ЭВРИСТИКА (юнон. – изламоқ, топмоқ маъноларини англатади) – кашф этиш маҳорати. Фанда қўй.адиган масалаларни алгоритмга нисбатан муқобил деб тушунса бўлади. Шу боис, э. ғалаба, муаффақиятга эришиш кафили бўла олмайди, аммо умид учун асос бўла олади.
Э. фанда тўрт хил маънода қўлланилади:
Фанда аниқ математик моделларга қарама–қарши масалаларни ечишнинг махсус методларини билдиради. Масалаларни бу метод ёрдамида ечиш анъанавий методга нисбатан вақтни анча тежаш имконини беради. Лекин, бу методларнинг камчилиги шундан иборатки, улар доимо ҳам кутилган натижани беравермайди.
Самарали ижодий фикрлаш жараёнини ташкил қилиш. Психология ва мантиқ фанлари туташган нуқтада шаклланаётган фан бўлиб, у фикрлаш жараёни самарадорлигини ошириш учун табиий ва ижтимоий фанлар соҳасида қўлга киритилган ютуқлардан фойдаланади. Бу фан ижодий тафаккур тўғрисидаги фан, деб ҳам аталади.
Эвристик фаолият тўғрисидаги фан. Унинг объекти экстремал ва ностандарт ҳолатларда муаммонинг ечимини топиш жараёни ҳисобланади.
Педагогика фанида қўлланиладиган методни англатади. Бу метод мураккаб масалаларни жамоа бўлиб ечиш йўлларини ўргатади. Мураккаб муаммолар устида жамоа бўлиб бош қотирилганда шу жараён қатнашчиларида ижодий фикрлаш қобилияти тез шаклланади ва ривожланади. Қадимда бу методдан Сокрот ва Аристотель перипатетиклар мактабида фойдаланганлар. Ҳозирги кунда "Бошқарув психологияси" фани ва амалиётида "ақлий ҳужум" ёки брейнсторминг номи билан маълум бўлган метод мана шу эвристик усулнинг амалда қўлланилишидир.
ЭГОИЗМ (лот. ego – индивид «мен»и – ички дунёсини англатади) ўз–ўзини қадрлаш, севиш, шахсий «мен»и тўғрисидаги фикрларига асосланган феъл–атворни англатади.
Э. аввало ўз–ўзини муҳофаза қилишдан иборат табиий инстинктнинг намоён бўлишидир. Шу маънода, у одоб–ахлоқ маромларига зид эмас. Зеро, индивид ўзида мавжуд бўлган салоҳиятни англаши ва уни рўёбга чиқаришга интилиши, бинобарин, жамоа ва жамият олдидаги бурчини адо этиши, шахсий қобилиятлари ва истеъдодларини такомиллаштириш учун ўз қадр–қимматини билиши ва уни муҳофаза эта олиши учун «мен»ига содиқ қолиши лозим. Бироқ, шу аснода бошқаларнинг ҳаёти ва қадр–қимматини назар–писанд қилмаслик одоб–ахлоқ маромлари доирасига сиғмайди, бинобарин, бундай ҳолатда эгоистнинг «мен»и индивидуализмга айланиб кетади.
Ўзини бошқалардан устун қўйиш, ўз эҳтиёжлари ва манфаатларини устувор, деб билиб одоб–ахлоқ маромларини четлаб ўтиш, бошқалар манфаати ва инсоний қадр–қимматини назар–писанд қилмаслик, кибр–ҳавога берилиш ва б. қусурлар э.нинг салбий кўринишларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |