Прокурорнинг аризасини суд йигирма кун ичида унинг иштирокида ва протестни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган ёхуд протестни кўриб чиқмаган органнинг раҳбари ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқади. Суд мажлисига орган раҳбари ёки унинг вакили узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги прокурорнинг аризасини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди, бироқ, суд бу шахснинг келишини шарт деб топиши мумкин.
1. Умумий қоидаларга кўра, прокурорнинг протести тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари томонидан кўрилиши ва протест юзасидан қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўришлари тўғрисида Конституция ва “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунда кўрсатиб ўтилган.
Прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонунийлиги тўғрисидаги протестига органлар ва мансабдор шахсларнинг белгиланган муддатда жавоб бермаслиги қонунни ҳимоя қилувчи органларга нисбатан ҳурматсизлик, деб қаралмоғи, шу боисдан, суд прокурорнинг аризасини кўришда бу ҳаракатга урғу бериши лозим, деган фикрдамиз. Шунинг учун судья ишни тайёрлов босқичида ва мазмунан кўриш жараёнида прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги протестига белгиланган муддатда жавоб берилмаганлигини атрофлича текшириши ва лозим ҳолларда айбдор шахсга нисбатан хусусий ажрим чиқариши мақсадга мувофиқ.
Суд бундай туркумдаги ишларни фуқаролик суд ишларини юритиш қоидаларининг умумий тартиби асосида кўриб ҳал этади, жумладан, ишни судга тайёрлашда процессга жалб этиладиган шахслар, уларнинг вакиллари ва бошқалар ҳақида ФПКнинг 158-161-моддаларида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошира бориб, ишни мазмунан кўришга тайинлаши лозим.
Прокурорнинг аризасини суд йигирма кун ичида унинг иштирокида ва протестни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилган ёхуд протестни кўриб чиқмаган органнинг раҳбари ёки унинг вакили иштирокида кўриб чиқади.
Суд мажлисига орган раҳбари ёки унинг вакили узрсиз сабабларга кўра келмаганлиги прокурорнинг аризасини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди, бироқ суд бу шахснинг келишини мажбур деб топиши ФПКнинг 277-моддасида берилган.
Прокурор фуқаролик ишларини қўзғатиш, унда иштирок этиш шаклидан қатъи назар, ҳамма вақт давлат вакили қонунни бажарилиши устидан назорат қилувчи орган бўлиб қолаверади. Шу сабабли прокурор ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганда судга низо қилгандан сўнг оқибатда ҳақли бўлиб чиққан тарафнинг манфаатини ҳимоя қилган бўлади.
2. Мазкур қоиданинг иккинчи қисмида орган раҳбари ёки унинг вакили суд мажлисига узрсиз сабабларга кўра келмаса ҳам прокурорнинг аризасини кўриб чиқиш мумкинлиги кўрсатилган. Шу билан бир қаторда мансабдор шахсларнинг келишини судья шарт деб топган тақдирда ҳам келмаган ҳолларда уларнинг интизомсизлигига нисбатан маъмурий чора белгиланмаганлигини қайд қилмоқчимиз.
Бундай ҳолларда уларни судга ҳурматсизлик қилганлиги учун жавобгарликка тортиш масаласини қўллаш мақсадга мувофиқдир.