Етиштириш шароитлари ва агротехник тадбирларининг уруғ сифатига таъсири. Бир экин экиб олинганидан кейин ўша жойнинг ўзига яна шу экинни уруғликка экишга йўл қўйилмайди, чунки бунда ўсимликларнинг касалланиши зўрайиб, маҳсулоти камайиб кетишидан ташқари нав биологик жиҳатдан ифлосланиши мумкин, сабаби шуки, олдинги-йилда қолиб кетган меваларнинг уруғлари униб чиқиб, экинга аралашиб қолиши мумкин.
Полиз экинлари уруғчилигида дастлабки уруғ материалининг сифатига катга аҳамият берилади. Элита экинлари учун фақат 1-нав тоифасига мансуб уруғлардан, уруғчилик хўжаликларидаги навли экинлар учун эса, камида 2-тоифага мансуб уруғлардан фойдаланилади.
Уруғликка экилган полиз экинларини парвариш қилишда ўғитлардан тўғри фойдаланиш алоҳида аҳамиятга эга. Озиқа сифатида экиладиган экинларга фосфорли ва калийли ўғитларнинг тавсия этиладиган дозалари уруғчилик экинларида оширишлари керак. Азот дозасини ўзгартирмасдан фосфор дозасини тавсия этиладиган миқдорга қараганда икки баравар (240 кг/га гача етказиб) ва калий дозасини бир ярим баравар (100 кг/га гача) кўпайтириб, азот, фосфор ва калий 1:2:0,75 нисбатда ишлатилганида уруғларнинг маҳсулотдорлиги 30% га ошиб, экинбоплик ва маҳсулот бериш сифатлари яхшиланади. Уруғликка экилган экинларга органик ўғитларни ишлатиш алоҳида аҳамиятга эга. Тўла-тўкис тахт қилиб қўйилган минерал ўғитларга 20 т/га ҳисобидан гўнг қўшиш полиз экинларининг уруғ маҳсулдорлигини 13-14% га оширади.
Уруғликка экилган ўсимликларнинг озиқланиш майдони озиқага ишлатиладиган экинларнинг озиқланиш майдонидан кам бўлмаслиги керак. Қовун билан қовоқ учун ўсимликлар қатор орасидаги масофа 90 см ни ташкил этиши лозим. Ўсимликларнинг уруғ маҳсулдорлигини ошириш ва уруғларнинг экинбоплик ҳамда маҳсулот бериш сифатларини яхшилаш учун ўсимликлар қулай экологик шароитларда парвариш қилиб борилади.
Уруғлик меваларни йиғиш муддатлари ва усуллари. Қовоқ мевалари, кечпишар қовун ва тарвуз мевалари маҳсулотининг асосий қисми етилган маҳалда, тезпишар тарвуз ва кўпгина нав қовун мевалари эса етилган сайин, бир неча марта узилади. Меваларни узиш муддатлари уларнинг етилганини кўрсатадиган ташқи белгиларига қараб аниқланади. Уруғлик учун: тезпишар қовун навларида биринчи ва иккинчи йиғимда узилган мевалар ўртапишар қовун ва эртаги ҳамда ўртапишар тарвуз навларида - иккинчи ва учинчи йиғимда узилган мевалар олинади.
Ўзбекистоннинг қуруқ ва иссиқ иқлим шароитларида полиз экинларининг уруғлик меваларини узиш муддатларини уларнинг етилганини ташқи аломатларига кўра, намлигига қараб белгилаш керак.
Озиқага ишлатиладиган полиз экинлари меваларини йиғиштиришда қандай механизатсия воситалари ишлатиладиган бўлса, уруғлик меваларини йиғиштириб олишда ҳам ўша воситаларнинг ўзи қўлланилади. Бу иш икки босқичда ўтказилади: аввал полиз экинлари меваларини терувчи УПВ-8 маркали мослама ёрдамида мевалар узилиб, уюм қилиб йиғилади, кейин меваларни уюмлардан олиб, транспорт воситаларига ёки уруғ ажратувчи машиналарга солинади.