ШПЕНГЛЕР ОСВАЛЬД (1880–1936) – немис файласуфи, тарихшуноси, ҳозир маданият фалсафасининг асосчиларидан бири, «Ҳаёт фалсафаси»нинг вакили. Шпенглер таклиф қилган ягона маданият морфологияси системаининг шаклланишига А.Шопенгауэр, Ф.Ницше, А.Бергсон ғояларини ҳамда В.Воррингернинг эстетик таълимотининг таъсирини кўрамиз. Ш.О.нинг ўзи «цивилизация» даврида фалсафанинг аҳамиятига эътибор бермайди. Шпенглер «Европа қуёшининг сўниши» номли дастлабки йирик асарини Биринчи Жаҳон уруши таъсирида ёзади. Унда маданият ҳақидаги таълимотини илгари суради. Бу ўз ўрнида бутун а. давомида мутафаккирларнинг диққатини ўзига жалб қилди. Шу давргача археология, этнография, қиёсий тилшунослик ва фанлар томонидан йиғилган билимлар ёрдамида Шпенглер халқларнинг тарихий шаклланиши ҳақидаги тарихий–фалсафий асосни яратишга интилади.
Шпенглер анъанавий тарихшунослик фанларини чегарасини ўзгартириб, бошқа маданиятлар ичида европача маданиятнинг ўрнини аниқлашга ҳаракат қилади. Бунинг учун XIX а.да мавжуд бўлган ғарбона тарихий фанлар асосланган тамойилларни қатъиян танқид қилади. Булар европацентризм, панлогизм, тарихийлик, «чизиқли» йўналувчанликлардир. Шпенглер ўз ривожида юқори даражага етган бошқа маданиятларни уларга қарши қилиб қўяди. Бундай маданиятлар, Шпенглер фикрига кўра, саккиз нафар – мисрча, бобилча, ҳиндча, хитойча, «апполонча» (юнон–римча), «фаустча» (ғарбий европача) ва майя маданияти. Уларнинг мавжудлигини ягона дунёвий тарихий жараён орқали боғлаш мумкин эмас, аксинча Коинотдаги ягона ҳаётни намоён бўлиши, деб қараш мумкин. Тараққиётнинг даврийлиги (цикликлиги) назарияси, Шпенглер таъкидига кўра, ривожланишнинг бир мезонли механицизмини енгиб ўтиши керак. Тартибсиз ва чексиз макон ва замонда бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлган маданиятлар дунёси циклик ривожланишга асосланган доиравийлик ғоясига таянади. Улар бир–бири билан муносабатга кириши олмайди. Бу эса ўз ўрнида уларнинг индивидуаллигидан, ўзига хослигидан, ички ягоналигидан далолат беради.
Шпенглер ўша даврда маданият тарихини ўрганишда катта резонансга эга бўлган морфологик таҳлил методидан фойдаланади. Шпенглерда маданият жуда кенг маънода тушунилади, яъни у тарихни ҳаракати, унинг мантиғи, ривожининг қонуниятли равишда ўсмирлик, гуллаган ва заволига ўтиши билан боғлиқ бўлган энг умумий тарихий–маданий шакллардан иборат. Маданият, унингча бу даврни фарқловчи ва уни ягоналик сифатида вужудга келтирувчи, муайян ички тафаккур шаклларини, стилистик бирлигини билдиради. Унда иқтисодий, сиёсий, маърифий–руҳий, диний, амалий, бадиий ҳаётий шакллар ўз аксини топади. Шундай шаклларнинг стилистик ягоналигини таҳлил қилиш Шпенглернинг тарихни ўрганиш услуби ҳисобланади.
Илмий билишнинг догматик тамойилларига қарши Шпенглер Гётенинг «лирик муқаддимаси»ни ёқлайди, тарихий яхлитликка нисбатан ривожланувчи тирик организм сифатида қараб, уни «ҳаёт ҳиссиёти» билан тўлдиради. «Тимсол ибтидоси (прасимвол)» ғояси Шпенглер таълимотида маданият морфологиясини очувчи калит ролини ўйнайди. Гётедаги ўсимликлар морфологияси прафеномени ҳам шундай вазифаларни бажаради.
ХХ а. маданият танқидчилигидаги асосий мас.и ҳал қилишда Шпенглер фалсафасида маданият ва цивилизациянинг ўзаро муносабати муаммоси антиномик аҳамият касб этади. Шпенглер маданий-тарихий индивидуум ривожида қуйидаги даражаларни ажратиб кўрсатади: афсонавий-тимсолий – дастлабки маданият, метафизик-диний – юксак маданият ва сўнги – цивилизацияга ўтувчи мураккаблашган, қотиб қолган маданият. Унинг нуқтаи назаридан цикл ўртача ҳисобда минг й.ча давом этади. Аналогия методи қаторида Шпенглер ҳамма тарихий маданиятларнинг даврларини «параллел бир вақтнинг ўзида» кечишини исбот қилиш мақсадида гомология методини ҳам қўллайди. Цивилизация ҳамма жойда бир хил хусусиятга эга бўлади. У бутун маданият дунёсининг организм сифатидаги ҳалокатини намоёнидир, уни руҳлантирувчи маданиятнинг сўнишидир, «ноборлиққа» қайтишидир, бошқа туғилмайдиган маданий индивидуал элатнинг тартибсизлигидир. Шпенглернинг тубдан сиёсийлашган маданиятшунослиги Ғарбнинг яқин қолган ҳалокати ғоясига асосланади. Ғарбий европача «фаустча» маданиятнинг ҳалокатидан изтироб чекса ҳам Шпенглер зиддиятли, мунозарали назарияни намойиш қилади. «Цивилизация»нинг бузғунчи омилларини ёқлайди: мас., техниканинг кўпайиб кетганлиги, гиперурбанизм, табиатни инсонга бутунлай тобе бўлиши, урушлар.
Фан фалсафаси соҳасида Шпенглер илмий концепцияларнинг тарихий–маданий шартланганлигига урғу беради. Дунё манзарасини ҳаракатлантирувчи тарихий элементларни бўрттириб кўрсатади. ХХ асрнинг бошида шаклланган дунёқараш манзарасининг динамикасини тушуниш учун табиий фанларнинг кашфиётлари аҳамиятини юқори баҳолайди.
Шпенглер концепциясида маънавий анъаналарнинг роли мутлоқлаштирилади, фан ортидаги мавжудликни объектив билиш вазифаси инкор қилинади. Шпенглер илмий тафаккурнинг антропоморф, илоҳий, ғайритабиий асосини таъкидлаб ўтади. Шу билан бир қаторда Шпенглер фанни ўз–ўзини англашда тарихийлик томон йўл олганлигини кўрсатади. Шпенглер ижтимоий–тарихий билим соҳасига энтропия назариясининг айрим хоссаларини қўллайди. Бу эса Ғарб маданиятининг апокалипсисини асословига олиб келади.
Шпенглер ҳ. фаннинг кўпгина ҳодисаларини башорат– прогноз қилади, мас., баъзи бир фанларнинг методологик бирлашувини, алоҳида фанларнинг келажакда қўшилиб кетиши, илмий тилнинг тимсолий белгилар орқали мураккаблашиб кетиши ва ҳакозалар. Шпенглер қарашига ноклассик фанларнинг шаклланиши катта таъсир кўрсатади; Шпенглерга кўра, айнан шу нарса «руҳий қарама–қаршилик»ни мутлақлаштириб, яққол намоён қилди. Буни антик дунё ва Ғарбий европа маданияти амалга оширди – бу биринчидан, танавийлик ва ҳайкалтарошлик шаклига интилиш бўлса, иккинчидан, аввал бошиданоқ дунёни «мақсулдор» қилишга интилиш. Бу эса, Шпенглернинг фикрига кўра, Ғарб маданиятининг тимсол ибтидоси деб ҳисоблайди, улар кельт ва қадимнемис достонларида ифодаланган.
Шпенглер концепциясининг таъсири кенг хусусиятга, томонларга эга. Морфологик таҳлил услуби, «эквивалент маданиятлар» концепцияси маҳаллий цивилизацияларни ўрганиш учун катта туртки берди. Шпенглернинг маданият фалсафаси фандаги тарихий мактабларни ривожига аҳамиятли таъсир кўрсатди (мас., Кун, Фейерабенд ва б.). Ҳозир маданият фалсафаси учун Шпенглернинг ягона маданият тилини, маданият тимсолини, худди шундай тилга оид бўлган гипотезани аниқлаш ҳақидаги фикрлари катта аҳамиятга эгадир.
Унинг 20–30 й.ларда ёзилган асарларида тобора сиёсий нуқтаи назардан реакцион мотивлар устуворлик қилади. Веймар республикасининг қулаши арафасида у фашизмга яқинлашади, лекин 1933 й.да национал–социалистларнинг бирга ишлаш таклифини рад этади. Кейинчалик Шпенглер ҳокимият сиёсатини танқид қилади, бу эса натижада унинг исмини матбуотдан олиб ташлашларигача олиб келади, асарлари тақиқланади.
Шпенглернинг «Инсон ва техника» номли машҳур асарида илгариги юксак эквивалент маданиятлар концепцияси ўрнини бутун дунё манзарасини соддалашган–монистик тарзда ривожланувчи система эгаллади. «Ҳукмронликка интилиш» мавжудлик учун кураш ҳаёт тарзига айланди. «Маданият–цивилизация» антиномияси дунёвий маданиятни «сунъийлик»–нотабиийлик сифатида талқин қилиниши орқали ҳал қилинди. Бу билан инсоний тараққиётнинг маданий–руҳий аҳамияти инкор қилинди. Бундан Шпенглерга кўра, илмий кашфиётларнинг ғалабаси мустаснодир. Уларни Ғарбнинг техникавий даҳоси дунёга келтирди – «фаустча инсоннинг» руҳий маркази ҳам шунга кириб кетади. Техникани «ҳаёт тактикаси» сифатида аниқлаб Шпенглер, техник фаолиятнинг мақсади трансцендентал хусусиятга эгадир, дейди. У ўзида ҳеч қандай прагматик, тимсолий, «руҳий–маънавий» заруратни, ўзини унутишликни, ҳалок қилишликни, Ғарб инсонининг ҳаракатчанлигини талаб қилмайди.
Шундай қилиб, Шпенглер биринчилардан бўлиб тарихда техниканинг аҳамияти ва ўрни ҳақидаги муаммони ўртага ташлади. Шунингдек, олим техникани табиат ва жамият ҳаётига умумий–универсал таъсир этишини ҳам кўрсатиб кетди. Унинг техник тараққиётнинг махсус қонуниятлари, унинг автономлиги ҳақидаги, маданиятнинг умумий тарихий ривожланиш жараёнида техниканинг фундаментал таъсирини таҳлил қилиш тезиси ҳам катта аҳамиятга эга. Шпенглер таълимотининг турли қирралари кўпгина ХХ а. файласуфлари жумладан, Хайдеггер, Х.Шельски, Тойнби, Ортега–и–Гассет, Х.Сколимовски ва б. томонидан қабул қилинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |