз томон борарканман, ўша топда келажагим ҳақида ўйлашга ҳам ожизлигим-мени қийнарди...
Квартирамиз янада моғор замбуруғига тўлиб, деворлар, бурчаклар қора-зангори тусига кириб қолибди, эски оҳакни эритиб-яна деворларни оҳакладим.Деразани очиб,хонани обдон қуритишимнинг ўзига икки кун вақт кетди. Кейинги ишим қўлимдаги жамғармамни тежамли ишлатиш учун кичик бир рўйхат тузиш бўлди. Мен ўзимни чалғитадиган нима иш бўлса шуни- майдалаб қилиб бўлса ҳам бир ҳафтача вақтни ўтказдим...
Энди уйим оҳорли, кўнглим эса кирларга тўла эди.Ўтириб ҳаммасини ўйладим:
"Қайтар дунё деганлари-рост экан!"
Ўзим қандай Қосим аканинг ҳислари устидан кулганимни, "туя ҳаммомни орзу қилибди!" деб ич-ичимдан масҳаралаганларимни эсладим. Мана ўша туя айланиб-ўргилиб ўзим бўлиб турибман. Худди Қосим акадек бефарзанд, лекин кўнгли ва қўли очиқ, худди улардек, мендан анча ёши катта бир инсоннинг ҳатто ҳаётимни гаровга тикиб бўлса-да ёнида қолишга шунчалар интилдим-ки...
Кейин худди Қосим акадек ичимдаги оловдан ҳаловат топиш истагида-у инсондан узоқ-узоқларга кетгим келди.Қосим ака менга муҳаббат изҳори сифатида-ўз тўйи куни тутқазган занжирни-ку сотиб йўқ қилганман. Улар мана бу замбуруғлар ин қурган девор остида-оҳак ва сувоққа айланганча қотди.
Лекин бир кичик занжир-мени "иқрор" майдонига судраб келишга-кифоя қилгани ажаб!
Қайтар дунё!
Мана энди тушларимда Қосим аканинг ҳазин жилмайишлари- сабабини тушунгандекман. Ғам мени еб адо қилиши мумкинлигини билсам-да, ўзимни шу ғамларга тутқун сифатида бердим. Бир ойга яқин вақтим шу чор девор ичида ўтди...
Кундузлари-кўчага чиқишга зарурат туғилса, бувимнинг катта рўмолини ўраб, бозорга тушардим: бир кило помидор, бир дона бўлка нон- менга баъзан икки кунга, баъзан бир кунга етарди...
Кабобхоналар олдидан ўтарканман, юзимни рўмол билан ёпардим, ошқозоним бир таталаб қўйиб-тинчирди. Ваниҳоят, йигирма тўртинчи куни пулим ҳам, ҳолим ҳам, сабрим ҳам тугади.
Шу куни ўз ҳолимга ҳам йиғлаб, ҳам кулдим, биров, айниқса Ибратхон ака-қаршимдан чиққанида мени таниб қолмаслиги учун кўраётган чораларим-ғоят кулгули эди.
"Балки мени қидирмагандир, изламагандир, эсламагандир! Нега бунчалар аҳмоқман???"
Шу куни ҳаммасига чек қўйиб, уйдан чиққим, иш қидиргим, ўз ҳаётимни секин асталик билан бўлса-да оёққа қўйгим келди. Лекин ўрнимдан туришга ҳолим бўлмади. Турсам, бошим айланиб кетаверди!
Базўр туриб, кейинги подъездга бордим, у ерда Нигора опа деган яхши бир аёл яшарди. Мени кўриб аввалига танимади, сўнг эса ажабланганча уйига олиб кирди. Уларникида овқатландим, лекин бирдан кўкрак қафасимда ғалати оғриқ турганини ҳис қилиб, букчайганча буралиб қолдим. Ошқозонимда эрозия бошланган экан, бу гапнинг ўзиёқ мени қаттиқ ваҳимага солиб қўйди. Касалхонада беҳол ётганимни кўрган Нигора опа энгашиб- "кимга хабар берайлик қариндошлардан, Маҳбуба?" деб сўрадилар. Мен ноиложликда Нусрат опоқимнинг номини ва манзилини айтдим...
Кутганимдек пешин пайтида озиб, мункиллаб қолган Нусрат опоқи палатага кириб келдилар. Ҳамдам ака эса коридорда қолибди. Дарров Ойша холамдан гап очдим.
-Олти ойдан бери бир жойда ётибди, бувинг- дедилар опоқи кўзлари намланиб. Мен улардан анчадан бери хабар олмаганимга, оқибатсиз бўлиб кетаганимга ўзимни койидим...
-Сен қиз қаёқда эдинг? Бизникига сени бир бамаънигина аёл сўраб келди, дарвозанг қулф экан уч сафар борганида ҳам...
Бу Раъно опа эканлигини фаҳмладим, чунки уларгагина Ойша холам, Қосим акалар ҳақида гапириб берганман. Касалим унақа ваҳимали бўлмаса-да, ярага айланиб кетмаслигини вақтида олдини олишим керак экан...
Шуларни тайинлаб, доктор кетишимга руҳсат бериб, чиқиб кетди. Нусрат опоқи олиб келган сомсанинг ҳамиридан бир чимдим оғзимга солдиму, мазасини Қосим аканикига ўхшатдим, билсам- Ҳамдам ака энди у ерни ўзлари юргазаяптилар экан. Ҳожи ака сомсахонани яна уларига қайтарибди.
-Яхши-ки, хабар берибсан, энди юр бизникига! Ойша холангнинг неча кунлик умри бор, кўзи очиқлигида бир кўриб қолгин!- дедилар Нусрат опоқи. "Ҳўп!" деб нарсаларимни йиғиштиришга тушдим. Баъзи чиқимларни опоқи чўнтагидаги буклам-буклам пулини чиқариб- Ҳамдам ака орқали кассага тўлаттирди. Мен бундан жуда ҳижолат тортдим...
Нусрат опоқини шу қари ёшида оввора қилганимга ўзимдан уялдим. Вазним қирқ беш кило қолибди, битта кичик сумкани-да кўтаришга-да мажолим йўқ, уларга эргашиб борардим.
Таксида Нусрат опоқиникига кетяпмиз: Улуғбекнинг дўкони олдидан ўтдик, магазини очиқ экан!
Охирги марта мени онам билан кўрганида ранги ғалати бўлиб кетганини эсладим, сўнг ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетди.
Мен баъзан ўзимнинг кимлигимни унутиб қўйишимни ҳам тез-тез сезиб қоламан. Лекин ўшанда Улуғбекни тўғри тушунганман: у тўғри қилган, ахир ким ҳам онаси руҳий касал бўлган, етим қизни ҳавас қилади?
Дарвоза очаётганимизда-Ҳамдам ака Нусрат опоқига зарда қилгандек-ғингшиб олдинроққа ўтиб кетди, ўтган ишлардан сўнг мени жини суймаслигини жуда яхши билардиму, лекин мени деб отасига зарда қилаётганига бироз жаҳлим чиқди.
Ойша хола худди аввал Қосим ака ётган жойда ётибдилар: жуда кичкина бир ҳовучгина бўлиб ётишларини кўриб, кўзларимдан ёш тирқираб кетди: ўғлидан сўнг ҳолам жуда тез нураб кетибдилар. Терилари худди пилла қуртиникидек ҳарирлашиб, юзларига жигарранг тарғил- доғлар тошибди. Ойша холам мени танимадилар: нурсиз кўзларида ўзимга оид биронта маъно топмадим...
Бироздан сўнг уйга Барно келинойи кириб келдилар: саломлашдик. Ўзларини худди қайнонасини “қотириб қараб қўяётган келиндай” тутдилар. Ҳаммага аён бўлиб турибди : ой туйнукка келиб қолган, ҳоламнинг бу ётиши жуда кўпга борадиганга ўхшамайди...
Буни ҳаммадан кўра Барно опа яхши биладилар, уларга ҳозир ортиқча гап-сўз керак эмас. Демак, бу ерда ҳеч кимнинг менга эҳтиёжи йўқ!
Барно келинойи кетишимга шаъма қилиб чиқиб кетдилар:
-Келганингизни билмай қолибман, кетаётганигизда бехабар қолмай-а?!
Улардан сўнг ҳам холамнинг олдиларида бироз ўтирдим, хонага Нусрат опоқи кирганларида, кетишга руҳсат сўрамоқчи бўлиб, ўрнимдан турдим:
-Опоқи, бориб ҳовлини очишим керак, менга энди кетишимга руҳсат беринг!
Нусрат опоқим аёлларининг оёқ томонларини авайлаб теккислаб қўйдилар:
-Тўхта, ҳали сен билан гаплашиб олмадик-ку, қаерда эканлигингни ҳам айтмадинг, дўхтирхонада ҳижолат тортма деб сўраб ўтирмадим. Нега бунчалик озиб кетдинг?
Нима дейишимни билмадим:
-Бир жойда ишладим, меҳнати бироз оғир келди!- дедим ваниҳоят хаёлимга келган фикрни тилимга кўчириб.
-Дала ишими? Ўзингни уринтирма-да бунақа! Хотин киши мўрт бўлади. Қолсанг бўлмайдими?
- Борай, руҳсат беринг опоқи, хабар олишга энди тез-тез келиб тураман...
Шу пайтда Нусрат опоқи бир нарсага шошгандек у ёқ бу ёққа аланглади:
-Деразадан қара-чи, Барно келин кўринмаяптими?
Равон пардасини суриб қарадим, ҳовлида зоғ йўқ! "Ҳеч ким йўқ!" деган ишорамга опоқим қўйниғидан бир газетага ўралган нарсани чиқазиб бердилар.
-Буни ўша аёл бериб кетди. Алоҳида холангни олдига кириб, бироз менинг келишимни кутиб, кейин ҳеч ким йўғида шугинани берди!
Иккиланиб ўша газетадаги нарсани уларнинг қўлларидан олдим: нимадир айлантириб ўралган ва скотчланган экан.
- Очмадик, ўшандай берганича турибди!
Сумкамга солаётганимда опоқим яна ўргатдилар “Юзасига қўйма, ичкарига тиқиб юбор!” Кейин яна чўнтак кавлаётганларини кўриб, уларни тўхтатдим:
-Опоқи, чўнтак кавламанг, менда ҳаммаси яхши!
-Тўхта, буниси ҳисобмас! Ҳозиргина сени қаердан олиб келдим, эсингдан чиқиб қолдими? Касалсан, қувватга кириб олишинг керак!
Нусрат опоқим қўярда қўймай, боя касалхонада тўлаганидан ортган пулларини қўлларимга тутқаздилар.
-Холам бу аҳволда ётибди, уят энди- сизлардан пул олишим...
Ваниҳоят менга опоқим фотиҳа бердилар, фақат йўқ бўлиб кетмай, тез- тез келиб туришим шарти билан.У ердан руҳим бироз чўккандек бўлиб чиқиб кетдим. Маҳалла ичида худди сузаётгандек юриб боряпман, оёғим гўё ўзимга бўйсунмаётгандек. Сал юриб, чарчаб қолдим.
Кимнингдир кўча эшиги ёнига қадаб қўйган ўриндиғига ўтирдим. Шу пайтда ичим қизиб, бояги нарсанинг нималигини кўргим келди. Скотчларга роса ўралган бу газетани йиртиб очганимда- унда каттагина миқдорда пул ва кичкинагина қоғозчага ёзилган хат бор эди:
"Маҳбуба, кетиб тўғри қилмадингиз! Ҳалиям кеч эмас, қайтсангиз ҳаммага яхши бўлади. Бу ўша сизга атаган закот пулимиз! Аллоҳ таоло ўзи рози бўлсин... Пошша опангиз!"
