1.2. Тиббий нутқ ижтимоий-маданий хусусиятлари лингвистик муаммо сифатида.
Мулоқот маданияти, нотиқлик санъати ифодаларининг маданият ва санъат тушунчалари билан боғлиқ ҳолда талқин этилиши антик давр фалсафасида юзага келган дунёқарашдир. Абу Наср Форобий: “Қандай қилиб таълим бериш ва таълим олиш, фикрни қандай ифодалаш, баён этиш, қандай сўраш ва қандай жавоб бериш ҳақидаги илмларнинг энг биринчиси тил илмидир”, -дегани ҳолда, уни грамматика ва мантиқ илмларидан устун қўйиши бежиз эмас (Нурмонов, 2012:179). Абу Али Ибн Сино таъкидлаганидек: “Инсон фикрлаш жараёнида беихтиёр сўзга ва унда қўним топган маъно (тушунча)га мурожаат қилишининг боиси, тафаккур фикрни шакллантириш, грамматика тартибга солиш қудратига эга бўлса ҳам, улар ифода имкониятига эга эмас” (Сагадеев, 1980; 34). Тил (нутқ) илми мантиқ ва грамматика илмларига нисбатан бирламчилигининг боиси ҳам шундадир.
Халқимизнинг “Сўз кишининг ўзаги, одоб кишининг безаги” деган ҳикматида эса одоб-ахлоқнинг инсон хатти-ҳаракатларини бошқарувчи безак экани, нутқ одоби билан инсоннинг бошқа жонзотлардан фарқлайдиган ўзак эканига эътибор қаратишга ундайди. “Сўз оёқдан илгари борар” мақоли эса нутқ одобининг хатти-ҳаракат одобига нисбатан таъсирчанроқ қудратга эгалигига ишора қилади. Узоқ ўтмишда ва бизнинг замонамизда ҳам мулоқот маданияти, нутқ одобининг санъат даражасида эътироф этилиши гўзал ва ибратли нутқнинг инсон руҳиятига ижобий таъсири билан бирга, инсон хатти-ҳаракатида бўлгани каби мулоқотини ҳам одоб-ахлоқ, тарбия билан зийнатлашга эътибор қаратиш лозимлиги ҳам назарда тутилади.
Аввал қайд этилганидек, мулоқот жараёни суҳбатдошларнинг миллий дунёқараши, маданияти, диний эътиқоди ва тил қоидалари чегарасида (Т. ван Дейк) воқеланади. Ушбу чегара эса муайян бир жамиятда узоқ асрлар мобайнида кўплаб синовлардан ўтиб, тасдиқланган одоб-ахлоқ мезонлари, меъёрларидан ташкил топади. Асосий моҳияти келтирилган мақоллар сингари оғзаки ижод жанрларида мужассамланган ушбу мезон ва меъёрларнинг замонавий муқобиллари замонавий касбларнинг “одоб-ахлоқ кодекси” ҳисобланади. Хусусан, “Тиббиёт ходимларининг одоб-ахлоқ кодекси”нинг 3-боби 1-бандида қайд этилган: ватанпарварлик ва хизмат бурчига фидоийлик, давлат ва жамият манфаатларига содиқлик, адолатлилик, ҳалоллик ва холислик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, тиббиёт фанининг амалиёт билан бирлиги, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши, аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши, профилактика чора-тадбирларининг устуворлиги, соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши каби мезонлар (https://rkminzdrav.uz/news/5) аждодларимизнинг ҳаётий тажрибалари билан уйғундир.
Шунинг билан бирга, ушбу мезонлар дунё халқларининг кўп асрлик маданий алоқалари туфайли вужудга келган умуминсоний ахлоқ нормаларини ҳам акс эттирадики, бу талаб бошқа соҳаларга нисбатан халқаро ва универсал характерга эгалиги билан ажратиб турадиган тиббиёт соҳасида алоҳида аҳамият касб этади. Тиббиётга хос ушбу умуминсоний ва универсаллик кўрсаткичлари тиббий мулоқотда ҳам ўз аксини топади. Хусусан, мазкур соҳа вакиллари фаолиятининг “гиппократ қасами” билан мувофиқлаштирилиши, касаллик номлари ва уларнинг муолажасини ташкил қилиш усуллари, жиҳозлар ва дори-дармонларни номлайдиган тилнинг, ҳатто кийим-кечаклар умумийлиги тиббий дискурсга ўз таъсирини ўтказиши табиий.
Ушбу халқаро умумкасбий белгилар шифокорлар нутқини, айниқса, уларнинг ёзма тавсиялари моҳиятини ўзгалар томонидан тушунишни қийинлаштиргани боис, шифокорлар кўп ҳолларда ёзганларини “таржима” қилиб тушунтиришга мажбур бўлишади. Шифокор мулоқотининг ана шундай “таржимонлик” билан бирга кечиши кўплаб тиббий атаманинг халқона маънодошларини (масалан, инглиз тилида: jaundice, hypothesis, flu, animia, cold, ўзбек тилида: гипотет / сариқ касал, анимия / камқонлик, грип / шамоллаш ва б.) юзага келишига ҳам сабаб бўлган. Тиббиёт вакилларининг ушбу фаолияти уларнинг тил билан ишлаш кўникмалари ривожига ва бу орқали тиббий мулоқотни миллий-маданий характер касб этиши ва оммавийлашувида ҳам ўз таъсирини ўтказади. Ушбу мулоқот туридаги бундай оммалашув халқ тиббий маданиятининг юксалишига ҳам муҳим рол ўйнайди.
Умуман, шифокорлик касби лисоний фаол касблардан бўлиб, унинг лингвомаданий асослари юқорида қайд этилган тиббий этикани тақозо этувчи умумкасбий этикетлар ҳамда миллий-маданий мезонлар уйғунлиги орқали намоён бўлади. Ушбу уйғунлик туфайли ҳар бир тиббиёт ходимининг мулоқот имконияти касбий тажриба билан бирга руҳий муолажа (психотерапия) даражасига эга бўлиб боради. Тиббиёт ходимларининг мулоқот маданияти ва касбий этикасига хос таъсирлар инглиз файласуфи И. Бентам томонидан деонтология атамаси воситасида умумлаштирилади (https://uz.wikipedia.org/wiki/Tibbiyot_deontologiyasi).
Тиббиёт деонтологиясининг (грекча. deon – бурч, logos – таълимот) ҳозирги кундаги мақсади шифокорларнинг барча имкониятларини ишга солган ҳолда ўз бурчини садоқат билан адо этиш билан боғлиқ тиббий этикани шакллантириш бўлса, унинг таъсир доираси шифокор ва бемор, шифокор ва бемор яқинлари, устоз, шогирд ва ҳамкасблар ўртасидаги муносабатлар орқали белгиланади (Тарасенко, 2016;). А.Т. Щастный эса тиббий бурч масаласининг фалсафий, ҳуқуқий, этик ва нутқ маданияти каби фанлараро мулоқот объекти эканини эътироф этган ҳолда, соғлиқни сақлашнинг тиббий биоэтикаси ва коммуникация мавзуси остида ўрганишни маъқул кўради (Щастный и др., 2018; 31). Е.В. БРУЙ эса бу масалани кутубхоначилик соҳаси ходимларининг мулоқотидаги диантологик маданият кўламида ўрганади (Бурий, 2018).
Тиббиёт деонтологияга лингвомаданий нуқтаи назардан баҳо беришга оид ўзбек тилшунослигидаги кузатишлар Н. Ғайбуллаеванинг мақоласида ўз ифодасини топган. Унда таъкидлашича, “Тиббиёт ходимининг беморга алоҳида эътибор бериши, унинг соғлиғини тиклаш, азобини енгиллатиш учун бутун билимини сарфлаши, беморга унинг соғлиғи ҳақидаги фақат фойда келтира оладиган маълумотларни айтиши, беморнинг шифокор билан сирдош бўлишига эришиши” кабиларни таъминлаш ушбу соҳанинг асосий вазифаси ҳисобланади (Ғайбуллаева, 2019: 133-137).
Тиббиёт деонтологияси бўйича жамғарилган маълумотларни тиббий амалиётга тўғри жорий қилиш шифокор иқтидори, савияси, дунёқараши, билими ва мулоқот маданиятини оширишга ёрдам бериши билан бирга, уларнинг масъулиятли фаолиятида ўз бурчларини садоқат билан бажариш маданиятининг шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Тиббиёт деонтологиясининг марказида шифокорлар нутқий фаолияти турадики, бу ушбу касб эгалари нутқини ҳар томонлама чуқур ўрганишга ва бу орқали бемор руҳиятига самарали таъсир қилувчи малҳам, уни ўз измига буйсундирган ҳолда касаллик таъсиридан олиб чиқувчи восита ҳақида фойдали маълумотларни қўлга киритиш учун имкон туғилади.
Касбий мулоқотнинг лингвомаданий хусусиятларидан яна бири мулоқот жараёнида эмпатик ҳолат, муносабат ва вазиятнинг таъсири орқали кўзга ташланади. Миллий-маданий хусусиятлар билан боғлиқ бўлган ушбу ҳолат мулоқот қилиш билан бир вақтда ўзида суҳбатдошнинг ички дунёсига киришни назарда тутади (Have P. ten.: http://www.paultenhave.nl/Med-Bib.pdf). Бу ҳолат шифокорга беморнинг ҳиссий ҳолати билан яқиндан танишиш, унга ўхшаш ҳолатларни қиёсий таҳлил қилиш ва психологик таъсир доирасига эга тиббиёт ходими сифатида хизмат кўрсатиш имконини яратади.
Эмпатик ҳолатга керагидан ортиқ берилиб кетиш ҳам шифокорлик касбига зарарли таъсир этиши мумкин. Бу қуйидагиларда ўз аксини топади: иш куни давомида шифокор атрофидаги қайғули ҳолатлар, беморнинг жисмоний ва руҳий азоб-уқубатлари, бемор ҳис-туйғуларини ўз ҳис-туйғулари билан қоришиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, шифокор кун давомида турли характерга эга, ҳар хил ёндашув талаб қиладиган беморлар билан мулоқотга киришиши ҳам унга эмпатик ҳолатни сақлаш имконини бермайди. Шунинг учун тиббиёт ходимларида ортиқча юкланиш эҳтимоли мавжуд.
Бундай ҳиссий юкни бартараф этиш учун алоҳида мулоқот дастурлари ишлаб чиқилиши талаб қилинади. Бу психологлар билан ҳамкорлик қилиш талабини юзага келтиради. Психологик муносабатни амалга оширишда тиббиёт ходими "Мен" ни (муайян чегаралар ичида) эркин ифода этишни ўрганиши керак. Бу унга беморнинг ишончини оширади. Очиқ мулоқот учун ўзига хос ҳис-туйғулар ифодаси ("мен ифода этувчи" шаклида) билан тавсифланади. Бундай мулоқот жараёнида инсон, табиий равишда, ўзининг фикр ва ҳис-туйғуларини ифодалайди, табиий равишда ҳаракат қилади.
Тиббиёт ходимининг бу хатти-ҳаракатини бемор томонидан ҳамкорлик қилиш таклифи сифатида изоҳлаш мумкин. Бу психологик мулоқот ўрнатишнинг самарали йўли саналади. Тиббиёт ходими томонидан беморни бошқариш ва мулоқотни ўзи хоҳлаган тарзда олиб бориш имконини юзага келтиради. Очиқ бўлмаган жараёнда тиббиёт ходими ва бемор муносабати бемор манфаатлари йўлида амалга ошириш имкониятларини йўқотмайди, балки мулоқотдошлар ўртасида ишонч муҳитини яратади. Бунда бемор ўз ихтиёри билан ушбу вазиятларни назорат қилишни тиббиёт ходимига топширади.
Одатда беморлардаги баъзи қўрқувлар ўз фикрини очиқ ифодалашга тўсқинлик қилади. Бунга беморнинг касаллигини яқинлари билишидан қўрқиш, жарроҳлик амалиёти қилинишидан қўрқиш, дори-дармонларни ножўя таъсиридан қўрқиш, аёл беморни эркак шифокордан уялиши (ўзбек маданиятига хос) ва ҳоказолар. Бу қўрқувлар беморни очиқ мулоқотдан баҳраманд қилиш ва тиббий муассасаларда ўзини эркин тутиш, беморни мулоқот мақсадига ишонтиришга тўсқинлик қилиши мумкин. Шундай қилиб, беморнинг самимий бўлишини таъминлаш учун, тиббиёт ходими у билан очиқ муносабатда бўлиши, ўзидаги самимийликни кўрсатиши талаб қилинади.
Шунинг учун ҳам тилшуносликда "шахснинг нутқини ташкил этиш" билан боғлиқ оммабоп моделларидан бири бу “лисоний шахс” назарияси ҳисобланади. Кейинги йилларда лисоний шахс тушунчаси тилшунослик соҳасини ўрганишнинг деярли барча бўлимларига кириб бормокда. Жумладан, тиббий дискурсда ҳам маълум натижалар бермоқда. "Тилни ўз чегарасидан ташқарига чиқмасдан, уни яратувчиси, тил сохиби, фойдаланувчиси бўлмиш инсонга, яъни лисоний шахсга мурожаат қилмасдан ўрганиб бўлмайди" (Караулов Ю.Н., 1987; 7).
Лисоний шахс ўзини дискурсда намоён этади. Бу шахсни ўраб турган олам тўғрисидаги билимларида, уни баҳоловчи муносабатларида, тилдан фойдаланиш имкониятлари ва энг асосийси воқеликни тасвирлаш каби омилларида ўз ифодасини топади. Мазкур жиҳатлар бир томондан, шахснинг индивид сифатида тилдан фойдаланиш имкониятлари билан боғлиқ бўлса, бошқа томондан, маълум бир жамиятга тегишли бўлган жиҳатлари, шахснинг маълум вақт кечимидаги шароити, умумий маданият даражаси, мафкуравий йўналиши ва шахснинг касбига алоқадор бўлган хусусиятларда аниқланиши мумкин.
Лисоний шахс маълум ижтимоий-маданий маконда шаклланади. Шундай қилиб, дискурснинг таркибий қисмлари, кўп қирралиги ва турли туманлиги, ушбу лисоний шахснинг ўз фаолиятини ташкил этиши, режалаштириш учун ўз ақлий функцияларидан фойдаланилганлиги билан изоҳланади. Мазкур дискурс лисоний шахснинг эҳтиёжлари, ҳиссиётлари, фикрлаш қобилияти, хотираси, идроки кабиларни қамраб олади.
Маълум касбга оид дискурсда мулоқот вазияти, маълум атаманинг ўзлаштирилиши ва соҳага тегишли бўлган махсус билимлар муҳим ўрин тутади. Илмий соҳада эса махсус билимларни ўзлаштириш аҳамиятлидир (Алексеева Л.М., Мишланова С.Л., 2002; 104-105). Шу боис касбга оид дискурсда шахснинг нутқий хатти-ҳаракати инсон ҳолатига хос характерли, мунтазам ва ҳиссий жиҳатларга асосланиладиган ҳодисадир. Лисоний шахс тушунчаси кўп қиррали, кўп компонентли, тилдан фойдаланиш имкониятларининг тизимли ва тартибли тўплами, маҳорати, нутқий ифодаларни шакллантира олиш ва идрок этиш қобилияти тушунилади (Караулов Ю.Н.,1987.).
Мазкур жиҳатлар лисоний шахсга хос ўзгарувчан интенцияни амалга оширишга қодир бўлган лисоний воситаларни мазмун нуқтаи назаридан ва ифода нуқтаи назардан кўриб чиқиш лозим саналади. Э.Ф.Тарасов ижтимоий ролни шахсга хос бўлган муайян ижтимоий хусусиятлар тўплами сифатида эмас, балки муайян позицияда бўлган шахсга фаолиятни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган ҳаракатлар ва ҳуқуқларга қўйиладиган талаблар тўплами сифатида белгилайди (Тарасов Е.Ф., 1977;67-94). Шунга кўра тадқиқотчи: лавозим вазифаси, позицион вазифа, вазият тақозоси каби ижтимоий вазифанинг уч турини аниқлайди.
Вазият тақозосида бу шахснинг жинси, ёши, миллати ва бошқа доимий хусусиятларининг тўпламига (масалан, маълум бир ижтимоий қатламга, фуқароликка) тегишлилиги назарда тутилади. Шунингдек, вазият тақозоси миллий-маданий хусусиятга хос ҳодиса сифатида талқин этиш мумкин. Вазият тақозоси ифодаси тил соҳиблари томонидан ижро этиш вариантларининг миллий-маданий хосликка эгалиги билан ажралиб туради. Бу эса тилшуносликка оид фанларда эътиборни вербал ҳодисалар тадқиқига қаратилиши билан боғлиқ.
Фикримизча, мулоқот вазияти, мулоқотдошларнинг миллий-маданий хусусиятлари ва мулоқотдошларнинг эмоционал-психологик ҳолатини алоҳида ўрганиш объекти сифатида ажратиш мумкин, чунки бу ҳар қандай коммуникатив маданиятда энг кенг тарқалган ҳолатлардан биридир. Мулоқотдошларнинг хулқ-атвори ва ҳолатини ўрганишнинг энг мақбул йўли «Дўконда» ёки «Шифокор ҳузурида» каби вазиятлар доирасида олиб борилиши муҳим ўрин тутиши мумкин.
Шунинг учун ҳам коммуникатив хатти-ҳаракатлар прагмалингвистика, маданиятлараро прагматика (Юл Джордж., 1996; 38), социология, психология, антропология каби лингвистик соҳаларнинг тадқиқот объекти бўлиб келмоқда. Бунда эътибор ижтимоий соҳадаги коммуникатив компетентиликка асосий урғу берилади. Ижтимоий соҳадаги коммуникатив компетентлик қуйидагича ифодаланади: мулоқотда иштирок этиши тўғрисида хабардорлик (бошқаларга қанчалик таъсир қилади?); гуруҳлараро қарорларни қабул қилиш (индивидуал ва умумий эҳтиёжларни муҳокама қилиш, манфаатлар, маълум қоидаларнинг келишуви, келишув / тасдиқлаш ва низоларни ҳал этишга қодир ва тайёр бўлишни ривожлантириш), умумий натижалар тақдимоти; коммуникация стратегияларига эга бўлиш.
Прагмалингвистик талқинда эса ҳурмат тамойили ижтимоий муносабат тамойилидир. Ҳамкор – суҳбатдош шахсига эҳтиром мазмунидаги ушбу тамойил лисоний ва нолисоний мулоқотнинг барча турларига хосдир. (Сафаров, 2008;143). Ҳурмат тамойилига амал қилган ҳолдагина ижтимоий муносабатлар самарадорлигига эришиш мумкин, чунки «ижтимоий мувозанат ва дўстона муносабатни сақлаш» (Leech 1983: 82) мулоқотда муваффақият омилидир.
Мулоқот вазияти эса бевосита маълум ижтимоий гуруҳ, маданият учун хос бўлган норма нуқтаи назаридан баҳоланади. Норма маълум социумда қабул қилинган ижтимоий хатти-ҳаракатлар намуналарини белгилаб беради, у умумий қабул қилинган қоидалар асосида лисоний воситалар танловини бошқаради. Норма ҳурмат тамойили амалиёти учун таянч нуқтадир ва коммуникатив мақсад ифодаси шаклини белгилаб беради (Сафаров, 2008; 150-151).
Лисоний шахс маълум бир ижтимоий-маданий маконда шаклланади. Шундай қилиб, нутқ таркибининг ички тузилиши, лисоний шахсни тарбияловчи омиллар, лисоний шахс томонидан қўлланиладиган нутқ таркибий қисмининг кўп қирралиги ва турли туманлиги, лисоний шахс томонидан нутқий фаолиятни ташкил этилиши, нутқни режалаштириш, унинг ақлий функцияларидан фойдаланиш имкониятлари билан изоҳланади. Бу жараёнлар кундалик эҳтиёж, ҳис-туйғули муносабатлар, фикрлаш имкониятлари, хотирани шакллантирилганлиги, идрок этиш ва атроф-муҳитга эътибор беришда намоён бўлади.
Бирор кишининг нутқий хатти-ҳаракати инсон характерига хос бўлган, мунтазам, рационал тушунчага мойил ва эмоционал ҳолатига алоқадор ҳодиса саналади. Лисоний шахс тушунчаси эса кўп қиррали, кўп компонентли, тил имкониятларидан тизимли, тартибли фойдаланиш маҳорати, нутқий асарларни яратиш ва идрок этиш тайёрлиги тушунилади (Караулов Ю.Н.,1987.)
Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ходимнинг коммуникатив маданиятининг асосий кўрсаткичлари қуйидагиларда ўз аксини топади: эмотив жиҳатдан, суҳбатдошнинг мулоқотга муносабати ва мулоқот вазияти, мулоқотдошнинг ҳис-туйғуларини ифодалашда суҳбатдошга ёрдам бериш, ўз ҳис-туйғуларини билдириш, суҳбатдошнинг бирор маълумотга реакциясини диққат билан кузатиш, шерик ҳис-туйғуларини тушунишни намойиш этиш кабилар.
Когнитив жиҳатдан мулоқотни акс эттирувчи воқеликка тингловчиларни тинглашга тайёргарлик ва тайёрлаш, эшитилганларнинг тўғри эканлигини текшириш, эшитилганларнинг оқилона таркибий қисмини аниқлаш, ўзини ўзи тузатиш, рағбатлантириш, ўзини баҳолаш ва бошқаларнинг баҳолаши кабиларни қамраб олса, когнитив ҳаракатларга соҳадаги мулоқотни режалаштириш, суҳбатда ташаббускорлик, умумий мулоқотни ташкил қилиш, ўзаро муносабатларни шахсийлаштириш, зиддиятларни ҳал қилиш, қўшма тадбирларни таклиф қилиш, муҳокама қилиш, келишиш, ахборотни аниқлаштириш ва тарқатиш, шахслараро муносабатларнинг ахлоқий меъёрларини ифодалаш кабиларда намоён бўлади. Тиббиёт ходимининг беморга таъсир ўтказиши когнитив ва коммуникатив мақсадни кўзда тутади. Бунинг асосида беморга кўрсатиладиган даволаш муолажаларнинг зарурлиги, беморнинг касалликка нисбатан қарашларини ўзгартириш, психологик ҳолатини яхшилаш назарда тутилади. Кўпгина ҳолларда эса, шифокор томонидан қўлланилган коммуникатив мақсад ўзининг профессионал даражасини реклама қилиш ва ўзига ишонтиришга қаратилади.
Юқорида қайд этилган кўрсаткичларнинг намоён бўлиш даражасига қараб, тиббий соҳада фаолият юритувчиларнинг коммуникатив маданият даражалари - юқори, ўрта, паст ва паст кўрсаткичлар билан аниқланади. Мулоқот маданияти мезонларини шакллантиришнинг бундай тўрт даражали тизими ходимларнинг нутқ маданияти соҳасидаги аниқ ютуқларини тавсифлаш зарурати билан боғлиқ. Тиббиёт соҳасидаги юқори тоифа ходимлари амалий фаолияти билан бир қаторда назарий тадқиқотлар, гипотеза ва мулоҳазали вазиятлар мавжудлиги билан ҳам ажралиб туради. Фаолият давомида дуч келинадиган шу каби вазиятлар тиббий мутахассиснинг нафақат касбий профессионаллигини шакллантириш, балки коммуникатив маданиятини шакллантириш, коммуникатив маданиятининг бошланғич ҳолатини баҳолаш ва диагностика қилиш имкони ҳам пайдо бўлади. Тиббиёт соҳасидаги ходимнинг нутқ маданиятини баҳолаш биринчи навбатда беморлар, шунингдек оммавий ахборот тизими вакиллари томонидан амалга оширилади.
Лисон жамиятда мавжуд бўлади ва маълум ижтимоий муҳитда алоҳида шахслар ёки шахслар гуруҳи томонидан қўлланилади (Сафаров, 2008; 152).
Мулоқотнинг шарт-шароити турлича бўлганлиги каби унда «сўзловчи ва тингловчининг идроки, мақсад, асос, алоқа воситалари, хулқ-атворнинг махсус белгиланган шакллари, ифода мавзуси, сўзлашувчиларнинг ўзаро муносабатларига хос хусусиятлар» (Искандарова, 1993: 9) бир хилда бўлмайди.
Ўз навбатида, коммуникатив йўналиш орқали биз шахснинг мулоқотга бўлган муносабатини белгиловчи интегратив сифатни назарда тутиш муҳим саналади. Инегратив сифат коммуникатив билимларни, қобилият ва кўникмаларни эгаллаш сифатига таъсир қилади ва шахс қадриятига, манфаатларига, муносабатларига, мотивларига мос келади. Мулоқотга киришиш даражасининг қай тарзда кечиши ифода мазмуни таркибий қисмларининг жиддийлиги ва кучлилиги билан белгиланади. Шунингдек, мазкур жараён мулоқот маданияти билан боғлиқ ҳодиса саналади. Мулоқот маданиятининг мезони сифатида эса коммуникатив компетентлиги назарда тутилади. Мутахассиснинг коммуникатив компетентлиги уни ўраб турган мулоқот муҳитида шахсий ва профессионал тажрибасининг шаклланиши, мулоқотнинг маълум бир даражаси сифатида тавсифланиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида шахснинг профессионал муҳитда ва жамиятда ўз имкониятлари ва ижтимоий мавқеи даражасида муваффақиятли иш олиб бориши учун зарурдир. Шу сабаб махсус (амалиёт) соҳадаги коммуникацион компетентликни, шахсий соҳадаги коммуникатив билимларни ва ижтимоий соҳадаги коммуникатив билимларни фарқлаймиз. Коммуникатив компетентликнинг шахсий соҳаси қуйидагиларни назарда тутади: мулоқотга бўлган ўз муносабатини акс эттириш (эҳтиёж, кутиш, хавотирлик, баҳолаш) ва уларнинг кейинги ривожланиши; ўз манфаатларини бошқаларнинг манфаатлари билан мувофиқлаштириш; ўзини "коммуникатор" сифатида тушуниш; коммуникация жараёнида концептуал позицияни ва унинг асосларини ўрганиш; тил маданияти билан танишиш мақсадида нутқ маданиятидан фойдаланиш кабилар хосдир.
Бевосита тадқиқотимиз объекти бўлган тиббиёт ходими мулоқот маданияти ва коммуникатив компетентлиги махсус (амалий) соҳада қуйидагиларни ўз ичига олади: махсус (профессионал) атамалар, тушунчаларни тушуниш ва талқин қилиш (масалан, ҳамкасблар ва тиббиётга алоқадор бўлмаган шахслар билан суҳбатда); оғзаки, расмий (формулалар, графикалар) ва оғзаки бўлмаган воситаларни тушуниш (бемор билан гаплашишда юз ифодалари ва имо-ишоралар); махсус тайёрланган материалларни моҳирона ишлатиш; касбий соҳада сўзларни тўғри ишлатиш кабилар.
Лисоний шахс тилшунослик назарияси объекти сифатида бугунги кунда кўплаб нутқ фаолиятига алоқадор бўлган хусусий илмий соҳаларнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда. Жумладан, функционал стилистика, нутқ маданияти, риторика, прагмалингвистика, психолингвистика, когнитив тилшунослик, социология, этнолингвистика, лингвомаданиятшунослик, матн тилшунослиги кабилардир. Маълумки, шахс фаолиятини тилшунослик соҳасидан ташқарида ёки тилга оид тадқиқотларни шахс билан боғлиқ тарзда ўрганмаслик мумкин эмас. Шунинг учун ҳам тил тадқиқотларида лисоний шахс ва унинг жамиятдаги фаолиятини, ўрнини белгилаш ҳам муҳим саналади. Лисоний шахсни маълум соҳага оид дискурсдаги имкониятларини ўрганиш нафақат тилшунослик, балки ўша соҳа илмий тадқиқотлари учун ҳам муҳим саналади. Жумладан, тиббий дискурсда лисоний шахс тадқиқи бунга мисол бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |