биринчидан, нотариал ҳаракат бажарилганлиги ёки унинг бажарилиши тўғрисидаги ҳужжат. Бундай ҳужжат, чунончи: меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни рад қилганлик, ижро хати беришни рад қилганлик, олди-сотди, мулкни ҳадя қилиш тўғрисидаги ва бошқа битимларни гувоҳлантиришни рад қилганлик тўғрисидаги нотариуснинг қарори;
иккинчидан, шикоят юзасидан нотариуснинг ёки нотариал ҳаракатларни бажарувчи орган вакилининг ёзма баёноти ва бунга илова қилинадиган тегишли ҳужжатлар;
учинчидан, шикоятда кўрсатилган важларни исботлайдиган далиллар, масалан, уй-жойга бўлган эгалик ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, васиятнома, автомашина ҳужжати, товарнинг кредитга олинишида берилган мажбуриятнома ва шу кабилар далиллар бўлади.
Нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки уни бажариш рад этилганлиги ҳақидаги шикоятлар нотариал ҳаракат нотўғри бажарилганлиги ёки бундай ҳаракатни бажариш рад этилганлиги аризачига маълум бўлган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда берилади.
Шикоятда бажарилган нотариал ҳаракатнинг ёки бундай ҳаракатни бажаришни рад этишнинг нотўғрилиги нималардан иборат эканлиги кўрсатилиши лозим. Шикоят бериш муддати ўтказиб юборилганда, уни тиклаш ҳақидаги илтимос суд томонидан умумий асосларда ҳал қилинади.
Қарздор нотариус ёки консул томонидан берилган ижро хати хусусида умумий тартибда даъво тақдим этиш йўли билан низолашиши мумкин. Бажарилган нотариал ҳаракат негизида манфаатдор шахслар ўртасида келиб чиққан ҳуқуққа доир низо тааллуқлилигига қараб, суд томонидан кўрилади.
Нотариус ва нотариал ҳаракатларни бажарувчи идораларнинг хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар 1996 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 39-моддаси, ФПКнинг 31-моддаси, 264-моддани 3-бандида ва 273-275-моддаларига мувофиқ кўрилади.
274-м о д д а. Фуқаролик ҳолати актларини қайд этишдаги
нотўғриликлар устидан шикоят бериш
Агар фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органлари фуқаролик ҳолати тўғрисидаги ёзувга тузатишлар киритишни рад этса, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш дафтаридаги нотўғриликларни белгилаш тўғрисидаги ишларни суд кўриб чиқади.
Шикоятда фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш дафтаридаги хатоликлар нимадан иборат эканлиги, тузатиш киритиш қачон ва қайси фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш органи томонидан рад этилганлиги кўрсатилиши лозим.
1. Ушбу қоида Фуқаролик процессуал кодексида мансабдор шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш бобида берилган, чунки бундай ишлар, бизнинг назаримизда, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари билан боғлиқ. Шунинг учун бундай туркумдаги ишлар алоҳида тартибда кўриладиган бобдан ушбу бобга ўтказилган.
Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини қайд қилиш идораларида ҳодиса ва ҳаракатлар белгиланган рўйхатга олингандан кейингина фуқаролар, давлат ва жамоат ташкилотлари субъектларининг, ҳуқуқ ва манфаатлари тегишли фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларини қайд этиш идораларида ва судларда ҳимоя қилиниши мумкин.
Оила кодексида кўрсатилганидек, туғилиш, фарзандликка олиш, оталикни белгилаш, исм, отанинг исми ва фамилияни ўзгартириш, никоҳ тузиш, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳолати фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш давлат идораларида ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тўғрисида”ги 1999 йил 14 апрелдаги (янги таҳрир) Қонунга кўра, шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролари йиғинининг раиси (оксоқоли) фуқаролик ҳолати актларини рўйхатга олишни қайд қилиши лозим.1
Далолатнома ёзувларига тузатиш киритиш учун асос бўлган ҳолат далолатнома ёзувларидаги ва бериладиган тегишли гувоҳномаларни ёзишда йўл қўйилган хато ва ноаниқликлар ҳисобланади.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларидаги ёзувлар унда номлари кўрсатилган шахсларнинг ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш билан бирга бошқа шахсларнинг ҳам ҳуқуқ ҳамда бурчларига таъсир этиши мумкин. Шу туфайли бундай ёзувларнинг тўғри бўлиши муҳим аҳамиятга эгадир. Далолатнома ёзувлари расмий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
Бу туркумдаги ишларни туғилиш, фарзандликка олиш, никоҳ, ажралиш ва вафот этганлик фактларини белгилашга оид бўлган ишлардан фарқи шундаки, нотўғриликларни белгилашда далолатни тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлиб, фақат бу ҳужжат ўзидаги ноаниқликлар борлиги билан фарқланади.
Ёзувларда бўлган хатолар, нотўғриликлар одатда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш тўғрисидаги низога биноан тузатилади. Агар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш идораларида ҳуқуқ ҳақида бирон низо бўлмаса ҳам, ёзувга тузатиш киритишни рад этган бўлсалар, фуқаролик ҳолати далолатномалари дафтаридаги ёзувларнинг нотўғрилигини белгилаш тўғрисидаги ишларни суд кўради. Бундай ишлар амалдаги Фуқаролик процессуал кодексида судлар томонидан давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракат (қарор)лари устидан берилган шикоятларни судда кўриш қоидаси асосида кўрилади.
Бундай тоифадаги ишлар бўйича мафаатдор шахслар нафақат ҳужжатларида хато нотўғриликлар бўлган фуқаролар бўлиб қолмай, балки мерос қолдирувчини вафотидан кейин тегишли ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлган уларнинг меросхўрлари ҳам бериши мумкин. Вояга етмаган болаларнинг туғилганлик ҳақидаги ёзувларга тузатиш киритиш ҳақида уларнинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ҳам шикоят билан мурожаат этишга ҳақлидирлар.
Дафтарлардаги ёзувларнинг нотўғрилигини белгилаш тўғрисида судга манфаатдор шахслар: ҳужжат эгалари, ворислар ва тегишлича бошқа шахслар, шунингдек, прокурор мурожаат қилиши мумкин.
Фуқаролик ҳолати далолатномалари дафтаридаги нотўғри ёзувларни белгилаш тўғрисидаги шикоят, шикоят берувчи яшайдиган жойдаги судга берилади. Шикоятда фуқаролик ҳолати далолатномалари дафтаридаги ёзувларнинг нотўғрилиги нимадан иборат эканлиги, қачон ва қайси фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш органи томонидан ёзилган ёзувни тузатишни рад этганлиги кўрсатилиши лозим. Булардан ташқари шикоятда тегишли гувоҳнома нусхаси, рад этиш хулосаси, ҳужжатлардаги хатоларни тузатиш ёки уларга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги маълумотлар ҳам илова қилинади.
Суд шикоятларни тайёрлаш вақтида лозим ҳолларда тегишли ҳужжатларни ўз ташаббуси билан талаб қилиб олиши ҳам мумкин. Шу билан бир қаторда, судья манфаатдор шахслардан, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораларидан ва бошқа манфаатдор ташкилот, фуқароларни ишга жалб қилиш масаласини ҳам кўриб чиқади. Агар суд фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги хатоликларни кўришда, манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқи бузилишида низо борлиги аниқланса, бу ишлар даъво юритиш қоидалари асосида ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Фуқаролик ҳолати актлари ёзувларидаги хатоликларини белгилашни тартибга солувчи қонунчиликни судлар томонидан қўллаш ҳақида»ги 1992 йил 13 ноябрдаги Қарорида суд фуқаролик ҳолати актидаги шикоятчини туғилганлик ҳақидаги ёзувда ота-онасининг миллати ёзилмай қолган бўлса, бу масалани ҳам кўриши ҳамда агар, бедарак йўқолган деб топилган эр ёки хотин топилса, уларнинг никоҳини бекор қилиш ҳақидаги ёзувлардан ташқари, фуқаролик ҳолати актлардаги дастлабки ёзувларни бекор килиш масаласи суд томонидан ҳал қилиниши белгиланган.1
ФПКнинг 275-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш дафтаридаги ёзувнинг нотўғрилиги тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш идораларининг бундай ёзувни тузатишлари учун асос бўлади.
Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувларидаги нотўғриликларни белгилашга оид бошқа масалалар юқорида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 13 ноябрдаги «Фуқаролик ҳолати актлари ёзувларидаги хатоликларни белгилашни тартибга солувчи қонунчиликни судлар томонидан қўллаш ҳақида»ги Қарорида ўз ифодасини топган.
Do'stlaringiz bilan baham: |