377-м о д д а. Ижро варақасини ижрога топшириш муддатлари
Суднинг ҳал қилув қарори, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, қонуний кучга кирган пайтидан бошлаб уч йил ичида мажбурий тартибда ижро этиш учун топширилиши мумкин. Даврли тўловларни ундириш учун берилган ижро варақалари бу тўловлар ундириладиган бутун давр ичида ижрога топширилиши мумкин. Ижро варақаси ижрога топширилгунга қадар ўтган вақт учун даврли тўловлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида ундирилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатларнинг ўтиши ҳар бир тўлов муддати тугаган кундан эътиборан давом этади.
1. Фуқаролик ишлари қонунда белгиланган муддатларда судда кўрилиши ва ҳал этилиши билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар ФПКнинг 126-131-моддаларида белгиланган. Қонунда муддатларни белгилаши фуқаролик ишида иштирок этувчи шахсларни интизомга чақириш ва шу билан манфаатдор тарафларни қонуний ҳуқуқларини ҳимоя этиш назарда тутилади. Ана шундай мақсадни суд қарорларини ижро этиш билан боғлиқ ҳаракатларда ҳам кўриш мумкин.
Ушбу шарҳланаётган моддада ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин умумий даъво муддати уч йил ичида ижрога йўл қўйилиши баён қилинган. Агар ижро муддати қонунларда бошқача белгиланса, ана шу муддатларга риоя қилиниши лозим. Айрим ҳолларда қонунда ижро муддати белгиланмасдан ижро варақани лозим ҳолларда ижрога топширишга ҳақли эканлиги кўрсатилган бўлади. Масалан, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабга даъво муддати татбиқ этилмайди.
2. Суднинг ҳал қилув қарори қонунда бошқача муддат белгиланмаган бўлса, қонуний кучга кирган пайтдан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро этилиши белгиланган бўлса-да, юқорида қайд қилганимиздек, агар амалда бўлган қонунда бошқа қоида кўрсатилган бўлса, шу қоидага амал қилинади. Масалан, Оила кодексининг 139-моддаси 4-бандида, алиментлар тўғрисидаги ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишув бўйича алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, алиментлар уч йиллик муддатдан қатъи назар, ўтган барча вақт учун ундирилиши кўрсатилган.
Демак, бундай ҳолларда ижро варақасини ижрога топширишда муддат қўлланилмаслиги баён қилинган. Ижро этиш билан боғлиқ бўлган тартиб ва муддатлар “Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасида белгиланган. Бунга кўра, ижро ҳужжатлари қуйидаги муддатларда ижрога топширилиши лозим:
1) умумий юрисдикция судларининг суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари уч йил мобайнида, хўжалик судларининг суд ҳужжатлари эса — олти ой мобайнида;
2) ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш тўғрисидаги суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро варақалари — олти ой мобайнида;
3) нотариусларнинг ижро хатлари — уч йил мобайнида;
4) меҳнат низолари комиссияларининг гувоҳномалари — уч ой мобайнида;
5) ишларни маъмурий тартибда кўриш ваколатига эга органларнинг (мансабдор шахсларнинг) қарорлари — уч ой мобайнида.
Бошқа ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари тегишли ижро ҳужжатларини бериш шартлари ва тартибини белгиловчи қонун ҳужжатларида кўрсатилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қуйидагича ҳисобланади:
1) ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида қайд этилган ижро ҳужжатлари (суд буйруғи бундан мустасно) ижрога топширилганда – суд ҳужжати қонуний кучга кирган ёки унинг ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш учун белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб ёҳуд ижро ҳужжатини ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан бошлаб, суд ҳужжати дарҳол ижро этирилиши лозим бўлган ҳолларда эса – ҳужжат чиқарилган куннинг эртасидан бошлаб;
2) суд буйруқлари ижрога топширилганда – улар берилган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ўтгандан кейин;
3) ушбу модда биринчи қисмининг 5-бандида қайд этилган ижро ҳужжатлари ижрога топширилганда – қарор чиқарилган кундан бошлаб.
Ушбу модданинг биринчи қисмида қайд этилган бошқа барча ижро ҳужжатлари бўйича уларни ижрога топшириш муддатлари, агар қонунда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, улар берилган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади.
Даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги (алиментлар ундириш, соғлиққа шикаст етказилган оқибатидаги зарарни қоплаш тўғрисидаги ва шу каби ишларга доир) суд ҳужжатлари бўйича ижро ҳужжатлари тўловларни ундиришнинг белгиланган бутун даврида ўз кучини сақлаб қолади. Бундай тартиб алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувларга нисбатан ҳам амал қилади. Бундай ҳолларда, ижро ҳужжатларини ижрога топшириш муддатлари ҳар бир тўлов учун алоҳида ҳисобланади.