330-м о д д а. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз
кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини
тан олиши ва тарафларнинг келишув битими
Апелляция шикояти берилган ёки протест келтирилгандан кейин даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими тузиши ёзма шаклда баён этилиб, апелляция инстанцияси судига топширилиши лозим. Агар ишни кўриш вақтида даъвогар арз қилган талабларидан воз кечса, жавобгар арз қилинган талабларни тан олса ёки тарафлар келишув битими тузсалар, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўйилади ва баённомани тегишинча даъвогар, жавобгар ёки ҳар икки тараф имзолайди.
Суд даъводан воз кечишни қабул қилишдан ёки келишув битимини тасдиқлашдан олдин даъвогарга ёки тарафларга бундай процессуал ҳаракатларнинг оқибатларини тушунтиради.
Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ёки тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида чиқарилган ҳал қилув қарорини бекор қилади ва иш юритишни тугатади.
Агар даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши ёки тарафларнинг келишув битими қонунга зид бўлса ёхуд бировнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига хилоф бўлса, суд воз кечишни рад қилиб ёки тузилган келишув битимини тасдиқламай, ишни апелляция тартибида кўради.
1. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларига иқрор бўлишини апелляция инстанцияси суди қабул қилган тақдирда апелляция инстанцияси судида иш юритиш тугатилади.
Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битимини тузиш масаласи ишни апелляция инстанцияси судида мазмунан кўришдан олдин манфаатдор тараф шундай хулосага келган тақдирда, ёзма аризада ўз фикрини билдириш орқали амалга оширилади. Агар, манфаатдор шахс ишни кўриш жараёнида бундай хулосага келса, бу ҳақда суд мажлисининг баённомасига киритилади ва тарафлар томонидан имзоланиши талаб этилади.
2. Даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битимларини тасдиқлашдан аввал апелляция инстанцияси суди бундай ҳаракатларнинг процессуал оқибатларини, масалан, тарафларнинг худди шундай ишни иккинчи марта қўзғатиш имкониятига эга бўлмаслиги ва ҳоказо масалалар тушунтирилади. Агар суд талабларни қаноатлантириш ҳақидаги хулосага келса, бу ҳақда ажрим чиқаради.
3. Тарафларнинг эркин ҳуқуқларидан фойдаланиш масаласи ҳамиша қонуний бўлавермайди, шу боисдан ҳам суд уни назоратга олиши лозим. Агар даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши ёки келишув битимининг қонунга ҳилоф эканлиги аниқланса (алдаш, қўрқитиш ва ҳ.к.) суд воз кечишни рад этиши, келишув битимини тасдиқламаслиги ва ишни апелляция тартибида кўравериши лозим.
4. Судларга шу нарса тушунтириб ўтилсинки, ФПКнинг 330-моддасига асосан, апелляция шикояти берилган ёки протести келтирилгандан кейин даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечиши, жавобгарнинг даъвогар талабларини тан олиши ва тарафларнинг келишув битими тузиши ёзма шаклда баён этилиб, апелляция инстанцияси судига топширилиши лозим.
Даъвогар даъводан воз кечган ёки апелляция инстанцияси судида тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ҳолларда суд харажатлари масаласи ФПКнинг 118-моддасида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Апелляция инстанцияси суди даъвогарнинг даъводан воз кечишини қабул қилишдан ёки тарафлар ўртасидаги келишув битимини тасдиқлашдан олдин, даъвогарга (тарафларга) ФПКнинг 102-моддасида назарда тутилган ҳуқуқий оқибатларни тушунтириши лозим.
Судларга шу нарса ҳам уқтириб ўтилсинки, даъвогар арз қилган талабларидан воз кечганда ёки апелляция инстанцияси суди мажлисида тарафлар ўртасидаги келишув битими тасдиқланганда, ҳал қилув қарори бекор қилиниши, иш юритиш эса мазкур асосларга биноан ФПКнинг 330-моддаси талабларига риоя қилинган ҳолда тугатилиши лозим.
Апелляция инстанцияси суди келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримда унинг шартларини баён этиши лозим.
Судлар шуни назарда тутиши жоизки, апелляция инстанцияси суди шикоятдан воз кечишни қабул қилганида (протест қайтариб олинганида) ҳам, даъвогарнинг арз қилган талабларидан воз кечишини қабул қилганида ва тарафларнинг келишув битимини тасдиқлаганида ҳам ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ҳамда асослилиги масаласини муҳокама қилиб ўтирмайди1.
Шу ўринда суд амалиётидан мисоллар келтирамиз.
К.М. ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида М.М.га нисбатан судга даъво билан мурожаат қилган.
Суднинг ажрими билан тарафларнинг келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати қуйидагиларга кўра иш юзасидан чиқарилган суднинг ажримини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун юборган.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 40-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонунга хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, суд даъводан воз кечишни, даъвони тан олишни қабул қилмайди ва келишув битимини тасдиқламайди.
Тарафлар ўртасида тузилган келишув битими шартига кўра, М.М. ўзига тегишли бўлган Искандаров кўчаси, 179-уйни К.М.га 2 йил муддатга вақтинча яшаш учун бериши, К.М. эса бунинг эвазига даъводан воз кечиши кўрсатилган. Иш ҳужжатларига қараганда, Искандаров кўчаси, 179-уй М.М.нинг опаси Н.К. номига расмийлаштирилган ва бу уйдан фойдаланишга оид келишув битимининг тасдиқланиши унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузади. Бу ҳолатда суд қонунга зид равишда келишув битимини тасдиқлаган2.
Do'stlaringiz bilan baham: |