Ижро варақасини ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддати, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, суд узрли деб топган сабабларга кўра тикланиши мумкин. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза ҳал қилув қарори чиқарган судга ёки ижро қилинадиган жойдаги судга берилади. Ариза ишда иштирок этган шахсларни хабардор қилган ҳолда судда кўрилади, бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги ўтказиб юборилган муддатни тиклаш масаласини ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмайди. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад қилинганлиги устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Фуқаролик ишларини судда кўриш ва айрим процессуал ҳаракатларни судга қадар ҳамда суд процессида бажариш билан боғлиқ бўлган муддатлар қонунда белгиланган.
Худди шунга ўхшаш ижро варақасини ижрога топшириш ҳам қатъий белгиланган муддатлар билан тартибга солинган бўлиб, унга риоя этмаслик айрим процессуал ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқаради.
Ўтказиб юборилган процессуал муддатларни тиклаш ҳақида ФПКнинг 130-моддасига берилган шарҳда батафсил баён этилган бўлиб, ушбу 379-модда эса, ижро варақасини ижрога белгиланган уч йил ичида топширмаган ҳолларда тарафларни бажарадиган процессуал ҳаракатлари ҳақида фикр юритилади.
Агар ижро варақасини ижрога беришда манфаатдор тараф юқорида белгиланган муддатга риоя қилинмаган тақдирда уни тиклаш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли. Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ариза манфаатдор шахс томонидан ҳал қилув қарори чиқарган судга, айрим ҳолларда эса, ижро варақасини ижро этилаётган ҳудуддаги судга ҳам берилиши мумкин.
Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги аризани кўрган суд агар, ижро варақани ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддатини узрли деб топган тақдирда, уни тиклаш тўғрисида ажрим қабул қилиши мумкин.
2. Ушбу қоидада ижро муддатини тиклаш тўғрисидаги масалани суд ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда кўришлиги, бироқ уларни келмаслиги ўтказиб юборилган муддатни ҳал қилиш учун тўсқинлик қилмаслиги баён қилинган. Бизнинг фикримизча, фуқаролик иш юритишни ихчамлаштириш мақсадида бундай ҳаракатларни судьяларнинг ваколатидан чиқариш билан уларнинг масъулиятини ошириш ва унча аҳамиятга эга бўлмайдиган процессуал қоидаларни иш юритиш қоидаларидан чиқариш лозимлигини давр талаби деб қаралмоғи керак.
3. Фуқароларнинг ва ташкилотларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва судга шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш мақсадида ушбу қоидада, агар ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилганда, ишда иштирок этувчи шахсларга хусусий шикоят беришлари, прокурор хусусий протест келтиришлиги асосли ифодаланган. Чунки ижро муддатини тикламаслик процессни ҳаракатланишига тўсқинлик қилиши мумкин (ФПКнинг 346-модда). Шу боисдан суд бу қоиданинг мазмун-моҳиятини ишда иштирок этувчи шахсларга тушунтириш лозим.
4. Юқорида келтирилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунда ҳам ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддатини ўтказиб юбориш оқибатлари белгиланган. Бу қоидага кўра, ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддатини ўтказиб юбориш оқибатлари ижрога топшириш муддати ўтказиб юборилган ижро ҳужжатини суд ижрочиси иш юритиш учун қабул қилмасдан, бу ҳақда тегишли қарор чиқариш кўрсатилган.
Ижро варақаси ёки суд буйруғини ижрога топшириш муддатини ўтказиб юборган ундирувчи тегишли ҳужжатни қабул қилган судга ёки бу ҳужжат ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эканлиги юқорида берилган. Бошқа ижро ҳужжатлари бўйича ўтказиб юборилган муддатларни тикланмаслиги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддасида баён қилинган.