Иккинчидан, замонавий адабиётда шеърий драма антик давр адабиёти, жаҳон адабиёти ва ўзбек мумтоз адабиётининг синтези сифатида юзага келди.
Учинчидан, шеърий драма жанр синтези жараёни маҳсули сифатида лирик, эпик ва драматик тур хусусиятларини ўзида сингдира борди. Шеърий шакл, драматизм, трагедияга хос фожеавийлик, воқеабандлик кабилар уйғун ҳолда намоён бўлади.
Тўртинчидан, шеърда лирик “мен” орқали воқеликка руҳий муносабат билдирилади, қаҳрамоннинг ички кечинмалари тасвирига кенг ўрин берилади. Бу драма таркибидан ўрин олган лирик кириш, лирик чекинишларда ўз ифодасини топади.
Ўзбек адабиётшунослигида шеърий драмалар махсус тадқиқот объекти сифатида ўрганилмаган. Ҳолбуки, замонавий ўзбек адабиётида ўндан ортиқ жанр намуналари бадиий ҳодиса сифатида эътироф этилган. Мазкур асарлар икки хил ижтимоий тузум – собиқ шўро ва мустақиллик, икки хил мафкура –ягона коммунистик ва истиқлол мафкураси даврида яратилди. Муайян ижодкор ва муайян давр адабиёти, драма назариясига бағишланган тадқиқотлар қатидагина бу асарларга муносабат билдирилган, поэтикасига хос айрим жиҳатлар ўрганилган. Бу жиҳатдан М.Раҳмонов, Д.Қуронов, О.Ризаев, Б.Якубов, С.Мирзаевнинг, Ҳ.Каримов, Шуҳрат Ризаев, И.Жабборов Г.Сатторова17ларнинг диссертация, монография ва мақолалари эътиборли.
Академик М.Раҳмонов эса Фитрат драмалари ҳақида фикр юритар экан, ёзади: “Асарда тарихий воқеаларнинг ҳаққоний тасвирланиши, сюжет ва образларнинг пухта ишланиши, рўй берадиган ҳодисалар ва қаҳрамонларни ҳаракатга келтирувчи воситалардан ўринли фойдаланиш жиҳатидан Фитратнинг В.Шекспир ижоди ва услубиятига эргашгани сезилиб туради”18. Бинобарин, ўзбек адабиётида шеърий драманинг дастлабки намунаси бўлган “Шайтоннинг тангрига исёни” асарида ҳам сюжет ва образлар пухта ишланганлиги кузатилади.
Назариётчи олим Д.Қуронов “Алишер Навоий драмаси ҳақида ёзади: ”Уйғун ва Иззат Султон ҳамкорлигида яратилган “Алишер Навоий” драмасида воқеаларнинг юз бериш вақти сезиларли узайтирилган. Фақат шуниси борки, жанр талабидан келиб чиқиб Навоий ҳаётининг турли даврларига оид фактлар узвий давомийликда берилган. Натижада улуғ шоирнинг ҳаёт йўли билан таниш бўлмаган кишилар спектаклни томоша қилганларида ундаги воқеалар орасидаги “вақт бўшлиғи”ни сезмайдилар ҳам, уларни қисқа вақт оралиғида содир бўлгандек қабул қиладилар”19. Бунда олим дастлабки шеърий драмалардан бўлган “Алишер Навоий”га вақт ҳисси нуқтаи назаридан баҳо беради. Яъни “Навоий ҳаётининг турли даврларига оид фактлардаги узвий давомийлик”, “воқеалар орасидаги “вақт бўшлиғи”нинг” сезилмаслиги кабилар драма жанр табиатини белгилаб туради.
О.Ризаев ўтган асрнинг 60-80 йиллари драматургияси ҳақида шундай ёзади: “Истанбул фожиаси” шеърий драмаси муҳаббат, нафрат, садоқат, хиёнат сингари инсоний туйғулар Ватан туйғуси, она юрт соғинчи билан муштарак ҳолда, ҳам ижтимоий, ҳам лирик-романтик, ҳам психологик контраст бўёқларда талқин қилинади. Айниқса, ўз юртидан узоқда, дарбадар, муҳожир бўлиб кун кечираётган кимсаларнинг аянчли қисмати ва изтиробларини лўнда, йирик бадиий лавҳаларда ифода этишга жиддий аҳамият берилгани сезилиб туради20. Демак, олим бунда шеърий драмага хос лирик-романтик хусусият эътироф этади ва Э.Воҳидовнинг “Истанбул фожиаси” асарининг ғоявий-бадиий мундарижасини очиб беради.
Санъатшунос олим Б.Якубов тарихий мавзудаги пъесаларга муносабат билдирар экан, ёзади: “Янги давр ўзбек драматургиясида яратилган тарихий мавзудаги пьесаларга ўзига хос масъулият юклатилади. Бу каби асарлар замонавий кишиларнинг маънавий-эстетик оламини, дунёқарашини ўзгартиришга ёрдам бермоғи даркор. Тарихий қаҳрамонларнинг ватан тарихида, миллат тақдирида тутган ўрнини белгилаш; миллий ўзликни англашга бўлган интилиш, тарихий хотирадан хулоса чиқаришга чорлаш хусусиятлари янги давр тарихий драмаларининг ўзига хослигини белгилаб берди. Мустақиллик даври тарихий асарлари асосан юбилейлар муносабати билан кўпайгани ва фақат маълум даврларда авж олиб, бирдан тўхтаб қолгани, уларнинг доимий, узлуксиз яратилишида изчиллик механизми йўқлигини кўрсатмоқда21. Бинобарин, ХХ аср ўзбек адабиёти намуналари назардан ўтказилса, тарихий мавзу барча жанрлар қатори шеърий драмада ҳам етакчилик қилганлиги кузатилади. Бундан мақсад халқимиз тарихи қатламларига чуқур назар солиш, миллат тақдирида муносиб ном қолдирган сиймолар образларини бадиий гавдалантиришдан иборатдир.
Адабиётшунос олим С.Мирзаевнинг ХХ асрда яратилган “Муқанна”, “Истанбул фожиаси”, “Соҳибқирон” шеърий драмалари ҳақида билдирган фикрлари жанр назариясига оид айрим жиҳатларни аниқлашга ёрдам беради. Жумладан, у ёзади: “Муқанна” (1943) уруш йилларидаги ўзбек драматургиясининг жиддий ютуғи ҳисобланади. “Муқанна” драмасида Ватанга муҳаббат, босқинчи ёвга нафрат ғояларини олға суришда тарихий ўтмиш мавзусидан моҳирона фойдаланилган. Драмада боболарнинг Муқанна бошчилигида араб истилочиларига қарши олиб борган қаҳрамонона кураши усалик билан кўрсатилган. Драматург араб истилочиларини қоралаган ҳолда араб халқига дўстона муносабатни ифода этади”22. Бунда олим уруш қиллари драматургиясида муҳим ўрин тутувчи Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” асари асоида ётган бадиий ғояни очиб беради. Қолаверса, олим асарнинг бадиий шаклига ҳам эътибор қаратади: “Шеърий йўл билан ёзилган “Муқанна” драмаси мазмун теранлиги ва бадиий шаклининг мукаммаллигига кўра “Отелло”, “Гамлет”, “Алишер Навоий” каби машҳур саҳна асарларига яқин туради. Атоқли ёзувчи А.Фадеев: “Муқанна” пьесаси ғоят зўр истеъдод билан ёзилган”, – деб таъкидлаган эди. Академик Комил Яшин ҳам драмага юқори баҳо бериб, “Гулойимнинг мулойим, шу билан бирга, душманга нисбатан шафқатсиз ва мардонавор образи жаҳон адабиётидаги Лауренсия, Ширин, Нестон-Дарижон сингари ўлмас образларни эсга солади, ўз хусусиятлари билан эса улардан қолишмайди” деб ёзган эди”23. Аввало, олим бу асарни жаҳон адабий контекстида баҳолаган ва ундаги Гулойим образини ҳам дунё адабиётида яратилган Лауренсия, Ширин, Нестон-Дарижонлар бир қаторда қўйган. Бу эса асарнинг дунё адабиётида анъанавийлашган шеърий драманинг ўзбек адабиётидаги вориси сифатида баҳолашга имкон беради.
С.Мирзаев Э.Воҳидовнинг “Истанбул фожиаси” шеърий драмаси ҳақида ёзади: “Истанбул фожиаси” – бадиий жиҳатдан ҳам етук. Драма ҳаёт ҳақиқатига мос, чуқур мазмунли фалсафий умумлашмаларга, халқ ҳикматлари даражасига кўтарилган теран мазмунли фикрларга сероб. Драма охирида Саодат тилидан Искандарга қарата айтилган гапларда эзгу инсоний фазилатлар улуғлиги қайд этилган24. Бунда олим асарнинг “фалсафий умумлашмаларга” бойлигини таъкидлайдики, бу шеърий драманинг лириклик хусусиятини намоён этиб туради.
Ёхуд олим: “Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” шеърий драмасида шўролар ҳокимияти даврида қатағон этилган шавкатли Темур образи катта ифтихор билан қаламга олинган. Асарда улуғ бобомиз Амир Темурнинг реалистик образи яратилиб, унинг мамлакат ва халқ тарихида тутган буюк роли бадиий равишда кўрсатиб берилган”25 – деб ёзади. “Соҳибқирон” шеърий драмаси кўҳна тарихимизга садоқат рамзини ифодаловчи, улуғ аждодларимизга чексиз фахр туйғусини уйғотувчи асардир. Адабиётшунос драманинг шу жиҳатини таъкидлар экан, унинг шеърий драма намунаси эканлигини ҳам унутмайди.
Адабиётшунос Ҳ.Каримов ушбу драма ҳақида шундай ёзади: “Соҳибқирон” шеърий драмасида саҳнадаги воқеалар, диалог ва монологлар шундай асосга қурилганки, уларнинг бирида Темурнинг инсонийлик фазилати очилса, иккинчисида саркардалик маҳорати, учинчисида ҳукмдорлик фазилати, тўртинчисида катта сиёсатдон, вазиятни олдиндан кўра билувчи билимдон аллома сифатида бўй кўрсатади. Шунингдек, тарихийлик ўз ифодасини топади26. Эътибор берилса, бунда “диалог ва монологлар” ва тарихийлик тамойили драма жанр табиатини белгиловчи хусусиятлар эканлиги таъкидланган.
Драмашунос олим Шуҳрат Ризаев ҳам “Соҳибқирон”ни анъанавийлиги, бадиий шакли нуқтаи назардан ўзбек адабиётида яратилган шеърий драмаларнинг давоми сифатида қайд этади: “Юксак қаҳрамонлик, тантанавор руҳ, муҳаббат устувор бўлган спектаклда Амир Темур сиймоси халқ ва мамлакат бирлиги учун курашган, адолатни бош шиор билиб, ўз юртида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган буюк давлат арбоби, ватанпарвар шахс сифатида кўрсатилади. Бундай талқин шеърий драма табиатига тўла мувофиқ эди. Абдулла Орипов Соҳибқирон сиймосини яратишда Мақсуд Шайхзода, Уйғун ва Иззат Султон анъаналаридан ижодий фойдаланиб, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа миллий қаҳрамонлар образларини гавдалантиришнинг саҳна адабиётига хос қаҳрамонона-фалсафий талқин тажрибаларини истифода этади. Зероки, бу Истиқлолнинг дастлабки йиллари маънавий-мафкуравий ислоҳотлар, кишиларимиз дунёқарашини ўзгартириш мақсадларига ҳамоҳанг эди” 27.
Ёхуд олим истиқлол даври ўзбек драматургиясини таҳлил қилар экан, қуйидагиларни алоҳида қайд этади: “Ўрта асрлар Уйғониш даври алломалари ҳақидаги тарихий асарлардан Жуманиёз Жабборовнинг “Ал-Фарғоний”, Усмон Қўчқорнинг “Расуллиллоҳ котиби” шеърий драмалари, назаримизда, рўйхатнинг бошида санашга арзигулик. Гарчи бири-бирига катта-кичик замондош бўлган икки сиймо – дин ва дунёвий илм алломалари, шуҳрати дунёни тутган муҳаддис Имом Бухорий ва мунажжим, муҳандис Аҳмад Фарғоний ҳаёти ва фаолиятини шунчаки шеърий йўсинда қайд этиш эмас, балки фалсафий-лирик услубда идрок этишни ғоявий-бадиий мақсад қилиб қўйган бўлсалар-да, муаллифлар устувор мотивларига кўра бири иккинчисидан фарқланувчи, ўз ижодий манераларига хос йўлдан борадилар. Жуманиёз Жабборов қомусий олим Аҳмад Фарғонийнинг талабалик йилларидан то Мисрга бориб Нил дарёсига тўғон қуриш давригача бўлган кечмишларини кўпроқ лирик тонда, ўрни билан ижтимоий конфликтлар марказида тасвирлаб, қаҳрамонона-романтик образини чизса, Усмон Қўчқор Имом Бухорийнинг айни етуклик палласини қаламга олиб, унинг Нишопурдан Бухорога қайтиши воқеаларини, она юртидаги ҳаёти лавҳаларини фалсафий-психологик ёндашув асосида акс эттиради28. Маълумки, истиқлол йилларида диний қадриятларимиз, узоқ асрлик миллий анаъаларимизни тикланиши Ислом дунёсининг улуғ намояндалари ҳақида асарлар яратишга кенг имкониятлар яратди. Шу нуқтаи назардан Ж.Жабборовнинг “Аҳмад Фарғоний”, У.Қўчқорнинг “Имом Бухорий” шеърий драмалари дунё юзини кўрди. Бинобарин, Ш.Ризаев бу асарларнинг лирик руҳини таъминлаган ва жанр табиатини белгилаган уч жиҳатни: воқеликни фалсафий-лирик услубда идрок этиш, қаҳрамонона-романтик образ яратиш, фалсафий-психологик ёндашувни тўғри қайд этади.
Адабиётшунос И.Жабборов халқ шоири А.Орипов ижодига тўхталар экан, “Соҳибқирон” драмаси ҳақида шундай ёзади: “Соҳибқирон” шеърий драмасида А.Орипов бадиий нигоҳи туркий улус ўтмиши, буюк сиймоларининг тақдири орқали бугуннинг ижтимоий-фалсафий, маънавий-ахлоқий масалаларига жавоб излашга қаратилди. Шеърлари, достонлари ва шеърий драмасида Ватанимиз тарихига мурожаат этар экан, шоир олис мозий нафасини бугунги кунларимизга олиб бўлади. Шу маънода унинг мозийга бағишланган асарлари адабий-бадиий аҳамият касб этиб қолмасдан, илмий-тарихий қимматга ҳам эгадир”29. Бунда “Соҳибқирон” асарининг жанр табиати эмас, балки драмада тарихий мавзу, аниқроғи, Амир Темур бадиий гавдалантирилиши масаласи ёритилган.
Адабиётшунос Г.Сатторова эса И.Мирзонинг “Самарқанд сайқали” шеърий драмасини таҳлил қилар экан, ёзади: “Драмада устувор йўналиш – шеър санъатининг барқ уриши, шоир камолоти, маънавий гўзалликлар салтанатда адолат ва виждон ҳукмронлиги натижасида гуллаб-яшнашига алоҳида урғу берилади. Тарихий воқеалар нуқтаи назаридан қаралса, улуғ Амир Темур салтанати даврида яшнаган илм-фан ва санъат маърифатли ва доно кишилар томонидан ҳар доим ҳимояга олинганини ва уларнинг ривожланишига алоҳида эътибор берилганлигини кўрамиз. Алишер Навоий, Аҳмад Ҳожибек, Абу Лайс Самарқандий тимсолидаги маънавият тақдирида ҳаётбахш ўзгаришлар рўй беради: султон Ҳусайн Бойқаронинг салтанат тахтига келиши билан “тақдирнинг чирпирак шамоллари” тинади. Бу хушхабар нафақат Алишер Навоийнинг, балки бутун ўлка илму маърифатининг тараққиётида улкан мужда каби жаранглайди. Илм ва санъат кишилари энди адолатли ҳимоя остида бўлишидан дарак беради”30. Кўринадики, адабиётшунос И.Мирзонинг “Самарқанд сайқали” драмаси асосини ташкил этувчи тарихий воқелик, ундаги образлар тизими ҳақида фикр билдиради. Ўз юртидан “нима сабабдандир ихрож қилинган” (Бобур) улуғ Алишер Навоийнинг Самарқандда яшаган йиллари қаламга олинган бу асар Ватанимиз кўҳна тарихининг бир муҳим бўлаги сифатида тасвир этилгани Иқбол Мирзо бадиий кредосини белгилаган, дейиш мумкин.
Кўринадики, ўзбек адабиётшунослигида шеърий драмага оид фикр ва қарашлар драма тадқиқига бағишланган катта-кичик ишларда ўз ифодасини топган. Шу таҳлиллар асосида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:
Do'stlaringiz bilan baham: |