ЭТНОМАДАНИЯТ - миллатга тегишли бўлиб, унинг тарихий тараққиёт жараёнида шаклланган урф, одат, анъана, қадриятлари, удум, маросимлари, кийимлар, моддий ва маънавий мероси, тафаккури, онги, ғоявий ҳамда ахлоқий жиҳатдан ўзига хослигини ифодаловчи маънавий бойлигидир. Э.нинг қайси соҳанинг мутахассисларининг ўрганишига қараб, турли соҳаларни очиб бериш мумкин. Жумладан, этнографлар унинг моддий маданият билан боғлиқ қирраларини очиб беришга ҳаракат қиладилар. Бундан кўриниб турибдики, бу тушунчани турли фан йўналишларида ўрганиш мумкин. Шунинг учун ҳам, унга таъриф берилганда муаллифларнинг соҳаларига қараб, у ёки бу қирраларига кенг эътибор берилиши ва аксинча баъзи қирралари эътибордан четда ҳам қолиши мумкин.
Э. миллатнинг ўзига хос моддий ва маънавий бойликларини, тафаккури, онги ва ғоявий, ахлоқий бойликларини ифодаловчи тушунча ҳисобланади. Бугунги кунда э.ни ўрганишга эътибор кучайиб бормоқда. Чунки, бугун жаҳон миқёсида кетаётган глобаллашув жараёнида миллатни унинг салбий таъсирларидан асраб қолишда “этномаданият”нинг аҳамияти ошиб бормоқда.
ЭТНОС – (юнон. ethos – гуруҳ, қабила, халқ) этник бирлик, ижтимоий тарихий жараёнлар натижасида шаклланган одамлар ижтимоий гуруҳининг бир тури. Э. уруғ, қабила, элат ва миллат шаклларида намоён бўлди. Этнос тушунчаси 1921-1923 й.да С.М.Широкогоров томонидан чуқур таҳлил қилинган. У э.ни инсоният локал гуруҳи мавжудлигининг асосий шакли деб ҳисоблаган. Унинг асосий белгилари деб эса, - «келиб чиқиш, урф-одатлар, тил ва турмуш тарзи бирлиги» деб билган.
Л.Н.Гумелев э.ни ноижтимоий борлиқ, биосфера феномени сифатида ифодалаб, у ўзига хос қонунларга биноан, биохимик энергияни ўзлаштириш асосида ривожланишини таъкидлайди. Унинг фикрича, э. ривожида динамик ва циклик ҳолатлар мавжуд. Э.лар пассионарлик (яъни биохимик энергияни юқори даражада ўзлаштириш) ва субпассионарлик (яъни биохимик энергияни паст даражада ўзлаштириш) хусусиятларига эга бўла олади. Э. пассионар турткилар асосида динамик ҳолатга ўтар экан. Л.Н.Гумилев фикрича э. тирик организм сингари бир неча ривожланиш босқичларини босиб ўтади ва халок бўлади.
Э.нинг моҳиятини ифодалаш борасида примордиалистик, конструктивистик, ойкуменик, релятивистик ва б. ёндашувлар мавжуд.
Э.нинг ойкуменик назариясига биноан, э. бу ўз ҳаётий фаолиятини қайта ишлаб чиқарадиган ижтимоий организмдир. Э.нинг моҳияти унинг ойкуменасидаги, яъни уни ўз таркибига олган э.лар системасидаги, барча э.лараро муносабатлар мажмуасидир. Э. тарихий тараққиёт жараёнида вужудга келган уюшмадир. Э.ни ривожининг 4 босқичи мавжуд: уруғ, қабила, элат ва миллат. Э.нинг вужудга келишида инсонлар бирлашувининг асоси сифатида уларнинг умумий ишлаб чиқаришда ҳамкорликда мулоқотда бўлиб ишлаши ва шу асосда тилининг яқинлиги ёки умумийлиги шаклланиши асосий шарт ҳисобланади. Э.ни турли тилларга мансуб компонентлари ўртасида олиб борилган хўжалик, маданий ва б. соҳалардаги алоқаларнинг ривожланиши билан тил умумлиги қарор топа борган. Этногенез жараёнида ҳар хил ижтимоий-иқтисодий омиллар ва табиий муҳитни алоҳида хусусиятлари таъсирида моддий ва маънавий маданият, турмуш ва психологик умумийликнинг э. учун характерли бўлган белгилари шаклланган. Бу элементлар ҳудуд ва тил билан бир қаторда э.нинг мухим, лекин атрибутив бўлмаган, белгилари ҳисобланади. Шаклланиб бўлган э. яхлит ижтимоий организм бўлиб, у тил, маданият, анъаналарнинг наслдан наслга ўтиб бориши йўли билан барқарор тус олади. Янада барқарорроқ бўлиши учун ўзининг ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳудудий ташкилотларини тузишга ҳаракат қилади. Уларнинг энг ривожланган шакли – миллий давлат. Аммо, вақт ўтиши билан э.нинг айрим қисмлари ҳудудий жиҳатдан ажралиб кетиши, турмуш тарзи ва маданиятининг кўп томонларини ўзгартириши ва б. тилни қабул қилиши ҳолатлари ҳам учрайди.
Кишилик жамияти ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг маълум бир босқичида кабилалар уюшмасидан худудий, иқтисодий, тил ва маданий умумийлик асосида э.нинг “элат” шакли вужудга келади. Кейинчалик тарихий тараққиёт давомида э.нинг кейинги тури – миллат шакллана боради.
Do'stlaringiz bilan baham: |