326-м о д д а. Апелляция шикоятига қўшилиш
Процессда апелляция шикояти берган тараф томонида қатнашаётган шерик иштирокчилар ва учинчи шахслар берилган шикоятга қўшилишлари мумкин. Шикоятга қўшилиш ҳақида ариза берган вақтда давлат божи олинмайди.
1. Фуқаролик процессуал қонунчилиги иш кўришда процессда биргаликда (шерик) иштирок этишга йўл қўяди. Ушбу қоида ФПКнинг 41-моддасида берилган, бунга кўра, судга бир неча даъвогар (шерик даъвогарлар) томонидан биргаликда ёки бир неча жавобгарга (шерик жавобгарларга) нисбатан талаб қўйилган ариза берилиши мумкин.
Даъвогарлар ва жавобгарлардан ҳар бири бошқа тарафга нисбатан процессда мустақил равишда иштирок этади. Учинчи шахслар ҳам процессда биргаликда иштирок этишлари мумкин.
Процессда биргаликда иштирок этишга даъво ишларида, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят ҳамда аризалар бўйича ишларда ва алоҳида тартибда кўриладиган ишларда йўл қўйилади.
Биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топширишлари мумкин.
Процессда апелляция шикояти берган томонида қатнашаётган шерик иштирокчилар ва учинчи шахслар берилган шикоятга қўшила оладилар. Бундай шикоят апелляция инстанциясида кўрилиб, иш юзасидан ажрим чиқарилганига қадар берилиши мумкин.
Апелляция шикоятига қўшилиш учун шикоятчиларнинг талаблари бир турда бўлиши керак. Агар шикоятга қўшилишда бошқача талаб қўйилса, чунончи, асосий шикоят аризасида суд қарорининг фақат ўзгартирилишигина талаб қилинган бўлса шикоятга қўшилишда ишнинг бутунлай бекор қилинишини талаб қилиб бўлмайди. Бундай ҳолда бу шикоятга қўшилиш эмас, балки мустақил равишда бериладиган апелляция шикояти бўлиб кўрилади. Шикоятга қўшилиш тўғрисидаги ариза, суд қарорига нисбатан алоҳида шикоят бўлмагани учун ундан давлат божи олинмайди.
2. Апелляция шикояти берган тараф томонида қатнашаётган шерик иштирокчилар ва учинчи шахслар мустақил шикоят бермаганликлари туфайли муддат белгиланмаган. Апелляция шикоятига қўшилиш ҳақидаги ариза ишни кўрган биринчи инстанция судига, шунингдек юқори судга ҳам берилиши мумкин. Апелляция шикоятига қўшилиш ҳақидаги ариза асослантирилган бўлиши лозим.
Агар шикоятга қўшилиш ҳақидаги шерик иштирокчилар, учинчи шахсларнинг аризаларида қўйилган талаб асосий апелляция шикоятининг мазмунини ифода этмаса, у ҳолда мустақил шикоят қилиниши лозим бўлади.
Масалан, даъвогар жавобгардан уй-жойда яшаганлиги тўғрисида ижара ҳақини талаб қилиш ҳақида кўрилган ишдан норози бўлиб апелляция шикоятини берган бўлса, шу уй-жойнинг оила аъзоларидан бири жавобгарни уйдан кўчириш ҳақида апелляция шикоятига қўшилиши тўғрисида ариза берган бўлса, бундай ҳолларда судья мустақил равишда иш қўзғатишга ҳақли эканлиги тушунтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |