Жиноят қонуни Махсус қисм функциялари деганда, қонунчиликнинг мазкур соҳасининг ижтимоий вазифаси, роли тушунилади. Муҳим ижтимоий муносабатларни жиноий тажовузлардан ўзига хос воситалар орқали муҳофаза қилиш учун жиноят қонунчилиги вужудга келади. Жиноят қонунчилигининг бундай ижтимоий зарурлиги унинг тегишли вазифаларини шартлайди: биринчидан, ижтимоий муносабатларни уларга зарар етказадиган жиноий тажовузлардан қўриқлаш ва уларнинг олдини олиш орқали ишончли қонуний ҳимоялаш (қўриқлаш функцияси); иккинчидан, кўрсатилган ижтимоий муносабатларни ҳимоя қила олинмаганда ва жиноят содир этилган ҳолларда, айбдор шахсларга жавобгарлик юклаш орқали жиноий-ҳуқуқий нормаларнинг бузилганлиги учун таъсир ўтказиш, шунингдек жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш, қилмишни жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар ва қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солиш (тартибга солувчи функцияси).
Жиноят кодекси 2-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, «Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир». Белгиланган бу вазифаларни амалга ошириш учун Жиноят кодекси: а) жиноий ҳуқуқий қўриқлашнинг объектларини; б) жиноят деб тан олинган қилмишларнинг чекланган рўйхати ва белгиларини; в) содир этилган жиноятлар учун жиноий-ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.
Жиноят деб топиладиган қилмишлар учун жиноий-ҳуқуқий тақиқ ўрнатиш орқали қонун ҳуқуқий тартиботни жиноятлардан қўриқлайди ва бир вақтнинг ўзида тақиқланган ижтимоий хавфли қилмишларни содир этиш учун санкция қўллаш таҳдиди билан шахслар онгига таъсир ўтказади (яъни жиноятларнинг умумий олдини олиш).
Ижтимоий муносабатларни жиноий-ҳуқуқий қўриқлашнинг ишончлилиги ва жиноий-ҳуқуқий нормаларнинг жиноятларни умумий олдини олишга таъсир этишнинг самарадорлиги ижтимоий хавфли қилмишларни криминализация қилинишининг асослилиги, жиноий-ҳуқуқий санкцияларнинг оғирлик даражаси ва уларни қўллашнинг муқаррарлиги билан белгиланади.
Бироқ ҳар доим ҳам жиноятларнинг олдини олишга эришиш имкони мавжуд бўлмайди. Жиноий-ҳуқуқий нормаларнинг жиноятларни умумий олдини олиш имкониятларининг кенглиги билан бир қаторда барибир чекланган ҳисобланади. Фактик жиҳатдан ижтимоий ҳаётга жиноий-ҳуқуқий воситалар орқали таъсир этиш ва тегишли жиноий-ҳуқуқий механизмларни тўлиқ ишга солиш фақатгина жиноят ҳуқуқи нормаларини қўллашнинг амалий зарурати мавжуд бўлгандагина, яъни жиноят содир этилганда, жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш мавжудлигида, қилмишнинг жиноийлигини истисно қилувчи ҳолатлар вужудга келганда ва ҳоказолар. мавжудлигида амалга оширилиши мумкин. Бунга ўхшаш барча ҳолларда жиноят ҳуқуқи нормаларини ҳақиқий ёки фараз қилинадиган ҳолда бузилиши билан боғлиқ янги ижтимоий хавфли муносабатлар пайдо бўлади ва жиноят ҳуқуқи олдида бундай янги муносабатларни тартибга солиш вазифаси, яъни жиноий жавобгарлик учун асосларнинг мавжудлиги (ёки мавжуд эмаслиги), шунингдек уни юклашнинг мақсадга мувофиқлиги, жиноий-ҳуқуқий таъсир чораси тўғрисидаги масалани ҳал этиш вазифаси вужудга келади. Ижтимоий муносабатларни тартибга солиш вазифаси кўрсатилмаган ва аниқ белгиланмаган, бироқ бундай вазифа ўзига хос муқаррарлик билан жиноят қонунчилиги Махсус қисм жиноий-ҳуқуқий нормаларининг моҳиятидан жиноят қонунида ижтимоий муносабатларни тартибга солиш вазифаси аниқ кўрсатилмаган, лекин у муқаррар равишда жиноят қонунчилиги қўриқлаш вазифасидан ташқари махсус жиноий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи Махсус қисм нормаларидан келиб чиқади. Жиноят ҳуқуқининг тартибга солувчи функцияси жиноий-ҳуқуқий тақиқни бузганлик учун жиноий-ҳуқуқий тақиқларни ва санкцияларни ўрнатиш; Жиноят кодексига рағбатлантирувчи нормаларни (жиноят содир этишдан ихтиёрий қайтиш, чин кўнгилдан амалда пушаймон бўлиш, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатлар, жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш ва бошқ.) киритиш орқали амалга оширилади.
Жиноят ҳуқуқининг Махсус қисми функциялари қаторига тарбияловчи (превинтив) функциясини ҳам киритиш мумкин, у жиноий-ҳуқуқий тақиқлар ўрнатиб, уларнинг бузилиши учун санкцияларни, жазо чораларини назарда тутади, аниқ жазо чораларини қўллаб, судланганлар ва бошқа шахсларнинг жиноий фаолиятини давом эттиришига тўсқинлик қилиб, фуқароларни Конституция ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларини ҳурмат қилиш, уларга риоя этиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган умумий ва махсус олдини олишни амалга оширади.
Жиноий-ҳуқуқий тарбиялаш шундай тарзда амалга оширилиши керакки, ҳар бир фуқаро суст, иштирок этмайдиган кузатувчи бўлиб эмас, балки фаол қатнашувчи ва позитив (ижобий) ижтимоий муносабатларнинг яратувчиси ролида иштирок этиши керак. Буларнинг барчаси шундан далолат берадики, ҳар ким унга берилган ҳуқуқ ва эркинликлардан, белгиланган ва кафолатланган қонунлардан бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини бузмасдан фойдаланишни ўрганиши зарур.
Демак, инсоннинг жамиятда ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишининг даражаси ҳар бир фуқаро томонидан белгиланган ҳуқуқий мажбуриятларини бажарилишининг даражасига боғлиқдир. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқий ёки ҳуқуққа хилоф бўлган хулқ-атворларнинг ўзаро муносабатларидан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган қонунчиликнинг даражасини аниқлашга маълум даражада таъсир этади.
Қонуний хатти-ҳаракат субъект томонидан ҳуқуқ нормаларида мавжуд бўлган талаб ва кўрсатмаларни онгли равишда бажаришда ифодаланадиган жавобгарликнинг позитив жиҳатига мос келади. Шахс томонидан мажбуриятларини менсимаслик, бажармаслик давлат томонидан ушбу хатти-ҳаракатларга нафақат салбий муносабатини билдиришга, балки қонунбузарга нисбатан тегишли жавоб чораларини (зарур ҳолларда жиноий-ҳуқуқий чораларни) қўллашга мажбурлайди.
Шу билан бирга, шуни таъкидлаш лозимки, жиноий-ҳуқуқий тарбия фақатгина фуқаро ва мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарлигининг умумий масалалари ва муаммолари билан чегараланиб қолмасдан, балки қонунга риоя қилишнинг зарур даражасини ишлаб чиқиш учун мажбурий тарзда жиноий-ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва жиноий кўринишга эга ҳолатларга қарши курашишнинг аниқ масалалари ва муаммоларини қамраб олиши лозим.
Жиноят қонунчилиги Махсус қисмининг тушунчаси ҳақидаги масалани кўриб чиқиш, уни ҳуқуқ тизимининг яхлитлигига қарамай бир-биридан фарқ қиладиган қонунчиликнинг бошқа соҳалари билан муносабатини аниқлаш лозимлигини кўзлайди. Жиноят ҳуқуқи ҳуқуқ тизимининг ташкилий қисми сифатида бошқа ҳуқуқ соҳалари билан ўзаро алоқада бўлади. Бу алоқалар ўз характери ва ўзаро алоқадорлик ҳамда шартланганлик даражаси бўйича турли хил бўладилар. Бу бевосита ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос предмети, методи ва функциялари билан изоҳланади.
Шубҳасиз, жиноят ва конституциявий ҳуқуқларнинг алоқадорлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланади. Жиноят ҳуқуқининг конституциявий қоидалари билан бундай ўзаро боғлиқлиги ва шартланиши кўп қирралидир. Бундай кўп қирралилик жамият учун муҳим муносабатларни муҳофаза қилиш ва унинг асосида жиноят қонунчилиги Махсус қисмини тизимлаштиришдан иборат бўлган жиноят қонунининг Конституцияда мустаҳкамланган асосий ижтимоий вазифасини белгиловчи қадриятлар тизимини идрок қилишдан бошлаб, то Умумий қисмнинг турли институтларига тегишли жиноий-ҳуқуқий нормаларидаги кўрсатмалар (амнистия актини қўллаш, афв этиш, зарурий мудофаа, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тажовузлардан фаол ҳимоя қилиш ҳуқуқини фуқароларга бериш ва бошқ.) ва Жиноят кодекси Махсус қисмининг нормаларида назарда тутилган аниқ тажовузлар учун жавобгарликни ўрнатишгача бўлган доирада намоён бўлади.
Жиноят ва жиноят-процессуал ҳуқуқларнинг ўзаро муносабатини мазмун ва шакл муносабати сифатида аниқлаш лозим. Бу маънода жиноят ҳуқуқи жиноят-процессуал ҳуқуқининг зарурий шакли бўлиб, у сиз мавжуд бўла олмайди, чунки муҳим ва қадриятли ижтимоий муносабатлар тизимини ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг воситаси сифатидаги аҳамияти ва ролини йўқотади. Жиноят-ижроия ҳуқуқи нафақат жиноят қонунчилигида белгиланган барча турдаги жазоларни, балки моддий жиноий-ҳуқуқий нормалар асосида жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан суд томонидан тайинланган жазоларни ижро этиш (ўташ) билан боғлиқ ҳолларда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солади. Шу фактнинг ўзи жиноят ва жиноят-ижроия ҳуқуқларининг чамбарчас боғлиқлигини кўрсатади.
Жиноят ҳуқуқи маълум даражада маъмурий ҳуқуқ билан ҳам ўзаро боғлиқлиги бевосита турли хил маъмурий ҳуқуқбузарликларни тегишли ижтимоий хавфи катта бўлмаган (ЖК 15-м. 2-қ.) жиноятлардан фарқлаш соҳасида намоён бўлади. Бундай фарқлашнинг асоси бўлиб, иккала ҳуқуқ соҳалари учун умумий бўлган ижтимоий хавфлилик даражаси ҳисобланади. Жиноят қонуни Махсус қисмида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар барча жиноятларнинг умумий ҳисобида 47 фоизни ташкил этади.1
Жиноий-ҳуқуқий нормалар жиноят таркибларини тузишда бир қатор фуқаролик ҳуқуқи тушунча ва категорияларидан кенг фойдаланади (масалан, «мулк», «мулкка бўлган ҳуқуқ», «мулкий йўсиндаги ҳаракатлар», «моддий зарар», «қимматбаҳо қоғозлар», «шартнома», «тадбиркорлик», «банкротлик» ва бошқ.). Табиийки, жиноят ҳуқуқи ўз вазифаларини амалга оширишда кўрсатилган ва бошқа категорияларнинг фуқаровий-ҳуқуқий тартибга солинишидан тўла-тўкис келиб чиқади. Бу, ўз навбатда, мазкур ҳуқуқ соҳаларининг ўзаро ҳамкорлигидан далолат беради.
Жиноят ҳуқуқи ва экология ҳуқуқининг ўзаро боғлиқлиги, яъни жиноят ҳуқуқи табиатни асраш нормалари (Жиноят кодекси Махсус қисми 4-бўлим XIV боб)да табиат ва табиат ресурсларини асраш соҳасидаги қонунчиликка тегишли норматив ҳужжатларга оид бланкет қоидалар сифатида белгиланади.
Жиноят ҳуқуқи криминология фани билан ҳам ўзаро боғлиқ. Айнан жиноят қонуни жиноятларни ва уларни содир этган шахсларнинг ҳуқуқий тавсифини ўз ичига олади, у эса криминологияни ўрганишнинг асосини ташкил қилувчи жиноятчилик, жиноятчи шахс, жиноятчиликнинг шарт-шароитлари ва сабаблари, уларнинг олдини олиш масалаларини ташкил этадилар. Ўз навбатида, криминология жиноятчилик даражаси, унинг тузилиши ва динамикаси, профилактикаси, жиноятчиликнинг ривожланиш тенденциялари ҳақида маълумотлар бериб, жиноий-ҳуқуқий нормаларнинг самарадорлигини аниқлашга ва қонун ижодкорлиги ҳамда қонунни қўллаш даражасида жиноий-ҳуқуқий сиёсатни амалга ошириш имконини беради.
Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми тезкор-қидирув ҳуқуқи, меҳнат ҳуқуқи, солиқ ҳуқуқи, божхона ҳуқуқи, суд статистикаси, суд психиатрияси, суд тиббиёти, криминалистика ва бошқа умум ва махсус юридик ҳуқуқ соҳалари билан ҳам ўзаро алоқадорлиги ва шартланганлигини кўришимиз мумкин.
Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми алоҳида турдаги жиноятлар учун жавобгарликни белгиловчи юридик нормалар йиғиндиси бўлиши билан бир қаторда, ҳуқуқ фанининг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади.
Бутун жиноий-ҳуқуқий фан каби Махсус қисм ҳам уни ташкил этувчи нормалар тизими, жиноят қонунчилигида назарда тутилган алоҳида турдаги жиноятлар ва жазолар ҳақидаги қарашлар, фикрлар ва ғоялар мажмуасини ташкил этади. Жиноят ҳуқуқи Махсус қисмининг (шу қаторда Умумий қисмининг ҳам) асосий вазифаси бўлиб амалдаги жиноят қонунини қўллашнинг назарий ва амалий муаммоларини ишлаб чиқиш, уни келгусида такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш, жиноий-ҳуқуқий сиёсатни муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ривожланишининг олдиндан айтиб беришни амалга ошириш ҳисобланади.
Шундай қилиб, жиноят ҳуқуқи фанининг предмети жиноят ҳуқуқи қонунчилик соҳасидаги предметга нисбатан кенгроқдир. Жиноят ҳуқуқининг қонунчилик соҳасидаги предметини жиноий-ҳуқуқий муносабатлар ташкил қилса, жиноят ҳуқуқи фанининг предметини амалдаги қонунчиликни, уни қўллаш муаммоларини, жиноий-ҳуқуқий нормалар ва уларни қўллашнинг самарадорлигини, жиноят ҳуқуқи тарихини, жиноий ҳуқуқий тақиқнинг ижтимоий шартланганлигини, унинг механизми ва декриминализация муаммоларини, хорижий давлатлар жиноят ҳуқуқ ва жиноят қонунчилигини, жиноий-ҳуқуқий олдини олиш ва тарбиялаш муаммолари кабиларни ўрганиш ташкил этади.
Бугунги кунда жиноят ҳуқуқи фанининг биринчи ўриндаги йўналиши бўлиб амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ҳисобланади, чунки жиноятчиликка қарши курашда жиноят қонунчилигининг Махсус қисмида мужассамлантирилган жиноий-ҳуқуқий нормалар устунликка эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |