Тошкент Давлат Техника Университети
Кончилик иши ва металлургия факультети
8-19гуруҳ талабаси Саноқулов Алишернинг
Фалсафа фанидан
Форобийнинг фалсафий қарашлари
мавзусида тайёрлаган слайди
Режа:
1.Форобийнинг борлиқ ҳақидаги таълимоти
2. Фанлар таснифи
3. Билиш назарияси
4. Жамият ва ахлоқ.
Ўзининг энциклопедик (ҳамма томонлама) билимлари шарофати билан «Шарқ Арастуси» ва «Иккинчи муаллим» (Арастудан кейин) унвонларига сазовор бўлган Абу Наср ибн Муҳаммад Форобий (873-950) буюк файласуф эди. Форобий 873 йилда Фороб шаҳрида (Арис дарёсининг Сирдарёга қуйиладиган жойи) туғилди. Фанларни ўзлаштира бориб, Форобий Шошда (Тошкент), Самарқанд, Бухоро, Бағдодда бўлди, Эронга сафар қилди. Ўз ҳаётининг охирги йилларини Форобий Ҳалаб ва Дамашқда ўтказди ва ўша ерда 950 йили вафот этди. Унинг 160 жилддан кўпроқ асарларининг барчасини икки гуруҳга бўлиш мумкин: қадимги юнон олимлари рисолаларига шарҳ шаклида ёзилган асарлар, ва асл нусхадаги тадкиқотлар
Форобийнинг борлиқ ҳақидаги таълимоти.
Форобий фикрича, ягона борлиқ олти босқичдан иборат бўлиб, улар айни бир вақтда барча мавжуд нарсаларнинг ибтидоси сифатида бир-бирлари билан сабабий боғланишдадирлар. Биринчи босқич – биринчи сабаб (Худо); иккинчиси – самовий жисмлар борлиғи; учинчиси – фаол ақл, тўртинчиси –руҳ; бешинчиси – шакл; олтинчиси – модда. Шундай қилиб, худо ва модда, ягона бир бутунни ташкил этиб, бир қатор босқичлар орқали бир-бирлари билан сабабий боғланишдадирлар. Ўзларининг сабабий боғланишлари туфайли ушбу ибтидолар икки кўринишга ажратиладилар: «вожибул вужуд» - шундай нарсаки, мавжудлиги ўзидан келиб чиқади; «мумкинул вужуд» - шундай нарсаки, унинг мавжудлиги бошқа нарсадан келиб чиқади. «Мумкинул вужуд» ўзининг бор бўлиши учун сабабга эҳтиёж сезади, ва қачонки у пайдо бўлса, бошқа нарса туфайли, «вожибул вужуд» га айланади. Форобийнинг ибтидолар ҳақидаги таълимоти шундан гувоҳлик берадики, унга янги афлотунчиликнинг эманация назарияси таъсир ўтказган бўлиб, у илк ислом эътиқодидагиларнинг нуқтаи назарларидан моҳиятан фарқ қилади.
Биринчи сабаб (вожибул вужуд) абадийлик хусусиятига эга бўлганлигидан, модда ҳам, унинг оқибати сифатида абадийликка дахлдор бўлади. Ердаги ва осмондаги доираларнинг барчаси жисмийлик (моддийлик) хусусиятига эгадирлар. Барча нарсалар олти кўринишга бўлинадилар: самовий жисмлар, ақлли ҳайвон (инсон), ақлга эга бўлмаган ҳайвонлар, ўсимликлар, минераллар, тўрт унсур-олов, ҳаво, тупроқ ва сув. Охиргилари моддийликнинг асоси бўлиб, модданинг энг оддий кўринишини ифодалайдилар. Қолган беш турдагиси мураккаб бўлиб, ушбу бирламчи унсурларнинг турли даражадаги қўшилишлари натижасида пайдо бўладилар. Форобий фикрича, «барча ашёлларнинг умумий тури дунё» бўлиб, оддий жисмлардан ташкил топган ва «дунёдан ташқарида ҳеч нарса йўқ».
Ҳар қандай жисм, аввало имкониятда мавжуд бўлади ва ундан кейингина воқейликка айланади. Имкониятдан воқейликка ўтиш модданинг муайян шакл билан қўшилиши натижасида содир бўлади. Форобийнинг қарама-қаршиликлар ва уларнинг қарама-қарши шаклларининг бир-бирлари билан тўқнашиши ҳақидаги фикрлари, табиатдаги ўзгаришларни тушуниш манбаи сифатидаги уринишга қаратилган бўлганлигидан, жуда ҳам қимматлидир.
Фанлар таснифи. Билимни Форобий амалий (касб-ҳунар) ва назарий (фан)га бўлади. Назарий билимлар доирасида бош ўринни фалсафа эгаллайдики, Форобий уни борлиқнинг умумий хусусиятлари ва қонунлари ҳақидаги фан деб ифодалайди ва унинг муайян фанларга бўлган нисбатини умумнинг хусусийга бўлган муносабати сифатида белгилайди. Форобий тизимида фалсафа ҳақидаги «фанлар фани» деган қоида ўз ифодасини топган.
Форобий ўрта асрлар даврида биринчи бўлиб фанлар таснифини вужудга келтирдики, у ўша вақтдаги илмий билимларнинг энциклопедияси ҳисобланар эди. Барча фанларни Форобий беш гуруҳга бўлади:
1.Етти бўлимдан иборат тил ҳақидаги фан.
2.Мантиқ.
3. Етти мустақил фанга бўлинадиган риёзиёт, яъни арифметика, геометрия, оптика, юлдузлар ҳақидаги фан, мусиқа ҳақидаги фан, оғирликлар ҳақидаги фан ва механика.
4.Табиий ва илоҳий фанлар, ёки метафизика.
5.Шаҳарни бошқариш ҳақидаги фан (ёки сиёсий фан), ҳуқукшунослик ва калом.
Ўзининг фанлар таснифида Форобий ҳар бир фан ўрганадиган нарсанинг ўзига хослиги, унинг қонунларининг хусусияти ва уларга хос бўлган билиш воситаларини ҳисобга олади.
Форобий фикрича, фан ва умуман барча билимлар субъектив хоҳиш ва истакдан эмас, балки уларга нисбатан тобора ошиб борадиган инсон эҳтиёжлари натижасида келиб чиқадилар. Форобийнинг фанлар таснифи Шарқда ҳам, Европада ҳам, келгусидаги фанлар таснифига кучли таъсир ўтказиб, улар тараққиётида катта ўрин тутди
Do'stlaringiz bilan baham: |