324-м о д д а. Апелляция шикоятини (протестини)
ҳаракатсиз қолдириш
Агар апелляция шикояти бериш ёки протест келтириш пайтида ушбу Кодекс 322 ва 323-моддаларининг талаблари бузилишига йўл қўйилган бўлса ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс шикоят бериш учун бож тўламаган бўлса, апелляция шикояти ёки протести ҳаракатсиз қолдирилади.
Апелляция шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья бу шикоят ёки протестнинг ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчиликларни ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатиб ажрим чиқаради.
Шикоят берган ёки протест келтирган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда тузатса, шикоят ёки протест дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят ёки протест берилмаган ҳисобланиб, шикоят берган ёки протест келтирган шахсга қайтарилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.
1. Манфаатдор шахслар апелляция инстанцияси судига шикоят (протест) берганларида қонунда белгиланган қоидаларга риоя қилишлари талаб қилинади.
Суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикояти (протести) учун даъво аризаларига нисбатан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи олинади. Агар апелляция шикояти (протести) беришда ФПКнинг 322 ва 323-моддаларининг талаблари бузилган бўлса ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс давлат божи тўламаган бўлса, апелляция шикояти ёки протести ҳаракатсиз қолдирилади. Апелляция шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья шу шикоят ёки протестни ҳаракатсиз қолдиришга асос бўлган камчиликларни ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатиб, ажрим чиқаради. Апелляция шикояти (протести) берган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда тузатса, апелляция шикояти (протести) дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган деб ҳисобланади. Акс ҳолда, шикоят ёки протест берилмаган ҳисобланиб, шикоят ёки протест берган шахсга қайтарилади.
2. Демак, агар апелляция шикояти, прокурорнинг протести ФПКнинг 322 ва 323-моддалари талабларига жавоб бермаса, юқорида кўрсатиб ўтганимиздек, мавжуд бўлган камчиликнинг ҳолатини эътиборга олган ҳолда, суд уни тузатиш учун муддат белгилаб, ажрим билан расмийлаштириши, ажримда уни қабул қилишга асос бўлган ҳолатларни кўрсатиши лозим. Ажримнинг нусхаси шикоят (протест) берган шахсга маълумот учун юборилиши керак.
3. Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш учун ҳар қандай ҳолатлар эмас, фақатгина ишнинг қонуний, асосли чиқарилишига таъсир қиладиган ҳолатлар асос бўлиши мумкинлигига аҳамият берилиши лозим. Масалан, апелляция шикояти (протести)нинг тегишли шахслар томонидан имзоланмаганлиги, шикоятни асослайдиган тегишли ҳужжатлар (далиллар)нинг илова қилинмаганлиги, ишда ваколати бўлмаган шахснинг иштирок этиши, ишончноманинг бўлмаслиги ва ҳ.к. асос бўлади.
Апелляция шикоятини (протестини) ҳаракатсиз қолдириш ҳақидаги суднинг ажрими устидан хусусий шикоят (протест) келтирилиши мумкин, чунки ФПКнинг 346-моддасига асосан ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган ҳолларда хусусий шикоят, хусусий протест келтирилиши кўрсатилган.
4. Апелляция шикояти ёки протести, агар бу шикоят ёки протест ФПКнинг 322-моддасида белгиланган тартиб бузилган ҳолда берилган ва мазкур Кодекснинг 323-моддаси талабларига жавоб бермайдиган бўлса, шунингдек давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс томонидан берилган апелляция шикояти, агар у шикоят бериш учун бож тўламаган бўлса, ҳаракатсиз қолдирилиши лозим.
Апелляция шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдириш тўғрисида судья ажрим чиқаради ва ажримда шикоят ёки протестни ҳаракатсиз қолдиришга асос бўлган камчиликлар ҳамда уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатади. Апелляция шикоятининг (протестининг) камчиликларини тузатиш учун судья томонидан белгиланган муддат, ариза берувчининг шикоятга қўшиб қўйиш учун зарур маълумотномаларни, ҳужжатларнинг нусхалари ва бошқа ёзма далилларни олишнинг реал имкониятини инобатга олган ҳолда тайинланган бўлиши лозим.
Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтирамиз.
Т. Давлат мулк қўмитасининг Тошкент вилоят ҳудудий бошқармасига нисбатан ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисида даъво билан судга мурожаат қилган.
Суднинг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Кейинчалик апелляция инстанцияси судининг ажрими билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад қилиш ҳақида янги қарор чиқарилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раёсати 2002 йил 26 июлда Олий суд раиси ўринбосари протестига асосан апелляция инстанцияси суди ажримини бекор қилиб, қуйидагиларга кўра ишни Фуқаролик процессуал кодексининг 324-моддаси тартибида кўриш учун яна биринчи инстанция судига юборади.
Фуқаролик процессуал кодекси 322-моддасининг бешинчи қисми талабига мувофиқ, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки у ғайриқонуний равишда бир ишдан бошқа ишга ўтказилганда аввалги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти шу қарорнинг ижросига доир ҳужжат шикоятга илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.
Ишда қарорнинг ижросини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас.
Ушбу ҳолатда биринчи инстанция суди Фуқаролик процессуал кодексининг 324-моддасида белгиланган тартибда апелляция шикоятини ҳаракатсиз қолдириб, камчиликни тузатиш учун муддат кўрсатиб ажрим чиқариши лозим эди. Бироқ, биринчи инстанция суди қонун талабига хилоф равишда ишга тиклаш тўғрисидаги буйруқни талаб қилмасдан, ишни апелляция инстанцияси судига юборган.
Апелляция инстанцияси суди юқорида баён этилган камчиликлар мавжудлигига эътибор қилмасдан, апелляция шикоятини мазмунан кўриб чиққан1.
Do'stlaringiz bilan baham: |