381-м о д д а. Қарздор ҳал қилув қарорида назарда тутилган
ҳаракатларни бажармаганлигининг
оқибатлари (2009 йил 15 январь қонуни билан
чиқариб ташланган)
382-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси
Ижро этилган ҳал қилув қарори бекор қилинган ва иш янгидан кўриб чиқилганидан кейин талабларни қаноатлантиришни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилган ёхуд иш юритишни тугатиш тўғрисида ёки аризани кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда, бекор қилинган ҳал қилув қарори бўйича жавобгардан даъвогарнинг фойдасига ундирилган нарсаларнинг ҳаммаси жавобгарга яна қайтариб берилиши лозим (ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси).
1. Суд амалиётида қонуний кучга кирган биринчи инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари, хаттоки апелляция, кассация, назорат судларининг ажрим ва қарорлари, шунингдек қонуний кучга кирган суд ҳал қилув қарорлари, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилгандан кейин бекор қилинган, ўзгартирилган қарорларга кўра, муқаддам ишни кўриб ҳал этиш натижасида ҳуқуқи бузилган фуқаролар ва ташкилотларнинг олдинги ҳолатига келтириш (ҳуқуқни тиклаш)га оид ишлар учраб туради.
Фуқаролик процессуал қонунларида ижро этилган ҳал қилув қарорлари бекор қилинса ва иш янгидан кўрилганидан кейин даъвони тўла ёки қисман рад қилиш ёки даъвони кўрмай қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилса, бекор қилинган ҳал қилув қарори бўйича даъвогарнинг фойдасига жавобгардан ундирилган нарсаларнинг ҳаммаси яна жавобгарга қайтариб берилиши лозим бўлади. Қонунда бундай ҳаракатларни суднинг ҳал қилув қарори, ажрим ва қарорнинг қайтарма ижроси дейилади.
Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масалаларнинг биринчи инстанция, апелляция, кассация ва назорат инстанцияси судлари томонидан ҳал қилинишига, шунингдек, алоҳида туркумдаги ишлар бўйича ижронинг хусусиятларига оид қоидалар ФПКнинг 382-385-моддаларида берилган.
2. Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тартибида даъвогар (ундирувчи)га жавобгар (қарздор)дан қанча сўм ундирилган ёки мол-мулк ундириб берилган бўлса, ҳаммаси жавобгарга ундириб берилиши лозим. Агар ундирилган мол-мулкни ўзини қайтариш иложи бўлмаса, уни қиймати пул суммасида ундиришга йўл қўйилади. Масалан, уй-жой низолари бўйича фуқаро А.Н. укаси Б.Н.ни уй-жойдан кўчириш тўғрисидаги даъвоси биринчи инстанция судида кўрилиб, ҳал қилув қарори қонуний кучга кириши билан Б.Н. уй-жойдан кўчирилади. Назорат тартибида юқори судда кўрилган мазкур иш бўйича чиқарилган биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўпланган далилларга асосан бекор қилиниши туфайли Б.Н. илгариги уйига қайта кўчиб кириши қарорни қайтарма ижросига киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |