Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми – бу Жиноят қонуни нормалари билан белгиланган қандай ижтимоий хавфли қилмишлар жиноят эканлигини аниқлаб берувчи ва бу ижтимоий хавфли қилмишларни содир этган шахсларга нисбатан жазо турини ва миқдорини белгилаб берувчи ҳуқуқий нормаларнинг йиғиндисидир. Яъни, Мaxсус қисмдa эса жинoят дeб тoпилгaн аниқ ижтимoий xaвфли қилмишлaр (ҳaрaкaт ёки ҳaрaкaтсизлик) ҳaмдa улaрни сoдир этишдa aйбдoр бўлган шaxслaргa нисбaтaн тайинланиши мумкин бўлган аниқ жaзo чoрaлaри бeлгилaнади2.
Буларнинг барчаси жиноят қонунчилигининг Умумий ва Махсус қисмларининг ҳар бири кўрсатилган соҳанинг зарурий таркибий қисми эканлиги ва бир-бирига нисбатан узвий ички алоқадорликда бўлганлиги билан шартланади. Кўрсатилган қисмларнинг ўзаро алоқадорлиги ва органик яхлитлиги шунчалик мустаҳкамки, уларнинг бирортаси ҳам алоҳида бир-биридан ажратилган ҳолда амалга оширилиши мумкин эмас.
Жиноят қонунчилиги Махсус қисм нормаларининг қўлланилиши Жиноят ҳуқуқи Умумий қисмининг қоидаларига асосланиши лозим. Бу жиноят тушунчаси ва жиноят ҳуқуқи принципларини, айб шаклларини, тамом бўлмаган жиноятларни, жиноятда иштирокчиликни, бир қанча жиноят содир этилишини, қилмишнинг жиноийлигини истисно қиладиган ҳолатларни, жазо тайинлаш тартиби ва шартларини ҳамда бошқа шу каби тушунчаларни аниқлашга ҳам тааллуқлидир.
Жиноят ҳуқуқи Умумий ва Махсус қисмларининг жами қонун билан қўриқланадиган манфаатларни, яъни давлат томонидан тартибга солинувчи ижтимоий муносабатларни жиноий тажовузлардан муҳофаза қилишга хизмат қилади. Жиноят қонунчилигининг Махсус қисми жиноятчилик билан кураш вазифасини фақатгина Умумий қисм нормаларини биргаликда қўллаш орқали амалга ошириши мумкин. Бу ўринда уларнинг ўзаро боғлиқлиги, биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2-моддасида белгиланган вазифаларни бажаришдаги умумийлиги, иккинчидан, жиноий-ҳуқуқий нормаларни қўллашда (содир этилган қилмишга аниқ ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни қўлловчи шахс жиноят қонунчилигининг Умумий ва Махсус қисм нормаларидан фойдаланади) намоён бўлади.
Жиноят ҳуқуқи Умумий ва Махсус қисмлари қонунийлик, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, демократизм, инсонпарварлик, одиллик, айб учун жавобгарлик, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби умумий принципларга асосланади. Шундай қилиб, жиноят қонунчилигининг Умумий қисм қоидалари Махсус қисм нормалари учун асос бўлиб ҳисобланади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд жиноят қонунчилиги Махсус қисм нормаларини фақатгина Умумий қисм норма ва қоидаларига риоя этиш асосида қўллашлари мумкин.
Қоидага кўра аниқ жиноят таркибларини назарда тутувчи қонунлар Жиноят кодексининг Махсус қисмида акс эттирилган. Айнан жиноят қонунчилигининг Махсус қисми жиноятлар деб тан олинган ижтимоий хавфли қилмишларнинг қатъий рўйхатини ўз ичига олади ва уларнинг содир этганлик учун жазо тури ва миқдорини, шунингдек шахсларни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод этувчи махсус асослар ва шартларни ўрнатади.
Шундай қилиб, Жиноят кодексининг Махсус қисми қонун билан жиноят деб тан олинган, чекланган ва қатъий тизимлаштирилган ижтимоий хавфли қилмишлар рўйхатини белгиловчи жиноий-ҳуқуқий нормалар мажмуидир, ҳар бир жиноятнинг юридик белгиларини, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини, улар содир этилган ҳолатларда амалда алоҳида белгиланган тартибда жиноий жавобгарлик ва жазодан асосли озод қилишнинг махсус асослар ва шартларни назарда тутади.
Жиноят ҳуқуқи Махсус қисмига давлат ҳуқуқ тизимининг таркибий қисми сифатидаги мазкур фундаментал ҳуқуқ соҳасига хос бўлган предмет, метод ва функциялар ҳам хосдир.
Жиноят қонунчилиги Махсус қисми у ёки бу ижтимоий хавфли қилмишни Жиноят кодексининг қайси моддаси билан квалификация қилинишини ва турли жиноий-ҳуқуқий нормаларида кўрсатилган ўхшаш таркибларни ажратиб берувчи белгиларни ўзида намоён этади. Шу билан бирга, Жиноят ҳуқуқи Махсус қисми предметига ижтимоий хавфли қилмишлар содир этганлик учун белгиланадиган жавобгарлик нормаларидан ташқари, шахсни жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг махсус асослар ва шартларни қамраб олувчи рағбатлантирувчи нормалар ҳам киради. Юқоридаги шарт ва шароитлар мавжудлигида шахсни жиноий жавобгарликдан (масалан, ЖК 157-м. 2-қ. ва ҳ.к.) ёки жазодан озод этади (масалан, ЖК 157-м. 3-қ., 159-м. 5-қ. ва ҳ.к.) ёхуд айбдор шахсга енгилроқ жазо қўлланилишини (масалан, ЖК 167-м. 4-қ., 170-м. 3-қ., 173-м. 4-қ. ва ҳ.к.) назарда тутади.
Жиноят қонунчилиги Махсус қисм предметини ташкил қилувчи кўрсатилган ҳар бир ижтимоий муносабатларга уларни тартибга солувчи қуйидаги муайян методлар мавжуд: 1) жиноий-ҳуқуқий тақиқ ўрнатиш; 2) ижтимоий хавфли ва ҳуқуққа хилоф қилмишни содир этган шахсга нисбатан жиноий-ҳуқуқий санкциялар қўллаш; 3) жазо ҳисобланмаган бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш; 4) қонун билан тартибга солинган тарзда жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш.
Жиноят қонунчилигининг Махсус қисм нормалари ўзининг ижтимоий вазифасини амалга оширишда, қўриқловчи, тартибга солувчи ва тарбияловчи функцияларни бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |