376-м о д д а. Ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув
қарорини тушунтириш
Ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув қарори аниқ бўлмаса, суд ижрочиси ишни ҳал қилган суддан (судьядан) ҳал қилув қарорини тушунтириб беришни илтимос қилишга ҳақли. Ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 215-моддасида белгиланган қоидалар бўйича тушунтирилади.
1. Фуқаролик иши юзасидан чиқарилган суд ҳал қилув қарорини ижро қилиш босқичида ҳал қилув қарорида баён этилган айрим сўзлар, иборалар, матнлар, тарафлар ва ишда иштирок этувчи шахсларга ноаниқ ва тушунарсиз бўлган ҳолларда суд ижрочиси ишни ҳал қилган суддан (судьядан) ҳал қилув қарорини тушунтириб беришни илтимос қилишга ҳақли.
Суд ижрочиси ҳал қилув қарорини тушунтириб бериш тўғрисида судга мурожаат этиш учун белгиланган муддат ўтмаган ва уни мажбурий ижро қилдириш мумкин бўлган муддат ўтмаган ҳолларда йўл қўйилади (ФПКнинг 387-моддаси).
Суд ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув қарорини тушунтиришда унинг мазмунини ўзгартирмаслиги лозим.
Демак, ҳал қилув қарорини тушунтириш деганда суд чиқарган ҳал қилув қарорини тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга айрим ноаниқ жиҳатларига аниқлик-равшанлик киритишга айтилади.
Ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисида суд ижрочисининг иш кўрган суд (судья)га мурожаат этиши ФПКнинг 215-моддаси асосида амалга оширилиши лозимлиги ушбу қонунда баён қилинган. Бу қоидага кўра, ҳал қилув қарори тушунарли бўлмаса, ишни ҳал қилган суд ўз ташаббуси билан ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.
Юқорида баён қилинганидек, агар ҳал қилув қарори ижро қилинмаган ва уни мажбурий ижро қилиш муддати ўтмаган бўлсагина, ҳал қилув қарорини тушунтиришга йўл қўйилади.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи ишда иштирок этаётган шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг судга келмаслиги ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарорини тушунтириш масаласи юзасидан суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
2. Амалдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати ва бошқа орган ҳужжатини тушунтириш тўғрисида махсус қоида берилган бўлиб, унга кўра, ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини тушунтириш ижрога топширилган ижро ҳужжатидаги талаблар ноаниқ бўлган тақдирда, суд ижрочиси ижро ҳужжатини бериш учун бўлган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатини, шунингдек, қонунга кўра, ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатни тушунтириб беришни сўраб ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
Ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа орган суд ижрочисининг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида уни кўриб чиқади ва ижро ҳужжатини бериш учун асос бўлган ўзи қабул қилган суд ҳужжати ёки бошқа орган ҳужжатининг, шунингдек қонунга кўра, ижро ҳужжати ҳисобланадиган ҳужжатнинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда унга тушунтириш беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |