383-м о д д а. Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси
тўғрисидаги масаланинг биринчи инстанция
суди томонидан ҳал қилиниши
Ишни янгидан кўриш учун топширилган суд ўз ташаббуси билан қайтарма ижро тўғрисидаги масалани кўриши ва уни янги ҳал қилув қарорида ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда ҳал қилиши шарт.
Ишни янгидан кўраётган суд бекор қилинган ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси масаласини ҳал қилмаган тақдирда, жавобгар бу судга қайтарма ижро тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бу ариза ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ, бу шахсларнинг келмаслиги суд олдига қўйилган масаланинг ҳал этилиши учун тўсқинлик қилмайди.
Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза давлат божи тўламаган ҳолда умумий даъво муддати давомида берилиши мумкин.
Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала бўйича суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
1. Биринчи инстанция суди томонидан кўрилган фуқаролик иши кейинчалик ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига кўра, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда суд албатта жавобгарнинг бузилган ҳуқуқи (мол-мулкини олиб берганлиги, пул суммасини даъвогарга ундирилганлиги) туфайли кўрган моддий зарарини ундириш масаласини ҳал этиши лозим. Бу тўғрида қарздорнинг аризасига кўра, ёки суд ўз ташаббуси билан ҳал қилув қарорини қайтарма ижросини кўриб ҳал қилишга ҳақли.
Агар суд янги очилган ҳолат бўйича ишни қайта кўриш билан янги ҳал қилув қарорини чиқарадиган бўлса, қайтарма ижро тўғрисидаги масала шу ҳал қилув қарорида ифодаланган бўлиши мумкин. Борди-ю биринчи инстанция суди янги очилган ҳолатларга кўра, иш юритишни тугатиш ҳақида хулосага келган тақдирда, ҳал қилув қарорини қайтарма ижроси ҳақида ўз ажримида асосли равишда ифодалаб берган бўлиши лозим.
Янги очилган ҳолатлар бўйича ишни кўраётган суд ўз ташаббуси билан ёки жавобгар бузилган ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун судга ариза бермаган тақдирда жавобгарни умумий даъво муддати ичида, янгидан очилган ҳолатлар бўйича келтирилган зарарни қайтарма ижро қилиш чораларини кўришни суддан талаб қилиш ҳуқуқидан қонун маҳрум қилмайди.
Агар ҳал қилув қарорини қайтарма ижроси тўғрисидаги масалани суд ҳал қиладиган бўлса, бу ҳақдаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг суд мажлисига келмаслиги аризани кўриб ҳал этиш учун тўсқинлик қилмаслиги қонунда ўз ифодасини топган (ФПКнинг 383-моддаси).
Ҳал қилув қарорининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масаланинг биринчи инстанция судида ҳал этиш учун ариза давлат божи тўланмаган ҳолда берилади.
Суд ҳал қилув қарорини қайтарма ижросини кўриш бўйича ажрим чиқаради. Бу ажримдан норози бўлган ишда иштирок этувчи шахслар шикоят беришлари, прокурор протест келтиришга ҳақли эканлиги, суд томонидан чиқарилган ҳар қандай акт жамоатчилик, давлат томонидан назоратда эканлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |