Табобатга оид асарлар:
“Табобатга оид китоб” (“Китаб фи-т-тибб”), “Ҳинд дориларининг номлари” (“Асма ақақир ал-ҳинд”) – Канка қаламига мансуб.
“Заҳарлар ҳақида китоб” (“Китаб фи-с-сумум”) – муаллифи ҳинд олими Шанақ, Канка эса уни ҳинд тилидан форс тилига таржима қилган. Беш бобдан иборат бўлган бу рисолани ал-Маъмунга ал-Аббос ал-Жавҳарий таржима қилган[4]. Ҳожи Халифа келтирган бу маълумот ўрта осиёлик олим ал-Жавҳарийнинг таржима билан шуғулланганидан далолат беради. Биз юқорида ҳинд тилидан араб тилига таржима қилинган табобатга оид асарларнинг баъзиларинигина келтириб ўтдик, холос.
Шунингдек, фалакиёт, риёзиёт, адабиёт, тарих, мусиқа ва бошқа фанларга оид асарлар ҳам араб тилига таржима қилинган.
Демак, айтиш мумкинки, турли халқ, миллат, эътиқод, фан ва маданиятларга тегишли фалсафа, табобат, фалакиёт, риёзиёт, жуғрофия, тарих, адабиётга оид асарлар араб тилига ўгирилиб, бутун мусулмон оламининг интеллектуал мулкига айланди ҳамда Шарқ халқлари фанининг шаклланиши ва ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бу асарлар аксариятининг “Байт ул-ҳикма”да таржима қилиниши эса мазкур илм ва таржима марказининг IX-XI асрларда Шарқда юз берган маданий юксалишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бўлганини кўрсатади.
Юқорида биз тавсифлаган таржима фаолияти ва унда иштирок этган таржимонлар мероси IX-XI асрларда “Байт ул-ҳикма” илмий юксалишининг том маънодаги ибтидоси эканини англатади. Ажнабий, хусусан, юнон, ҳинд, форс ва бошқа тиллардаги асарларни қидириб топиш, уларни “Байт ул-ҳикма”да жамлаш, таржима қилиш, улар билан танишиш мусулмон оламида янги асарлар ва кашфиётлар яратилишига сабаб бўлди. Мусулмон, насроний, сурёний, яҳудий, мажусий, собий ва бошқа таржимонлар турли цивилизацияларга мансуб асарларни араб тилига ўгиришда асосий хизматни ўз зиммаларига олиб, бир тан бир жон бўлиб ҳаракат қилдилар. Араб тилига ўгирилган асарлар фақат сўзма-сўз таржималар бўлиб қолмай, балки Шарқ муаллифларининг шахсий тажрибалари, ижтимоий муносабатлари ёки танқидий қарашлари ҳисобига бойиди. Бунинг натижасида юзага чиққан янги кашфиётлар илм-фаннинг юксалишига олиб келди.
Фикримизнинг якунида, шуни таъкидлаш ўринлики, таржима фаолияти IX-XI асрлардаги маданий тараққиёт учун ўзига хос вазифани бажарди ва бу юксалишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |