Афлотун (Платон) қаламига мансуб китоблар. Европада Платон номи билан машҳур бўлиб, милоддан аввалги 428-348 йиллари яшаган юнонистонлик йирик файласуф ва математик. Суқротнинг шогирди. Милоддан аввалги 380 йилларда Афина яқинидаги Академия номли бир боғни сотиб олади (бу ном шу ерлик афсонавий қаҳрамон Академ шарафига берилган) ва бу боғда ўзининг Платон академияси деб аталган фалсафий мактаб (академия)га асос солади. Академия Афинада деярли 1000 йил фаолият кўрсатади. Унда Аристотель ҳам ўқиган. Академияда фақат фалсафадан эмас, геометрия, астрономия, география, зоология ва ботаникадан ҳам таълим берилар эди[1].
Унинг “Сиёсат китоби” (“Китаб ас-сийаса”) - Ҳунайн б. Исҳоқ таржима қилган. Ушбу номдаги яна икки, яъни “Бошқариш ишлари учун сиёсат китоби” (“Китаб ас-сийаса фи тадбир ар-риаса”) ва “Шаҳарлар хусусида сиёсат” (“Китаб ас-сийасат ал-мудун”) рисолалари ҳам Афлотунга тегишли экани маълум.
Яҳё б. Адий томонидан қуйидаги китоблар таржима қилинган: “Муносабатлар китоби” (“Китаб ал-мунасабат”), “Афлотуннинг Ақротунга ёзган китоби” (“Китаб Афлатун ила Ақратун”), “Ҳиссиёт ва лаззат китоби” (“Китаб ал-хисс ва ал-лазза”) ва “Қонунлар китоби” (“Китаб навамис”) - Ҳунайн б. Исҳоқ ва Яҳё б. Адийлар таржимаси. “Тавҳид китоби” (“Китаб ат-тавҳид”) - Яҳё б. Адий таржимаси. Маълумки, ушбу номдаги рисолани машҳур олим Абу Мансур ал-Мотрудий ҳам ёзган[4].
Арасту қаламига мансуб китоблар. Европада Аристотель номи билан танилиб, милоддан аввалги 384-322 йиллари яшаб ўтган юнонистонлик машҳур файласуф ва олим. Афинада Батлимус (Платон)дан таълим олган. Милоддан аввалги 355 йили янги фалсафий мактаб – Ликейга асос солган. Александр Македонскийга устозлик қилган. Арасту ўша даврда мавжуд деярли барча фан соҳаларига оид асарлар ёзиб қолдирган.
Унинг “Категориялар” (“Қатиғурийас”), “Иборалар китоби” (“Китаб ал-ибара”), “Қиёслашнинг таҳлили” (“Таҳлил ал-қийас”) Ҳунайн б. Исҳоқ таржимаси. “Исботлаш китоби” (“Китаб ал-бурҳан”) – икки бобдан иборат бу мақолани Ҳунайн б. Исҳоқ юнон тилидан сурёнийга, Матта б. Юнус эса сурёнийдан араб тилига таржима қилган. Хожи Халифанинг кўрсатишича, ал-Форобий ҳам ушбу номда рисола ёзган[4].
“Баҳс китоби” (“Китаб ал-жадал”) - Ҳунайн б. Исҳоқ уни сурёний, Яҳё б. Адий эса араб тилига таржима қилган. Саккиз бобдан иборат бу рисолага ал-Форобий тафсир тузган. Булардан ташқари, бошқа кўплаб асарлари ҳам таржима қилинган.
Табобатга оид асарлар.
Do'stlaringiz bilan baham: |