ЭВОЛЮЦИОН ЭПИСТЕМОЛОГИЯ – Эпистемологиянинг бир йўналиши. Э.Э. билимни тирик табиат эволюциясининг бир лаҳзаси ва натижаси сифатида тадқиқ этади.
Э.Э. атамасини илк бор тадқиқотчи Д.Кемпбелл К.Поппернинг қарашларини таҳлил этишга бағишланган мақоласида қўллаган ва илмий муомалага киритган.
Бу йўналиш турли биологик даражаларида билиш жараёни иерархияга эгалигини таъкидлаб, инсон билишининг ривожланиш механизмлари ва ҳусусиятларини эволюцион нуқтаи назардан ўрганади ва шу асосда фанни эволюцион назариясини яратишга интилади. Э.Э.ни тор маънода билишнинг «генетик» назариясини ифодалаб, бу ерда асосий эътибор инсон ва б. мавжудотларнинг билиш фаоллигидаги ўҳшашлик(бевоситалик, ҳатога йўл қўйиш, креативлик)ларга қаратилади. Э.Э.йўналишининг кўзга кўринган вакиллари - Кэмбелл, Поппер ва Лоренцлар ҳисобланди. Аммо Э.Э. ғоялари илк бор Махх ва Бергсонларни фалсафий қарашларида учрайди.
Э.Э. фан фалсафасини бир йўналиши сифатида эволюциянинг умумий моделини илмий билимларни ривожланиш жараёнига татбиқ этишга интилади. Э.Э. асосий мақсади кўпгина гносеологик ва эпистемологик муаммоларни янгича ечимини берган ҳолда, фаннинг ривожланишини умумий назариясини яратишдан иборат.
ЭВОЛЮЦИЯ (лот. еvolutio – очилиш, ёзилиш, такомиллашиш)–тадрижий ривожланиш. Умумилмий ва фалсафий таълимот ҳисобланади. Табиат, жамият ва руҳий–маънавий, ривожланиш концепцияларини умумлаштириб ифода этишга хизмат қилади. Э. тушунчаси кенг маънода, ривожланиш тушунчасининг синоними сифатида ишлатилади. Ушбу тушунча фалсафага немис файласуфи Г.В. Лейбницнинг табиат аста–секин эволюцион равишда ривож топиши ҳақидаги таълимоти туфайли кириб келган. Кейинчалик немис файласуфи И.Кант бу тушунчани жамиятга нисбатан ҳам қўллади. Кенг маънодаги эволюция тушунчаси тирик ва нотирик табиатда, шунингдек, ижтимоий системаларда ҳам содир бўладиган (асосан ортга қайтмас) ўзгаришлар жараёнини ифодалайди.
Э. атамаси кўпинча танланиш муносабатлари воситасида тартибга солинадиган, бир вақтда кўп жиҳатларни ўз ичига оладиган биологик объектлар ривожланишини ифодалаш учун қўлланади. Ижтимоий системаларга нисбатан эса, эволюция тушунчаси, одатда, жамиятнинг у ёки бу ижтимоий бирликлари––муассасалари, маданияти, мафкураси ва б. жиҳатларининг умумжамият қисми сифатида ривож топишига нисбатан қўлланилади. Тор маънода, эволюция революцияга нисбатан қарама–қарши тушунча сифатида ишлатилади. Бундай тушунишда туб сифат ўзгаришини ифодалайдиган революция тушунчасининг акси ўлароқ, эволюцион, миқдорий ўзгаришларининг аста–секин тўпланиб боришининг ифодаси сифатида қаралади.
Реал ҳаётий жараёнларда эволюция ҳам, революция ҳам, биргаликда бир–бирини тақозо этган ва тўлдирган ҳолда қатнашади.
XX асрда э.нинг янги "универсал эволюциявий" тушунчаси вужудга келди. Унга кўра, табиатшунослик ва маданият соҳаларидаги барча ўзгаришларнинг услубий асоси э.дир. У барча фалсафий дунёқараш муаммоларини узил–кесил ҳал қилишга қаратилгандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |