Хоразм воҳасининг минтақавий жойлашув ўрни унинг қадим замонлардан қўшни ҳудудлар аҳолиси, хусусан кўчманчи қабилалар вакиллари билан олди-сотди алоқаларини доимий равишда амалга оширишга имкон яратган.
XI-XII асрларда Хоразмнинг ташқи савдо-сотиқ муносабатларида Эрон, Волгабўйи, Ҳиндистон ва Жанубий Рус князликлари асосий ўринни эгаллаган. Хитой ва Мўғулистон билан алоқалар ҳам анча ривожланган. Хоразм савдогарларининг мўғуллар ерлари ва Хитойда ҳурмат билан қабул қилингани рамзи сифатида уларга оқ наматдан чодир қуриб берилган[1]. Археологик тадқиқотлар давомида Хоразмдан Хитой чинни идишлари парчалари топилиши икки томонлама муносабатларнинг давом этганлигини тасдиқлайди.
Кўчманчилар билан бўлган савдо алоқалари Хоразм воҳасидаги шаҳарларда бозорларнинг кенгайиши, ҳунармандчиликнинг ривожланишига туртки берган. “Ўрта Осиё ҳаётида кўчманчилар билан бўладиган савдо Шарқий Европа билан олиб борадиган савдо муносабатларидан кам роль ўйнамаган”, -деб ёзганди таниқли олим А.Ю.Якубовский. – “Бутун бир Хоразм иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан фақат Шарқий Европа билан бўлган савдо таъсирида эмас, балки кўчманчи туркман ва ўғуз даштлари билан бўлган савдо орқали ҳам ўсган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, шу давр Ўрта Осиё йирик шаҳарларидан бири Шимолий Хоразм пойтахти – Урганч ўзининг асосий бойлигини ўша кўрсатилган кўчманчилар билан бўлган савдо алоқалари орқали тўплаганки, кўчманчилар Урганч бозорларига чорва моллари, жун ва тери олиб келиб, унинг эвазига шоли, нон, газламалар ва металл буюмлар олиб кетганлар”[2].
X асрдаёқ машҳур ал-Истаҳрий: “Хоразмликларнинг мамлакатида олтин йўқ, кумуш конлари йўқ, қимматбаҳо тошлар тўғрисида эса сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бойликнинг катта қисмини турклар билан савдодан ва мол боқиб кўпайтиришдан топадилар”[3], -деб ёзганди.
Айниқса, Хоразмнинг Устюрт, Оролбўйи ҳудудлари билан, яъни кўчманчилар билан яқин бўлган шимолий қисмидаги шаҳарлар, хусусан, Урганчнинг бойлиги ва имкониятлари ортиб борди. Мазкур илмий муаммони ўрганишга эътибор берган академик В.В.Бартольд: “Хоразм ўз бойликларини ислом даврида янада тараққий қилган кўчманчилар билан бўладиган савдо алоқалари орқалигина орттирган. Бу савдо асосан Хоразмнинг шимолида жамланган эди”[4], -деб ёзганди.
Хоразмнинг ташқи савдо-сотиқ муносабатларида Сирдарё бўйларида шаклланган янги уруғ-қабилалар, хусусан, қадимги сак-массагетлар авлодлари билан қўшилган туркий халқлардан пайдо бўлган ўғузлар муҳим роль ўйнай бошлаганлар. Ўғузларнинг асосий қисми Сирдарёнинг қуйи ва ўрта оқими ҳамда шарқий ва шимоли-шарқий Орол бўйига ёндашган кенг яйловларда яшаган. IX аср охирларида Сирдарё ҳавзаси ҳамда Орол денгизи бўйларида ўғузларнинг маркази Янгикент шаҳри бўлган ҳудудларда дастлабки давлати вужудга келди. Ўғузлар қисқа вақт оралиғида Каспий денгизининг шимоли-шарқидан то Эмба дарёсигача бўлган Устюрт ва унинг атрофларида кўчманчилик қилувчи бижанакларнинг бир қисмини ўз давлатига бўйсундирдилар. Бунгача бижанакларнинг иккинчи қисми эса ўғузлар тазйиқи натижасида жанубий Рус даштларига кўчиб келиб, печенеглар номини олганди.
Хоразм савдогарлари кўчманчилар яшайдиган ҳудудлар ва уларнинг шаҳари аҳолисига асосан, қимматбаҳо ип ва ипак матолар, уй-рўзғор буюмлари, қурол-яроғлар олиб бориб сотганлар. Холижон деган жойдан эса кўп миқдорда балиқ овланиб, у ҳам кўчманчиларга сотиш учун олиб борилган[5].
Хоразмнинг Сирдарёнинг қуйи оқими ҳавзаси ва Орол бўйи кўчманчилари билан савдо-сотиқ алоқалари асосан, 3 та савдо йўли орқали амалга оширилган. Биринчи йўл – Хоразмнинг марказий шаҳарларидан бошланиб, Орол денгизини ёқалаб шимоли-шарқ томондаги ўғузларнинг пойтахти янгикент ва Жанд шаҳарларига олиб борган. Иккинчи йўл – Бельтов қирлари жанубидан ўтиб, Жанидарё бўйларидан ўғузларнинг Сиғноқ, Ашанас, Сарлитомқалъа шаҳарларига етиб борган. Учинчи йўл- Устюрт қирлари орқали ўтиб, бижанаклар, қипчоқлар, ўғузлар яшайдиган ҳудудларга қараб кетган. Араб-форс манбаларида Замжон ёки “Боб ат-турк” – “Турклар дарвозаси” работидан бошланади, деб кўрсатилган учинчи карвон йўли - Шарқий Европага мол олиб кетаётган ва Хоразмга келаётган савдогарлар учун жуда серқатнов бўлган.
Хоразмнинг шимоли ғарбида кўчманчилар билан олиб борилган савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайиб бориши карвонлар ўтадиган йўлларнинг хавфсизлигини таъминлашни талаб қиларди. Археологик тадқиқотлар вақтида жуда кўплаб соқчилик миноралари, карвонсаройлар, аҳоли манзилгоҳларининг топилиши ва ўрганилиши Устюрт минораларининг қандай мақсадда қурилгани ва қайси муҳим вазифани бажарган деган мунозарали масалага ечим топилган. Ушбу миноралар Шарқий Европа ва кўчманчилар билан бўладиган савдо йўлларида турли хил масофада, қирлар устидаги баландликларда жойлашган. Ўз вақтида С.П.Толстов бу минораларни кўчманчилар ҳужумидан воқиф қилувчи сигнал маёқлари вазифасини бажарган, деган фикрни билдирган[6].
Устюртнинг Шарқий қисми қирларидаги миноралар миноралар ўз жойлашув ўрнига кўра кўпроқ, савдо карвонларининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилган. Уларнинг аксарияти Амударё ирмоқлари бўйлаб жойлашганки, натижада сузувчи кемалар учун ўз йўналишларини тўғри белгилаб олиш имконияти яратилган.. Бу минораларнинг Устюрт қирларининг анча қияроқ, кўтарилиш учун қулай бўлган бўлган баландликларида жойлашганлиги эса карвонларнинг ана шу қулай жойларга қараб ҳаракат қилишига кўмаклашган.
Хуллас, Устюрт орқали ўтган карвон йўлларидаги турли-туман карвонсаройлар, миноралар, сардобалар ва аҳоли яшайдиган манзилгоҳлар қолдиқлари Хоразмнинг Шарқий Европа, айниқса, кўчманчилар дунёси билан бўлган савдо-сотиқ алоқаларининг ўрта асрларда анча ривожланганлигини кўрсатади.
Хоразмшоҳлар сарҳадларида карвон йўллари яхши қўриқлангани учун ички ва ташқи савдо жуда ривожланган. Бозорлардаги нарх-наво, маҳсулотларнинг сифати, тош-тарозининг аҳволи қаттиқ назорат остига олинган. Карвон йўлларидаги тўхташ жойларида янги сув ҳавзалари қурилган ва аввалдан мавжуд бўлганлари қайта таъмирланган. Катта карвонларни қўриқлаб боришга, ҳатто хоразмшоҳнинг шахсий паҳлавонлари ҳам жалб этилган. Хоразмшоҳ Такаш савдогарларнинг хоразмликми, туркми, хорижликми – кимлигидан қатъий назар ҳаммага бир хил, адолатли муносабатда бўлиш, уларнинг олди-сотди ишларига тўсқинлик қилмаслик, йўллар хавфсизлигини таъминлаш, мол ва ҳаётига турли тажовуз ва суъиқасдларнинг олдини олиш тўғрисида фармон чиқарган[7].
XII аср ўрталаридан - XIII аср ўрталаригача бўлган давр, ҳақиқатан ҳам, Хоразм савдо марказларининг энг гуллаб яшнаган даври ҳисобланади. Ануштагин - Хоразмшоҳларнинг сўнгги ҳукмдорларидан бири – Алоуддин Муҳаммад (1200-1220 йй.) даврида Хоразм давлати тараққиётининг энг юқори чўққисига чиққан бўлиб, ҳудудий ва ҳарбий жиҳатдан дунёда тенги йўқ қудратли давлат эди. Хоразмшоҳлар давлатига 27 та ҳокимликдан ташкил топган бўлиб, ташқаридан назар солгандагина у буюк империя сифатида енгилмас куч-қудратга эга салтанатдек туюларди. Аммо давлатнинг ички ҳаётидаги кўчманчи турк қабилаларидан иборат улкан армия лашкарбошилари, қабила сардорлари ва маҳаллий зодагонлар ўртасида бошланган очиқ ва хуфёна сиёсий кураш мамлакатни ҳалокат ёқасига келтириб қўйганди.
Натижада Хоразм мўғуллар ҳужумига дош бера олмади. Мўғуллар босқини натижасида Хоразмдаги савдо-сотиқ муносабатлари инқироз ҳолатига тушиб қолди. Тоҳирия, Дарҳон, Жигарбаннд, Садвар, Кардаронхос, Совкон, Ардашушмисан, Нузвор, Гулдурсун, Шўрохон, Норинжон, Қаватқалъа, Миздаҳқон, Кердор каби савдо йўлидаги шаҳар ва қалъалар абадий харобазорларга айланиб қолди.
Вақт ўтиши билан Хоразм шаҳар ва қишлоқларидаги ҳаёт яна жонлана бошлади. Солиқ ва ўлпонлар ҳажмини оширишга интилган мўғуллар Хоразмдаги аҳоли сонини оширишдан мафаатдорлигини яширмадилар. Мўғул хоқони Ўгадойхон (1229-1239 йй.) буйруғи билан Мўғулистондаги хоразмлик асирларнинг бир қисмини ўз юртига қайтариш ҳақида фармон берди. Мўғул империяси улуслари ўртасида иқтисодий алоқаларни кучайтириш мақсадида карвонлар ёрдамида савдо-сотиқ муносабатлари ўрнатилди. Олтин Ўртданинг Сарой Берка, Сарой Боту ва Гурганж шаҳарлари йирик савдо марказлари сифатида бутун мўғуллар империясида муҳим роль ўйнай бошладилар. Хоразмнинг Волгабўйлари ва Шарқий Европа билан савдо муносабатлари жонланишида айниқса Гурганж шаҳарларининг ўрни муҳим эди. Йирик савдо-ҳунармандчилик ҳамда маданий марказ сифатида шаҳар аста-секин букилган қаддини тиклай бошлади. XIII-XIV асрлардаги Урганч шаҳри майдонининг катталиги ва унда мавжуд бўлган иморатлар излари, маданий қатламнинг миқдори ва қалинлиги шаҳарнинг иқтисодий кўтарилиш босқичига кирганидан далолат беради.
Олтин Ўрда даврида қайтадан тикланган Урганч шаҳри Буюк ипак йўлининг шимолий тармоғидаги Волга бўйи, Дашти Қипчоқ ва Шарқий Европа мамлакатлари билан боғловчи асосий марказ сифатида яна муҳим аҳамият касб этган. Ибн ал-Асир маълумотларига кўра, Жебе ва Субутой нўён бошлиқ мўғул қўшинлари юриши даврида тўхтаган Дашти Қипчоқ билан боғловчи карвон йўли Олтин Ўрда даврида яна қайтадан ишлай бошлади[8]. Худди шу даврда Марказий Осиёни Хитой ва Ҳиндистон билан боғловчи Буюк Ипак йщлининг жанубий тармоғи ҳам тикланганлигини ёзма манбалар билан бир қаторда археологик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.
XIV аср бошларида Олтин Ўрда таркибига кирган шимолий Хоразмнинг Урганч, Миздаҳқон каби шаҳарлари қаторида турган йирик савдо-ҳунармандчилик марказларидан бири сифатида тикланган Устюртнинг жануби-шарқида жойлашган Шемахқалъанинг роли орта борди.
Хоразмнинг Россия ва Шарқий Европа билан савдо-сотиқ алоқаларида
“Байт ул-ҳикма”да таржимонлик
Уйғониш даври маданиятининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлиб, дунёвий маърифатга интилиш, бу йўлда ўтмиш ва қўшни мамлакатларнинг маданияти ютуқларидан кенг фойдаланиш, айниқса табиий-фалсафий, ижтимоий илмларни ривожлантирди. Бу даврда илм-фанга қизиқиш, айниқса, Аббосийларлар даврида кучайди.
Аббосийлар – араб халифалари сулоласи (750-1258 йй.) Муҳаммад (сав)нинг амакилари Аббос авлодлари. Абу Муслим ҳаракати натижасида ҳокимият тепасига келган. Дастлабки пойтахт – Куфа шаҳри бўлган. “Саффоҳ” (“Хунрез”) лақаби билан машҳур бўлган Абул-Аббос Абдуллоҳ сулоланинг биринчи халифаси эди. Иккинчи халифа Саффоҳнинг укаси Абу Жаъфар Мансур (754-775 йй.) Бағдод шаҳрига асос солиб, пойтахтни шу ерга кўчиради. Аббосийлар ҳукмронлигининг дастлабки даврида савдо-сотиқ ривожланади. Бағдод Шарқнинг йирик савдо марказига айланади, илм-фан равнақ топиб, фалсафа, математика, тиббиёт ва бошқа фанларга оид кўплаб асарлар яратилади. Андалусия (Испания)дан ташқари бутун мусулмон мамлакатлари – Мағрибдан то Мовароуннаҳргача Аббосийлар қўл остига ўтади. Бу халфаликнинг иқтисодий негизи, сиёсий ва ҳарбий қудратини мустаҳкамлади. Айниқса, Ҳорун ар-Рашид ва унинг ўғли Маъмун даври Аббосийлар сулоласининг гуллаган даври эди[9].
Уммавийлар ҳукмронлиги даврида диний илмлар ва араб тилига катта эътибор берилган бўлса, Аббосийлар даврига келиб, табиий фанлар ва улар билан шуғулланишга қизиқиш кучайди. Қатор давлатлар босиб олиниб, катта ҳудудга эга халифалик ташкил этилганидан сўнг бу салтанат таркибидаги ва унга узоқ-яқин қўшни давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, тижорат соҳасидаги алоқалар блан бир қаторда илмий ва маданий алмашинувлар ҳам кўпайди. Биз бу йўналшдаги алоқаларни Юнон, Эрон, Ҳинд, Рум, Ўрта Осиё, Миср, Хитой ва бошқа қадимий цивилизацияга эга мамлакатлар билан бўлган ўзаро муносабатларда кузатишимиз мумкин. Натижада, ушбу халқлар фани маданиятига оид улкан мерос араб тилига таржима қилинади.
Араб халифалиги маркази Бағдодда ташкил топган “Байт ул-ҳикма” (“Донишмандлар уйи”)да фаолият кўрсатган, марказий осиёлик донишмандлар асосан илмий иш, тадқиқотлар олиб бориш, бебаҳо асарлар ёзиш билан бир қаторда сурёний, қибтий, санскрит, юнон, лотин ва бошқа қадимий тилларда ёзилган ноёб асарларни арабчага таржима ҳам қилганлар. Таржима қилиниб нашр этилган асарлар ислом цивилизациясига қўшилган буюк ҳисса бўлиш бир қаторда Европада кейинчалик рўй берган кескин маданий юксалишга – Уйғонишга ҳам замин бўлиб хизмат қилган[10].
Муҳаммад Хоразмий халифа Маъмун даврида (813-833 йй.) “Байт ул-ҳикма”да жуда бой кутубхонага бошчилик қилган. Кутубхонада ҳинд, юнон, сурёний, араб, форс тилларида 400 000 жилд қўлёма сақланганх. Хоразмий ўша китоблардан фойдаланиб, ҳинд усулида илми ҳайъат (астрономия)га оид “Зижи Хоразмий” асарини ёзган[1].
Таржима ишларида турли мамлакатлардан келган олимлар жумладан, Туркистон олимларидан Аҳмад ал-Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Аббос ибн Саид Жавҳарий ва Аҳмад ибн Абдуллоҳ Марвазийлар қатнашган. Бу ерда олимлар чет тилидаги мураккаб тушунчаларни беришга қодир араб атамашунослигини яратишга ва уни бойтишга катта ҳисса қўшдилар.
Ал-Маъмун “Байт ул-ҳикма”га алоҳида эътибор берди. Илмий муҳит ривожланиб, юнон асарларини араб тилига ўгириш, шарҳлаш билан биргаликда янги асарлар ёзилди. Ал-Маъмун юнон ва бошқа тилдаги китобларни араб тилига таржима қилган олимларга хизмат ҳақи эвазига таржима қилинган китоб вазнида олтин берган, табиийки, бу рағбатлантриш таржимонлик фаолиятига катта туртки берган. Ал-Маъмуннинг бевосита иштирокида Рум, Эрон, Марвдан “Байт ул-ҳикма”га катта миқдорда китоблар келтирилган.
Таржимонлик ишлари гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилган. Моҳиятан, аввалига кутубхона сифатида бунёд бўлган “Байт ул-ҳикма” кўп вақт ўтмай, у ерда жамламланган китобларни араб тилига таржима қилиш марказига айланди. Кейинчалик эса у марказ теварагида ўз даврининг энг йирик олим ва таржимонлари тўпланиб ижод қилдилар.
Мутахассисларннг фикрича, уларнинг ўзагини Мовароуннаҳр ва Хуросон олимлари ташкил этган. Айни пайтда бу масканда бир томондан, юнон, ҳинд ва форс тиллардаги кўплаб нодир асарларнинг жамлангани, иккинчи томондан, жамланган китобларнинг энг ноёблари танлаб олиниб, араб тилига ўгирилгани ҳамда муомалага киритилиши, учинчи томондан эса, муҳим асарларни яратган таниқли олимларнинг “Байт ул-ҳикма”да тўплангани, уни ўрта асрларнинг энг машҳур илмий даргоҳга айлангани эътиборга моликдир.
