380-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш
ёки унинг бўлиб-бўлиб бажарилишига йўл
қўйиш, уни ижро этиш усули ва тартибини
ўзгартириш
Суд ундурувчи, қарздор ёки суд ижрочисининг аризасига биноан ҳал қилув қарорининг ижросини ушбу Кодекснинг
216-моддасида белгиланган тартибда кечиктиришга ёки унинг бўлиб-бўлиб бажарилишига йўл қўйишга, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.
1. Суднинг чиқарган ҳал қилув қарорлари айрим ҳолларда объектив сабабларга кўра, белгиланган муддатда ижро қилинмаслик ҳоллари амалиётда учраб туради. Шу боисдан мазкур қонун ҳал қилув қарорини чиқарган судга ёки бошқа ҳудуддаги судга ижро ҳужжатларининг ижросини белгиланган муддатда бажармаслик ёки кечикиб бажариш сабабларини аниқлаб тегишли хулосага келиш ҳуқуқини беради.
Юқорида ФПКнинг 216-моддасида кўрсатиб ўтилганидек, алоҳида ҳолларда, иш бўйича ҳал қилув қарори чиқарган суд ёки ҳал қилув қарорини ижро этиш жойидаги суд ишда иштирок этаётган шахсларнинг аризасига кўра, тарафларнинг мулкий аҳволи ёки бошқа ҳолатларга қараб, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктиришга ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этишга йўл қўйишга, шунингдек, уни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли. Мазкур аризалар ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масалани ҳал этишга тўсқинлик қилмайди. Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, шунингдек ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш ҳақидаги масала бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
2. Суднинг ижро варақасини бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш, уларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги қоида ундирувчи, шунингдек қарздорнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Агар ижро варақани кечиктириш, ижро усули бир томондан қарздор манфаати назарда тутилган бўлса, иккинчи томондан эса, ундирувчининг ҳам манфаати кўзда тутилади, чунки агар ижро усули ўзгартирилмаса, ундирувчи ундирувдан мутлақо маҳрум бўлиши мумкин, масалан, тегишли мулк ўрнига пул ундириш билан алмаштириш ҳолларини келтириш мумкин.
Ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки унинг бўлиб-бўлиб бажарилишига йўл қўйиши, уни ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш тартиби судья ёки ижрочининг ўзлари томонидан ҳал этилмасдан балки, суд мажлисида ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда кўриб ҳал этилади. Қонунда суд мажлисига чақирилган шахсларнинг суд мажлисига келмаслиги судда иш кўришга тўсқинлик қилмаслиги белгиланган.
3. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 32-моддаси ҳам юқоридаги масалаларга бағишланган бўлиб бунга кўра, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш, уларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш учун асослар бўлиб ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатлар бўлган тақдирда, суд ижрочиси ўз ташаббуси билан ёхуд тарафлардан бирининг аризасига кўра, шунингдек тарафларнинг ҳар бири мустақил тарзда ижрони кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш ҳамда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга мурожаат қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.
Демак, ҳал қилув қарорининг ижросини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш (бажариш) учун асос бўлиб қарздорнинг моддий аҳволини ночорлиги ва бошқа узрли ҳолатлар асос бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |