278-м о д д а. Прокурорнинг аризаси бўйича суднинг ҳал қилув қарори
Суд прокурорнинг аризаси асосли эканлигини аниқласа, аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради ва ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топади. Агар суд протест келтирилган ҳужжат уни чиқарган органнинг ваколатлари доирасида қонунга мувофиқ қабул қилинган деб топса, у аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради. Прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича суд чиқарган ҳал қилув қарори протестни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган ёки протестни кўрмаган орган раҳбарига юборилади.
1. Прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризаси юзасидан суднинг ҳал қилув қарори процессуал қонунда белгиланган тартибга риоя этган ҳолда бу туркумдаги ишларнинг хусусиятларини ҳисобга олиш билан ҳал этилиши лозим.
Суд ҳал қилув қарорини чиқаришда ўзига берилган ваколат доирасида ушбу қоидада белгиланган ҳуқуқларга амал қилиб иш кўриши керак.
2. Агар суд прокурорнинг аризаси асосли эканлигини аниқласа, аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради ва ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топади.
Бундан ташқари, агар суд протест келтирилган ҳужжат уни чиқарган органнинг ваколатлари доирасида қонунга мувофиқ қабул қилинган деб топса, у аризани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқаради.
Прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриконуий деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича суд чиқарган ҳал қилув қарори протестини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган ёки протестни кўрмаган орган раҳбарига юборилади.
Прокурор фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга ариза билан ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақида мурожаат этиш билан, агар давлат органлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари ёки ушбу органлар мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан, давлат органи ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар давлат томонидан ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан тўлаши лозимлиги масаласини ҳам қўйиши мумкин.
Демак, прокурор давлат бошқарув идоралари ва жамоат ташкилотлари томонидан қабул қилинадиган ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этиш қоидалари ҳам давлат, жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий меъёрлардир.
Суд ҳам ўз навбатида давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳуқуқий меъёрлари мавжудлигини аниқлаган тақдирда ишни ҳал этишда бу ҳужжатларни татбиқ этмаслик масаласини кўриб чиқиши лозим.
3. Агар суд прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш тўғрисидаги аризасига кўра аризани қаноатлантирган ёки уни рад этган тақдирда ана шу чиқарган ҳал қилув қароридан нусха ижро ёки маълумот учун тегишли давлат органи, жамоат ташкилоти, мансабдор шахсга юбориши талаб этилади.