“Байт ул-ҳикма” таъсис этилган илк даврларда унинг асосий вазифаси қўшни давлатлардан келтирилган қадимги юнон, форс ва ҳинд тилларидаги турли асарларни сақлаш, жамлаш ва уларни кўпайтиришдан иборат бўлганини кўрсатади. Китоблар Бағдодда жамлангандан сўнг табиийки, уларнинг мазмунини билиш ва тушунишга эҳтиёж туғилади. Бу эса келтирилган китобларни араб тилига ўгришни тақозо этарди. Шу тариқа “Байт ул-ҳикма”да энг долзарб масала хорижий тиллардаги китобларни араб тилига ўгириш ва уларда кўрсатилган натижаларни тажрибалар орқали қайтадан текшириб чиқиш эди. Табиийки, бунинг учун турли тилларни биладиган, юқори малакали таржимонлар гуруҳи керак бўларди. Шу боис Бағдод ҳокимлари турли мамлакатлардан араб ва бошқа қадимий тилларни биладиган мутахассисларни “Байт ул-ҳикма”га таклиф эта бошладилар ва уларга таржима ишлари учун катта маош тайинладилар.
“Байт ул-ҳикма”даги дастлабки таржимонларнинг аксари қўшни мамлакатлардан таклиф этилган насроний, мажусий, яҳудий, ҳинд ва мусулмонлар бўлган. Уларнинг кўпчилиги нафақат оддий таржимон балки, ўз соҳасининг етук билимдонлари ва олимлари эди.
“Байт ул-ҳикма”да таржима ва шарҳлаш ишларидан ташқари, ўзларининг нодир асарларини ёзиш баробарида илмий изланишлар ҳам олиб борганлар. Бу билан унинг илк ташкил этилган вақтдаги қўлёзмаларни сақлаш ва таржима қилиш вазифаси кенгайиб, улар дорасига илмий-амалий тажрибалар олиб бориш ҳамда шу тажриба натижаларга асосланган фундаментал асарларни ёзиш масъулияти ҳам қўшилди.
Ўрта аср Шарқ халқлари фани ва маданияти тарихга оид илк библиографик асар “Китоб ал-фихрист”нинг муаллифи Ибн ан-Надим юнон олими Евклиднинг “Негизлар” номли китоби ҳақида гапирар экан, унга ёзилган шарҳлардан бирини ал-Жавҳарий битган, деб маълумот берган. Бундан ташқари, ал-Жавҳарий “Негизлар китобини ислоҳ қилиш” асарининг ҳам муаллифидир[11].
Юқоридаги мисолдан кўриниб турибдики, “Байт ул-ҳикма”даги таржимонлар ўзга тилдаги китобларни нафақат таржима қилишган, балки уларга шарҳлар ёзиб, янги китоблар ҳам яратганлар, бу эса кейинчалик янги фанларга асос бўлган.
Ўша даврдаги ажнабий тилларидан араб тилига ўгирилган асосий китобларни тарихчи Журжи Зайдонинг “Ислом цивилизацияси тарихи” китоби[12] ва бошқа манбалар асосида келтирамиз. Бу асарлар Ибн ан-Надимнинг “ал-Фихрист”, Ибн Аби Усайбиъанинг “Табақат ал-атибба”, Ибн ал-Қифтийнинг “Ихбар ал-улама”, Ҳожи Халифанинг “Кашф аз-зунун” ва бошқа манбалар асосида жамланган. Табиийки, ҳозирда уларнинг аксари йўқолиб кетган, манбаларда бу китобларнинг фақатгина номлари ёки улар ҳақидаги қисқа парчалар сақланган, холос. Мазкур рўйхатга киритилган асарлар ўрта асрлар фани ривожига катта таъсир кўрсатган.
“Байт ул-ҳикма”да юнон тилидан араб тилига таржима қилинган асарлар.
Фалсафий ва адабий асарлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |