Xabibullayev R.A. “Maxsus fanlarni o’qitish metodlari”. TKTI-2020.
5-маъруза. Махсус фанларни ўқитиш методлари ва шакллари
Режа:
Таълим методлари.
Интерфаол таълим усуллари.
Органайзерлар.
Таълим воситалари.
1. Таълим методлари.
Таълим методлари ўқитишнинг ўз олдига кўйган максадларига эришиш усуллари хамда ўқув материалини назарий ва амалий жихатдан йўналтириш йўлларини англатади. Таълим методи – ўқув жараёнининг мажмуавий вазифаларини ечишга йўналтирилган ўкитувчи ва ўқувчиларнинг биргаликдаги фаолият усули бўлса, таълим методикаси – муайян ўқув предметидаги ўқитишнинг илмий асосланган метод, қоида ва усуллар тизимини ифодалайди.
Таълим методлари икки турга – анъанавий ва ноанъанавий таълим методларига ажратилади.
Анъанавий таълим методлари.
Анъанавий дарс муайян муддатга мўлжалланган, таълим жараёни “ўқитувчи марказда” схемаси бўйича ташкил қилинадиган таълим методидир. Анъанавий таълим методларига назарий билим олишда қўлланиладиган –маъруза, ҳикоя, тушунтириш, намойиш, иллюстрация, китоб билан ишлаш усуллари ҳамда амалий кўникмалар ҳосил қилишда қўлланиладиган – тўрт поғонали метод, суҳбат, машқ, мунозара усуллари лаборатория машғулоти, коллоквиум усуллари киради.
Маъруза – катта хажмдаги ўқув материалини нисбатан узоқ вақт давомида монологик тарзда баён этишдир. У қатъий тузилмага эга бўлиб, мавзуга кириш, уни ёритиш, муҳокама килиш ва якунлаш босқичларидан иборат бўлади ва ўқитувчи нутқи орқали баён килинади.
Маърузада қуйидаги ҳолатлар бўлиши мумкин:
· маъруза режасини эшиттириш;
· ҳар бир режа ёритилгандан сўнг қисқа хулоса қилиш;
· режадан режага ўтишда мантиқий боғлиқликни таъминлаш;
· муаммоли баён килиш;
· маълумотлар, изохлар ва далиларни такдим этиш;
· ёзиб олиш зарур бўлган жойларни ажратиш ва айтиб ёздириш;
· амалий ва лаборатория машғулотлари учун кўрсатмалар бериш.
Маърузанинг ўзига хос жихатлари шундаки, унда аниқ илмий билимларга таянилади, вақтдан унумли фойдаланилади, жуда кўп маълумотлар берилади ҳамда ўкитувчи ўқув жараёнини тўлик назорат қилиш имконига эга бўлади.
Ҳикоя – унча катта бўлмаган, таърифловчи характерга эга бўлган ўқув материалини монологик ҳикоя қилиш усулидир.
Тушунтириш – материални тахлил қилиш, изоҳ бериш ва исботлаш ёрдамида ўқув материалини баён қилишдир.
Намойиш - талабаларни ҳодисалар, жараёнлар, объектлар билан кўргазмали таништириш. Бу метод талабаларнинг ўрганилаётган объектни сезги органлари – эшитиш, кўриш, ҳид билиш ва таъм билиш, тери сезгилари орқали образли қабул қилишга имкон беради.
Иллюстрация – ҳодиса, нарса жараёнларни тасвирий шаклда схема, репродукция, тасвирлар орқали кўрсатиш.
Китоб билан ишлаш методи - бу билим олиш, маълумотларни хотирада қайта тиклаш, эсда сақлашга қаратилган ўқиш методдир.
Китоб билан ишлашда “Инсерт” методини қўллаш юқори самара беради. Бунда талаба ахборотларни янги, таниш, номаълум, тушунарсиз, нотўғри каби турларга ажратиб уларга муносабат билдиради. Ҳар бир абзацнинг четига қалам билан махсус белгилар (v, +, -, x, ? ва ҳ.к.) қўйиб борилади.
Тўрт поғонали метод – амалий кўникмаларни ўзлаштиришни тўрт босқичда амалга ошириш усулидиру қуйидаги босқичлардан иборат:
Тушунтириш;
Намуна кўрсатиш;
Намуна асосида бажартириш;
Машқ қилдириш ва баҳолаш.
Суҳбат – ўқитиш ва ўқишнинг диалогик, савол-жавоб усули.
Машқ – ўқитиш услуби бўлиб, ўтилган материални амалиётда кўллаш максадида, тартиб бўйича кўп марта бажариш.
Мунозара – фаол таълим услуби бўлиб, мухокама маълум муаммо бўйича фикр алмашинув кўринишида ўтади.
Лаборатория машғулоти – бунда талаба белгиланган қатъий режа асосида лаборатория қурилмаларида тажриба ўтказади, ўлчаш ишларини бажаради, илмий фикрлаш ва ҳисобот тайёрлаш кўникмаларига эга бўлади.
Коллоквиум – лаборатория машғулотининг таркибий қисми бўлиб, дастлаб талабаларанинг лаборатория ишини бажаришга тайёргарлигини текшириш ва ишни бажаришга рухсат бериш учун қўлланилади. У асосан савол-жавоб шаклида ўтказилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |