Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
шеърий драма композициясида диалог ва монологнинг бадиий вазифалари очиб берилган;
шеърий драмада лиро-эпик тасвир имкониятлари ёритилган;
шеърий драманинг мавзувий кўламдорлиги, бадиияти, услубий ўзига хослиги, бадиий тили билан боғлиқ хусусиятлар очиб берилган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги. Қўйилган масаланинг аниқлиги, чиқарилган хулосаларнинг кўпроқ қиёсий-тарихий таҳлил усули билан асослангани, шеърий драма жанрини ёритишда ишончли назарий манбалардан фойдаланилган ҳолда талқин ва таҳлил этилгани билан белгиланади.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти адабиётда жанрлар назарияси, шеърий драма табиати масаласини ўрганишда, замонавий ўзбек драматургиясининг тараққиёт тамойилларини таҳлил этишда, ўзбек адабиётшунослигининг ривожланиш қонуниятларини ўрганишда фойдаланиш мумкинлиги билан изоҳланади.
Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти олий таълим муассасаларининг ўзбек тили ва адабиёти, журналистика, ўзбек филологияси факультетларида “Адабиётшунослик назарияси”, “Янги ўзбек адабиёти”, “Истиқлол даври ўзбек адабиёти” “Ҳозирги адабий жараён” фанларидан маъруза, махсус курс ва семинарлар ўтишда, шунингдек, ўрта махсус таълим муассасалари, ўрта таълим мактабларида адабиёт дарсларини ўқитишда фойдаланиш мумкинлиги билан белгиланади.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ХХ асар ўзбек адабиётида шеърий драманинг шаклланиши ва тараққиёти бўйича олинган натижалар асосида:
шеърий драманинг шаклланиши, генезиси Шарқ адабиётидаги мунозара жанри, Алишер Навоийнинг “Хамса” достони таркибидан ўрин олган мунозара мазмунидаги шеърларга бориб туташиши, замонавий адабиётда бадиий такомил топган шеърий драмага хос романтиклик хусусияти адабий-тарихий жараён, Алишер Навоий “Хамса”си таркибидаги “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр” достонлари билан алоқадорликда намоён бўлганлиги, маснавий шаклига хос эпиклик шеърий драма жанридаги Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”, А.Ориповнинг “Соҳибқирон” сингари асарларида кузатилганлиги каби боғлиқ масалалар тадқиқида 2012-2016 йилларга мўлжалланган ФА-Ф1-Г039 рақамли «Алишер Навоий (2 жилдлик) ва Абдулла Қодирий қомусларини яратиш» номли фундаментал илмий лойиҳада фойдаланилган (ЎзР ФАнинг сонли маълумотномаси). Натижада юқорида кўрсатилган лойиҳа тадқиқот материаллари асосида бойитилган;
ХХ аср ўзбек шеърий драмалари назм ва драма унсурлари синтезининг ҳосиласи ўлароқ юзага келганлиги, бу хусусият жанр такомилида, поэтикасида акс этаётганлиги, бунда Шарқ ва Ғарб анъаналарининг уйғунлашиб бораётганлиги Э.Воҳидов, А.Орипов, У.Қўчқор, И.Мирзо каби ўнга яқин ижодкорларнинг асарлари мисолида ўз илмий тасдиғини топиши сингари масалаларни ёритишда 2012-2016 йилларда бажарилган Ф-1-06 “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг сонли маълумотномаси). Натижада ХХ аср ўзбек адабиётида шеърий драмаларнинг шаклланиши ва бадиий тараққиёт хусусиятлари, илмий-назарий асослари қиёсий-типологик аспектда текширилиб, уларда адабий таъсир ва бадиий синтез масалалари ёритилган;
тадқиқот материалларидан Бухоро Вилоят Телерадиокомпаниясида “Адабий муҳит”, “Саккизинчи мўъжиза” кўрсатувларининг 2020 йил апрель ва июнь сонидаги сценарийсини тайёрлашда унумли фойдаланилган ҳолда мустақил тадқиқотчи билан бевосита суҳбат олиб борилган. Кўрсатувда замонавий адабиётшунослик муаммолари ва уларнинг ечими мақсадида келтирилган ушбу фикр ва қарашлардан фойдаланилган (Бухоро Вилоят Телерадиокомпаниясининг 2020 йил 14 августдаги №1/195-сонли маълумотномаси). Натижада ушбу кўрсатувлар орқали мухлисларнинг Фитрат, У.Носир, Ҳ.Олимжон, М.Шайхзода, Э.Воҳидов, А.Орипов, У.Қўчқор, И.Мирзо каби ўнга яқин ижодкорларнинг шеърий драмалари, сўнгги йилларда театр санъатининг ривожига ҳисса қўшаётган драматургларимиз ҳақидаги маълумотларини кенгайтиришга ва бойитишга эришилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |