329-м о д д а. Апелляция шикоятини (протестини) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш
Апелляция шикояти берган шахс уни тўлдириш, ўзгартириш ёки ундан воз кечишга ҳақли. Бироқ, бундай воз кечиш қонунга зид бўлмаса ёки бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлмасагина, суд уни қабул қилиши мумкин.
Апелляция протести билдирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олишга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганида ва протест қайтариб олинганида, апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариб, апелляция тартибида иш юритишни тугатади.
1. Биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари устидан ишда иштирок этувчи шахслар айрим ҳолларда шошма-шошарлик билан юқори судларга шикоят беришлари, прокурор протест келтириши каби ҳолатлар амалиётда учраб туради. Ўйламасдан берилган бундай шикоят (протест)ни судда кўриш жараёнида рад этишнинг олдини олиш мақсадида қонун, ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция судида фуқаролик иши кўрилмасдан илгари ишда иштирок этувчи шахсларга шикоятни (протестни) тўлдириш, ўзгартириш, шикоятдан воз кечиш ва протестни қайтариб олиш ҳуқуқини беради.
Процессуал қонунчиликка бундай қоиданинг киритилиши қўшимча ҳужжатларни тақдим этилиши ва иш учун бошқа ҳолатларнинг аниқланиши учун асос бўлади.
Фуқаролик процессида эркин ҳуқуқлилик принципига асосланган ҳолда моддий ва процессуал ҳуқуқларни амалга ошириш-ошир-маслик ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз ихтиёрида бўлиши туфайли апелляция шикоятини берган шахс ундан воз кечишга ҳақли. Лекин бундай воз кечиш, агар у қонунга зид бўлмаса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмасагина суд томонидан қабул қилиниши мумкин.
Апелляция протести келтирган прокурор, шунингдек, юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунига қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки қайтариб олишга ҳақли.
Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганида ва протест қайтариб олинганида, апелляция инстанцияси суди ажрим чиқариб, апелляция тартибида иш юритишни тугатади (ФПКнинг 329-моддаси).
2. Ушбу қоиданинг мазмунига кўра, агар апелляция шикоятини берган шахснинг уни тўлдириши, ўзгартириши ёки шикоятдан воз кечиши натижасида бошқа шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини поймол қилмасагина, суд бу масалани ижобий ҳал этиши лозим.
Суд шикоятдан воз кечган шахсга бундай ҳаракатларининг оқибатларини тушунтириши лозим. Шикоятни тўлдириш, ўзгартириш ҳақида манфаатдор шахс судга ёзма ариза бериши лозим.
Фуқаролик ишларида шерик иштирокчилик қоидаларига кўра, агар шерик иштирокчилардан бири даъво талабларидан воз кечган тақдирда бошқа шахс шикоятдан воз кечмаган ҳолларда суд шикоятни кўриши лозимлиги белгиланган. Агар шикоятдан воз кечишни суд қабул қилганида ва протест қайтариб олинганида апелляция инстанцияси суди иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради ва шу билан фуқаролик иши ўз ечимини топган ҳисобланади.
3. Шикоят берган шахс ўз шикоятидан воз кечиш ҳуқуқидан шикоят берилган вақтдан эътиборан апелляция инстанцияси суди алоҳида хона (маслаҳатхона)га киргунга қадар бўлган муддатда фойдаланиши мумкин. Агар ҳал қилув қарори устидан бошқа шахслар шикоят бермаган бўлса, шикоятдан воз кечиш қабул қилинганида ва протест қайтариб олинганида, суд ажрим чиқариб, апелляция тартибида иш юритишни тугатади. Агар апелляция шикояти берган шахсга процессда тарафдорлик қилаётган ишда иштирок этувчи шахслар ёки учинчи шахслар берилган апелляция шикоятига қўшилган бўлсалар, апелляция шикоятидан воз кечишнинг қабул қилиниши апелляция тартибида иш юритишни тугатишга олиб келмайди. Шикоятга қўшилиш ҳақидаги ёзма ариза мустақил шикоят сифатида кўрилади1.
Do'stlaringiz bilan baham: |