ШЕРМУХАМЕДОВ САИД ШЕРМУХАМЕДОВИЧ – академик, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Ш.С. 1930 йилнинг 12 майида Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. 1953 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети тарих факультетини тамомлаган. Ш.С. 1953-1956 йилларда фалсафа ихтисослиги бўйича аспирант, 1957 йилдан ЎзР ФА фалсафа ва ҳуқуқ бўлимида кичик илмий ходим, 1959 йилдан ЎзР ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий котиби, 1961-1964 йилларда институт директорининг ўринбосари, айни пайтда эстетика ва этика секторининг мудири лавозимида ишлади. 1964-1965 йилларда ЎзКП МК фан ва маданият бўлими мудирининг ўринбосари, 1965-1970 йилларда маданият бўлимига мудирлик қилди. 1970-1984 йилларда Ўзбекистон маориф министри лавозимида ишлади. 1959 йили «Ўзбек халқи маданиятининг миллий шакли тўғрисида» мавзуида номзодлик, 1973 йилда «Миллий маданиятларнинг равнақи ва ўзаро яқинлашуви маданият тараққиётининг муҳим қонуни» мавзуида докторлик диссертациясини ёқлаган.
1961 йилда олимнинг “Ўзбек халқи маданиятининг миллий шакли тўғрисида” номли монографияси ўзбек ва рус тилларида нашр этилди. Асар мутахассислар томонидан маданиятшунослик фалсафасига оид улкан тадқиқот сифатида эътироф этилди. Унинг докторлик диссертациясининг мавзуси ҳам миллий маданиятлар фалсафаси масаласига бағишланди. Бу илмий ишга расман оппонентлик қилган, Россиялик таниқли олим, фалсафа фанлари доктори, профессор С.М.Ковалёв ўз фикрини қуйидагича билдирган: “Мен диссертант ва диссертация тўғрисида гапириш учун сўзни нимадан бошлаш кераклиги хусусида ниҳоятда ўйга чўмиб қолдим. Сабаби, диссертант оддий инсон эмас. У, аввало, фуқаро-олим-мутафаккир-арбобдир. Бизнинг асримизда “мутафаккир” сўзи ишлатилмай қолди. Менимча, бу иборани бугунги кун олимларига ҳам қўлланиши лозим. Хусусан, С.Шермуҳамедов бунга лойиқдир. У давримиз мутафаккири. Унинг асарлари аллақачон жаҳон олимлари томонидан эътироф этилиб, умуминсоний маънавият хазинасидан жой олди”.
Ш.С. 1983 йилнинг 21-27 августида Монреал (Канада) да бўлган “Фалсафа ва маданият” мавзусидаги ХVII Бутунжаҳон фалсафа Конгрессида “Ирқчилик ва маданият”, “Маданият ва цивилизация”, “Ислом ва Шарқ фалсафаси”, “Аёллар ва маданият” каби мавзуларда илмий маърузалар ўқиган.
Сингапур (1973), Япония (Токио, 1973), Польша (Варшава, 1975), Кения (Нариана, 1976), Франция (Париж, 1977), Канада (Монреал, 1993), Корея (Сеул, 2004)да бўлиб ўтган халқаро илмий конференциялар иштирокчиси.
«Ҳамкорлик тилида» (Т., 1991. рус тилида), «Миллий маданиятларнинг бир-бирини бойитишининг объектив ва субъектив омиллари» (Т., 1972), «Атоқли философ олим ва йирик жамоат арбоби» (Т., 1983), «Фалсафа фани янгиланишининг баъзи муаммолари» (Т., 1996) номли монография ва рисолаларнинг муаллифи. Шунингдек, «Фалсафа», «Фалсафа асослари» дарсликлари, «Маданият, ахлоқ, инсон» (Т., 1991, рус тилида), «Маданият ва цивилизация» (Т., 1996) каби кўплаб монография ва рисолаларнинг ҳаммуаллифи.
Ҳозирда Тошкент давлат университети фалсафа факультети фалсафа кафедрасининг профессори лавозимида ишлаб келмоқда. Фан ва маданият равнақига қўшган хизматлари учун «Ҳурмат белгиси», «Меҳнат Қизил Байроқ», «Халқлар дўстлиги» орденлари, медаллар, Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. «Ўзбекистон Республикаси Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати» фахрий унвон нишондори.
Ш.С. ҳақида «Библиографик очерклар» (Т., 1976, рус тилида), «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» (1990, № 5), «Ўқитувчилар газетаси» (1990 й. 12 май), «Народное слово» (1995 й. 14 июнь) каби газета, журнал ва китоблар саҳифаларида мақолалар чоп этилган.
Ш.С. кенг қамровли назариётчи олим, у «Ҳуқуқ фалсафаси» “Ижтимоий фалсафа”, “Маданият назарияси ва тарихи”, “Педагогика тарихи ва назарияси”, “Диалектика ва билиш назарияси”, “Сиёсатшунослик”, “Социология”, “Этика”, “Эстетика”, “Маданиятшунослик” ва бошқа йўналишлар бўйича жами 570 га яқин илмий ва илмий-оммабоп ишларнинг муаллифи, шулардан, 16 таси монография, 40 таси рисола, 15 таси дарслик ва ўқув қўлланмалар (ҳаммуаллифликда). Унинг бевосита илмий раҳбарлигида 104 фан номзоди ва 15 фан докторлари тайёрланди. Улар турли миллат: ўзбек, рус, украин, белорус, грузин, арман, озарбайжон, эрони, тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, яҳудий, уйғур, араб, афғон, хитой, турк ва бошқа миллат вакилларига мансуб бўлиб, олимнинг маданият фалсафаси илмий мактабида тарбия топди.
Олимнинг илмий салоҳияти ва илмий мактабига юксак баҳо бериб, Бутунжаҳон файласуфлар жамияти федерацияси Президенти, профессор Иоанна Кучуради шундай дейди: “Мен Саид Шермуҳамедов билан илк бора 1983 йил августида Монреал (Канада)да ХVII Бутунжаҳон файласуфлар конгрессида учрашганман. Ўша пайтда у маориф вазири эди. Конгрессда Ўзбекистон файласуфлар вакили сифатида иштирок этди. Бу олижаноб, камтарин инсонда, унинг улуғ олим аждодларига хос бўлган буюк хислатлар мужассамлашганлигининг гувоҳи бўлганман. Унинг саркорлиги ва ғамхўрлигида ўзбек фалсафа мактаби бошқа мамлакатлар файласуфлари томонидан ҳақли равишда тан олинди. 1998 йили Туркиядаги учрашув менда шундай хотира қолдирдики, у ўз чиқишида янгиланаётган фалсафа тўғрисидаги мулоҳазаларини ўртага ташлаганда залда жонланиш бошланди. Ўз нутқининг охирида у “Инсон. Маънавият. Ижтимоий тараққиёт” мавзусида 1999 йили Тошкент шаҳрида файласуфларнинг Халқаро илмий конференциясини ўтказиш режаси борлигини баён этганда, залдагилар оёққа туришиб жонли қарсаклар билан кутиб олишди”.
Ш.С.нинг ташаббуси билан 1999 йил 18-20 ноябрда Тошкентда “Инсон. Маънавият. Ижтимоий тараққиёт” мавзусида Халқаро фалсафий конференция ўтказилди. Олим “Мустақиллик фалсафасига доир баъзи мулоҳазалар” мавзусида илмий маъруза қилди. Ушбу Халқаро конференция Ўзбекистонни ва ўзбек фалсафа мактабини жаҳон миқёсида яна бир бор танитди. 2003 йилнинг 10-17 августида Истамбул (Туркия)да “Фалсафа жаҳон муаммолари билан юзма-юз” мавзусида бўлиб ўтган ХХI Бутунжаҳон фалсафа конгрессида академик олим ўқиган маъруза дунё файласуфларининг диққатини ўзига тортди.
Россия файласуфлари жамиятининг биринчи вице-президенти “Вестник Российского философского общества” (“Россия файласуфлари жамияти ахбороти”) журналининг Бош муҳаррири, фалсафа фанлари доктори, профессор А.Н.Чумаковнинг таъкидлашича: “Саид Шермуҳамедов миллий маданиятнинг равнақи, халқлар дўстлиги, жаҳон файласуфлари ҳамфикрлиги ва уларни ҳамжиҳатлигини йўлга қўйишда энг обрўли, доно, зукко вакил ва маслаҳатчидир. Москвада 2006 йилда нашрдан чиққан (“Международный энциклопедический словарь ГЛОБАЛИСТИКА”) Глобалистика халқаро қомусий луғат, деган улкан лойиҳанинг юзага келиши ва унинг якун топишида С.Шермуҳамедов ва у бошқараётган ўзбек фалсафа мактаби вакилларининг ҳиссаси катта бўлди.
Ш.С. бугунги кунда ёш бўлажак файласуф талабалар билан ҳам алоҳида иш олиб бормоқда. Факультетда “Устоз-шогирд” тизими муносабатларини изчил амалга ошириш ҳамда талабаларнинг илмга бўлган қизиқишларини янада кучайтириш мақсадида академик Саид Шермуҳамедов ва шогирдларининг истак-хоҳишларини инобатга олиб, “Тафаккур шайдолари” гуруҳи ташкил этилган. Бу гуруҳнинг “Донишмандлик сари” номли ҳар ойда деворий газетаси чиқарилади ва “Ақл нури” интеллектуал ўйини ўтказилади. “Ақл машқи” ва “Олтин кўприк” номли клублар фаолият кўрсатиб, талабаларнинг фалсафий тафаккурини кенгайтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш, эркин ва мустақил фикрлаш кўникмаларини тарбиялаш, ижтимоий фаоллигини ривожлантиришга келажакда маданият фалсафаси билан шуғулланадиган ёш издошларнинг шаклланишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Абдулла Орипов шундай деб ёзади: “Мустақил Ўзбекистонимиз тарихий ўтмишини файласуфона мушоҳада этишдаги бу хайрли йўлда ёш донишмандларни тарбиялашда Саид Шермуҳамедов каби тажрибали ва иқтидорли олимларимизнинг хизматлари доимо юксак бўлғуси”.
Do'stlaringiz bilan baham: |