Карахт бўлиб қолдим, ахир бу пулни рамазонда берамиз деган эдилар-ку, пошшо опа нега бундай қилдилар экан?
Изимга қайтдим, эшикдан яна қайтиб кирганимни кўрган Барно келинойи чимирилганча қаққайиб қолдилар. Нусрат опоқимни яна кампирининг бошларидан топдим. Улар ҳам қайтганимга ҳайрон- "лому карам" демасдан, минг хаёлда менга тикилиб қарадилар.
-Опоқи, мана буни олиб қўйинг, мен бу пулни сиздан олиб кетолмас эканман- дедим, бояги ўзлари берган пулни ёстиқ остига қистирганча.
-Бу эса ўзингизга! Менга жуда кўп ёрдам бергансизлар! - пошшо опа берган пулдан бир боғламини олиб, уни ҳам ёстиқ остига қистирдим-у, энгашиб Ойша холамнинг юзларидан ўпдим.
Нусрат опоқим ўша-ўша анграйганларича қолдилар, ортимга қайтиб-чиқиб кетдим. Шу дарвозагача- боя минг хил ўйда қайтган эдим, бир кўнглим Раъно опага пулларини қайтаришим кераклигини уқтирган бўлса, бир кўнглим- яна уларнинг ҳаётларига кириб қолишимдан огоҳлантириб, гўё бунга йўл бермагандек эди.
"Бу закот, Аллоҳ йўлига қилинган эҳсон-ку!" дедим ниҳоят, бир тўхтамга келиб...
"Майли, пошша опанинг ҳам ҳаққиларига дуо қиламан, нима бўлганда ҳам мен улардан хафа эмасман!"
Дўкон олдидан не хаёлда ерга қараганча ўтиб кетибман. Ўзимизнинг гузар ёнидан иссиқ нон ва кичик идишда қатиқ сотиб олдим.
Чарчаб, уч маҳалла ошиб, бувимникига етиб келишим менга- осон бўлмади. Ҳамма нарса- ўша ўзим ташлаб кетган ҳолимда турибди экан. Сўрига бориб, унинг устидаги баргларни қўлим билан териб ташладим. Қорним охирги пайтлар дорилар таъсирида тез очадиган бўлган. Нондан синдириб қатиққа энди ботираман деб қарасам- бу ўша Ибратхон ака ишлаб чиқараётган маҳсулотдан экан.
Томоғимга нимадир тиқилиб, тўхтаб қолдим. Яна юрагим беҳаловат бўла бошлади. Яқин бир ой-мени ўз исканжасига олган бу хаёллардан ҳали вери қутулолмаслигимни тушуниб, йиғлаб юбордим.
"Нега мени шунчалик қарорсиз ҳолатга соладиган дардни бердинг Худойим!"
Ичимда вулқондек тошаётган бу сўзларни баралла айтгим келгани билан айта олмасдим, чунки биламанки, бу менга берилган жазо эди!
Ўтириб, яна ўзимни койий бошладим:
"Аҳмоқона йўл тутдим!"
Улар мени қидириб топмасин деб- шунча пайт бир уйда биқиниб ётганим-энди ўзимга ниҳоятда аҳмоқона қарор бўлиб туюлаётганди...
"Нега мени қидиришлари керак экан? Нега?
Ана, яна ўзимга баланд баҳо бериб юбораётганимга яна бир мисол! Улар сенга Худо йўлида яхшилик қилишди. Сен эса аҳмоққа ўхшаб, яхшилик умидида сенга чўзилган қўл эгасига кўнгил қўйиб ўтирибсан? Қачон кўрпангга қараб-оёқ узатасан, Маҳбуба?!"
Нонни ўзини сувга теккизиб йиғлаб-йиғлаб едим, бу сафар ошқозонимда олдинги оғирликни сезмадим.Таҳорат олиб, қазо бўлган намозларимни ўқиб бўлишим билан омборхонага кирдим, иш қилиб, чалғимасам бўлмасди. Майда совунлар ичида ётган-қўлга киримли кир совунни кўриб, ҳурсанд бўлиб кетдим, демакки, энди- "кир юваман!"
