Боб бўйича хулосалар Маълумки, инсон маданиятидаги энг қадимий санъат – мулоқот саналади. Агар ахлоқ қоидаларига кўра одатда муайян ҳаракатларнинг тартиби тушунилган бўлса, демак, нутқ ахлоқи бу жамиятда қабул қилинган нутқий хатти-ҳаракатларнинг меъёрлари ҳисобланади. Бу суҳбатдошлар мулоқотга киришганда ва мулоқот ўрнатилганда, мулоқотнинг ижтимоий хусусиятларидан ва уларнинг ўзаро муносабатидан келиб чиққан ҳолда танланган оҳангида мулоқотни давом эттириш, мулоқот жараёнида ишлатиладиган сўзлашувнинг жамиятда амал қилувчи этикет нормалари, миллий-маданий хусусиятларини ўзида акс эттирувчи вербал ва новербал нутқга амал қилиши саналади.
Ушбу тадқиқотимизда тиббий мулоқот таҳлилига икки даражадаги ёндашув қўллашга қарор қилдик: микро ва макро сатҳлар. Микро даражадаги мулоқот нутқий актларнинг кетма-кетлигида амалга оширилади. Мазкур ҳолда доктор ва бемор юзма-юз мулоқот қилиш орқали маълум мулоқот стратегияларидан фойдаланишади. Макро даража эса қуйидагиларда ўз ифодасини топади: а) тиббий муассаса шароитида мулоқот иштирокчиларининг нутқ шакллари ва шахсларга таъсир кўрсатадиган ижтимоий / маданий чекловларни англаш, б) "макро институционал омиллар" ва мулоқот иштирокчиларининг ўзаро таъсир доирасида ноанъанавий мулоқот кечимини шакллантириш. Масалан, соғлиқни сақлаш масалаларини ижтимоий-маданий даражадаги дифференциал жиҳатларини англаш, муайян муассаса ёки жамиятда қабул қилинган тиббий амалиётлар ва муолажалар борасида маълумотга эга бўлиш кабилар.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги тиббиёт ходимининг мулоқот маданиятининг асосий кўрсаткичлари сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин: ҳиссий соҳада - эмпатия (мулоқотдошнинг мулоқотга муносабати, суҳбатдошнинг вазиятга муносабати, айнан ўша вазиятдаги мулоқотга яратилган шароит; мулоқотдошга нисбатан ҳис-туйғулари ва истакларига эътибор қаратиш, мулоқотдошга нисбатан ўз ҳис-туйғуларини намойиш этиш, новербал реакцияларни диққат билан кузатиш, бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тушуниш намойиши);
Когнитив соҳада мулоқот кечими қуйидагиларни қамраб олади: суҳбатдошни тинглашга тайёргарлиги ва хоҳишни англаш; етказилган маълумотларнинг тўғри эканлигини текшириш; маълумотларнинг таркибий қисмини аниқлаш; мулоқотдошни рағбатлантириш, ўзини ва бошқаларни адекват баҳолаш.
Хулқ-атвор билан боғлиқ интеракция қуйидагиларда акс этиши мумкин: амалдаги мулоқотни режалаштириш; суҳбат жараёнида ташаббускорлик кўрсатиш; умумий алоқани ташкил қилиш, ўзаро муносабатларни хусусийлаштириш; зиддиятларни ҳал қилиш; ҳамкорлик ҳаракатларини таклиф қилиш; муҳокама қилиш; келишиш; ахборотни аниқлаштириш ва тарқатиш; шахслараро муносабатларнинг ахлоқий меъёрларини ифодалаш.
Тил ва нутқ воситаларининг қўлланишини фаол ўрганувчилар томонидан тавсифланган эмоционал муносабатларни етказиш учун белгиланган, ҳис-туйғуларни таснифлаш, мақсад ва истакларни тасвирлаш вазифалари мажмуаси эмоционал-баҳоловчи коммуникатив вазифалар сифатида баҳоланади. Тиббиёт ходимлари касбий мулоқот жараёнида рефлексив қобилиятини яхшилаш мақсадида тиббиёт ходимларини фаол тинглаш услубларини ўзлаштириш, саволларни малакали шакллантиришга йўналтирилган таркиб, тушунтириш вазифаларини психоэмоционал мажмуасини шакллантириш орқали амалга оширилади.
Соғлиқни сақлашга йўналтирилган муассасаларида тиббий нутқ маданиятини ривожлантириш тиббиёт ходимининг коммуникатив маданиятини шакллантиришга таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ўзига хос бир қатор шартларга боғлиқ. Мазкур мулоқот маданиятини шакллантиришнинг умумий шартлари қуйидагилардир: мулоқот кечими аниқ мавзу доирасида амалга ошиши; мулоқотнинг психологик таъсирга эгалиги; нутқ маданиятини шакллантиришда тиббиёт ходимининг методик ва коммуникатив билимларини ривожлантириш; самарали ташхис қўйиш натижасида индивидуал шахсий ориентация ва фарқлаш имкониятларини аниқлаш; тиббий консультация жараёни иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни инсонийлик тамойилларига мос келиши; коммуникатив мулоқотнинг узлуксизлигини таъминлаш.
Ҳозирги кунда шифокор маслаҳати (консулътацияси) маълум тиббий жараёнлар сингари ижтимоий-темпорал реалликлардан мустақил равишда ва ажралган ҳолда ўтказилмайди. Соғлиқни сақлашга қаратилган консулътатив ташкилотлар оммавий ахборот воситаларида, интернет каби халқаро тузилмалар ёрдамида ҳам амалга оширилади. Бу, ўз навбатида беморларга ўз касалликлари борасида етарли маълумот олиш имконини беради. Натижада, шифокорнинг билимини синашга қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга ошириш ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу эса шифокордан нафақат ўз билим даражасини намойиш этиш, балки юқори нутқий ифода қобилиятини ҳам намойиш этиши талаб этилади. Тиббиёт ходими ва бемор мулоқоти жараёнида етказилаётган маслаҳат шакли ёки бирор тиббий ёндашув бошқасига нисбатан маъқул бўлганида, унинг таъсир доирасини эътиборга олиш муҳим саналади. Тиббий дискурсда ижтимоий муносабатларга ҳам кенг эътибор қаратилади, чунки ижтимоий ҳаёт тарзи касалликнинг юзага келиш омилларидан бири бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам шифокор ва бемор мулоқот кечимида ижтимоий муносабатлар шифокорнинг диққат марказида бўлиши талаб қилинади.