4. Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилиши боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномасида ота-она деб кўрсатилган ёзувни бекор қилиш деган хулосани билдирмайди.
5. Бундай туркумдаги ишлар бўйича қабул қилинадиган суд ҳал қилув қарорида унинг қарор қилиш қисмида: қандай ёзувни нотўғри ёзилганлиги, унинг тартиб рақами, ёзувни сони, берилган санаси, кимга берилганлиги ва қандай ўзгартириш киритилганлиги батафсил кўрсатилиши лозим.
Туғилиш гувоҳномасини шахсга тегишлилигини аниқлаш Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 283-моддаси тартибида суд томонидан кўришга тегишли эмас. Масалан, Наманган шаҳар судининг ҳал қилув қарори билан Ресутов Ю.нинг талаби қаноатлантирилиб, 1930 йил 12 декабрда Умеров Ю. номига берилган туғилиш гувоҳномаси унга тегишли деб топилган.
Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни прокурорнинг протестига асосан кўриб, 2001 йил 1 февралдаги ажрими билан суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритиш тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 283-модда 6-бандига кўра, фуқаролик ҳолати актини қайд қилиш органларини берадиган гувоҳномаларни шахсга тегишли эканлиги фактини аниқлаш судга тегишли эмаслиги кўрсатилган.
29-боб. ПРОКУРОРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИ ҒАЙРИҚОНУНИЙ ДЕБ ТОПИШ ҲАҚИДАГИ АРИЗАСИ
276-м о д д а. Прокурорнинг ариза бериши
Прокурор қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларга кўра ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Прокурорнинг судга ариза бериши иш судда кўриб чиқилгунга қадар ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўяди.
1. Прокурорнинг фуқаролик ишларини судда кўришда унинг иштирокига оид қоидалар ФПКнинг 46-47 моддаларида ва ҳоказолар берилган бўлиб, мазкур қоидада эса фақат прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги аризаси билан боғлиқ масалалар судсиз ва суд тартибида кўриб ҳал этилиши ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикасининг “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунида белгиланганидек, прокуратура идораларининг фаолияти юқоридагилар билан бирга қонуннинг устунлигини ҳар томонлама қарор топтиришга, ҳуқуқ-тартиботни мустақкамлашга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан мустақкамланган инсон ва фуқаронинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига, шунингдек давлат мустақиллигини, ижтимоий давлат тузуми, сиёсий ва иктисодий тизимларини, миллий гуруҳлар ва тузилмаларнинг ҳуқуқларини ғайриқонуний тажовузлардан муҳофаза қилишни таъминлашга қаратилган.1
Прокуратурани назорат қилиш доирасига вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар томонидан чиқариладиган актларнинг қанчалик қонуний эканлиги ҳам киради.
Фуқаролик қонунчилигида кўрсатилганидек, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
“Прокуратура тўғрисида”ги Қонунга асосан прокурор ёки унинг ўринбосари қонунга зид бўлган ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан ана шу ҳужжатни чиқарган идорага ёки юқори турувчи идорага протест келтирадилар. Мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳам ҳудди шу тартибда протест келтирилади.
Прокурор келтирилган протест бу протест топширилган вақтдан бошлаб кўпи билан ўн кунлик муддат ичида қараб чиқилиши лозим. Қонун бузилганлигига тезда барҳам бериш талаб қилинган фавқулодда ҳолатларда прокурор протестни кўриб чиқишнинг қисқартирилган муддатини белгилашга ҳақлидир.
Протестни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида прокурорга дарҳол ёзма равишда маълум қилиниши белгиланган.
Протест ғайриқонуний ҳуқуқий ҳужжат чиқарган идора ёки юқори турувчи идора томонидан рад этилган тақдирда, шунингдек протест қонунда белгиланган муддат ичида қараб чиқилмаган тақдирда, прокурор тегишли судга ана шу ҳужжатни ғайриқонуний деб эътироф этиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Судга ариза, протест рад этилганлиги тўғрисидаги маълумот берилган пайтдан бошлаб бир ойлик муддат ичида ёки қараб чиқиш учун қонунда белгиланган муддат ўтгандан кейин берилиши кўрсатилган.
Ана шу қоидани бажарилишига қаратилган ФПКнинг 29-боби прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисида ариза билан тегишли идоралар ва мансабдор шахслар устидан судга мурожаат этиш тартиби белгиланган. Масалан, ФПКнинг 276-моддасида прокурор қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақида ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги махсус ҳуқуқий меъёр сифатида ифода этилган.
Прокурорнинг судга ариза бериши судда кўриб чикилгунга қадар ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиши ҳам асослантирилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |