331-м о д д а. Ишни апелляция инстанциясида кўриш
муддатлари
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай кўриши лозим. Иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суднинг раиси бу муддатни кўпи билан яна ўн кунга узайтириши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқиши лозим. Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ёки унинг ўринбосари бу муддатни кўпи билан яна бир ойга кечиктириши мумкин.
Ишни апелляция инстанциясида кўриш муддати кечиктирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахсларга иш кўриладиган кун олдиндан хабар қилиб қўйилиши лозим.
1. Шарҳланаётган ушбу модда апелляция инстанцияси судида иш кўриш муддатига оид бўлиб, юқори судлар ҳар қандай фуқаролик ишларини, даъво тартибида, алоҳида тартибдаги ишлар, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан бериладиган шикоятларни кўриб ҳал этиши учун муайян муддатлар белгиланган. Шу боисдан ҳам ФПКнинг 4-моддасида фуқаролик ишларини тўғри ва ўз вақтида кўриш лозимлиги кўрсатилган.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш юзасидан суд фаолиятининг сустлик билан амалга оширилиши фуқаролик ишида иштирок этувчи тарафларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқлари бузилишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Олий суди ўзининг бир қатор Пленум қарорларида айрим фуқаролик ишларини, хусусан алиментлар ундириш, етказилган зарар ҳақини қоплаш тўғрисидаги ишларни судларда кўрилишида сарсонгарчиликка йўл қўймаслик, процесснинг чўзилиб кетишига ва нотўғри олиб борилишига қаратилган ҳар қандай ҳаракатларнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланган1.
Фуқаролик ишларининг ўз вақтида кўрилиши муҳим процессуал ҳаракатларни бажариш учун муайян муддатлар белгилаш билан таъминланади. ФПКнинг 126-моддасида кўрсатилишича, процессуал ҳаракатлар қонунда белгиланган муддатларда бажарилади. Процессуал муддатлар қонунда белгиланмаган ҳолларда уларни суд тайинлайди.
Бинобарин, процессуал муддатлар деб, фуқаролик ишларини судда кўриш ва ҳал қилиш учун қонун билан белгиланган ёки суд томонидан тайинланган муддатларга айтилади.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай кўриши лозим. Иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суднинг раиси бу муддатни кўпи билан яна ўн кунга узайтириши мумкин.
2. Биринчи инстанция судларида иш кўриш ФПКнинг 131-моддасида белгиланган тартибда кўрилса, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судларида фуқаролик ишлари турли муддатларда кўрилади. Масалан, ушбу модданинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди апелляция шикояти (протести) берилган ишни у келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқиши лозим. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси ёки унинг ўринбосари бу муддатни кўпи билан яна бир ойга кечиктириши мумкин.
3. Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда муддатларнинг белгиланиши ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд процессига тайёрланиши, тегишли ҳужжатларни тўплашга имконият яратиш руҳида тарбиялашга мўлжалланган бўлса, юқори судларда эса, ишни кўришда манфаатдор шахсларнинг иштирокини таъминлашга, процессни асоссиз чўзилишини олдини олишга қаратилгандир.
Айрим сабабларга кўра судлар, масалан, Тошкент вилоят суди ишни апелляция тартибида белгиланган йигирма кун муддат ичида кўриш имкони бўлмай қолган тақдирда, суд Раиси уни яна ўн кунга узайтиришга ҳақли, бу ҳақда ишда иштирок этувчи шахслар иш қайси куни кўрилиши ҳақида хабардор қилиниши лозим.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларида апелляция инстанцияси судининг ваколатларини белгиловчи нормаларни қўллашда хатоларга йўл қўйилмоқда, асоссиз равишда ишларни янгидан кўришга юбориш ҳоллари учрамоқда, ишни кўришнинг ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддатлари бузилмоқда. Қайд этиб ўтилган хатолар апелляция инстанцияси судининг биринчи инстанция судларида фуқаролик ишлари кўрилиши сифатига таъсирини сусайтириб, сарсонгарчиликларни келтириб чиқармоқда, булар эса одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, деб таъкидлаб ўтилган1.
Судларга тушунтириб ўтилсинки, ишни апелляция инстанциясида кўришнинг ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддатини узайтириш масаласи бўйича тегишли суд раиси қарор чиқаради2.
Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти ёки протести бўйича тушган ишни ФПКнинг 331-моддасига мувофиқ, у (иш) келиб тушган кундан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай кўриши лозим. Судья ФПК 325-моддаси 2-бандининг ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанциясида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилишга доир талабини бажарар экан, ФПКнинг 331-моддасида назарда тутилган муддат бузилмаслигини мўлжаллаган, шунингдек, ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисида шахсан иштирок этишининг имкониятини ҳисобга олган ҳолда ишни апелляция инстанцияси судига юбориши лозим3.
Do'stlaringiz bilan baham: |