Сув иситиб, бир тоғорача касалхона ҳиди ўтирган кийимларимни бир сидра ювдим, қарасам: пардалар ҳам кўзимга гўё сарғайиб кетгандек кўринди. Уларни ҳам шошганча ечиб олдим.
"Худойим куч берганига шукр, кир ювиш ҳам иш бўлибдими? Худди ғуборимни юваётгандекман!" дедим ўзимга-ўзим.
Ҳовли бўйлаб тортилган дор ипига ювган нарсаларим тўлди.
"Энди, егуликка ҳаражат қилиб келишим керак!"
Иккинчи нондан яна озгина тамадди қилдиму, оҳорлик кийимларимдан кийиб- пошшо опа берган пулдан озроқ олиб, кўчага чиқдим.
Магазинга кетиб боряпман:
"Тавба намозларимни ўқиб олгач, анча енгил тортдим-а, шу ҳам юк бўлиб елкамдан босиб турган экан!"
Муюлишдан бурилаётганимда-орқамдан келаётган Дамас қисқа сигнал берди, янаям четлаб, уни ёнимдан ўтказиб юбордим. Дўкондан икки қўлим тўла ҳаражатлар билан дарровда чиқдим, ўн қадам юргач эса кўп нарса олиб юборганимни тушундим. Чунки ҳали у даражада қувватим йўқ экан. Қўл кафтимдан ҳам тер чиқиб кетди.
"Тўхтаб, озроқ дам олсамми" деб энди секинлаётган ҳам эдим-ки, кимдир қўлимдаги юкимга орқадан келиб-қўл чўзса бўладими?Қўрққанимдан "вой" дедиму, халтамни ташлаб юбордим.
-Кетдик!- бу овозни ўнг елкам томондан эшитарканман, жойимда қоққан қозиқдек қотдим...
-Сиз?!
-Юринг, машинага...
Ибратхон ака- ерга тушган олмаларни ўзлари тез-тез териб-халтага солдилару қўлимдаги қолган нарсаларни ҳам олиб, нари кетдилар.
Мен хушимни йиғиб олган пайтимда-оёғимни судраб, ўша боя ортимдан қисқа сигнал берган Дамас томон уларга эргашганча борардим...
Одатда Ибратхон ака Дамас ҳайдамасдилар, орқа ўтирғичлари олиб ташланган бу машинанинг фақат олдиндаги ўриндиқларигина бор эди ҳолос. Ўтиришга ҳижолат тортиб турдим. Ибратхон ака орқага қайрилиб- сумкаларимни жойладилар: кўзимга улар ҳам сал озгандек кўриниб кетди. Кўзлари ҳам киртайган...
"Энди нима бўлади, яна уларга рўпара келиб қолдим-ку?"
Хаёлимда тинмай шу сўроқ айлана бошлади.
-Чиқмайсизми? -дедилар ҳалиям иккиланиб турганимни кўриб Ибратхон ака.Секин чиқиб ёнларига ўтирдим. Машина жойидан қўзғолди. Қанчадир жойгача гаплашмай кетдик. Телефонларида Салоҳиддин исмли одам билан қисқа гаплашганларидан сездимки, Ибратхон ака сал аввал рулда бўлмаганлар. Дамас ҳайдовчисини қаергадир ташлаганлару, мени кўриб қолганликлари боис магазиндан чиқишимни кутганлар.
Ҳалиям ичимдаги овоз мени суд қиларди:
"Кўчага бугунча чиқмай турсанг нима бўларди, Раъно опага берган сўзингни унутдингми?"
Мен тушунарсиз ҳислар таъсирида эдим. Манзилга етгач, секин машинадан тушдим, улар сумкаларни кўтарганча "қани, бошланг" дегандек қарадилар. Кирдик. Олдинроқ юриб, сўрига кўрпача солиш учун ичкарига кириб кетдим, юрак ўйноғим ҳалиям тинмаган, оёқларим шалвираб, ҳаяжондан қорним бураб-бураб қўйяпти. Ичимда эса яна ҳалиги овоз:
"Бировнинг оиласини бузиб, бахтли бўламан деб ўйлаяпсанми?" деб қийин-қистовга олишда давом этяпти.
Кўрпача билан ҳовлига қайтиб чиқсам: Ибратхон аканинг қўлларида боя мен еёлмаган қатиқ, ўзлари унга қараб жилмайганча турибдилар. Юзимни ҳижолат бўлганимдан-солмоқчи бўлиб турган кўрпачамнинг панасига яширдим. "Бисмиллоҳ" деб, ёйиб солган кўрпачамга ўтирган Ибратхон ака фотиҳа қилдилар, онамнинг ҳаққига аталган бу Қуръон оҳангидан сал бўлса-да юрак ўйноғим пайсаллагандек бўлди. Улар секин ҳовлига кўз ташладилар, мен ҳам қарадим: ювган кирларим шабодада бир текис ҳилпираб турибди.
-Ўтиринг, ўзингиз ҳам...
Шу пайтгача улардан сал берида тик оёқда турганим ўзимга энди эриш туюлиб, кўрпача четига секингина чўкдим.
-Бугун қайтдингизми?-улар ерга қараб туриб, шу саволни бердилар.
"Ҳа!" дегандек бош силкидиму, аммо овозим чиқмади. Ичимдаги бояги овоз энди таҳдидли ҳужумга ўтганди:
"Уволига қоласан, ҳозироқ нимадир деб бўлса-да, ўзингдан нари қил!"
-Шунча пайт қаерда эканлигимни сўрамайсизми?-дедим овозим титраб.
Ибратхон ака юзимга бир қараб қўйдилар:
-Сўрамайман...
Бу гапни эшитишим билан ҳайратим ошди:
-Қизиқмайсиз ҳамми?!- дедим юрагимнинг дукурлашидан ўзим ҳавотирга тушиб, кўксимга қўлимни босганча...
-Қаерда бўлсангиз ҳам, Аллоҳ таолога омонат этилган жойда бўлгансиз, ўзи сизни асраганига ишонаман!
Кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ўзимнинг тўрт девор ичида нолон яшаган бир ойлигу- лекин бир асрдек узун туюлган кунларим кўз олдимдан ўтди.
-Қачондир тиланчилик қилган қизнинг-бузуқчилик ҳам қилиши мумкинлигига-чи? Ишонасизми? -дедим, ичимдаги овознинг ўргатаётган гапларини қайтариб.
Ибратхон ака юзимга бу сафар узоқроқ тикилиб қолдилар, улар нега бундай деяётганимни гўё тушунмаётгандек эдилар. Ичимдаги яна ўргатди:
"Кўзларига тик қара! Йўқса, ишонмайди!"
Бошимни кўтаришим билан уларнинг сўзлари янгради:
-Сиз шайтоннинг гапига кирманг, Маҳбуба! Мен нимага ёки кимга ишонишимни сизга ҳозиргина айтдим! Мен Аллоҳга ишонаман...
Уларга анграйганча қараб қолдим, Ибратхон аканинг нимадандир ҳурсандлиги бир қарашдаёқ сезилиб турарди. Охири мен- шу тарзда мағлубиятимни тан олдим:
-Нима қилишни билмаяпман, нима дейишни ҳам... Олдин ҳам айтганман: мен сизнинг оилангизни бузишни истамайман...
Улар жим бўлиб қолдилар, бироздан сўнг уларнинг овози-менинг чигал хаёлларимни тарқатди:
-Маҳбуба, бирон марта истиҳора ўқидингизми?! Нима қилсак-тўғрироқ бўлишини Аллоҳдан сўрадингизми?!
"Нима қилсак-тўғрироқ бўлишини"- шу сўзни нега кўпликда гапирилганини тушунмадим...
-Сиз-чи ўқидингизми?!- оғзимдан шу сўз қандай чиқиб кетди буни ҳам тушунолмай қолдим, дарров лабимни тишладим. Улар "ялт" этиб менга қарадилару- жим бўлиб қолдилар. Сукунат чўзилиб кетганига "энди жавоб бермасалар керак" деб ўйлаб ўтиргандим, ниҳояти улардан садо чиқди:
-Мен анчадан бери истиҳора ўқийман...
Кўз олдимдан кечалари уларнинг жойнамоз устида кўрган кунларим кино тасмасидек липиллаб ўтди. Ичимдаги овоз яна жонланди:
"Буни қара-я, сен уларни" фарзанд талабида таҳажжуд ўқияпти!" деб ўйлардинг, эркакнинг юзида туки бор, ишонма бу гапларга!"
Ибратхон ака ўйчан яна ўз сўзларида давом этдилар:
- Сизда қанчалик саволлар кўп бўлса, менда ҳам улар етарлича! "Аллоҳ йўли" га деб қилган ишларимда-бу таҳлит ниятим ўзгарганига мен ҳам бошидан бери изтиробдаман...
Ё ниманидир ошириб юбордим ёки ожизликка йўл қўйдим. Ҳа, нимададир хато қилдим! Ўшандан бери- "Нима қилсам- тўғрироқ бўлади" деб ўйланганим-ўйланган...
Мен-ку ҳаммасини Аллоҳга ҳавола қилиб қўйганман: "Тақдиримда, динимда, оқибатимда шу хайрли бўлса, мени унга-уни менга яқинлаштир... "
Сочимдан то оёғимнинг учигача ҳаяжон билан бу сўзларни тинглаб турардим. Улар сўзларини охирини кесик қилиб- яна сукутга чўмдилар. Менинг эса гапирмасам бўлмайдиган бир савол ичимни чил-парчин қиларди:
-Тўғрисини айтинг, уйингизни мен аччиқ қилдим-а?! Ҳуршида опа мен сабабли уйларингиздан кетиб қолдилар а?!
Ибратхон ака менга тикилиб қолдилар, ўзим шундагина йиғлаётганимни пайқабман...
-Ҳуршидапошшо ҳалиям-аёлим, улар ҳақида гапиришим-шартмас. Фақат бир нарсани билиб қўйинг-ки, уйимни аччиқ қилаётган сиз эмас...
Биринчи марта "Ҳуршидапошшо-аёлим" деганларини эшитиб, гўё бошимдан совуқ сув қуюлгандек аҳволга тушдим. Бу сўз менга жуда ғалати таъсир қилди.
"Аҳмоқ қиз, ҳалиям бу гапларни тинглаб ўтирибсанми, қоч уларнинг ўртасидан!" ўрнимдан туриб, ичкарига кириб кетмоқчи бўлиб турганимда, улар яна тилга кирдилар. Ибратхон аканинг гапини бўлгим келмай, тўхтаб қолдим:
-Нимани айтишим мумкин?! Хўп...Биласиз, аммаойимга куёв бўлганман. Улар-биздек фикрламайдиган, замонавий, давлат ишида ўз ўрнига ва фикрига эга бўлган-бир илғор аёл. Университетда проректор бўлиб ишлайдилар. Уларнинг фикрича Хуршиданинг ҳам ўз каръераси бўлиши керак! Ўртадаги бу никоҳ отам раҳматлининг-ғоялари бўлган, улар ўз сингилларини шу тариқа унутилган қадриятларимизга тортмоқчи бўлганлар. Бизда аёллар-оиланинг, эркаклар эса кўчанинг одамлари ҳисобланишади. Тирикчилик бизнинг зиммамизда, расамад қилиш эса аёлларнинг. Дунёқарашлар ҳилма-хиллиги бу биринчиси, ўртада фарзанд йўқлиги- бу иккинчи сабаб. Учинчиси эса эски оилавий ихтилофлар!
