327-м о д д а. Апелляция шикояти (протести) юзасидан
тушунтириш бериш (эътироз билдириш)
Ишда иштирок этувчи шахслар шикоят ёки протест юзасидан судга тушунтириш беришга (эътироз билдиришга) ҳақлидирлар. Бу тушунтиришни (эътирозни) тасдиқлайдиган ҳужжатлар илова қилиб топширилади.
Тушунтириш (эътироз) ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб миқдорда нусхалари билан судга тақдим этилади. Бу нусхаларни суд ишда иштирок этувчи шахсларга топширади (юборади).
1. Фуқаролик процессуал ҳуқуқининг принципларига амал қилган ҳолда суд ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш чораларини кўриши лозим. Шунинг учун, айниқса, биринчи инстанция суди ишни кўришда ва ундан кейинги суд босқичларида ишда иштирок этувчи шахсларга қандай процессуал ҳуқуқлардан фойдаланишга ҳақли эканлигини атрофлича тушунтириши лозим.
Ишда иштирок этувчи шахсларга, шу жумладан, прокурорга ҳам одил судловни тўғри амалга ошириш мақсадида биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорига нисбатан берилган шикоят (протест)га тушунтириш (эътироз) бериш ҳуқуқи белгиланган.
Ҳал қилув қарорининг апелляция инстанцияси судида мумкин қадар тўла текширилишини кўзлаб, қонунда (ФПКнинг 327-моддаси) ишда иштирок этувчи шахсларга апелляция шикояти (протести) юзасидан судга тушунтириш бериши, эътироз билдириши мумкинлиги белгиланган. Бу тушунтиришларни (эътирозни) тасдиқлайдиган ҳужжатлар унга илова қилинган ҳолда топширилади. Тушунтириш (эътироз) нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига мутаносиб равишда судга берилади.
Апелляция шикояти (протести) юзасидан эътироз билдириш мажбурий эмас. Аммо ишнинг апелляция инстанциясида кўрилишида шахсан иштирок этиш мумкин бўлмаган ҳолларда бундай эътирознинг берилиши муҳим аҳамиятга эга бўлади.
2. Ишда иштирок этувчи шахслар шикоят ёки протест юзасидан тушунтиришларни ишни биринчи инстанцияда кўрган судга, агар иш апелляция инстанцияси судига юборилган бўлса, шу судга юборишга ҳақлидирлар. Апелляция шикояти (протести) бўйича тушунтириш суд ҳал қилув қарорини чиқариш учун маслаҳатхонага киргунга қадар юборилиши мумкин. Судга бериладиган тушунтириш ва эътирозлар, албатта, ҳужжатлар билан асослантирилган бўлиши ва ушбу ҳужжатлар илова қилинган бўлиши талаб этилади.
3. Апелляция шикояти (протести) юзасидан тушунтириш бериш (эътироз билдириш) ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленум қарорида айтилишича, апелляция шикояти ёки протести юзасидан судга тушунтириш бериш (эътироз билдириш) ҳамда бу тушунтиришни (эътирозни) тасдиқлайдиган ҳужжатларни илова қилиб топшириш ФПКнинг 327-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқи эканлиги эътиборга олинадиган бўлса, мазкур ҳужжатларнинг биринчи инстанция судига тақдим этилмаганлиги ишни апелляция инстанцияси судига юборишга тўсқинлик қилмайди.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шикоят (протест) юзасидан тушунтириш (эътироз) тақдим қилиш муайян муддат билан чекланган эмас, бироқ бу тушунтириш (эътироз) иш шикоят (протест) бўйича апелляция инстанцияси судида кўрилишидан олдин тақдим этилиши мумкин1.
Do'stlaringiz bilan baham: |