Дарров ёдимга пошшо холанинг гаплари тушди, улар ҳам эски ҳусуматлар ҳақида гапиргандек бўлгандилар.
-Нима қилмоқчисиз?- мен шунча гапдан кейин ҳам Ибратхон аканинг қарорини билмоқчи эдим.
-Мен ҳеч нарса қилмайман, чунки ярашишни истаб кўп ишларни қилдим. Бу ёғига Ҳуршиданинг ўзи ҳаммасини ҳал қилади, яшаш ёки яшамаслик унинг жавобига боғлиқ! Ўртадаги қариндошлик ришталарини узилишига мен сабабчи бўлишни истамайман...
Ибратхон ака юзларига фотиҳа тортиб, ўрниларидан турдилар, кетишга тараддудланганликларини кўриб, бўшашиб қолдим. Салгина олдин ўзим алжираган гапларимга энди ўзим пушаймон бўлаётгандим.
-Мен сизга эртага бир китоб ташлаб кетаман, бир иш қилишдан олдин албатта истиҳора ўқишга одатланишимиз керак!
Йўл-йўлакай уларни кузатиш баробарида ортиларидан охирги сўзларини ичимда такрорлаб, секингина эргашдим.
-Шу ердан қайтаверинг, Аллоҳнинг паноҳигасиз!
Дарвозадан сал беридаман, Дамас эса бир ғижиллаб ўт олиб, сўнгра юриб кетди. Мен гўёки ўйинчоғини биров тортиб олган боладек, шалвираганча турардим. Бироз аввал магазинга боргунча уйғонган иштиёқ- мени айни дамда тарк этиб, қўлим сўридаги кўрпачани йиғиштиришга ҳам бормай қолганди. Ўша жойга бориб бироз қараб турдим.
"Ҳозиргина у шу ерда ўтиргандилар, энди эса кетишди!"
Аср вақти кираётган бир палла эди, жойнамозга ўтирганимча тавалло қилиб, асрни- шом қилдим...
Ғира ширалик кўнглимга чўкиб бораётгандай...
“Боя қайси тилим билан уларга ғалати гапларни гапириб ташладим, бузуқчилик ҳақида гапирганим нимаси? Дарҳақиқат шайтоннинг гапига кирибман! Энди қайтиб, умуман ёнимга келмасаларчи, кўнгилларига шубҳа оралаб, менга бутунлай ишонмай қолсалар-чи?"
Ўзимни еб битираётганимни кўриб, ортиқ чидаб туролмадим. Ўрнимдан шаҳт билан турганча, пиёздоғ қовуриб мажбуран еб олдим. Чунки яна касал бўлиб қолишдан қўрқардим. Минг ўзимни чалғитсам-да, хаёлларим уларга кетиб қолаверди.
Худди кўзларининг киртайиб, бироз озиб қолганларининг ҳам боиси менга боғлиқдек, гапирганлари ичида-ўзим қидирган маъноларга оидлари ҳам бордек туюлаверди. Сўрида юлдузлар аста секин кўриниш бераётган қорамтир осмонга қараганча бояги кўрпача устида ўтириб яна уларни ўйлардим...
"Уларга ҳам осон эмас экан! "
Лекин шу ердаги ҳавода қандайдир ширин ислар бордек, димоғимга нимадир ҳуш ёқарди.
Ҳуфтон намозидан сўнг яна бироз намоз ўқигим келди. Кейин эса боя Ибратхон ака айтган сўзларни беихтиёр мен ҳам айтиб юбордим:
"Аллоҳим, менга ҳам хайрлисини, яхшисини насиб эт! Ким мен учун хайрли бўлса, ҳаётимда, динимда, оқибатимда менга яхшилик келтирса уни менга яқин қил! " Ўринга кириб, кўзим илашгунича калима қайтариб ётавердим. Саловатларнинг ора-орасида яна тинмай дуо қилдим: "Аллоҳим мен бахтли аёл бўлишни истайман, ўзинг менга йўл кўрсат!"
Do'stlaringiz bilan baham: |